Шу йилнинг 19-26 апрель кунлари Эрон Ислом Республикасининг пойтахти Теҳрон шаҳрида ўтказилган 34-Халқаро Қуръони карим мусобақасида 2 нафар вакилимиз – Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-ноиби Саидов Худойқул ҳамда Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Азиз ота” жоме масжиди имом-ноиби Аминов Муҳаммадлоиқ иштирок этишди.
Ушбу мусобақада дунёнинг 80 дан ортиқ давлатларидан ташриф буюрган қорилар иштирок этиб, улар орасида вакилларимиздан Саидов Худойқул Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш (ҳифз) йўналиши бўйича қатнашган бўлса, Аминов Муҳаммадлоиқ эса Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ўқиб бериш (қироат) йўналишида иштирок этди. Мусобақанинг ҳифз йўналишида 1-ўринни Эрон, 2-ўринни Сурия, 3-ўринни Судан, қироат йўналишида 1-ўринни Эрон, 2-ўринни Ироқ, 3-ўринни Швеция давлатлари эгаллашди. Мусобақа ҳайъати томонидан юртимиз вакилларига муносиб иштироки тўғрисидаги “Ташаккурнома” тақдим этилди.
Шунингдек, ўрта мактаб ўқувчилари, аёл-қизлар ва кўзи ожизлар иштирокида ҳам халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди. Барча иштирокчилар учун Теҳрон шаҳридаги диққатга сазовор жойларга зиёрат уюштирилди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 8 январь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати