Шу кунларда мамлакатимизда, хусусан, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган ШҲТнинг навбатдаги Самарқанд саммитига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
15 -16 сентябрь кунлари ШҲТ саммитига мезбонлик қиладиган Самарқанд шаҳрига ШҲТ аъзолари – Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон, кузатувчи мамлакатлар – Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва шерик мамлакатлар – Арманистон, Озарбайжон, Туркия, Камбоджа, Шри-Ланка каби давлатларнинг раҳбар ва вакиллари ташрифи кутилмоқда. Аввало, бундай нуфузли ва юқори даражадаги халқаро саммитни ташкил этиш юксак шараф бўлиши билан бирга, қабул қилувчи давлатга улкан масъулият ҳамдир.
Кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мазкур Саммит юзасидан фикр-мулоҳаза ва таҳлилларини ўз ичига олган мақоласи эълон қилинди. Мақола эълон қилиниши биланоқ маҳаллий ва хорижий таҳлилчилар, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиғиш билан қабул қилинди. Унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан экспертлар ўз нуқтаи-назар ва муносабатларини билдиришмоқда. Ушбу мақола Россия, Малайзия, Покистон, Эрон, Туркманистон, Қувайт ва бошқа қатор давлатларнинг оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинган.
Мақолада бугунги кунда дунёдаги вазият, сиёсий жараёнлар, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг аҳамияти, давлатларнинг ўзаро муносабатлари ва халқаро ҳуқуқий макон ёритилди.
Президентимизнинг таъкидлашича, ҳозирги даврда дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорлик эканлигига урғу берилади.
Мақолада кўпчиликнинг эътиборини тортган жиҳатлардан бири бу “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” – деган шиорнинг айтилиши. Албатта, бу ерда бизнинг мамлакатимиз ҳам иқтисодий, сиёсий, мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқий, қўйингки, ҳар тарафлама юксалсагина кейин кучли бўла олади. Бунинг учун ҳар бир шахс, фуқаро, аҳолимиз мажозий маънода кучли бўлиши зарур бўлади.
Кутилаётган саммитнинг эътиборли жиҳатларидан бири жаҳонда рўй берган глобал пандемиядан сўнг уч йилда давлат раҳбарлари кенг доирада тўғридан-тўғри мулоқотлари амалга оширилади. Мазкур анжуманда мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантириш юзасидан янги эшиклар очилиши кутилмоқда.
Ш.Мирзиёев мақолада ШҲТ муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришда деб атаган.
Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.
Аслида, Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. Қуръони азиймуш-шонда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13-оят), деб марҳамат қилинган.
Демак, инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш ва маърифат ҳосил қилишдир.
Кўнглида ҳеч бир инсонга адовати бўлмаган ҳамда инсониятга қўли ва тили билан зарари тегмайдиган кишилар билан чиройли муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, ёвузлик ва зулм-зиён етказиш йўлида асло ҳамкорлик қилмаслик муборак динимиз чақириғидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят).
Ўзбекистон бугунга қадар жами ШҲТ саммитларига уч маротаба мезбонлик қилган бўлса, барча анжуманлар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилган. Бу сафарги саммит “Буюк ипак йўли”нинг чорраҳасида жойлашган азим ва улуғвор Самарқанд шаҳрида ташкил этилади. Самарқанд нафақат мамлакатимиз балки дунё илм-фани, маданияти, тарихи учун беқиёс ҳисса қўшган олимлар етишиб чиққан юрт ҳисобланади. Ушбу шаҳар Амир Темур бобомиз асос солган салтанатнинг пойтахти сифатида кўп йиллар марказ вазифасини ўтаганлиги барчамизга маълум. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, бугунги Самарқанд шу каби йирик анжуманларни ташкил қила олиш ва ўтказиш салоҳиятига эга.
Давлат раҳбари Самарқанд ўн тўртта мамлакат етакчиларини ташкилотнинг ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва равнақига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олишга тайёр эканини билдирган.
“Ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган”, - дея ёзади президент ўзининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида.
Мазкур ҳафта бўлиб ўтадиган саммит очиқ, дўстона ҳамда кўтаринки руҳда ўтишини Аллоҳ таоло насиб қилсин.
Зайниддини Эшонқулов – Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби
Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари
«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимларинииг келтиришларича: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган», дедилар.
Аммо моликий мазҳаби машойихлари наздидаги эътимодли нарса бу амалнинг мустаҳаб эканлигидир.
Дасуқийнинг «Шарҳул кабийр»га ёзган хошиясида Ибн Ҳабиб мазкур амални «маҳбуб» деб атаган ва: «Агар имом Молик ушбу амални суннат қилиб олган кишини билсалар, кариҳ кўрардилар», деган.
Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди мана шу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лаҳмий эса «Қироат маҳбуб», деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб Ёсин сурасини ўқишни «маҳбуб» деганлар. Бу икковларидан бошқаларнинг сўзларидан ҳам қироат мутлақ ҳолатда маҳбуб экани билинади.
Ваззоний Моликий «Навозилус-суғро» китобида келтиришича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд «Ажвиба» китобида, Ибн Арабий «Аҳкамул Қуръон» китобида, Фуртубий «Тазкира» китобида мисоллар келтириб, маййитнинг – хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин, – қироатдан манфаат олиши айтилган.
Ушбу фикрни моликий мазҳабининг кўплаб уламолари ҳам нақл қилишган. Улар орасида Абу Саъид ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавок ва бошқалар ҳам бор.
Шофеъий мазҳаби уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:
«Қабрларни зиёрат қилувчилар учун аввало салом бериш ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилиш мустаҳабдир. Ана шу саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлиши лозим. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилиши керак». Имом Шофеъий ва у кишининг соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.
Имом Нававий «Ал-Азкор» китобида келтиришларича, маййит дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича муддатда унинг ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг ҳолатлари ҳақидаги суҳбатга машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари: «Қуръондан баъзи қисмлар ўқилади. Агар Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, яхшироқ бўлади», деб таъкидлашган.
Шунингдек, ҳанбалий олимлар ҳам қабр олдида Қуръон тиловатининг жоизлигини айтишган.
Аллома Мирдовий «Инсоф» китобида: «Қабр олдида қироат қилиш, икки ривоятнинг саҳиҳроғига қараганда, кароҳиятли эмас», деб айтган.
«Фуруъ» китобида имом Аҳмад ҳам далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида: «Бу имом Аҳмаддан машҳурдир», дейилган.
Халлол ва у кишининг соҳиблари: «Қироат кароҳиятли эмас», дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у киши бу фикрни «Важиз», «Фуруъ», «Муғний», «Шарҳ» китобларида келтирган. Ибн Тамим эса «Фоиқ»да келтирган.
Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматнинг ҳеч қандай инкорсиз унга эргашганларини, хусусан, Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларнинг ҳам бунга мувофиқ эканини кўради. Биз сўзимизнинг тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун-нубало» китобида Абу Жаъфар Ҳошимий Ҳанбалий (ҳижрий 470 йилда вафот этган) ҳақида ёзилган баъзи маълумотларни келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилганлар. Одамлар бир муддат у зотнинг қабрларини лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн мингта хатми Қуръон қилинган.
Ҳатто «Қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига хилоф», деган шайх Ибн Таймия вафот этганида ҳам қабри ва уйида хатми Қуръон қилинган. Буни Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар зикр қилишган.
Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрдан ривоят қилинади. Улар Химс аҳлидан бўлган тобеъинлардан эди. Улар: «Маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилганидан кейин, одамлар тарқалишгач, ўша маййитнинг қабри устида туриб: «Эй фалончи! «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу», деб уч марта айт. Эй фалончи! «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, Набийим Муҳаммад алайҳиссалом», деб айтгин», дейди-да, кейин тарқалади», деб айтишган.
Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай дедилар: «Агар вафот этсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрган нарсаларни менга ҳам бажаринглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар: «Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқ тортилгач, ичингиздан бири қабр бошида турсин-да, сўнгра: «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. У эшитади-ю, аммо жавоб бера олмайди. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Маййит: «Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла», дейди, лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: «Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ». Сен Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан», десин. Чунки Мункар ва Накирнинг ҳар бири ўз соҳибининг қўлидан ушлаб: «Биз билан юр. Ҳужжати талқин қилинган кишининг ҳузурига бизни ўтирғизилмайди», дейди. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади». Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули!
Агар онасини билмаса-чи?» деган эди, у зот: «(Бутун инсониятнинг онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб: «Эй Ҳавво ўғли фалончи», дейилади», дедилар».
Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадиснинг санадини «солиҳ» деганлар. Имом Зиё ҳам «Аҳком»ларида уни «кучли» деганлар.
Имом Нававий «Равза» китобида ушбу ҳадисни «заиф» деганлар. Лекин фазилат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, «Ўликларга субутни сўранглар» деган ҳадис ёки Амр ибн Оснинг васиятлари каби. Шом аҳли бу талқинга аввалги аср, яъни эргашиладиганлар замонидан буён амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло: «Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради», деган (Зориёт сураси, 55-оят). Демак, банда эслатмага бу ҳолатда ундан-да ҳожатлироқдир.
Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида қуйидагиларни айтадилар: "Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача, ҳадис собит бўлмаса ҳам, барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл юритмайдиган кишига хитоб қилмайди. Бу нарсани бирор инкор қилувчи инкор ҳам қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади".
Кейинги мавзу:
Ўлганларга атаб Қуръон тиловат қилишнинг ҳукми;
Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф.