Куни кеча Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллиги ва Республика маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ақидашунос олим Абу Муин Насафий ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишлаб “Абу Муин Насафий асарлари билимдони” танлови ўтказилди.
Унда билим юрти ўқитувчи, ишчи-ходимлари, талабалари, Китоб туманидаги академик лицей ўқувчилари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.
Тадбирда Маънавият ва маърифат марказининг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Л. Саодатова, Қашқадарё вилоят вакиллиги масъул ходими У. Рўзиқулов, билим юрти мудири Ў. Ғузаровлар сўзга чиқиб, Абу Муин Насафий ҳаёти, фаолияти, илмий асарларининг бугунги кундаги аҳамияти ҳамда ҳозирда Абу Муин Насафий зиёратгоҳи ҳудудида олиб борилаётган улкан ишлар тўғрисида маълумот беришди.
Билим юрти талабалари ўртасида бўлиб ўтган беллашувда иштирокчилар Абу Муин Насафий ҳаёти ва у кишининг асарларида келтирилган ақида борасидаги фикр мулоҳазалар, ўша даврда пайдо бўлган оқим ва фирқаларга қарши берилган қатъий далиллар тўғрисида ўз билимлари, кўникмаларини намойиш қилишди. Қизғин ва баҳсли беллашув натижасига кўра, 3-курс талабаси Атавуллаев Аҳмадхон биринчи ўрин, 4-курс талабаси Қосимов Абдулваисхон иккинчи ўрин ва 4-курс талабаси Холмуродов Ҳамидуллоҳ учинчи ўринга муносиб деб топилди.
Fолиблар билим юрти маъмурияти, Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими, Маънавият-маърифат марказининг Китоб туман бўлимининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир тарбиявий аҳамиятга эга. Зеро, ёшларни адашган оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абу Муин Насафийнинг илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Президентимиз айтганидек, “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”да аждодларимиз ҳаёт йўллари ва асарларининг роли беқиёсдир. Айниқса, Абу Муин Насафий асарларида ақидавий масалалар чуқур илмий таҳлил қилингани ва ҳанафия мазҳабидаги мотуридия таълимотига хос ечими билан юртимиздаги барқарор тинчлик, шу билан бирга, четдан кириб келаётган турли “ғоя”ларга раддиялар беришда алоҳида ўрин эгаллайди.
Ў. ҒУЗАРОВ,
Билим юрти мудири
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади