Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Ноябр, 2024   |   01 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:36
Қуёш
06:56
Пешин
12:12
Аср
15:35
Шом
17:20
Хуфтон
18:34
Bismillah
02 Ноябр, 2024, 01 Жумадул аввал, 1446

Намоз

НАМОЗГА ПОКЛАНИШ

Бизнинг ҳаниф Ислом динимиз покликка жуда катта аҳамият берган ва мусулмонларни намоз ўқишдан аввал таҳорат (бунинг иложи бўлмаганда таяммум) қилишга буюрган. Улар таҳорат қилишаётганда юзлари, қўллари ва оёқларини ювишади. Шунингдек, Ислом мўминларни ғусл қилиш, бундан ташқари мўйлов ва тирноқларини қисқартириш, кийимларини покиза тутиш, жамоат жойларида, хусусан, жума ва ҳайит намозларида хушбўйланиб юришга тарғиб қилади. 

  Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётган саҳобаларига: «Сизлар биродарларингиз ҳузурига қайтмоқдасиз. Шундай экан, уловларингизу либосларингизни чиройли ҳолда тутинглар. Ҳатто одамлар ичида гўёки хол каби ажраб туринглар. Албатта, Аллоҳ бузуқлик ва ахлоқсизликни яхши кўрмайди», деб айтганлар (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

ҒУСЛ

Ғуслнинг «бир нарсанинг устидан сув оқизиш» маъноси бор. Шариатда эса Аллоҳ таолога яқинлик ниятида баданнинг ҳамма ерига сув оқизиб тозалаш «ғусл» дейилади. Инсон шаръан тайин қилинган ҳолларда вужудидаги нопокликларни кетказиш учун ғусл қилиб тозаланиши шарт. Ғусл қилиши лозим бўлган одамнинг ғусл қилмасдан намоз ўқиши, Қуръон ушлаши ёки тиловат қилиши, масжидга кириши ва бошқа ибодатларни адо этиши мумкин эмас. Ҳаж ва умра учун эҳромга кириш, жума ва ҳайит намозлари олдидан ғусл қилиш суннат амаллардан саналади. 

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ҒУСЛ ҚИЛИНАДИ?

а) жинсий аъзодан шиддат ва лаззат билан маний (эркак ва аёлнинг уруғлик суви) отилиб тушса;

б) бир авратнинг боши иккинчи авратга кирса, яъни жинсий алоқа қилинса (бунда ҳар икки томонга ҳам ғусл лозим бўлади);

в) уйқудан уйғонган киши булғаниб, ўз кийимида маний ёки мазий (эркак шаҳватни ўйлаганида ёки хотинини қучоқлаганда жинсий аъзосидан чиқадиган оқ суюқлик) кўрганида. 

г) аёлларда ҳайз тўхташи билан;

д) нифос (туққандан кейинги қон) тўхташи билан. 

ҒУСЛ ҚИЛИШ ФАРЗ БЎЛГАН ҲОЛАТЛАР

– жанобатдан покланиш учун қилинган ғусл;

– ҳайз ва нифос қони тўхтагандан сўнг қилинган ғусл;

– мусулмон маййитнинг ғусл қилдирилиши. 

ҒУСЛ ҚИЛИШ МУСТАҲАБ БЎЛГАН ҲОЛАТЛАР

– Жинни тузалса, ҳушидан кетган одам ўзига келса, маст кишининг мастлиги кетса, ғусл қилиб олиши мустаҳабдир;

– шаъбон ойидаги Бароат кечасида, арафа кечасида, Қадр кечасида ғусл қилиб олиш ҳам мандуб амалдир;

– яна қурбонлик кунининг субҳида Муздалифада турган кишига, шайтонга тош отиш учун қурбонлик кунида Минога чиқадиган кишига, Каъбаи Муаззамани зиёрат қиладиган кишига, ой ёки қуёш тутилганда ва ёмғир талаб қилинганда ўқиладиган намозни ўқувчи намозхонга, Мадинаи Мунавварага кирадиган кишига ҳам ғусл қилиш одоб ҳисобланади. Яна одамлар жамоасига кирувчига, янги либос кийган кишига, маййитни ювган ғассолга, гуноҳидан тавба қилган инсонга, сафардан қайтганга, истиҳоза қони тўхтаган аёлга, янги мусулмон бўлганларга ҳам ғусл қилиб олиш одобдир. 

ҒУСЛНИНГ ФАРЗЛАРИ ВА СУННАТЛАРИ

Ғуслнинг фарзлари

а) оғизни (халқумгача ғарғара қилиб) чайиш;

б) бурунга сув тортиб чайиш;

в) бутун аъзоларга сув етказиб ишқалаб ювиш.

Ғуслнинг суннатлари

а) ғуслни «Бисмиллаҳ...» билан бошлаш;

б) ғуслга ният қилиш;

نَوَيْتُ أَنْ أَغْتَسِلَ غُسْلًا مِنَ الْجَنَابَةِ، رَافِعًا لِلْحَدَثِ، وَاسْتِبَاحَةً لِلصَّلَاةِ، وَطَهَارَةً لِلْبَدَنِ، وَتَقَرُّبًا مِنَ اللهِ تَعَالَى، اللهُ أَكْبَرُ.

«Навайту ан ағтасила ғуслан минал-жанаабати, рофиъан лил-ҳадаси, ва истибааҳатан лис-солаати, ва тоҳааротан лил-бадани, ва тақоррубан миналлоҳи таъаалаа. Аллоҳу акбар!»

Маъноси: Нопокликни кетказиш, намоз дуруст бўлиши учун баданни поклаш ва Аллоҳга яқин бўлиш учун жанобатдан ғусл қилишга ният қилдим.

в) икки қўлини бўғими билан қўшиб ювиш;

г) олатни (жинсий аъзони) ювиш;

д) бадандаги нажасни ювиб кетказиш;

е) таҳорат олиш (сув тўпланадиган жойда турган бўлса, оёқлар кейин ювилади, аксинча бўлса, оёқлар ҳам ювилади);

ж) баданнинг ҳамма ерига етказиб уч бора сув қуйиш;

з) сув қуйишни бошдан бошлаш, аввал ўнг, сўнгра чап елкага сув қуйиш;

и) оёқларни сув тўпланган жойдан ташқарида алоҳида ювиш;

 к) сочи ўрилган аёл бошининг ўзини (соч тагини) ювиши кифоя, лекин сочи ёзиқ бўлса, унинг ҳаммасини ювади.

ҒУСЛ ҲАҚИДА

Таҳорати йўқ кишига мумкин бўлмаган амаллар ғусл қилиши керак бўлган кишига ҳам мумкин бўлмайди. Яна шу билан бирга ғусл вожиб бўлган кишига ­Қуръони Каримни хоҳ ёддан бўлсин, хоҳ қараб ўқиш ҳамда масжидга кириш ҳам ҳаром ҳисобланади. Қироат қилмай кўз югиртириш ҳаром эмас. Овоз чиқармай, Қуръонни ушламай кўз югиртириб ўқиши, Қуръон эшитиши ҳаром эмас. 

Кишининг ғуслда авратлари очилгани сабабли унинг бировнинг назари тушмайдиган ерда ювиниши маҳбуб ҳисобланади. Аёлларнинг ҳам бир-бирларига назарлари тушмайдиган ерда ғусл қилишлари, ҳатто ғусл вақтида ўз онаси ёки синглиси ва ё қизининг назаридан холи ерда чўмилишлари мустаҳабдир. Агар уларнинг олдида чўмиладиган бўлса, киндиги остидан тиззаси остигача беркитиб олиши фарздир. Таҳоратда макруҳ қилинган нарсалар ғуслда ҳам макруҳ ҳисобланади. 

Аёллардан ҳайз ёки нифос қонининг чиқиши, қон чиқмаса-да, фарзанд кўриши ғуслни вожиб қилади. Мусулмон киши ўлса ҳам уни ғусл қилдириш вожибдир. Шаҳид эса, бундан мустасно. Кофир жунуб пайтида мусулмон бўлса, бунга ҳам ғусл вожиб бўлади, аммо у мусулмон бўлганида жунуб ҳолида бўлмаса, унинг ғусл қилиб олиши вожиб эмас, балки мустаҳабдир. Зеро, куфр маънавий нажосатдир, Ислом келиши билан бу нажосат покланади. Лекин жунублик ҳукмий нажосат бўлиб, фақат сув билан, сув йўқ бўлса, таяммум орқали ният билан покланади. 

Инсон икки хил ҳолатда жунуб бўлади: 

1. Эркак ёки аёлдан манийнинг лаззат билан отилиб чиқиши сабабидан жунуб бўлинади. У хоҳ уйқуда бўлсин, хоҳ уйғоқ бўлсин, фарқи йўқ. Лекин шу шарт биланки, маний ўз ўрнидан лаззат билан кўчган бўлиши керак. Бир кишида лаззат бўлсаю, маний ажраб чиқмаса, у жунубли ҳисобланмайди. Аммо лаззати сўнгач, маний ажралиб чиқса, у жунуб ҳисобланади ва ғусл вожиб бўлади. Кишидан унинг белига урилганлиги ёки бир касаллиги сабабли лаззатсиз маний чиқса, у жунуб ҳисобланмайди ва унга ғусл ҳам вожиб бўлмайди. Демак, кишининг жунуб бўлиши учун лаззат сабабли манийнинг ўз ўрнидан кўчиши шартдир. Лаззат бўлсаю, маний бўлмаса, жунуб ҳисобланмайди. 

2. Олат учининг олдинга ёки (ҳаром бўлса ҳам) орқага кириши маний тўкилмаса-да, иккала томонни жунуб қилиб қўяди ва уларга ғусл қилиш вожиб бўлади. 

Ғуслни вожиб қилмайдиган нарсалар эса қуйидагилардир: 

1. Мазий чиқиши билан ғусл вожиб бўлмайди. Мазий суюқ, оқ суюқлик бўлиб, шаҳват вақтида шиддатсиз чиқади. Маний эса қуюқ, оқ суюқлик бўлиб, шиддат билан отилиб чиқади. Ёши кексайганларда шиддатсиз ҳам чиқиши мумкин. Мазий эркаклардан кўра аёлларда кўпроқ учрайди. Гоҳо унинг чиқиб қолгани ҳам сезилмайди. Демак, мазий таҳоратни бузса-да, ғуслни вожиб қилмайди;

2. Вадийнинг чиқиши билан ҳам ғусл вожиб бўлмайди. Вадий оқ, хира, ёпишқоқ, ҳидсиз суюқликдир. У бавлнинг кетидан келади;

  3. Бир шахс хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак бўлсин, уйқусидами ёки хаёлидами, эҳтилом бўлиб, лаззат сезса-ю, намликни кўрмаса, бу ҳолатда ҳам ғусл вожиб бўлмайди. Кўпчилик намозхонларда простата безлари шамоллаганлиги туфайли гоҳида ҳидли, гоҳида ҳидсиз йиринг каби оқлик келади. У ҳам ғуслни вожиб қилмайди. 

ТАҲОРАТ

Намоз ўқиш олдидан кийимларни, намоз ўқиш жойларини нажосат-ифлосликлардан тозалаш, баданни ғусл, таҳорат ёки таяммум кабилар билан поклаш намознинг асосий шартларидан ҳисобланади.

Таҳоратни араблар «вузуъ» дейишади, ўзбекчада «покланиш, тозаланиш, озодалик» маъноларини билдиради. Шариатда эса намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа ибодатлар олдидан муайян аъзоларни сув билан ювиб тозалаш «таҳорат» дейилади. Таҳорат Қуръони Карим ва суннат билан буюрилган. Юзни тўла, икки қўлни тирсаклари билан, оёқларни тўпиғи билан ювиш ва бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш таҳоратнинг фарзларидир. Таҳорат учун сув топилмаса ёки сув ишлатишнинг иложи бўлмаса, ўрнига таяммум қилинади. 

ТАҲОРАТНИНГ ШАРТЛАРИ

1. Ювилиши фарз бўлган ҳар бир аъзони қолдирмай ювиш. 

2. Аъзоларга сув етишидан тўсадиган нарсалар бўлмаслиги. Сувдан тўсадиган нарсалар: хамир, мум, аёллар тирноқларига қўядиган лак ва шу кабилар. 

3. Таҳоратга киришишдан олдин таҳоратга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай нопокликлардан ҳоли бўлиш. 

Пешоб томаётган вақтда, бурун қонаётганда уларни тўхтатмасдан қилинган таҳорат дуруст бўлмайди, чунки улар (бавл ва қон) таҳоратга тўсқинлик қилувчи нопокликлардандир. Лекин бурни доим тўхтамай қонайдиган, пешоби ҳам тўхтамай томиб турадиган кишининг таҳорати ва намози узр сабабидан дуруст бўлади. Фақат шу шарт биланки, узрли одам ҳар бир намознинг вақти учун алоҳида таҳорат қилади. 

ШАРИАТ ИСТИЛОҲИДА ТАҲОРАТ ИККИ ҚИСМГА БЎЛИНАДИ

1. Баданнинг ўзини ҳадасдан (яъни бетаҳоратликдан) поклаш – бу махсус аъзоларни ювиб таҳорат қилиш билан ёки бутун баданни ювиб ғусл қилиш билан) бўлади. Сув топилмай қолган пайтда ёки истеъмолидан ожиз бўлган вақтда ғусл ва таҳоратнинг ўринбосари бўлмиш таяммум билан ҳосил бўлади. 

2. Кийимдаги, бадандаги ва макондаги нажосатдан поклаш. 

Таҳорат фарз, вожиб ёки мандублигига кўра уч қисмга бўлинади: 

1. Фарз – таҳоратсиз киши агар намоз ўқимоқчи бўлса (у хоҳ нафл, хоҳ жаноза намози бўлсин, барибир); ёки тиловат саждаси қилмоқчи бўлсин ё Мусҳафни ушламоқчи бўлсин, унга таҳорат қилиш фарз бўлади. 

2. Вожиб – Каъбаи муаззамани тавоф қилмоқчи бўлган таҳоратсиз кишига таҳорат қилиш вожибдир. 

3. Мандуб, яъни тавсия қилинган таҳорат – таҳоратсиз кишининг уйқудан олдин, уйғонгандан кейин таҳорат олиши; таҳоратли кишининг устига яна таҳорат олиши; ғийбат, чақимчилик, ёмон сўзлардан, ҳар бир хатодан сўнг, маййитни ювгандан кейин, яна ҳар намозга алоҳида таҳорат олиш; жунуб кишининг ғусл қилишдан олдин, овқатланишдан, ичимлик ичишдан, ухлашдан, яна бир бор эр-хотинлик қилишдан олдин таҳорат олиши; ғазаб келганда таҳорат қилиш (чунки ғазаб шайтондан бўлиб, шайтон эса ўтдан яратилгандир, ўт эса сув билан ўчирилади); Қуръон қироат қилиш, ҳадис ўқиш, шаръий илмлардан дарс қилиш, азон ва иқомат айтиш, хутба ўқиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш, Арафот тоғида туриш, Сафо ва Марвани саъй қилиш учун қилинган таҳорат мандуб ҳисобланади. Яна туя гўштини егандан сўнг таҳорат олиш ҳам мандубдир. 

Уламоларга мухолиф бўлмаслик учун ҳам таҳорат олиш одобдир. Мисол учун, аёл кишини ушлаш билан имом Шофеъий наздларида таҳорат синади, худди шунингдек, кафтининг ичи билан ўз авратини ушласа ҳам. Бизнинг мазҳабимизда бу кўринишда таҳорат синмаса ҳам яна қайта олиш одобдандир. Чунки ҳамма уламоларнинг иттифоқига кўра қилинган ибодат чиройли бўлади. 

ТАҲОРАТНИНГ ФАРЗЛАРИ

Таҳоратнинг фарзлари тўрттадир:

1. Юзни бир марта ювиш. «Ювиш» дегани сув тегиши лозим бўлган ўринлардан сув оқизишдир. Шунинг учун аъзоларга қорни ишқалаб намлаш билан таҳорат ҳосил бўлмайди, балки уни баданда эритиб, бир-икки томчи оқизгачгина таҳорат дуруст бўлади. Юз-нинг чегараси узунасига соч чиққан жойдан жағнинг остигача, кенглиги эса икки қулоқ юмшоғининг орасигача бўлган ўриндир. Соқол қалин бўлиб, остидаги тери кўринмайдиган даражада бўлса, юз қисмидаги соқолнинг устини ювиш фарздир. Аммо соқол сийрак ва юзни беркитмайдиган бўлса, унда сувни соқолнинг остига етказиш вожиб бўлади.

2. Икки қўлни тирсаклари билан қўшиб бир марта ювиш.

3. Бошнинг тўртдан бирига бир марта масҳ тортиш.

4. Икки оёқни ҳам ошиғи билан қўшиб бир марта ювиш. Оёқнинг ошиғи қадамдан юқорида, тўпиқдан пастдаги бўртиб кўриниб турган суякдир.

Таҳорат қиладиган киши агар тирноқлари узун бўлса, унинг остига сув етказиши ва яна кўзи атрофига йиғилиб қоладиган кирларни олиб, остига сув теккизиши ҳам шартдир. Сув етказишда қўлни ҳўллаб, теккизиб қўйиш кифоя қилмайди, балки ўша жойдан сув оқизиш шартдир.

ТАҲОРАТНИНГ СУННАТЛАРИ

1. Таҳоратни «Бисмиллаҳ...» билан бошлаш. 

2. Таҳорат қилишга ёки ҳадасни ўзидан кетказишга ният қилиш. 

3. Таҳоратни бошлашдан аввал икки қўлни бўғимигача уч марта ювиб олиш. 

4. Таҳоратни мисвок ишлатиш билан бошлаш. 

5. Сув билан оғизни ғарғара қилиш (бу «мазмаза» деб ҳам юритилади). 

6. Бурунга ҳам уч марта сув олиб қоқиш (бу «истиншоқ ва истинсор» деб ҳам юритилади). 

7. Оғиз билан бурунга сувни яхшилаб, ҳатто мия ачишгунча олиш ҳам суннатдир. Лекин рўзадор одамнинг рўзаси очилиш эҳтимоли борлиги учун бурунга мия ачишгунча ва оғизга ҳам томоқдан ўтай дегунча сув олиш макруҳ ҳисобланади. 

8. Ювиш талаб қилинган ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш. 

9. Соқол қалин ва юзни беркитадиган даражада бўлса, пастидан юқорига ҳилол қилиш ҳам суннатдир. Бу юзни уч бор ювгандан сўнг бажарилади. 

10. Қўл ва оёқ бармоқлари орасига ҳилол қилиш. 

11. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш. 

12. Икки қулоққа ҳам бошга масҳ тортгандаги нам қўл билан масҳ тортиш. 

13. Ювиш талаб қилинган ўринларни сув билан ишқалаш. 

14. Таҳорат амаллари орасига бошқа иш аралаштирмай, уларни пайдар-пай бажариш. Бунда бир аъзо қуриб қолмасдан туриб иккинчиси ювилади. 

15. Ояти каримадаги тартиб каби таҳорат қилиш, яъни, қўлдан олдин юзни, бошга масҳ тортишдан олдин қўлни, оёқни ювишдан олдин бошга масҳ тортишни бажариш ҳам суннатдир. 

16. Қўл ва оёқларни ўнгидан бошлаб ювиш. 

17. Бўйинга масҳ тортиш ҳам суннатдир. Халқумга масҳ тортиш суннат эмас, балки бидъатдир. 

ТАҲОРАТНИНГ ОДОБЛАРИ

1. Ердан юқорироқ ўринга ўтириб таҳорат олиш.

2. Таҳорат пайтида қиблага юзланган бўлиш.

3. Аъзоларни ювишда бошқа кишидан ёрдам сўрамаслик, лекин ожизлиги ва касаллиги сабабли ёрдам сўраса, дуруст бўлади.

4. Мубоҳ сўзларни тарк қилиш.

5. Оғизга ўнг қўл билан сув олиш. Бурунга ҳам ўнг қўл билан сув олиб, чап қўл билан қоқади.

6. Ювиш фарз бўлган аъзоларнинг белгиланган жойидан кўпроғини ювиб, ҳадисда келганидек, қиёматдаги нур ва қашқани кўпайтириш.

7. Кенгроқ узукни таҳорат вақтида ҳаракатлантириб қўйиш ҳам одобдир, аммо узук тор бўлса, унинг остига сув тегиши учун ҳаракатлантириш шарт бўлади.

8. Таҳоратдан сўнг қиблага юзланиб тик турган ҳолатда шаҳодат калималарини ва маъсур дуоларни ўқиш.

أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ. اللَّهُمَّ اجْعَلْنِي مِنَ التَّوَّابِينَ، وَاجْعَلْنِي مِنَ الْمُتَطَهِّرِينَ.

«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, лаа шарийка лаҳу, ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росуулуҳу. Аллоҳуммажъалний минат-тавваабийна важъалний минал-мутатоҳҳирийн».

Имом Муслим, Термизий ва Байҳақий ривоят қилган.

Маъноси: «Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиздир, Унинг шериги йўқ ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир. Аллоҳим, мени тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қил». 

9. Макруҳ вақтлар бўлмаса, таҳоратдан сўнг икки ракат намоз ўқиб қўйиш ҳам одобдандир. Нафл намозларни ўқиш макруҳ ҳисобланадиган вақтлар қуйидагилар:

– субҳи содиқ киргандан сўнг то қуёш чиққунча;

– қуёш чиқишни бошлагандан то бир найза бўйи кўтарилгунча, бу қарийб ярим соатга боради.

– кундузнинг ўртасида, яъни қуёш тиккага келганда; бу тақрибан пешиндан ярим соат олдин бўлади. Буни «завол вақти» дейилади (шу орада ҳам намоз ўқиш ҳаромдир).

– аср намози ўқиб бўлингач, то шомгача бўлган вақтда нафллар макруҳдир. Лекин қуёш нури кетгунича қазо намозларни ўқиш жоиздир;

– қуёшнинг нури кетган вақтдан то шомгача ўқилган намоз ҳам ҳаромдир, бу тақрибан қуёш ботишидан ярим соат олдинги вақт ҳисобланади.

ТАҲОРАТНИНГ МАКРУҲЛАРИ

Қуйидаги ишлар таҳоратда макруҳи танзиҳий ҳисобланади: 

1. Сувни исроф қилиш. 

2. Сувни ўта кам ишлатиш. 

3. Сувни юзга зарб билан шапиллатиб уриш. 

4. Рўзадор одамнинг бурнига ва оғзига сувни қаттиқ тортиши ҳам макруҳдир. Чунки бунда рўзанинг очилиб кетиш хавфи бор. 

5. Нажосатли жойларда таҳорат олиш. 

6. Таҳорат асносида заруратсиз гаплашиш. 

  7. Бурун ва оғизга сув олиш ҳамда ниятга ўхшаган таъкидланган суннатларни тарк қилиш ҳам макруҳдир. 

ТАҲОРАТНИ СИНДИРУВЧИ НАРСАЛАР

1. Кишининг орқа ва олди нажосат йўлидан чиқадиган ҳар қандай нарса таҳоратни синдиради. Улар хоҳ бавл, хоҳ ел бўлсин, хоҳ нажосат, хоҳ қурт бўлсин, фарқи йўқ. Яна шу икки йўлдан бирига бармоқнинг киришлиги ёки орқага ҳуқна (клизма) қилиб чиқариб ташлаш билан ҳам таҳорат синади. 

2. Баданнинг қайси бир жойидан қон ёки йиринг чиқсаю, тоза жойга ёйилса ҳам, таҳорат бузилади. 

3. Оғизни тўлдириб қайт қилиш билан ҳам таҳорат синади. Инсон қайт қилганда оғзи тўлиб гапира олмай қолса ёки оғзини беркита олмаса, шу ҳолат оғзи тўлиб қайт қилганга киради. 

4. Ёки инсон қон қайт қилсаю, тупугига қоннинг ранги ғолиб бўлиб қизарса, синади. Аммо тупугининг ранги сарғайса, синмайди. 

5. Киши ёнбошлаб ёки бир нарсага суяниб ухласа ва уйқуси шу суянган нарсаси олиб қўйилганда йиқиладиган даражада бўлса, таҳорати синади; маст бўлиш, ҳушдан кетиш, тутқаноқ ва жинни бўлиш билан ҳам таҳорат синади. 

6. Эр хотинини яланғоч ҳолда қучоқласа ҳам таҳорати кетади. 

7. Мазҳабимизга кўра рукуъ ва саждаси бор намозда (жаноза намозидан ташқари) балоғатга етган хоҳ эркакнинг, хоҳ аёлнинг қаҳ-қаҳ отиб кулиши билан таҳорат синади. Ёнидаги киши эшитадиган даражадаги кулги «қаҳқаҳа» дейилади. Аллоҳ таоло билан муножот қилаётганда бу каби нарсаларни қилувчиларга таъзир бериш сифатида уларга таҳоратни янгилаш шарт қилинмоқда. 

Изоҳ: кўз ёши (агар оғриқ туфайли бўлмаса), буруннинг суви, бадандан чиққан тер, она сути таҳоратни бузмайди. Шунингдек, чивин ёки бурга қанча қон сўрса ҳам таҳорат синмайди. Шунингдек мушак остиларига укол қилинганида қон чиқмаса таҳорат синмайди.

ТАЯММУМ

Ислом динининг бағрикенглиги ва енгилликларидан яна бири пок сув йўқ ёки сув бор бўлиб, уни ишлатиш эса мумкин бўлмаган вақтларда мусулмон кишининг Роббисига қиладиган ибодатининг баракотидан, унинг фойдалари ва руҳий озуқасидан маҳрум қилиб қўймаслик учун таҳорат ёки ғусл ўрнига таяммум жорий қилинган. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Агар сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар» (Нисо сураси, 43-оят)

Таяммум деб таҳорат нияти билан ер жинсидан бўлган пок кесак, тош, қум каби нарсаларга икки қўлини уриб юзга ва икки қўлга тирсаклари билан қўшиб масҳ тортишга айтилади. 

Таяммум қилиш лозим бўлган сабаблар

1. Ярим соатли ёки ундан кўпроқ йўл орасида сувнинг йўқлиги; бу тахминан икки чақиримни ёки тўрт минг қадамни (1848 метрни) ташкил этади. 

2. Сув ишлатса касалликдан ёки унинг зиёда бўлишидан ва ё давонинг секинлашишидан ташвиш бўлса. 

3. Сув олдига боришда бирор хавф-хатар (масалан, душман, ваҳший ҳайвон, вабо каби) бўлса. 

3. Сув ўта совуқ, инсонга азият етказиб қўядиган даражада бўлса ва уни иситишга шароит бўлмаса. 

4. Агар сувда таҳорат қилсаю, ўзи ёки шериги ва ҳатто ҳайвони чанқаб, ҳалокатга учраши хавфи бўлса. 

  5. Ҳамма шароитлар бор-у, лекин таҳорат қилиб келгунча ийд ёки жаноза намозлари ўқиб қўйилиши эҳтимоли бўлса ҳам таяммум қилинади, чунки бу намозларнинг қазоси йўқ. Аммо жума намозига ета олмаслигини билса ҳам таҳорат қилади, чунки агар жума намози қазо бўлса, унинг ўрнига пешин ўқилиши мумкин. Агар намознинг қазо бўлиши эҳтимоли юзага чиқса, вақтни эҳтиром қилиш юзасидан таяммум билан ўқиш жоиз. Лекин барибир таҳорат йўқ бўлса, таҳорат олиб ёки жунублик етган бўлса, ғусл қилиб, қайтадан ўқилади, чунки таяммум қилишга сабаб мавжуд эмас. 

ТАЯММУМНИНГ ШАРТЛАРИ

1. Ният. Аслида тупроқ кир кетказувчи эмас, балки ўзи кир қилувчи нарсадир. Шу сабабли таяммумда ният шарт қилинади. 

2. Таяммум қилиш учун юқорида санаб ўтилган сабаблардан бирининг бўлиши ҳам шарт. 

3. Таяммум қилувчининг аъзоларида масҳни тўсадиган узук ва билагузукка ўхшаш нарсаларнинг бўлмаслиги ҳам шарт. 

4. Тупроқ, қум ва тошга ўхшаш ер жинсидан бўлган покиза нарсани қасд қилиш ҳам шарт. Агар тошнинг устида чанг бўлмаса ҳам зарари йўқ, балки унинг ер жинсидан ҳамда пок бўлишининг ўзи кифоя қилади. Пок тупроқ, қум бор бўлса ҳам, кийим ёки девордаги чангга таяммум қилиш жоиз. 

5. Юз ва қўлларда жой қолдирмасдан масҳ тортиш ҳам шарт қилинади. 

ТАЯММУМНИНГ РУКНЛАРИ

Улар иккитадир: 

1. Ер жинсидан бўлган пок нарсани қасд қилиб, икки қўлнинг кафти билан унга икки зарб урмоқлик. 

2. Биринчи зарбдан сўнг юзга, иккинчи зарбдан сўнг эса қўлга масҳ тортмоқлик. 

ТАЯММУМ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Ғуслдан покланишга ёки намоз ўқишга, мусҳафни ушлашга ният қилиб, «Бисмиллаҳ» билан кафтларнинг орасини бармоқ ораларига чанг кирадиган даражада очиб, ер жинсидан бўлган пок нарсага бир зарб урилади. Сўнг қўлни силтаб, таҳоратда ювиладиган жойларидан ҳеч бир жойни қолдирмай, юзга масҳ тортилади. Кейин яна қўлни иккинчи бор уриб, чанглари қоқилади ва ўнг қўлнинг орқа томонини чап қўлнинг кафтига қўйиб, тирсаги билан қўшиб масҳ тортади. Сўнг қўлнинг ички томонини чап қўлнинг кафти билан тирсакдан бармоқларгача олиб келинади. Кейин чап қўлга ҳам шундай масҳ тортилади. Мана шу таяммум билан нафл ва фарз намозларидан хоҳлаганича ўқий олади ва таҳоратли киши ҳукмида бўлади. 

ТАЯММУМНИНГ ФАРЗЛАРИ

1. Намоз, жанобат, ҳайз ва нифосдан покланиш каби нима учун таяммум қилишни хоҳласа, ўша нарсани нияти билан таяммум қилиш;

2. Таяммумни пок ер жинсига қилиш;

3. Юзга масҳ тортиш (сийпалаш);

4. Икки қўлнинг тирсакларигача масҳ тортиш. 

ТАЯММУМНИНГ СУННАТЛАРИ

а) «Бисмиллаҳ...»ни айтиш;

б) зарбни кафтнинг ичи билан қилиш;

в) қўлдаги чангларни силкитиб ташлаш; тартиб билан қилиш, яъни аввал юзга масҳ тортиб, кейин қўлга масҳ тортиш;

г) кетма-кет қилиш, яъни ният қилиб таяммумни бошлагач, то тугагунча бошқа амални қўшмаслик;

д) соқол ва бармоқлар орасига ҳилол қилиш;

е) кенг узук бўлса, уни қимирлатиб остига масҳ етказиш, аммо узук тор бўлса ёки соатга ўхшаш нарсалар бўлса, уларни таяммумдан олдин ечиб қўйиш керак, чунки уларнинг остига масҳ етмайди;

  ё) масҳни ўнг қўлдан бошлаш. Буларнинг ҳаммаси суннат ҳисобланади. 

ТАЯММУМНИ БУЗУВЧИ НАРСАЛАР

1. Таҳоратни бузувчи ел, бўшаниш, уйқу каби ҳар бир нарса таяммумни ҳам бузади. 

2. Агар киши сув йўқлиги сабабли таяммум қилган бўлса, сувни кўриши билан таяммуми бузилади. 

3. Сув ишлатишга ожиз бўлган киши бунга қодир бўлиши билан ҳам таяммум бузилади. Агар бир киши жунуб бўлиб таяммум қилган бўлса, сўнг унда кичик таҳоратни бузадиган нарсалар содир бўлса, у яна жунуб ҳолатига қайтиб қолмайди, балки бу кичик таҳоратсизлик ҳукмида бўлиб, унга ёддан Қуръон ўқиш, масжидга кириш каби амаллар жоиз бўлади. Аммо унинг таяммуми катта таҳоратсизлик содир қиладиган амаллар билан бузилган бўлса, то у таяммум қилмагунча жунуб ҳукмида ҳисобланиб, Қуръон ўқиш, масжидга кириш ва шуларга ўхшаш жунуб кишига жоиз бўлмаган амаллар бунга ҳам дуруст бўлмайди. 

  Сувни топишга умид қилган кишининг намозини охирги вақтида ўқиши мустаҳаб (яъни маъқулроқ). Сув яқинимда, деб гумон қилган кишига сувни ахтариш вожиб (шарт) бўлади. 

НАМОЗ

Олдин ибодат нималигини билиб олайлик. «Ибодат» сўзи «тоат», «итоат қилиш» ва «Парвардигорни улуғлаш» маъноларини ўзида жамлаган. Шариатда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқ бўлган амал «ибодат» дейилади. Аллоҳ таоло амр-фармонлари ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат ва амаллар ибодатдир. 

Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир. Намоз арабчада «солат» дейилади, луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади. Шариатда эса талаб қилинган шартлар асосида такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган ибодат «намоз» дейилади. 

Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан (Ясриб, яъни Мадина шаҳрига кўчишларидан) бир ярим йил олдин фарз бўлган. Беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намознинг фарзлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан собит (жорий) бўлган. 

Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарз (мажбурий)дир. Намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Намоз – Ислом динининг иккинчи рукни, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз саналади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқишнинг алоҳида фазилати ва афзаллиги бор. 

У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. 

Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир. Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. Намоз инсонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади. 

Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга эга бўлади. 

Намоз инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётини ҳамма соҳаларда тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқда. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини энди ким ҳам инкор қила олади? 

Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Қуръони Каримнинг жуда кўп ўринларида инсонлар намоз ўқишга тарғиб қилинган, намоз мусулмонликнинг асосий белгиларидан, Исломнинг муҳим рукнларидан экани зикр этилган. Қуръони Каримнинг олтмиш беш оятида намоз киши иймонининг далили экани зикр этилиб, мўминлар намозни тўкис адо этишга, намозларини муҳофаза қилишга буюрилган. Қолаверса, намоз поклик рамзи. Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга сир эмас. 

Намоз мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қоларди. 

Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан паноҳ бўлувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир. Чунки дунё ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз Аллоҳга бандалик қилишнинг, Унга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, Уни эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган. 

НАМОЗНИНГ БОШҚА ФОЙДАЛАРИ

Намознинг Исломда иймондан кейинги фарз, энг улуғ ибодат эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Мусулмон киши намозни Аллоҳ таолонинг амри бўлгани учун ўқийди. Роббимизнинг ҳар бир амрида эса бениҳоят ҳикмат ва фойдалар, ҳар бир тақиқида эса кўплаб зарару зиёнлар бор. Ушбу фойда ва зарарларнинг аксарият қисми бугунги кунда тиббиёт мутахассислари томонидан тасдиқланиб келмоқда. 

Ислом дини саломатликка энг юксак аҳамият берган диндир. Шу боис бўлса керак, динимиз ибодатларнинг энг устуни бўлмиш намозни умримизнинг сўнгига қадар ўқишимизни буюрган. Намоз ўқиган одам бу гўзал ибодат учун охиратда оладиган ажр-мукофотларига қўшимча равишда дунё ҳаётининг ўзида унинг саломатликка оид манфаатларига ҳам албатта эришади. Намознинг инсон саломатлигига келтирадиган фойдаларидан баъзиларини санаб ўтайлик: 

1. Намозда бажариладиган ҳаракатлар енгил, осон бўлгани учун юракка зўр келмайди (толиқтирмайди) ва куннинг маълум бир вақтларида бажарилгани учун инсонни доимо тетик тутади. 

2. Бир кунда бошини саксон марта ерга қўйган инсоннинг миясига мунтазам равишда кўп миқдорда қон оқиб келади. Мия ҳужайраларининг қон билан яхши тўйиниши туфайли намоз ўқийдиган одамларда хотира сустлиги ва склероз камроқ учрайди. Бундай кишиларнинг турмуш тарзи соғлом бўлади. 

Даставвал рукуъда тананинг тенг ярмигача эгилган бош мияга қон келиши жонланади. Шу ҳолатда бироз турган киши саждадан аввал ростланиб олади. Бу бош мияни қон билан таъминловчи томирларни эндиги бўладиган кучли қон оқимига тайёрлайди. Энди намозхон эгилиб, тиззаларига чўккалаб, сўнг бошини саждага қўяди. Натижада қон босими баланд бўлган кишилар учун ортиқча зўриқиш ҳосил бўлмайди. Сажда ҳолатида бош мияга катта миқдорда қон оқиб кела бошлайди. Шу ҳолатда бироз тургач, инсон дарров туриб кетмай, аввал бироз ўтириб олади. Бундай ҳолатда бирдан туриб кетиш қон босими паст бўлган одам учун нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин. Энди намозхон иккинчи марта саждага бош қўяди. Бош мияни қон билан таъминловчи томирлар иккинчи марта тўлиқ қувват билан ишлайди. Шундан кейингина намозхон ўрнидан туриб, қад ростлайди. Мана шу ҳаракатлар натижасида пайдар-пай катта миқдордаги қонни узатиб турган томирлар эгилувчан, таранг бўлади. Бундай «машқ»ларни йиллар давомида ҳар куни, муайян вақтларда бажариб турган томирлар чиниқиб, эластик ҳолатда бўлади, ичида тиқинлар ҳосил бўлмайди. 

Шу ерда «Намоз ўқийдиган одамларда ҳам қон босими, айниқса, бош чаноғининг ички босими учраб туради-ку», деган ҳақли савол туғилиши табиий. Албатта, ҳар қандай дардни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Бироқ, бундай дардлар ёшлигидан намоз ўқиб келаётган, саждада узоқроқ турадиган намозхонларда камроқ учраши ўз-ўзидан маълум. Бунинг устига, таҳорат пайтида бўйинга масҳ тортилганда ҳам бўйин мушакларида қон юриши тезлашади, намоз сўнггидаги икки томонга салом бериш пайтида эса бўйин томирлари умуртқа поғонасининг бўртиқлари томонидан бироз «уқалаб» турилади. 

Намознинг қон айланиш тизимига кўрсатадиган ижобий таъсирларидан яна бири ташаҳҳуд ўқилаётган ҳолатда кузатилади. Ҳозирги замон тиббиётининг аниқлашича, ташаҳҳуд ҳолатида ўтирган ҳолда сон артерияларининг бироз сиқилиб, кейин бўшатилиши натижасида ички органлар, биринчи навбатда юрак ва мия қон билан қўшимча таъминланар экан. Маълум бўлишича, оддий ҳолатда организмдаги қон ташувчи капиллярларнинг (майда қон томирлари) 30 фоизигина очиқ турар, сон артерияси бир сиқиб, қўйиб юборилганда эса бу кўрсаткич икки баравар ортар экан. Демак, шу ҳолатдан сўнг ички аъзоларга икки марта кўпроқ қон етказиб берилар экан. 

3. Намоз ўқийдиган кишининг боши мунтазам эгилиб‑кўтарилиб туриши сабабли унинг кўзларида қон айланиши яхшиланади. Шунинг учун кўзнинг ички босими ошмайди, шоҳпарда (кўз мугузи) доим мўътадил намланиб туради. Бу эса катаракта касаллигининг олдини олувчи муҳим омилдир. 

4. Намоздаги изометрик ҳаракатлар ошқозондаги озуқанинг яхшилаб аралашишига ва унинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради, сафронинг (ўт суюқлигининг) ўт пуфагида тўпланиб қолмай, бир меъёрда ажралиб чиқишига, ошқозон ости безининг равон ишлашига имкон бериб, қабзиятнинг (ич қотишининг) олдини олади. Намоздаги кундалик мунтазам ҳаракатлар натижасида буйрак, пешоб йўллари, қовуқ ва тўғри ичакнинг доимий чайқалиши, ҳолатининг ўзгариб туриши натижасида бўшанишнинг бир меъёрда бўлиши таъминланади ва бу аъзоларда тош ҳосил бўлишининг олди олинади. 

5. Бир кеча-кундузда камида беш маҳал бажариладиган бир меъёрдаги тана ҳаракатлари бўғимлар, мушаклар ва томирларни жонлантириб, артроз (артрит), остеохондроз каби касалликларнинг, хусусан, бўғимларда туз тўпланишининг олдини олади, жисмоний меҳнат билан шуғулланмайдиган одамларда томирларда тиқин пайдо бўлишига тўсқинлик қилади. 

6. Вужуднинг саломатлиги тананинг тозалигига боғлиқдир. Намоз учун шарт бўлган таҳорат ва ғусл покликнинг айни ўзидир. Бинобарин, намоз ҳам моддий, ҳам маънавий покликдир. Баданни ҳам, руҳни ҳам покламай туриб намоз ўқиб бўлмайди. Натижада намознинг барча шартларини адо этган киши руҳан пок, жисман тетик бўлади. 

7. Профилактик тиббиётда жисмоний ҳаракатларни куннинг муайян пайтида бажариш, овқатланиш, уйқу ва дам олишни ҳам аниқ режим асосида йўлга қўйиш ўта муҳимдир. Намоз вақтлари организмда қон айланиши ва нафас олишни жонлантириш учун энг қулай ва мақбул пайтлардир. 

8. Намоз уйқуни тартибга солишнинг энг мукаммал низомидир. Мутахассислар ўтказган тадқиқотларнинг натижасига кўра, намоз ёрдамида танада тўпланиб қоладиган статик электр заряддан ҳам халос бўлиш мумкин экан. Танамиздаги бундай заряд сажда пайтида ерга ёки таҳорат пайтида сувга ёхуд таяммум пайтида тупроққа текканимизда ерга узатилар экан. Намоздан сўнг тетиклашиб, ўзимизни бардам сезишимизнинг сабаби қисман мана шу ҳикматга ҳам боғлиқ экан. Намознинг бундай манфаатларидан тўлиқ фойдаланиш учун уни вақтида адо этиш билан бирга покликка, тўғри ва меъёрда овқатланишга, парҳезга, ейдиган озуқамизнинг покиза ва ҳалол бўлишига ҳам ғоятда эътиборли бўлишимиз лозим. 

Мусулмон кишининг иймонни озиқлантириб, куч бериб, янгилаб турадиган нарса намоздир, ибодатдир. Уларсиз иймон қалбнинг бир четида қаровсиз қолиб сўнади, маъносиз, сохта, тақлидий бир нарсага айланади. Ана шундай «иймони»га ишониб, «қалбим пок» дея намозини тарк этганлар қуриб қолган чўпни гул деб кўтариб юрган кимсага ўхшаб қоладилар. Иймонимизни ибодат билан безаб, фоний дунёдаги умримизни Аллоҳга қулликда, итоатда, ибодатда ўтказиш фурсати аллақачон етган. Шундай бўлгач, Аллоҳдан тавфиқ сўраб, барчаларингизни энг улуғ ибодат бўлмиш намоз ўқишни ўрганишга, уни мукаммал адо этиш учун интилишга чорлаймиз...

Энг олдин Исломда бажариладиган амалларнинг ҳукмлари билан танишиб чиқайлик. 

АМАЛЛАРНИНГ ҲУКМЛАРИ

1. Фарз. Инкор қилиб бўлмас қатъий далил билан бажарилиши талаб қилинган амал «фарз» дейилади. Беш вақт намоз ўқиш, рўза, закот, ҳаж каби амаллар фарздир. Фарзни бажариш шарт, уни бажарган улкан савобга эришади, бажармаган фосиқ ҳисобланиб, азобланади. Инкор этган эса кофир бўлади. Фарз икки хил бўлади: фарзи айн (ҳар бир мусулмон бажариши шарт) ва фарзи кифоя (бир ёки бир неча кишининг адо этиши билан бошқалардан соқит бўлади). 

2. Вожиб. Эътирозга эҳтимоли бор далил билан бажарилиши талаб қилинган амал вожибдир. Масалан, витр, ҳайит намозлари кабилар. Вожибнинг ҳукми фарз билан баробар. Вожибни инкор қилган киши кофир бўлмайди, балки фосиқ бўлади. Вожибни бажарган савоб олади, тарк қилган жазога лойиқ бўлади. 

3. Суннат. Зиммага юкланмаган, лекин бажарилиши талаб қилинган амал суннатдир. Суннатга амал қилиш вожибга амал қилиш каби талаб этилади. Бироқ суннатга амал қилмаган вожибга амал қилмаган каби жазоланмайди, балки қораланади. Мазҳаб уламолари суннатни иккига бўлишган: 

1) Суннати муаккада (таъкидланган суннат) – вожибдан кейинги даражада туради, масалан, жамоат билан намоз ўқиш. Бунга амал қилмаган гуноҳкор бўлади; 

2) Суннати зоида (еб-ичиш, юриш-туриш каби ишларда Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш). 

4. Ҳаром. Инкор қилиб бўлмас қатъий далиллар билан бажарилиши тақиқланган амал ҳаромдир. Масалан, зино, судхўрлик, ўғрилик, ароқхўрлик каби. Ҳаром иш қилган киши охиратда дўзах азобига дучор бўлади, ҳаромни тарк этган эса савобга эришади. Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади. 

5. Макруҳ. Эътирозга эҳтимоли бор далил билан бажарилиши тақиқланган амал макруҳи таҳримийдир. Масалан, бировнинг совчилиги устига совчи юбориш, эркакларнинг тилла тақиши ва ипак кийим кийиши макруҳи таҳримийдир. Макруҳи таҳримий ҳукми ҳаром ҳукмидадир, фақат уларни инкор этган киши кофир бўлмайди, холос. 

Қилинишидан қатъий қайтарилмаган, аммо қилинмаслиги қилинишидан аъло бўлган амал макруҳи танзиҳийдир. Мушук, йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат олиш бунга мисол бўлади. Улардан сақланганлар савоб олади, қилганларга эса маломат ҳам, иқоб ҳам қилинмайди. 

6. Мубоҳ. Шариатимиз қилиш ёки қилмасликни одамлар ихтиёрига қўйган ишлар мубоҳдир. Масалан, рамазон ойида кечаси еб-ичиш каби. Буни шариат белгилаган чегарадан чиқмай қилиш мубоҳ саналади. Мубоҳ амалларни қилган ҳам, қилмаган ҳам – баробар, савоб ҳамда гуноҳга эга бўлмайди. Жоиз – луғатда «ижозат берилган, йўл берилган» маъноларини билдиради, мубоҳ тушунчасининг ўхшаши, шариатда рухсат этилган амал ҳисобланади. 

НАМОЗДАГИ ҲОЛАТЛАР

Намоз қуйидаги бир неча рукнлардан ташкил топади: 

Ракат. Намозда қиём, Қуръони Каримдан бирор сура ёки оятлар ўқиш, бир рукуъ ва икки саждадан иборат амаллар «ракат» дейилади. Фарз, суннат, нафл намозлари икки, уч, тўрт ракатли бўлади. Масалан, бомдод намози икки ракат суннат ва икки ракат фарздан иборат. 

Намозга кириш. Намозга икки қўлнинг бош бармоқлари қулоқ юмшоғи баробарича кўтарилиб, «Аллоҳу акбар» деб «такбири таҳрима»ни айтган ҳолда киришилади. Такбири таҳрима «Ифтитоҳ такбири» (очиш такбири) деб юритилади. 

Қиём – тик туриш дегани. Ўнг қўл кафтини чап қўл кафти устига қўйиб, ўнг қўлнинг бош бармоғи ва жимжилоғи билан чап қўл ошиғини ушлаган ҳолда киндик остида тутиб туриш «қиём» ҳолатидир. Қиёмда ­Қуръондан Фотиҳа сураси ва унга қўшиб бирор сура ҳам қироат қилинади (ўқилади). Аёллар қиёмда оёқларини жуфтлаб тутадилар, қўлларини эса эркаклар каби боғлаб, сийналари устига қўйиб турадилар. 

Рукуъ  эгилиш, энгашиш деган маъноларни англатади. Намозда икки қўл билан тиззани чангаллаб, маҳкам ушлаган ҳолда энгашиш «рукуъ» дейилади. Бунда қўл ва оёқлар букланмай, таранг бўлиши, орқа гарданни текис тутиш лозим бўлади. Бош паст ҳам, юқори ҳам қилинмайди, орқа билан текис тутилади, нигоҳ оёқ устларига қаратилади. 

Аёллар эса, рукуъда оёқларини сал букадилар ва қўл бармоқларини жипслаштириб, тиззалари устига қўядилар. Рукуъда аёллар билакларини таналарига ёпиштириб туришади. 

Рукуъ намознинг энг муҳим арконларидан ҳисобланади. Рукуъ чоғида уч марта «Субҳана роббийал-азийм» деб, Аллоҳ таолони улуғлаб тасбеҳ айтилади.

Сажда. «Пешонани ерга қўйиш» маъносини билдиради. Намозхоннинг икки оёқ панжалари, тизза ва икки қўлга таяниб, пешона ва бурнини саждагоҳга қўйиши «сажда» дейилади. Эркакларнинг сажда ҳолати бундай бўлади: оёқ панжалари букилиб, қўл панжалари жипс ҳолда қиблага йўналган бўлади. Бош икки қўл орасига қўйилади, бунда қулоқлар кафтларга яқин жойлашади. Саждада оёқлар ердан кўтарилмайди, кўзлар юмилмайди, кўз қири билан бурун юмшоғига қараб турилади. Намозни ёлғиз ўқиганда қўлтиқ очиқ бўлади, жамоат намозида йиғиштирилиброқ сажда қилинади. Саждада қорин сонга, сон болдирга, тирсак баданга теккизилмайди. 

Аёллар эса саждада қўлтиқларини очиқ тутмайдилар, билакларини ерга, қоринларини сонларига теккизиб сажда қилишади. Улар оёқ бармоқларини букиб қиблага қаратишади. Саждадан қайтганда эса  ёнбошлатиб ўнг тарафга чиқаришади.

Намоз ибодатларнинг энг фазилатлиси бўлса, сажда намознинг энг муҳим рукнидир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Банданинг Парвардигорга энг яқин бўлган пайти сажда ҳолатидадир, саждада Аллоҳга кўп-кўп дуолар қилинглар», деб таълим берганлар. Намозхон ҳар гал сажда қилганида энг ками уч мартадан «Субҳана роббийал-аъло», дея Аллоҳни улуғлайди. 

Қовма. Намоздаги рукуъда уч бор тасбеҳ айтиб бўлгач, тасмеъ («Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ») айтиб, яна қайта тикланадиган ҳолат «қовма» дейилади. Қовмада қўллар боғланмай, ёнда тутилади. Қовмага тиклангач, «Роббанаа, лакал-ҳамд» дейилади. 

Жалса. Намоздаги икки сажда ўртасида бир муддат ўтириш «жалса» дейилади. Икки сажда ўртасида тўлиқ қаъдага қайтиш таъдилул аркон дейилади. У эса вожибдир (бунда бир тасбеҳ айтиш миқдорида ўтириш суннатдир).

Қаъда. Намознинг иккинчи ракатидан кейин ва охирги ракатидан сўнг ташаҳҳуд ўқиш миқдорича ўтириш «қаъда» дейилади. Намоз икки ракатли бўлса, қаъдада ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқиб намоз тамомланади. Агар уч ёки тўрт ракатли бўлса, бунда ташаҳҳудни ўқиб бўлгач, «Аллоҳу акбар» деб кейинги ракатга турилади. Тўрт, уч ракатли намознинг иккинчи ракатидан кейинги қаъда «аввалги қаъда», тўртинчи ёки учинчи ракатдан кейинги қаъда «охирги қаъда» дейилади. 

Эркакларнинг қаъда ҳолати шундай кўринишда бўлади: чап оёқ ёнбошлатиб тўшалган ҳолда унинг устига ўтирилади, ўнг оёқнинг панжаларини қиблага қаратган ҳолда букиб тик тутилади. Қўл бармоқларининг учи тизза кўзи баробарида, эркин ҳолатда, қиблага қаратиб сонлар устига қўйилади. Бунда нигоҳ кўкракда бўлади. 

Аёллар эса, қўлларини шу ҳолда тутиб, чап қуйруқларига ўтиришади ва оёқларини ўнг тарафдан чиқаришади. 

НАМОЗНИНГ ТУРЛАРИ

Фарз намозлари – Аллоҳ таолонинг амри билан ҳар бир мусулмон зиммасида бурч ҳисобланган беш вақт намоз (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) ва жума намози ҳамда (мусулмонлардан баъзиларининг ўқиши билан бошқалардан соқит бўлувчи) жаноза намози. 

Вожиб намозлар – ҳар куни хуфтондан сўнг ўқиладиган витр намози, рамазон ва қурбон ҳайити намозлари, Байтуллоҳдаги тавоф намози. 

Суннат ва нафл намозлари – беш вақт фарз намозлардан олдин ёки кейин ўқиладиган суннат намозлар, таровеҳ, истисқо, «Таҳиятул-масжид» намози, зуҳо (чошгоҳ), таҳажжуд, истихора, ҳожат сўраш намозлари, таҳорат ёки ғуслдан сўнг, сафарга чиқаётганда, ой ёки қуёш тутилганда ўқиладиган намозлар. 

НАМОЗ ВАҚТЛАРИ

Намозни ўз вақтида ўқиш фарз валозимдир. Вақти кирмасдан ўқилган намозлар ҳисобга ўтмайди. Вақтида ўқишга улгурилмаган намозларнинг қазоси ўқилади. 

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Эй Алий, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда», дедилар» 

Имом Термизий ривоят қилган. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг афвидир», дедилар» 

Имом Термизий ривоят қилган. 

Аллоҳ таоло фарз қилган намозларнинг ўқиш вақти қуйидаги пайтларда бўлади: 

1. Бомдод намозининг вақти – субҳи содиқдан (чин тонг отгандан) кун чиққунчадир. 

2. Пешин намозининг вақти – қуёш заволга (оғишга) кетганидан сўнг то нарсаларнинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари ўз узунлигига нисбатан икки баравар ортгунига қадар. 

3. Аср намозининг вақти – ҳар бир нарсанинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари ўзига нисбатан икки баравар ортганидан бошлаб қуёш ботгунчадир. 

4. Шом намозининг вақти – кун ботган пайтдан бошлаб кунботар томонда шафақ (қизғиш нурлар) ғойиб бўлгунчадир. 

5. Хуфтон намозининг вақти – шафақ батамом йўқолгандан кейин киради. 

Витр намози вақти эса хуфтон ўқилгандан кейингина киради. Хуфтон ва витр намозларини субҳи содиққача ўқиса бўлади. 

Бомдод намозини тонг ёришганда ўқиш мустаҳаб, аълороқдир. Соат бўйича ҳисобланса, бомдодни кун чиқишидан 40 дақиқача илгари ўқиш мустаҳаб вақтига мувофиқ бўлади. 

Пешин намозини ёз фаслида бироз кечиктириб, қиш фаслида эса вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир. 

Аср намозини қуёш тиғини ўзгартирмай, нурсиз ҳолатга киришидан олдинроқ ўқиш мустаҳабдир. 

Шом намозини доимо қуёш ботиши билан ўқиш мустаҳабдир. 

Хуфтон намозини кечанинг учдан бирининг охирида ўқиш афзал ва ниҳоятда аъло бўлади. Витр намозини эса тун охирида уйғонишга қодир бўлган кишилар субҳ олдидан ўқисалар, мустаҳаб амал қилган бўлишади. 

Ҳаво булутли кунларда аср ва хуфтон намозларини аввалги вақтларида ўқиш ҳамда бомдод, пешин, шом намозларини эса (вақти киргани маълум бўлмаса) бироз кечиктириб ўқиш мақсадга мувофиқдир. 

Қуйидаги вақтларда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш, жаноза намози ўқиш жоиз эмас (мумкин эмас): 

– кун чиқаётган пайтда;

– кун қиём (тикка)га келганида;

– кун ботиш чоғида;

Бу пайтларда намоз ўқиш, Қуръони Каримдан сажда ояти ўқилганда сажда қилиш, жаноза намозини шу вақтга тўғрилаб ўқиш мумкин эмас. Аммо шу кунги аср намози кун ботаётган бўлса ҳам адо этилаверади. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир. «Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар», деди»

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган. 

  Нафл (ихтиёрий) намозларни имом хутба ўқиш учун минбарга чиққанида, субҳи содиқдан кун чиққунича, асрни ўқиган киши шом намозини ўқигунча адо этиши макруҳдир, яъни жоиз эмас. 

НАМОЗ РАКАТЛАРИ

Намозда қиём, Қуръони Каримдан сура ёки оятлар қироат қилиш, рукуъ ва икки саждадан иборат амаллар «ракат» дейилади. Намоз ракатлардан иборатдир. 

Уларнинг тартиби қуйидагича: 

1. Бомдод – 2 ракат суннат, 2 ракат фарз. 

2. Пешин – 4 ракат суннат, 4 ракат фарз, 2 ракат суннат. 

3. Аср – 4 ракат фарз. 

4. Шом – 3 ракат фарз, 2 ракат суннат. 

5. Хуфтон – 4 ракат фарз, 2 ракат суннат. 

Витр – 3 ракат вожиб. 

АЗОН ВА ИҚОМАТ

Азон намоз вақти кирганидан огоҳлантирувчи, намозга чорловчи чақириқдир. Кундалик беш вақт намоз ва жума намозлари учун азон ва иқомат айтиш таъкидланган суннатдир. 

Азон намоз вақти киргач, таҳорат билан қиблага юзланиб, тик турган ҳолда икки қўл кўрсаткич бармоғини қулоқ ичига қўйиб баланд овозда, дона-дона қилиб айтилади. Муаззин «Ҳаййа ъалас-солаҳ» калимасида бошини ўнг тарафга, «Ҳаййа ъалал-фалаҳ» калимасида чап тарафга буради. 

Азон калималари тартиби қуйидагича: 

1. «Аллоҳу акбар» – 4 марта. 

2. «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ» – 2 марта. 

3. «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ» – 2 марта. 

4. «Ҳаййа ъалас-солаҳ» – 2 марта. 

5. «Ҳаййа ъалал-фалаҳ» – 2 марта. 

6. «Аллоҳу акбар» – 2 марта. 

7. «Лаа илааҳа иллаллоҳ» – 1 марта. 

Изоҳ: Бомдод намозида «Ҳаййа ъалал-фалаҳ»дан сўнг икки марта «Ас-солату хойрум минан-навм» (Намоз уйқудан афзал) калимаси қўшиб айтилади. 

Азонни эшитган киши ишдан, масжиддан бошқа томонга юришдан, сўзлашдан тўхтайди. Муаззиннинг ортидан азон калималарини айтиб туради. Муаззин «Ҳаййа ъалас-солаҳ», «Ҳаййа ъалал-фалаҳ», деганида «Лаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил-аъзийм», дейди. 

Сафарда ва жомеъ масжидларида азон ва иқоматни тарк қилиш макруҳ, бироқ шаҳар ичидаги хонадонларда уларни тарк этиш макруҳ эмас. 

Жунуб кишининг азон ва иқомат айтиши, ақлдан озган, фосиқ, маст, таҳоратсиз кишилар, ақлсиз болалар ва аёлларнинг азон айтишлари макруҳдир. Шунингдек, жума намозидаги иккинчи азондан бошқа азонларни масжид ичида туриб айтиш ҳам макруҳдир. 

Азон айтиб бўлингач, унинг қуйидаги дуоси ўқилади: 

«Аллоҳумма, Робба ҳаазиҳид-даъватит таамма, вас-солаатил қоима. Аати Муҳаммаданил васийлата вал фазийла, вабъасҳу мақомам-маҳмууданиллазий ваъадтаҳ». 

Иқоматнинг сўзлари ҳам азонники кабидир. Фақат «Ҳаййа ъалал-фалаҳ»дан сўнг икки марта «Қод қоматис-солаҳ» (Намоз бошланиб қолди) калималари қўшиб айтилади. Иқомат фарз намозлари олдидан айтилади. 

Қазо намозлари учун азон ва иқомат айтилади. Ҳайит намозлари ҳамда жаноза намозига азон ва иқомат айтилмайди. 

Азон ва иқомат ўртасида тўрт ракат намоз ўқишга кетадиган миқдорда вақт ўтиши керак. Аммо шом намозида азон ва иқомат бир-бирига яқин, пайдар-пай айтилади, уч оят ўқигудек миқдорда вақт ўтса кифоя.

ИККИ РАКАТЛИ ФАРЗ НАМОЗИНИ ЎҚИШ ТАРТИБИ

Тоза кийим, тоза бадан, намоз ўқиладиган тоза ўринда таҳорат билан қиблага юзланган ҳолда намоз ўқишга киришилади. Намоз қуйидаги тартибда ўқилади. 

1. Каъба томонга юзланиб «Холис Аллоҳ учун бомдод намозининг икки ракат фарзини ўқишга ният қилдим» мазмунида ният қилинади. 

2. Икки қўлнинг кафтини қиблага қаратиб, бармоқларни букмай, уларнинг орасини кенг очмай ва жипслаштирмай, ўз ҳолича қўйиб, бош бармоқни қулоқнинг юмшоғи баробарича кўтариб, «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиш билан намоз бошланади. «Аллоҳу акбар» айтишда «Аллоҳ» лафзининг «алиф»и «Ааллоҳ» деб чўзилмайди, чунки бу билан маъно ўзгариб кетади ва намоз бузилади. «Аллоҳ» лафзида «ҳ» ҳарфидан кейинги «замма» ҳаракатини «Аллоҳув» демай айтилади. «Акбар»да «б» ҳарфидан кейин «алиф»ни чўзиб, «акбаар» дейилмайди. Бу ҳолатда ҳам маъно ўзгариб, намоз бузилади. 

3. Қўлларни қовуштирган ҳолда киндик остида тутиб «Сано» («Субҳанакаллоҳумма...») ўқилади. 

4. Таъаввуз («Аъуузу биллаҳи...»), басмала («Бисмиллаҳ...») билан Фотиҳа сураси ўқилади ва «валад долийн»дан кейин оҳиста «амийн» айтилиб, таъаввуз ва басмаласиз бирорта сура ўқилади. 

5. «Аллоҳу акбар» дея энгашиб рукуъга борилади, бунда энг ками уч марта «Субҳана роббийал-ъазийм» (Улуғ Роббим покдир), дейилади. 

6. Белни тиклаётиб «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» (Аллоҳ Ўзига ҳамд айтган кишини эшитади), дейилади. Тўла тикланиб бўлгач «Роббанаа, лакал ҳамд» (Роббимиз, мақтов Сенгадир), дейилади. 

7. «Аллоҳу акбар» деб ерга аввал тиззалар, кейин кафтлар, сўнг бурун ва пешона қўйилиб, сажда қилинади. Бунда тирсаклар ерга ва биқинларга теккизилмайди, барча аъзолар, хусусан, оёқ бармоқлари иложи борича қиблага юзлантирилади. Саждада камида уч марта «Субҳана Роббийал-аъло» (Олий Роббим покдир), дейилади. 

8. «Аллоҳу акбар» деб саждадан бош кўтарилади ва чап оёқни тўшаб, ўнг оёқ кифтини тик қилиб, бармоқлар қиблага юзлантирилган, икки қўл кафти учи тизза баробарига қўйилган ҳолда ўтирилади. 

9. «Аллоҳу акбар» деб иккинчи марта сажда қилинади. 

10. «Аллоҳу акбар», деб ҳеч нарсага суянмай иккинчи ракатни ўқиш учун ўриндан турилади. 

11. Иккинчи ракатда ҳам «Бисмиллаҳ...» билан Фотиҳа сураси, орқасидан Қуръондан билганича бирор сура ёки узунроқ оят ўқилади. 

12. Биринчи ракатдагига ўхшаш рукуъ, саждалар қилинади. 

13. Саждадан сўнг ўнг оёғини тиклаб, чап оёғи устига ўтиради ва аввал ташаҳҳуд («Аттаҳиййату...»), ортидан икки салавот («Аллоҳумма, солли ъалаа...» ва «Аллоҳумма, баарик ъалаа...»), кейин дуолар («Роббанаа, аатина...») ўқилади. 

Сўнгра аввал тиккадан бошлаб, ўнг томондагиларни ва фаришталарни ният қилиб ўнг тарафга, кейин тиккадан бошлаб чап томондагилар ва фаришталарни ният қилиб чап тарафга «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ», деб салом беради, шу билан икки ракатли намоз якунланади.

  Икки ракатли суннат намозларини ўқиш тартиби ҳам бундан фарқланмайди. Фақат ниятда фарқ бўлади. 

ТЎРТ РАКАТЛИ ФАРЗ НАМОЗНИ ЎҚИШ ТАРТИБИ

1. «Тўрт ракатли пешин намозининг фарзини холис Аллоҳ учун ўқишга ният қилдим» мазмунида ният қилинади. 

2. Қўллар кафтини қиблага қаратиб такбир («Аллоҳу акбар») айтилади. 

3. Қўллар боғланиб, Фотиҳа ва ортидан бирор сура қўшиб ўқилади. 

4. Такбир билан рукуъга бориб, энг ками уч марта «Субҳаана Роббиял азийм» дейилади. 

5. Тикланиб «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», «Роббанаа, лакал ҳамд» дейилади. 

6. Такбирлар билан икки марта сажда қилиб, ҳар бирида «Субҳаана Роббиял аъла» дейилади. 

7. Яна такбир билан тикланиб, юқоридаги тартибда иккинчи ракат ҳам адо этилади. 

8. Иккинчи ракат саждасидан сўнг фақат ташаҳҳуд («Ат-таҳият») ўқиб, такбир билан учинчи ракатга турилади. 

9. Учинчи ракатда ҳам Фотиҳа сураси (зам сурасиз) қироат қилинади. 

10. Такбир билан рукуъга борилади, икки марта сажда қилинади. 

11. Такбир билан тўртинчи ракатга турилади, Фотиҳа сурасининг ўзи қироат қилинади. 

12. Такбир билан рукуъ ва икки марта сажда қилинади. 

13. Кейин чап оёқ устига ўтириб, ўнг оёқни бош бармоғига тиклаган ҳолда «қаъдаи охир»да ташаҳҳуд, салавотлар, дуолар ўқиб, икки томонга салом берилади. 

УЧ РАКАТЛИ ФАРЗ НАМОЗНИ ЎҚИШ ТАРТИБИ

1. Аввалги икки ракат юқорида баён этилган икки ракатли намоз ўқиш тартибига кўра адо этилади. 

2. Иккинчи ракатдан сўнг «аввалги қаъда»да фақат ташаҳҳуд ўқилади ва учинчи ракатга «Аллоҳу акбар» деб турилади. 

3. Учинчи ракатда «Бисмиллаҳ...» билан Фотиҳа сурасининг ўзи ўқилади, сўнгра юқоридагидек рукуъ ва сажда қилинади. 

4. «Охирги қаъда»да ўтириб, ташаҳҳуд, салавотлар ва дуоларни ўқигач, салом бериб намоз якунланади. 

ТЎРТ РАКАТЛИ СУННАТ НАМОЗНИ ЎҚИШ ТАРТИБИ

1. «Тўрт ракатли пешин намозининг суннатини холис Аллоҳ учун ўқишга ният қилдим» мазмунида ният қилинади. 

2. Қўллар кафтини қиблага қаратиб такбир («Аллоҳу акбар») айтилади. 

3. Қўллар боғланиб, Фотиҳа ва ортидан бирор сура қўшиб ўқилади. 

4. Такбир билан рукуъга бориб, энг ками уч марта «Субҳаана Роббиял азийм» дейилади. 

5. Тикланиб «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», «Роббанаа, лакал ҳамд» дейилади. 

6. Такбирлар билан икки марта сажда қилиб, ҳар бирида «Субҳаана Роббиял аъла» дейилади. 

7. Яна такбир билан тикланиб, юқоридаги тартибда иккинчи ракат ҳам адо этилади. 

8. Иккинчи ракат саждасидан сўнг фақат ташаҳҳуд («Ат-таҳият») ўқиб, такбир билан учинчи ракатга турилади. 

9. Учинчи ракатда ҳам Фотиҳа сураси ва зам сура қироат қилинади. 

10. Такбир билан рукуъга борилади, икки марта сажда қилинади. 

11. Такбир билан тўртинчи ракатга турилади, Фотиҳа сураси ва зам сура қироат қилинади. 

12. Такбир билан рукуъ ва икки марта сажда қилинади. 

13. Кейин чап оёқ устига ўтириб, ўнг оёқни бош бармоғига тиклаган ҳолда «қаъдаи охир»да ташаҳҳуд, салавотлар, дуолар ўқиб, икки томонга салом берилади. 

НАМОЗДАГИ ФАРЗ АМАЛЛАР

Намоздаги фарз амаллар ўн иккитадир: буларнинг олтитаси намоз ташқарисида бўлиб, улар «намознинг шартлари» дейилади. Қолган олтитаси намоз ичида бўлиб, улар «намознинг рукнлари» дейилади. 

Намознинг шартлари қуйидагилар: 

1. Баданнинг пок бўлиши (ғусл ёки таҳорат қилинган бўлиши);

2. Кийимнинг пок бўлиши ва авратни беркитиши;

3. Намоз ўқиладиган жойнинг пок бўлиши;

4. Намоз вақтининг кириши;

5. Намозни қиблага юзланиб ўқиш;

6. Ният қилиш;

Изоҳ: айрим уламолар «сатри аврат»ни (аврат жойларни яширишни) алоҳида шарт деб ҳисоблашади. 

Намознинг рукнлари қуйидагилар:

1. Такбир таҳрима («Аллоҳу акбар» деб намозга кириш). 

2. Қиём (туриш). 

3. Қироат (намозда Қуръон суралари ё оятларини ўқиш). 

4. Рукуъ (тиззаларни ушлаб энгашиш). 

5. Сажда (икки бор пешонани ерга қўйиш). 

  6. Қаъдаи охир (охирги ўтириш). 

НАМОЗНИНГ ВОЖИБЛАРИ

Қуйидагилар намоздаги вожиб амаллар ҳисобланади: 

– фарз намозларининг икки ракатида, витр, суннат ва нафл намозларининг ҳамма ракатларида Фотиҳа сурасини ўқиш;

– фарз намозларининг аввалги икки ракатида, вожиб, суннат, нафл намозларининг ҳар бир ракатида Фотиҳа сурасидан сўнг Қуръон сураларидан бирини ёки учта оятни зам қилиш, яъни қўшиб ўқиш;

– бир намозда такрорланадиган сажда ва рукуъ каби намоз рукнларини ўз ўрнида тартиб билан бажариш;

– уч, тўрт ракатли намозларнинг иккинчи ракатидаги ўтиришда ва намоз охиридаги ўтиришда ташаҳҳуд, яъни «Аттаҳиййат»ни ўқиш;

– намоз охирида «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ», дея салом лафзи билан чиқиш;

– саждада бурун ва пешонанинг баравар ерга тегиб туриши;

– витр намозининг охирги ракатида «Қунут дуоси»ни ўқиш;

– Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларининг ҳар ракатида учтадан қўшимча такбир айтиш;

– уч ва тўрт ракатли фарз намозларининг аввалги икки ракатида зам сура қироат қилиш;

– рукуъда, саждада, қовмада ва жалсада аъзоларнинг таскин топиши;

– намоздаги вожиб амаллардан бирортаси эсдан чиқиб тарк қилинса, саждаи саҳв қилиш;

– имом намозга ўтганда овоз чиқариб ўқиладиган намозларни жаҳрий, овоз чиқармай ўқиладиган намозларни эса махфий ўқиши;

Изоҳ: имом жума, икки ҳайит, бомдоднинг фарзида, шом ва хуфтон намозларининг аввалги икки ракатида, таровеҳ намозида овоз чиқариб қироат қилади. Намозни ёлғиз ўқийдиганлар учун жаҳрий ёки махфий ўқиш ихтиёрий, яъни бомдод, шом, хуфтоннинг фарзларида жаҳрий қироат қилиши мумкин. Қазо намозини ёлғиз ўқиганда махфий ўқиш вожиб. (Намозда жаҳрий қироатнинг энг паст даражаси ёнидаги киши эшитадиган қилиб ўқишдир. Махфий намозда намозхон ўз қироатини ўзи эшитмаса қироат ҳисоб бўлмайди. Тилини қимирлатиши ёки дилидан ўтказиши қироат ҳисобланмайди. ).

НАМОЗНИНГ СУННАТЛАРИ

1. «Такбири таҳрима» («Аллоҳу акбар»)да қўлнинг бармоқларини ўз ҳолида очиқ тутиб қулоққа теккизиш, сўнг қўлларни киндик остида боғлаш;

2. Такбирдан сўнг «Сано» ўқиш;

3. «Сано»дан сўнг «Аъуузу биллаҳ» ва ҳар ракатда Фотиҳадан олдин «Бисмиллаҳ...» айтиш;

4. Фотиҳа сураси тугагач, махфий тарзда «Омин» дейиш;

5. Имомнинг рукуъдан кейин «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», иқтидо қилганларнинг эса «Роббана лакал-ҳамд» дейишлари (намозни ёлғиз ўқиганлар иккаласини ҳам айтади);

6. Намозда рукнларнинг биридан иккинчисига ўтаётганда «Аллоҳу акбар», дейиш;

7. Рукуъда қўл бармоқларини ёйиб, икки тиззани маҳкам чангаллаш ва камида уч марта «Субҳана роббиййал ъазийм» дейиш (бунда аёллар бармоқларини тизза устида жипс тутишади, тиззаларини бироз букишади);

8. Саждада пешонани қўллар орасига олиш, бармоқларни жипслаб,  бош бармоқни қулоқ тўғрисида ушлаш;

9. Саждада эркакларнинг оёқлари, тиззалари, қўллари, пешонаси, бурни ерга тегиб туриши, билакларини ерга ҳам, қовурғасига ҳам теккизмай тутиши (аммо аёллар бу айтилганларга қўлларини теккизиб, йиғилиброқ сажда қилишади);

10. Эркакларнинг чап оёқ устига ўтириши, ўнг оёғини тиклаб, бармоқларини қиблага қаратиши (аёллар эса икки оёғини ўнг томонга чиқариб, чап думбасига ўтиради);

11. Қаъдада салавот, «Роббана аатинаа...» каби дуоларни ўқиш;

12. Аввал ўнг, сўнгра чап томонга салом бериш;

13. Фарз намозларини жамоат бўлиб ўқиш. 

НАМОЗНИНГ МУСТАҲАБЛАРИ

1. Намозда эсноқ ва йўтал келса, кучи етганича қайтариш. 

2. Ихтиёрсиз эсноқ келганида ўнг қўл орқаси билан оғизни бекитиш ва пайғамбарларнинг ҳеч бири эснамаганларини ўйлаш. 

3. Муқим (сафарда бўлмаган) кишининг Фотиҳа сурасидан сўнг бомдод намозида узунроқ, шом намозида қисқароқ, бошқа намозларда эса ўртачароқ сураларни ўқиши.

4. Намоздаги зикрларни тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш.

5. Саждага борганда аввал тиззани, қўлни, кейин пешонани, сўнг бурунни ерга қўйиш (саждадан бош кўтарганда аксинча бўлади).

6. Саждада бармоқ ораларини зичлаш, бошни икки қўл орасига, бош бармоқни қулоқ тўғрисига қўйиш, қўл бармоқларининг учини ва оёқ панжаларини қиблага қаратиш. 

7. Саломдан сўнг юзнинг тер ва чангини артмаслик. 

8. Такбир учун қўл кўтарганда қўлни енгдан чиқариб, бош бармоқнинг юзини қулоқ баробарига кўтариш (аёллар қўлни енгдан чиқармай, елка тўғрисигача).

9. Қиёмда қўл боғлаганда ўнг қўлнинг бош ва чинчалоқ бармоқлари билан чап қўлнинг бўғимидан ушлаб, уч ўрта бармоқни чап қўл билаги устига ётқизиб туриш. 

10. Намозни ёлғиз ўқиганда рукуъ ва саждаларда тасбеҳ миқдорини ошириб 5, 7, 9 мартадан айтиш. 

11. Уч ва тўрт ракатли фарз намозларининг сўнгги икки ракатида Фотиҳа сурасини ўқиш. 

12. Қиёмда сажда ўрнига, рукуъда оёқ бармоқларига, саждада бурунга, қаъдада (ўтиришда) бағрга қараб ўтириш. 

13. Намозда тавозеъ ва шикасталик билан туриш. 

14. Намозга кечикиб қўшилган кишининг қолган ракатларга туриш учун имомнинг икки тарафга салом беришини кутиши. 

НАМОЗДАГИ ҲАРОМ АМАЛЛАР

Намоз ичида ҳаром бўлган амаллар қуйидагилар: 

1. Юзни ўнг ва чап тарафга қаратиш. 

2. Осмонга қараш. 

3. Фарз намозларида узрсиз бирор нарсага суяниш. 

4. Рукуъ ва саждада қўл ва оёқ бармоқларини ердан кўтариш. 

5. Қаъдада икки оёқни тик қилиб, товон устида ўтириш. 

6. Бадани ёки кийимини кўп ўйнаш. 

7. Саломни бир тарафга бериш. 

8. Витрдан бошқа намозда «Қунут» дуосини ўқиш. 

9. Такбир, «Сано», тасбеҳ ва ташаҳҳудларни суннат бўлган миқдордан ошириб ўқиш. 

10. Вожиблардан бирини қасддан тарк этиш. 

НАМОЗНИНГ МУБОҲЛАРИ (РУХСАТ ЭТИЛГАН АМАЛЛАРИ)

1. Юзни бурмай, нигоҳ билан қараш. 

2. Сажда ўрнини бир марта супуриб ташлаш. 

3. Илон, чаён каби зараркунандаларни ўлдириш. 

4. Қироатга моне бўлмайдиган бирор нарсани оғизга солиб туриш. 

5. Нафл намозларида ҳар ракатда бир сурани такрор қилиш. 

6. Нафл намозларида узрсиз бирор нарсага суяниб туриш. 

7. Имом янглишганда ортида турганлар такбир ёки тасбеҳ айтиб янглишганини унга билдиришлари. 

8. Намоз ўқиётганнинг олдидан одам ўтса, тасбеҳ айтиб намозда эканини билдириши. 

НАМОЗНИ БУЗУВЧИ АМАЛЛАР

1. Намозда гапириш (қасддан ёки адашиб бўлса ҳам). 

2. Кишига салом бериш. 

3. Саломга алик олиш. 

4. Узрсиз томоқ қириш, йўталиш. 

5. «Уҳ, уф, оҳ» каби товушлар чиқариш. 

6. Оғриқ ёки мусибатга овоз чиқариб йиғлаш (аммо охиратни ўйлаб йиғласа жоиз). 

7. Ўзи эшитадиган даражада кулиш (қаҳқаҳа билан қаттиқ кулса, таҳорати ҳам кетади). 

8. Акса урганида жавоб қайтариш (яъни «Ярҳамукаллоҳ» дейиш). 

9. Саволга ёки хабарга оятлар билан бўлса-да, жавоб бериш. 

10. Бирор нарсани еб-ичиш (лабидаги, тишидаги овқатни ҳам). 

11. Намозни жамоат билан ўқиётганида ёнидаги одамга жой бериш учун сурилиш. 

12. Қироатни Қуръони Каримга қараб қилиш. 

13. «Амали касир» қилиш (яъни кўрган одам «Намоз ўқимаяти» деб ўйлайдиган даражадаги амалларни қилиш). 

14. Нажосат устига сажда қилиш. 

15. Кўкракни қибладан бошқа тарафга буриш. 

16. Сажда ҳолида икки оёқ панжаларини ердан кўтариш. 

17. Қироатни маъно ўзгарадиган даражада бузиш. 

18. Намоз фарзларидан бирортасини узрсиз қолдириш. 

20. Намознинг тўла бир рукнида авратнинг очиқ бўлиши. 

21. Таҳоратнинг (таяммум, масҳнинг ҳам) кетиши. 

22. Бомдод намозида қуёш чиқиб қолиши. 

23. Намоз асносида ҳушидан кетиши. 

НАМОЗДАГИ МАКРУҲ АМАЛЛАР

Қуйидагилар намоздаги макруҳ амаллар ҳисобланади: 

– намозда хушуъсиз, бепарво қилинган ҳар бир амал;

– намоз ўқувчи кишининг ибодат пайтида саждаси учун халақит берадиган майда тошларни суриб ташлаши (аммо бир марта суриш мумкин);

– агар намозхон тупроққа сажда қилган бўлса, намоздан турганда пешонасини тозалаб артиши;

– бош кийими пешонасига тушиб сажда қилиши;

– эркакларнинг саждада икки қўли билагини ерга теккизиши;

– намоз пайтида эркакларнинг сочни турмак қилиб олиши;

– намоз ўқувчи кийимини осилтириб ёки елкасига ташлаб ёхуд йиғиштириб, енгни шимариб олиши;

– қавмга имом бўлувчи кишининг қавмдан фарқли даражада баландда туриши;

– намоз ўқувчининг сафда бўш жой бўлатуриб, кейинги сафда туриши;

– намозхоннинг орқа тарафидан бошқа жойларда, кийимида, саждагоҳида ҳайвонот сурати бўлиши (сурат жуда кичик ёки боши ўчирилган бўлса, зарари йўқ);

– эски иш кийими билан намоз ўқиш;

– намоз ўқиётган пайтда қироатини ва тасбеҳларини қўл билан санаб туриши.

МАКРУҲ БЎЛМАГАН АМАЛЛАР

1. Намоз ўқимаётган кишининг орқасида намоз ўқиш. 

  2. Намоз ўқувчининг намозда турган ҳолида илон, чаён каби газандаларни ўлдириши. 

НАМОЗНИНГ ОДОБЛАРИ

Намознинг қуйидаги одобларига риоя қилиш билан намоз мукаммал бўлади:

1. Қиёмда сажда ўрнига қараб туриш. 

2. Рукуъда икки қадам (оёқ) устига қараш. 

3. Қаъдада бағрга тикилиб туриш. 

4. Салом бераётганда елкага қараш. 

5. Саждада буруннинг икки ёнига қараб туриш. 

6. Эсноқни имкон қадар қайтариш. Агар эснаш устун келса, ўнг кафт орқаси билан оғизни бекитиш лозим. 

7. Намозда қалбнинг ҳузур-ҳаловати ва аъзоларнинг таскин топиши билан имкон қадар хушуъни асраш. Бунинг учун на динга ва на охиратга фойдаси бўлмаган, беҳуда нарсалардан узоқ бўлиш лозим.

  8. Ибодатда энг гўзал кийимларни кийиб туриш. 

ҚИБЛА

Мусулмонлар намоз ўқишда юзланиб турадиган томон «қибла» дейилади. Қибла Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаромдаги Каъба ўрнашган жойдир. Каъба ва у жойлашган масжид Масжидул-Ҳаром, яъни уруш жанжал, фисқ ишлар ҳаром қилинган макон, дейилади. Уни «Байтуллоҳ» ва «Байтул-атиқ» ҳам деб аташади. 

Исломнинг илк даврида мусулмонлар Қуддуси шарифдаги Масжидул Ақсо тарафга қараб намоз ўқишарди. Кейинчалик Қуръони Карим ҳукми билан Каъба тарафга юзланиб ўқишга амр бўлди. Масжидул Ҳаромдаги кишилар Каъбанинг ўзига, бошқа жойдагилар эса Каъба бор тарафга юзланиб намоз ўқийдилар. Шунинг учун тўрт томондан Каъба жойлашган томонга қараб ўқилса, намоз адо бўлади. Агар меҳроб Каъба томондан 45 градусгача ўнг ё чап томонга бурилган бўлса, билатуриб ўша томонга қараб намоз ўқиш жоиз. Агар 45 градус ёки ундан ошиб кетса, Каъба томонига юзланмагани учун намоз жоиз бўлмайди. 

Намозхон юзини қиблага қаратиб туради. Касаллиги ёки бирор хавф‑хатар сабабли қиблага юзлана олмаган киши имкони бор томонга қараб намозини ўқийди. Аввало қибла қайси томонда эканлиги билишга ҳаракат қилиш, ўзи билмаса албатта биладиган кишидан сўраши лозим. Биладиган киши бўла туриб сўрамаса, ўқиган намози дуруст бўлмайди. 

Қибла қайси томон экани билинмаса ёки сўраш имкони бўлмаса, атроф муҳитга қараб қиблани аниқлашга ҳаракат қилинади ва дили тортган томон қибла, деб жазм қилиб ўқилади. Кейин қибла томоннинг нотўғрилиги билинса ҳам, намозини қайта ўқимайди. Бизнинг диёр Ўзбекистонга нисбатан қибла жануби-ғарб томонда бўлиб, компас мили ғарб нуқтасидан 14 градус чап томонга қайтиши керак. 

Намоз ўқувчи қибла қайси томон эканини билмаганида уни аниқлашга ҳаракат қилмай бирор тарафга қараб намоз ўқиса ва у томон қибла бўлса ҳам қиблани аниқлашга ҳаракат қилмагани учун намозини қайта ўқийди. 

Қибла қайси томон эканини аниқлашга ҳаракат қилиб бир тўхтамга келгач, намозни бошлаган киши намоз пайтида қибла тўғрисидаги аҳди ўзгариб қолса, қибла деб ўйлаган томонига бурилиб намозини давом эттираверади. 

Намоз ўқувчи имомга иқтидо қилган пайтда ундан олдинга ўтиб кетса ёки қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқиса, намози фосид (яроқсиз) бўлади. 

  Қиблага қараб оёқ узатиб ўтириш ва ётиш, ҳожат ушатиш, тупуриш қаттиқ одобсизлик саналади.

САЖДАИ САҲВ

Намозда адашиб ёки эсдан чиқиб бирор рукнни бошқасидан олдин қилса ёки вожиб амални тарк қилса ёхуд ўрни алмаштириб қўйилса, «саждаи саҳв» (хатони ислоҳ қилиш саждаси) вожиб бўлади. Билган ҳолда фарз ва вожибни тарк қилган киши гуноҳкор бўлади ва бу нуқсонни тузатиш учун саждаи саҳв кифоя қилмаганидан намозини қайта ўқийди. Саждаи саҳв қилмоқчи бўлган киши ташаҳҳуддан кейин икки томонга (жамоат намозида ўнг томонига) салом берганидан сўнг «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиб яна икки марта сажда қилади, сўнг ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқийди ҳамда яна икки томонга салом беради. 

«Саждаи саҳв»ни бажаришнинг ўзига хос сабаблари бор: 

1. Агар намоз рукнларидан бирортасини эсдан чиқариб кечиктирса, саждаи саҳв қилади. Мисол учун, намозни бошлаб сано дуосини ўқигандан сўнг қироатни бир рукнни адо қилиш миқдорича ўқимай кечиктирса ёки қироатни қилиб бўлиб, рукуъ қилишни кечиктирса, ёки биринчи ракатни ўқиб бўлиб, сажда қилгандан сўнг иккинчи ракатга туришни бир рукн адо қилиш миқдорича кечиктирса ва шу каби рукн (фарз)ларни кечиктириш сабаби билан саждаи саҳв қилинади. Бир рукн (фарз) бир тасбеҳ билан белгиланади. 

2. Намоздаги вожиблардан бирини эсдан чиқариб тарк қилса ҳам, саждаи саҳв қилади. Мисол учун, сураи Фотиҳани ёки ундан кейинги сурани, тўрт ракатли ёки уч ракатли намозлардаги аввалги қаъдани тарк қилса, саждаи саҳв қилади. Аввалги қаъдада ўтириш фарзда ҳам, нафл намозларида ҳам вожибдир. Ким аввалги қаъдада ўтирмай, қиёмга туриб кетса, намозини давом эттиради ва намоз охирида саждаи саҳв қилади. Чунки у вожибни тарк қилди. Вожиб тарк бўлса, унинг ўрни саждаи саҳв билан тўлдирилади. Агар қиёмга тургандан сўнг ўртадаги қаъдада ўтирмагани эсига тушиб қолса-ю, кейин намозини давом эттирмай ўтирса, гуноҳкор бўлади. Чунки у фарздан вожибга қайтган ҳисобланади. Баъзи уламолар «намоз бузилади ҳам», дейишади, лекин намози бузилмаса-да, саждаи саҳв қилади. Аммо аввалги қаъдани ўтирмай қиёмга туриб кетмоқчи бўлса-ю, қаъда ўтириш кераклиги эсига тушиб қолса, ўша ҳолатига қарайди, агар қаъдага яқин бўлса ўтиради, ташаҳҳудни ўқиб, кейин учинчи ракатга туради. Саждаи саҳв қилмайди. Лекин қиёмга яқин бўлса, қаъдани тарк қилади-да, қиёмга туради ва намозининг охирида саждаи саҳв қилади. 

Намоздаги вожибларни тарк қилиш жумласига витр намозидаги қунут дуосини ўқимай рукуъга бориб қолиш ҳам киради. Имомнинг жаҳрий намозлардаги қироатни намоз жоиз бўладиган миқдорда, яъни узун бир оят ва қисқа уч оятни махфий қилиб қўйиши, махфий намозларда эса узун бир оят ва қисқа уч оятни жаҳрий қилиб қўйиши ҳам вожибни тарк қилиш жумласидандир. Ушбу ҳолларда ҳам намоз охирида саждаи саҳв қилинади. 

3. Намоздаги вожиблардан бирини ўз ўрнидан кечиктирса ҳам, саждаи саҳв вожиб бўлади. Мисол учун, Фотиҳа сурасини зам сурадан кейинга кечиктириб ўқиса ва ҳоказо. 

4. Намоз амалларидан бирортасини зиёда қилиб қўйса ҳам, саждаи саҳв вожиб бўлади. Мисол учун, бир ракатда икки бор рукуъ қилиб қўйса ёки уч марта сажда қилса ва ё ортиқча ракатнинг қиёмига туриб кетса ва ҳоказо. Агар намозхон охирги қаъдага ўтирмай, эсидан чиқиб ортиқча ракатга туриб кетса, то ўша ракатнинг саждасигача эсига тушиб қолса, қаъдаи охирга ўтиради ва сўнггида саждаи саҳв қилади. Чунки у охирги қаъданинг фарзини кечиктирди. Аммо ортиқча ракатнинг саждасини қилиб қўйса, ушбу фарз намози нафлга айланади ва олтинчи ракатни ҳам тўлдириб қўйиш маъқулдир. Чунки нафллар ракати тоқ бўлмайди. Намозни адо қилгач, фарзни қайтариб ўқийди. Чунки у намознинг рукнларидан бўлган қаъдаи охирни йўқотди. Рукн адо қилинмаса, намоз қайтариб ўқилади. Аммо вожиб тарк қилинса, саждаи саҳв билан намоз ўрнига келади. Агар қаъдаи охирда ўтириб ташаҳҳудни ўқиган бўлса-ю, кейин ортиқча ракатга билмай туриб кетса, эсига тушган заҳоти ўтиради ва ташаҳҳудни қайтариб ўқимай, салом беради. Аммо зиёда ракатнинг саждасини қилиб қўйган бўлса ҳам, фарз намози бузилиб, нафлга айланмайди. Чунки у охирги қаъдани ўтирган. Фақат яна олтинчи ракатни ҳам ўқиб, салом беришни кечиктиргани сабабли намоз охирида саждаи саҳв қилади. Кейинги икки ракати нафлга ўтади. Саждаи саҳвнинг кўриниши фарз ва нафлларда ҳам бир хилдир. 

Агар намозхон намозининг ракатларида шакка тушиб қолса ва ушбу шакланиши биринчи бор бўлаётган бўлса, намозини бузиб янгидан ўқийди. 

Албатта, намоз ўқувчи имкон қадар хушуъни ҳосил қилишга интилиши керак бўлади. Лекин шакланиш унда доим бўлса, энди намозини бузмайди, балки гумони ғолиб бўлган томонини ҳисобга олиб, намозини давом эттиради. Аммо гумони бир томонга ғолиб бўлмаса, унда шакланган ракатининг озини эътиборга олади. Мисол учун, «Учинчи ракатми ёки тўртинчи ракатми?» деб шакланган бўлса, учинчи ракат эди, деб ҳисоблайди ва ўша ракатда ўтириб, ташаҳҳуд ўқиши вожиб бўлади. Чунки у тўртинчи ракат ҳам бўлиши мумкин-да. Кейин яна ўрнидан туриб тўртинчи ракатни ўқийди ва охирида саждаи саҳв қилади. Биринчи ва иккинчи ракатда ёки иккинчи ва учинчи ракатлар орасида шакка тушиб қолса ҳам худди шу кўринишга амал қилинади. Мисол учун, тўрт ракатли пешин намозини ўқиётган киши биринчи ва иккинчи ракатда иккиланиб қолди. У нима қилади? Бунда у биринчи ракат деб озини ҳисобга олади. Иккинчи ракатни ҳам ўқиб, ўртадаги аввалги вожиб қаъдани ўтиради. Сўнг учинчи ракатга туриб, уни адо қилади-да, яна қаъда ўтиради. Чунки бу тўртинчи ракат бўлиши ҳам мумкин. Кейин яна туриб, биз тўртинчи ракат, деб эътиборга олган ракатни ўқийди ва намоз охирида саждаи саҳв қилади. 

Демак, гумони ғолиб томонига амал қилиб кетса, саждаи саҳв қилмас экан. Лекин гумони ғолиб бўлмаса, шакланган ракатларининг озини эътиборга олиб, учинчи ракатдан сўнг албатта қаъдаи охирни ўтирар экан. Чунки у тўртинчи ракатни ўқиётган бўлиши ҳам мумкин. Тўртинчи ракатдан сўнг қаъдаи охирни ўтирмаса, маълумки, фарз намоз нафлга айланиб кетади. Шунинг олдини олиш учун шакланган киши албатта учинчи ракатдан сўнг ўтириб, ташаҳҳудни ўқийди ва кейин кам томонини ҳисобга олгани сабабли тўртинчи ракатга ҳам туриб, уни адо қилади. Бу янглишмовчиликнинг барини саждаи саҳв билан тўлдириб қўяди. 

Ким ракатнинг ададида иккиланиб, уни топиш учун бир тасбеҳ миқдорича ўйланиб туриб қолса ҳам, намоз охирида рукнни кечиктиргани учун саждаи саҳв қилади. 

Агар намозхон намоз асносида саҳв саждаси вожиб қиладиган бирор амални содир этиб қўйса, у намозини юқорида баён қилинганидек охирига етказади-да, саломни фақат ўнг томонига беради, сўнгра худди намоздаги каби икки марта сажда қилади. Кейин яна ташаҳҳудни қайтариб ўқийди. Бу амал вожибдир. Салавоту Иброҳимийяни ўқишлик эса мустаҳабдир. Кейин намоздан чиқиш учун ўнг ва чап елкасига қараб салом беради. Шу билан нуқсон етган намози ўрнига келиб, комил бўлади. 

Саждаи саҳвни қилиш ушбу ҳолатларда соқит бўлади: 

1. Агар бомдод намозини ўқиётганда вақт зиқ бўлиб, қуёш чиқиб кетиш эҳтимоли бўлса ёки аср намозида ҳам вақт кам қолиб, қуёш ботиб қолиши мумкин бўлса, саждаи саҳв тарк қилинади;

2. Агар имом жума ёки ҳайит намозларида саждаи саҳвни вожиб қиладиган хатога йўл қўйса, жамоатга ташвиш туғдирмаслик учун уни тарк этади. 

3. Имомга иқтидо қилган киши ҳам ўз хатоси сабабли саждаи саҳв қилмайди, балки агар имом саждаи саҳв қилса, шунда у ҳам имомга эргашгани учун уни қилади. Буни ўзининг адашгани учун эмас, балки имомга эргашиш вожиб бўлгани учун қилган ҳисобланади. Масбуқ, яъни имомга кечикиб иқтидо қилган киши агар имом саждаи саҳв қилса, унга тобе бўлган ҳолда сажда қилади. Кейин туриб етолмай қолган ракатларини ўқиб олади. Имом бир томонга салом берса, иккинчи томонга салом беришини масбуқ бир оз кутиши лозим. Чунки шунда имомнинг хато қилган-қилмагани маълум бўлади. 

4. Агар намозхон саҳв саждасини қилаётиб адашса, бунинг учун саждаи саҳв қилмайди. Киши саждаи саҳв қилишини эсидан чиқариб, салом бериб қўйса, модомики, намоздан ташқаридаги амаллардан бирини қилмаган бўлса, яъни қибладан бурилиб кетмаган ёки бирор сўз айтмаган ва шу каби амалларни бажармаган бўлса, у саҳв саждасини қайтариб қилади. Саҳв саждасини вожиб қиладиган амаллардан бир нечаси содир бўлса-да, уни бир марта қилиш кифоя. 

Саҳв саждасини лозим қилган бир неча сабабга фақат бир саждаи саҳв қилинади. 

Саждаи саҳв қилишга сабаб бўлувчи омиллар рукн такрорлаб қўйиш, рукнни илгари бажариб қўйиш, рукнни кечиктириб юбориш, вожибни ўзгартириш, вожибни тарк қилиш, вожибни кечиктириш, жаҳрийни махфий ва махфийни жаҳрий қилиш кабилардир. 

Саждаи саҳв қилиш вожиб бўлган ўринлар: 

Намозни адо этиш чоғида саждаи саҳв қилишга сабаб бўладиган янглишишлар ва хатога йўл қўйишлар бир неча хил бўлади: 

– намоз ичидаги рукн (фарз)ларни ўз вақтида адо этмаслик ёки ўрнини ўзгартириш;

– намоз ичидаги вожиблардан бирини ўз вақтида адо этмаслик ёки ўрнини ўзгартириш;

– вожиб амаллардан бирини тарк этиш. 

 

Қуйидаги ҳолларда саждаи саҳв қилинади: 

– аввалги қаъдада ташаҳҳудга қўшиб салавот («Аллоҳумма, солли ало Муҳаммадин») гача ўқиб қўйса;

– аввалги икки ракатда Фотиҳа сурасини тарк қилса;

– аввалги икки ракатдан бирида зам сура ўқишдан олдин ташаҳҳуд ўқиб қўйса;

– намознинг уч ёки тўрт ракатини ўқиганига шубҳа қилсаю, у билан машғул бўлиб, салом беришни кечиктириб қўйса;

– аввалги қаъдада ташаҳҳудни такроран ўқиб қўйса;

– рукуъ қила туриб шубҳа билан ўйланиб туриб қолса;

– сажда қила туриб шубҳа билан ўйланиб туриб қолса;

– намозда туриладиган ўринда ўтирса;

– ўтирадиган ўринда туриб кетса;

– аввалги икки ракатда Фотиҳа сурасидан олдин бирор сурани ўқиб қўйса;

– зам сурадан бир-икки калима ўқиганидан кейин Фотиҳа сурасини ўқимаганини эслаб қолиб, Фотиҳани ўқиса;

– аввалги икки ракатда Фотиҳа сурасидан кейин ташаҳҳудни ўқиб қўйса;

– охирги қаъдани унутиб туриб кетсаю, охирги қаъдалигини эслаб ўтирса;

– рукуъда туриб қироат қилиб қўйса;

– саждада туриб қироат қилиб қўйса, қаъдада ташаҳҳуд ўрнига Фотиҳа сурасини ўқиса;

– Фотиҳа сурасини ўқиганидан кейин қайси сура ўқишни фикр қилиб бир тасбиҳ миқдори туриб қолса;

– охирги қаъдада ўтирганидан кейин адашиб туриб кетса ва сажда қилиб қўйган бўлса, фарзи тамом бўлади ва унга бир ракат қўшиб, кейин саждаи саҳв қилиб қўяди;

– қовмани тарк қилса, яъни рукндан тўлиқ қайтмай туриб саждага кетиб қолса (чунки таъдилул аркон вожибдир);

– фарз намозининг аввалги икки ракатида зам сура қилмаган бўлсаю, учинчи ракатга зам сура қилса;

– жаҳрий (овоз чиқариб ўқиладиган) намозларни (яъни шом, хуфтон ва бомдодни) қазо қилиб қўйиб, қазосини ўқишда имом адашиб, намозини махфий ўқиб қўйса, саждаи саҳв қилади;

– масбуқ (кечикиб қўшилган киши) имом билан саждаи саҳв қилиб, қолган намозини ўқиётганида саждаи саҳв лозим бўладиган амални қилиб қўйса, намозининг охирида саждаи саҳв қилади;

– имом саждаи саҳв қилганда масбуқ туриб кетиб, қолган намозини давом эттираётган бўлса ва имом билан саждаи саҳв қилмаса, кейин қолган намозини ўқиётганда хато қилмаса ҳам, саждаи саҳв қилади. 

– намознинг аввалги икки ракатида ёки бирида Фотиҳа сурасини тарк қилиб қўйса (қолдирса);

– қунут дуосини тарк қилса;

– ташаҳҳуднинг баъзи калимасини тарк қилиб қўйса (чунки унинг бир қисмини тарк қилиш ҳаммасини тарк қилиш кабидир);

– Фотиҳа сурасининг озроқ оятини ўқиб, кўпроғини тарк қилиб қўйса (чунки кўпроғини тарк қилиш ҳаммасини тарк қилганга ўхшайди);

– Фотиҳа сурасидан сўнг қисқа оятлардан уч оятга етказмай зам сура қилса;

– аввалги қаъда (ўтириш)ни тарк қилиб қўйса;

Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. 

СУТРА

Кичик масжидларда намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтиш гуноҳдир. Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари ривоят қилинади: 

 «Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтувчи қанчалар гуноҳкор бўлишини билганида эди, унинг олдидан кесиб ўтмай, қирқ йил кутиб турар ва бу унга яхши бўлар эди». Катта масжидда ё очиқ жойда сутра қўймай намоз ўқиётган кишининг олдидан у сажда ўрнига қараб турганида нигоҳи тушадиган жойдан кесиб ўтиш гуноҳ бўлади. 

Намозхон олдидан инсон кесиб ўтиш эҳтимоли бўлганида унинг олдига (икки қошидан бири тўғрисига) тик қилиб қўйиладиган узунлиги камида бир зироъ (46 см), йўғонлиги камида бармоқдай бўлган калтак, темир, ҳасса каби нарсалар «сутра» дейилади. Очиқ жойда намоз ўқилаётганда кесиб ўтувчилар гуноҳкор бўлмаслиги учун икки қошнинг бири қаршисига ерга санчиб қўйилади. Катта масжидларда унинг устуни ёки қиблага қараб ўтирган киши сутра ўрнига ўтади. Жамоат билан ўқилаётган намозда имомнинг сутраси жамоат учун ҳам кифоя қилади. Олдидан одам ўтиш эҳтимоли бор жойда сутра қўймай намоз ўқиш макруҳдир. Сутрага яқин туриш суннатдир. 

Намоз ўқиётган киши ўзи билан сутра оралиғидан кесиб ўтмоқчи бўлганни қўл ёки бош билан ишора қилиб ёхуд тасбеҳ айтиб қайтариши керак. 

НАМОЗДА ЎҚИЛАДИГАН КИЧИК СУРАЛАР ВА ДУОЛАР

أَعُوْذُ بِاللّٰهِ مِنَ الشَّيْطٰانِ الرَّجِيْمِ

Аъуузу биллаҳи минашшайтонир-рожийм.

Маъноси: (Аллоҳ даргоҳидан) қувилган шайтон(нинг ёмонлиги)дан Аллоҳнинг паноҳига қочаман.

Суннат намозларининг барча ракатида ва фарз намозларининг аввалги икки ракатида Фотиҳа сурасидан сўнг бирор сура зам, яъни қўшимча қилинади. 

ФОТИҲА СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ 

‎ الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ‎﴿١﴾‏ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ ‎﴿٢﴾‏ مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ ‎﴿٣﴾‏ إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ ‎﴿٤﴾‏ اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ ‎﴿٥﴾‏ صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ ‎﴿٦﴾‏

 

.Бисмиллаҳир роҳмаанир роҳийм

1. Алҳамдулиллаҳи роббил ъааламийн 2. Ар-роҳмаанир роҳийм 3. Маалики явмиддийн 4. Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн. 5. Иҳдинас-сироотол мустақийм 6-7. Сироотол-лазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағзууби ъалайҳим валаззоллийн.

Маъноси: 1. Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгадир. 2. У Роҳман ва Роҳиймдир.. 3. Жазо-мукофот кунининг эгасидир. 4. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз. 5. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. 6-7. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига: ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас.

 

ФИЙЛ СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

أَلَمْ تَرَ كَيْفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِأَصْحَابِ الْفِيلِ ‎﴿١﴾‏ أَلَمْ يَجْعَلْ كَيْدَهُمْ فِي تَضْلِيلٍ ‎﴿٢﴾‏ وَأَرْسَلَ عَلَيْهِمْ طَيْرًا أَبَابِيلَ ‎﴿٣﴾‏ تَرْمِيهِم بِحِجَارَةٍ مِّن سِجِّيلٍ ‎﴿٤﴾‏ فَجَعَلَهُمْ كَعَصْفٍ مَّأْكُولٍ ‎﴿٥﴾‏

 

1. А лам таро кайфа фаъала Роббука биасҳаабил фийл 2. А лам йажъал кайдаҳум фии тазлийл 3. Ва арсала ъалайҳим тойрон абаабийл 4. Тармийҳим биҳижааротим мин сижжийл 5. Фажаъалаҳум каъасфим маъкул.

Маъноси: 1. Роббинг фил соҳибларини нима қилганини билмадингми? 2. Уларнинг макру ҳийласини зое кетказмадими? 3. Ва уларнинг устига тўп-тўп қушларни юбормадими? 4. Лойдан пиширилган тошларни отадиган. 5. Бас, уларни қурт еб ташлаган ўсимликка ўхшатиб юбормадими?

ҚУРАЙШ СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

لِإِيلَافِ قُرَيْشٍ ‎﴿١﴾‏ إِيلَافِهِمْ رِحْلَةَ الشِّتَاءِ وَالصَّيْفِ ‎﴿٢﴾‏ فَلْيَعْبُدُوا رَبَّ هَٰذَا الْبَيْتِ ‎﴿٣﴾‏ الَّذِي أَطْعَمَهُم مِّن جُوعٍ وَآمَنَهُم مِّنْ خَوْفٍ ‎﴿٤﴾‏

 

1. Ли ийлаафи қуройш 2. Ийлаафиҳим риҳлаташ-шитааи вас-сойф 3. Фалйаъбудуу Робба ҳаазал байт 4. Аллазии атъамаҳум мин жуъив-ва ааманаҳум мин ховф.

Маъноси: 1. Қурайшнинг лозим тутиши учун! 2. Уларнинг қиш ва ёз сафарларини лозим тутиши учун! 3. Бас, улар мана шу Байтнинг Роббига ибодат қилсинлар. 4. У уларни очликдан тўқ қилган, хавфдан омон қилгандир. 

МАЪУН СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

أَرَأَيْتَ الَّذِي يُكَذِّبُ بِالدِّينِ ‎﴿١﴾‏ فَذَٰلِكَ الَّذِي يَدُعُّ الْيَتِيمَ ‎﴿٢﴾‏ وَلَا يَحُضُّ عَلَىٰ طَعَامِ الْمِسْكِينِ ‎﴿٣﴾‏ فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ ‎﴿٤﴾‏ الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ ‎﴿٥﴾‏ الَّذِينَ هُمْ يُرَاءُونَ ‎﴿٦﴾‏ وَيَمْنَعُونَ الْمَاعُونَ ‎﴿٧﴾‏

 

1. А роайталлазии йуказзибу бид-дийн 2. Фазааликаллазии йадуъъул йатийм 3. Ва лаа йахуззу ъалаа тоъаамил мискийн 4. Фавайлул-лил-мусоллийн 5. Аллазийнаҳум ъан солаатиҳим сааҳун 6. Аллазийна ҳум юрооун 7. Ва йамнаъуунал маъуун.

Маъноси: 1. Жазо-мукофотни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми? 2. Етимни қўполлик билан ҳайдайдиган ўшадир. 3. Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмайди. 4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки. 5. Улар намозларини унутувчилардир. 6. Улар риё қиладиганлардир. 7. Ва «мааъуун»ни манъ қиладиганлардир.

КАВСАР СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ ‎﴿١﴾‏ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ ‎﴿٢﴾‏ إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ ‎﴿٣﴾‏

 

1. Иннаа аътойнаакал кавсар 2. Фасолли лироббика ванҳар 3. Инна шаани-ака ҳувал абтар.

Маъноси: 1. Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. 2. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй. 3. Албатта, сени ёмон кўриб айбловчининг ўзининг орқаси кесик. 

КАФИРУН СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

قُلْ يَا أَيُّهَا الْكَافِرُونَ ‎﴿١﴾‏ لَا أَعْبُدُ مَا تَعْبُدُونَ ‎﴿٢﴾‏ وَلَا أَنتُمْ عَابِدُونَ مَا أَعْبُدُ ‎﴿٣﴾‏ وَلَا أَنَا عَابِدٌ مَّا عَبَدتُّمْ ‎﴿٤﴾‏ وَلَا أَنتُمْ عَابِدُونَ مَا أَعْبُدُ ‎﴿٥﴾‏ لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ ‎﴿٦﴾‏

 

1. Қул йаа айюҳал кафирун 2. Лаа ъабуду маа таъбудун 3. Ва лаа антум ъабидуна маа ъабуд 4. Ва лаа ана ъабидум маа ъабаттум 5. Ва лаа антум ъабидуна маа ъабуд 6. Лакум дийнукум ва лийа дийн.

Маъноси: 1. Айт: «Эй, кофирлар... 2. Сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман. 3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз. 4. Ва мен сиз ибодат қилган нарсага ибодат қилувчимасман. 5. Ва сиз ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз. 6. Сизга ўз динингиз, менга ўз диним.

НАСР СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ ‎﴿١﴾‏ وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا ‎﴿٢﴾‏ فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ ۚ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا ‎﴿٣﴾‏

 

1. Изаа жаа‑а‑насруллооҳи вал-фатҳ 2. Ва роайтан-наса йадхулууна фии‑дийниллааҳи афваажа 3. Фасаббиҳ биҳамди Роббика вастағфирҳу, иннаҳу каана таввааба. 

Маъноси: 1. Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса... 2. Ва одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кираётганини кўрсанг... 3. Бас, Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт ва Ундан мағфират сўра. Албатта, У Таввобдир.

МАСАД СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ ‎﴿١﴾‏ مَا أَغْنَىٰ عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ ‎﴿٢﴾‏ سَيَصْلَىٰ نَارًا ذَاتَ لَهَبٍ ‎﴿٣﴾‏ وَامْرَأَتُهُ حَمَّالَةَ الْحَطَبِ ‎﴿٤﴾‏ فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِّن مَّسَدٍ ‎﴿٥﴾‏

 

1. Таббат йадаа абии лаҳабив-ва табб 2. Маа ағнаа ъанҳу маалуҳу ва маа касаб 3. Сайаслаа наарон заата лаҳаб 4. Вамроатуҳу ҳаммаалатал хатоб 5. Фии жийдиҳа ҳаблуммим-масад.

Маъноси: 1. Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок! 2. Унга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермади. 3. У тезда алангали ўтга кириб куяди. 4. Ва унинг ўтин кўтарган хотини ҳам.

ИХЛОС СУРАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ ‎﴿١﴾‏ اللَّهُ الصَّمَدُ ‎﴿٢﴾‏ لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ ‎﴿٣﴾‏ وَلَمْ يَكُن لَّهُ كُفُوًا أَحَدٌ ‎﴿٤﴾‏

 

1. Қул ҳуваллоҳу аҳад 2. Аллоҳус-сомад 3. Лам йалид ва лам йулад 4. Ва лам якуллаҳу куфуван аҳад.

Маъноси: 1. Айт: «У Аллоҳ ягонадир. 2. Аллоҳ – сомаддир. 3. У туғмаган ва туғилмаган. 4. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».

ФАЛАҚ СУРАСИ

سورة الفلق

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ ‎﴿١﴾‏ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ ‎﴿٢﴾‏ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ ‎﴿٣﴾‏ وَمِن شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ ‎﴿٤﴾‏ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ ‎﴿٥﴾‏

 

1. Қул аъуузу бироббил фалақ 2. Мин шарри маа холақ 3. Ва мин шарри ғоосиқин изаа вақоб 4. Ва мин шаррин наффасаати фил ъуқоди 5. Ва мин шарри ҳаасидин изаа ҳасад. 

Маъноси: 1. «Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман. 2. У яратган нарсалар ёмонлигидан. 3. Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан. 4. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан. 5. Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан», деб айт. 

АН-НАС СУРАСИ

سورة الناس

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ ‎﴿١﴾‏ مَلِكِ النَّاسِ ‎﴿٢﴾‏ إِلَٰهِ النَّاسِ ‎﴿٣﴾‏ مِن شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ ‎﴿٤﴾‏ الَّذِي يُوَسْوِسُ فِي صُدُورِ النَّاسِ ‎﴿٥﴾‏ مِنَ الْجِنَّةِ وَالنَّاسِ ‎﴿٦﴾‏

 

1. Қул аъуузу бирробин-наас 2. Маликин-наас 3. Илааҳин-наас 4. Мин шаррил‑васваасил хоннаас 5. Аллазии йувасвису фии судуурин-наас 6. Минал жиннати ван-наас. 

Маъноси: 1. Одамлар Роббисидан... 2. Одамлар подшоҳидан... 3. Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман... 4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг... 5. Одамлар кўксларида васваса соладиганнинг... 6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан», деб айт. 

КУРСИЙ ОЯТИ (ОЯТУЛ-КУРСИЙ)

اللَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ ۚ لَا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلَا نَوْمٌ ۚ لَّهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ ۗ مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِندَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ ۚ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ ۖ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِّنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ ۚ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ ۖ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا ۚ وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ ‎﴿٢٥٥﴾‏

 

«Аллоҳу лаа илааҳа илла ҳувал Ҳаййул Қоййуум. Лаа таъхузуҳу cинатув ва лаа навм. Лаҳуу маа фис-самааваати ва маа фил ард. Ман‑заллазии йашфаъу ъиндаҳу иллаа би‑изниҳ. Йаъламу маа байна айдийҳим ва маа холфаҳум ва лаа йуҳитууна бишайъим‑мин ъилмиҳии иллаа бима шаа-а. Васиъа курсийюуҳус-самааваати вал‑ард. Ва лаа йаудуҳу ҳифзуҳумаа ва ҳувал ъалиййул ъазийм».

Маъноси: Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. Уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан Ўзи хоҳлаганидан бошқа ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар. Унинг Курсиси осмонлару ерни қамраган. Уларни муҳофаза қилиш унга оғир келмас. Ва У Алий ва Азиймдир.

САНО

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، وَتَبَارَكَ اسْمُكَ، وَتَعَالَى جَدُّكَ، وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ.

«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ва табарокасмука, ва тааъла жаддука ва лаа илааҳа ғойрук».

Маъноси: «Аллоҳим! Сени поклаб ҳамдинг билан ёд этаман. Сенинг номинг табаррукдир, кибриёинг улуғдир, Сендан ўзга илоҳ йўқдир».

ТАШАҲҲУД (АТ‑ТАҲИЯТ)

التَّحِيَّاتُ لِلَّهِ وَالصَّلَوَاتُ وَالطَّيِّبَاتُ، السَّلَامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ، السَّلَامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ اللهِ الصَّالِحِينَ، أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ.

«Аттаҳиййату лиллаҳи вассолавату ват­той­йибат. Ассаламу ъалайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи вабарокатуҳ. Ассаламу ъалайна ва аълаа ибаадиллааҳис солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ».

Маъноси: «Барокатли табриклар ва покиза салавотлар Аллоҳ учундир. Эй Набий! Сенга салом, Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин. Бизларга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман ва албатта, Муҳаммад – Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик бераман».

САЛАВОТЛАР

اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ.

 

«Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа али Муҳаммад. Кама соллайта ъалаа Иброҳима ва ъалаа али Иброҳим. Иннака ҳамидум мажид.

Аллоҳумма барик ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа али Муҳаммад. Кама барокта ъалаа Иброҳима ва ъалаа али Иброҳим. Иннака ҳамидум мажид».

Маъноси: Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтларига Ўз раҳматингни нозил қилганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин! Албатта, Сен мақталган, улуғланган Зотсан!

Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтларига Ўз баракангни нозил қилганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўз баракангни нозил қилгин! Албатта, Сен мақталган, улуғланган Зотсан!.

ҚУНУТ ДУОСИ

اللَّهُمَّ إِنَّا نَسْتَعِينُكَ، وَنَسْتَغْفِرُكَ، وَنُؤْمِنُ بِكَ، وَنَتَوَكَّلُ عَلَيْكَ، وَنُثْنِي عَلَيْكَ الْخَيْرَ نَشْكُرُكَ وَلَا نَكْفُرُكَ، وَنَخْلَعُ وَنَتْرُكُ مَنْ يَفْجُرُكَ، اللَّهُمَّ إِيَّاكَ نَعْبُدُ، وَلَكَ نُصَلِّي وَنَسْجُدُ، وَإِلَيْكَ نَسْعَى وَنَحْفِدُ، نَرْجُو رَحْمَتَكَ، وَنَخْشَى عَذَابَكَ، إِنَّ عَذَابَكَ بِالْكُفَّارِ مُلْحِقٌ.

«Аллоҳумма! Иннаа настаъинука ва настағфирук. Ва нуъмину бика ва натаваккалу ъалайка ва нусний ъалайкал хойр. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман йафжурук.

Аллоҳумма! Иййаака наъбуду ва лака нусоллий ва насжуду, ва илайка насъаа ва наҳфиду, наржу роҳматака ва нахша ъазаабака, инна ъазаабака бил куффари мулҳиқ».

Маъноси: Аллоҳим! Албатта, Сендан ёрдам сўраймиз, Сендан ҳидоят сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга тавба қиламиз. Сенга иймон келтирамиз ва Сенга таваккал қиламиз. Сенга шукр қиламиз, куфр келтирмаймиз. Ва ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз.

Аллоҳим! Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Ва Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, азобинг кофирларга етгувчидир».

НАМОЗДАН СЎНГ ЎҚИЛАДИГАН ДУОЛАР

اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ، وَمِنْكَ السَّلَامُ، تَبَارَكْتَ يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ.

«Аллоҳумма, антас-салом ва минкас-салом, табарокта йа залжалоли вал-икром».

Маъноси: Аллоҳим! Сен Саломсан, саломатлик Сендандир. Сен Табарруксан, эй жалол ва икром эгаси! (Ушбу дуо фарз намозларидан сўнг ўқилади).

سُبْحَانَ اللهِ، وَالحْمُدُ لِلَّهِ، وَلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ، وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ الْعَلِيِّ الْعَظِيمِ.

«Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, валаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм».

Маъноси: Аллоҳни поклаб зикр этаман, мақтовлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Куч-қудрат фақат улуғлик ва азамат соҳиби Аллоҳга хосдир.

Намоз тугагач, ушбу дуони, ортидан «оятул курси» ўқилади, 33 мартадан «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ», «Аллоҳу акбар» айтиб, сўнгра «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳул мулку валаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодир» дуосини ўқиб, фотиҳага қўл очилади.

رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً، وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً، وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ.

«Роббана, аатинаа фид-дуня ҳасанатав ва фил ахироти ҳасанатав вақинаа ъазабан-наар».

Маъноси: «Роббимиз! Бизларга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик бер ва дўзах азобидан асра!»

رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إنَّكَ أنْتَ السَّمِيعُ العَلِيمُ، وَتُبْ عَلَيْنَا إِنَّكَ أَنْتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ.

«Роббана, тақоббал миннаа иннака антас-самиъул ъалим, ватуб ъалайна иннака антат-таввабур-роҳийм».

Маъноси: Роббимиз! Биздан қабул эт, албатта Сен эшитувчи ва билувчисан! Ва тавбаларимизни қабул эт, албатта Сен тавбаларни кўплаб қабул этувчи раҳмли Зотсан!

اللَّهُمَّ أَعِنَّا عَلَى ذِكْرِكَ، وَشُكْرِكَ، وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ.

«Аллоҳумма, аъиннаа ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик».

Маъноси: Аллоҳим! Сени зикр этиш, Сенга шукр айтиш ва Сенга гўзал ибодат қилишда менга ёрдам айла!

Намоз ўқиб бўлинганидан сўнг Аллоҳдан ибодатларингизни саҳву-хатоларини кечириб қабул айлашини, гуноҳларингизни мағфират этишини, яна бошқа ухровий-дунёвий ниятларингизни сўраб, дуолар қиласиз.

ЖАМОАТ НАМОЗИ

Аллоҳ таоло фарз намозларини жамоат билан ўқишни буюрган. Масжидларни барпо қилишдан мурод ҳам намозни жамоат билан адо этишга чорлашдир. Масжидга боришдан ҳам жамоат намозидан бошқа нарса кўзланмайди. Жамоат намозларининг фазли ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. 

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, фаришталарнинг олий жамоаси гапларидан маълум бўлганки, қадам босиб жамоат намозига бориш, масжидларда жамоат намозидан сўнг келгуси намозни кутиб ўтириш ва жамоат намози учун таҳоратни комил қилиш гуноҳларни ювувчи нарсалардан экан. 

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандек бўлади. Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, худди кечанинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади», деганлар» 

Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: «Бир кишининг бошқа бир киши билан ўқиган намози ёлғиз ўзи ўқиган намозидан афзалдир. Унинг икки киши билан ўқиган намози бир киши билан ўқиганидан афзалдир. Қанчалик кўпайса, Аллоҳ азза ва жалла учун шунча маҳбубдир». 

Масжидларда уч кишидан ортиқ намозхонларнинг тўпланиб, имом раҳбарлигида адо этиладиган фарз намозлари жамоат намозидир. Соғлом, балоғатга етган, оқил эркакларга беш вақт фарз намозларини жамоат билан ўқиш суннат билан собит бўлган вожибдир. Жамоатга бормай, намозни доимо уйида ёлғиз ўқийдиган одамнинг гувоҳлиги шаръан қабул қилинмайди. Фарз намозлар имомга эргашиб, жамоат бўлиб ўқилади. Икки киши бўлса, иқтидо қилувчилар имомнинг ёнида, агар уч ё ундан кўп киши бўлса, имом олдинда, қолганлар унинг ортида саф тортишади. Иқтидо қилувчилар уч кишидан кўп бўлган ҳолда уларнинг имомнинг ёнида туришлари таҳримий макруҳдир.

Намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзал бўлиб, намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди, куч жамоатда, бирликда эканини англатади, ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради. Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган энг муҳим омил. Намозда бандалар ким бўлишидан қатъи назар, бир жойда, бир сафда туриб, бир хил амални бажарадилар ва Аллоҳ таологагина банда эканларини изҳор этадилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат намози ёлғиз намоздан (яъни ёлғиз ўқувчининг намозидан) йигирма етти даража ортиқдир», деганлар 

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган. 

Шундай бўлгач, Ислом барча мусулмонларни имкони борича намозни жамоат билан ўқишга чақирган, жамоат намозига боришдан эринган, ўзини тортганларга таъна қилган, намозни жамоат билан ўқишга ҳеч нарса моне, сабаб бўлолмаслигини таъкидлаган. Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тўғридаги таълимлари ва кўрсатмаларидан айримларини келтириб ўтамиз. 

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қишлоқдами, саҳродами уч киши бўлсаю улар ичида жамоат намози қоим қилинмаса, албатта шайтон уларга эга чиқар. Жамоатни лозим тут», дедилар». 

Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган.

Имом Муслим келтирган ривоятда машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Ким эртага Аллоҳ таолога мусулмон ҳолида рўпара бўлишдан хурсанд бўлса, намозларни азони айтилган жойда адо қилсин. Аллоҳ Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳидоят суннатларини шариатга киритгандир. Албатта жамоат намози ҳидоят суннатларидандир. Агар сиз манави кейин қолганга ўхшаб уйингизда намоз ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетган бўласиз. Бизнинг ичимизда фақат нифоқи очиқ-ойдин бўлган мунофиққина жамоат намозидан қолишини кўрганман. Баъзи кишиларни икки киши кўтариб келиб, сафга турғазиб қўяр эди». 

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: «Кимнинг ота-онасидан бири унга шафқат қилиб, жамоатдан ман қилса, гапига кирмасин», деганлар,

Ушбу далиллардан келиб, ҳанафий, моликий, шофеъий мазҳаблари жамоат намозлари – суннати муаккада (таъкидланган суннат), дейишган ва мусулмонларни жамоат намозларини тарк этмасликка чақиришган. 

Бандаларнинг намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниши, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади. Ҳатто жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар. Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар. 

Жамоат билан ўқиладиган намозга: «Жамоат намозидаги имомга иқтидо қилдим» мазмунида ният қилиш керак. Имом такбири таҳрима айтгач, жамоат ҳам такбири таҳрима айтиб қўлларини боғлайди ва ичида «Сано»ни ўқиб, жим туради. Жамоат қиёмда турганида ракатларнинг ҳеч қайсисида бундан бошқа ҳеч нарса ўқимайди, фақат намозда имом овоз чиқариб Фотиҳа сурасини ўқиб бўлгач, ичида «омин» дейди. 

Жамоат намозидаги намозхон рукуъда уч карра «Субҳана роббиял ъазийм» дейди. Имом «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дея қоматини тўғрилаганида жамоат қаддини ростлагач ичида «Роббана! Лакал-ҳамд» дейди. Саждаларда эса, одатдагидек, уч карра «Субҳана роббиял‑ъалаа» дейилади. 

Қаъдаи улода аввал ташаҳҳудни, қаъдаи охирда ташаҳҳуд, салавот ва дуолар ўқилади ҳамда имом билан салом берилади. Имом ортида намоз ўқиган намозхон (муқтадий) барча рукнларни адо этишда имомга эргашади, ундан олдин бажармайди. 

Бир ракатнинг рукуъида, яъни имом ҳануз рукуъда турган пайтда ният қилиб, имомга етиб олган намозхон ўша ракатга етишган ҳисобланади. Агар намозхон тўрт ракатли бўлмаган фарз намозларидан бирини ўқишни бошлаб, унинг биринчи ракати саждасига борган ёки ҳали бормаганида жамоат шу намозни адо этиши учун имом такбири таҳрима айтса, намозхон ўқилаётган намозни бузади ва имомга иқтидо қилади (эргашади). Агар тўрт ракатли намоз бўлса, икки ракатини тугатиб, кейин имомга иқтидо қилади. 

Агар тўрт ракатли фарз намознинг уч ракатини адо этган бўлса, тўртинчи ракатни ҳам охирига етказади ва салом бериб, нафл ўқиш жоиз бўлган вақтда бўлса, нафл деб ният қилган ҳолда жамоат намозига қўшилади. 

Бу ҳол аср ва бомдод намозида бўлса, жамоатга қўшилмайди, чунки аср ва бомдод намозидан кейин нафл намоз ўқиш макруҳдир. Шунингдек, шомда ҳам, чунки нафл намоз уч ракатли бўлмайди. 

Бомдод намозининг фарзи бошланганида ёки ўқилаётганида келган намозхон унинг суннатини ўқиса жамоатдан қоладиган бўлса, бомдоднинг суннатини тарк этиб, фарзига иқтидо қилади. Бу тарк қилган суннатининг қазосини ўқимайди. Лекин у бомдоднинг фарзини ҳам, суннатини ҳам қазо қилган бўлса, у ҳолда ҳар икковини ҳам кейин ўқийди. 

Агар мазкур ҳолатда бомдод намозининг суннатини ўқиса-ю, фарзнинг иккинчи ракатини жамоат билан ўқишга улгурадиган бўлса, у ҳолда бомдоднинг суннатини ўқийди.

Пешин намозининг суннатини ўқиётган одам пешиннинг фарзига айтилган такбирни эшитса ҳам суннат намозини тарк этмайди, балки суннатни тугатиб, ундан кейин фарзга иқтидо қилади. Агар ҳали суннатни бошламаган пайтида фарзга такбир айтилса, суннатни тарк қилади. Сўнгра тарк қилинган тўрт ракатли суннатни пешиннинг охирги икки ракатли суннатидан олдин ўқийди. 

Имомга эргашувчилар (иқтидо қилувчилар) қай ҳолатда эргашганларига қараб уч тоифагага – мудрик, лоҳиқ ва масбуққа бўлинишади. 

Намозни бошидан то охиригача имомга тўла эргашиб ўқиганлар «мудрик» дейилади. 

Имомга намоз бошида эргашганидан кейин бир ё ундан кўпроқ ёки бир ракатнинг баъзи қисмида имомдан ортда қолган киши «лоҳиқ» бўлади. Лоҳиқ намозда ухлаб қолиб ёки сафларнинг ўта зичлигидан рукуъ ё сажда қилишда имомдан ортда қолиб кетган кишидир. Масалан, лоҳиқ саждадан сўнг кўзи уйқуга кетиб қолиб бир ракат ортда қолган бўлса, қиёмда қироат қилмай бир лаҳза тургач, рукуъга боради. Сўнг сажда қилади ва имомга етиб олади. Агар имом саждага борганида лоҳиқ рукуъ қилмаган бўлса, олдин рукуъ қилиб, сўнг саждага боради. 

Жамоат намозига бир ёки ундан ортиқ ракат кечикиб қўшилган киши «масбуқ» дейилади. Имом салом бериб намозни тугатгунича масбуқ унга эргашиши мумкин. Имом салом берганидан сўнг намознинг қолдирган ракатларини ўқишга туради. Бунда у олдин «сано» ўқийди, ортидан таъаввуз («Аъузу биллаҳи») ва тасмия («Бисмиллаҳ») айтади. Масалан, уч ёки тўрт ракатли фарз намозларининг охирги бир ракатида имомга иқтидо қилаётган киши қолдирган (ўқишга улгурмаган) ракатларини қуйидагича ўқийди: имом салом берганидан сўнг масбуқ ўрнидан туриб «сано» ўқийди, таъаввуз ва тасмия айтади. Олдин Фотиҳа сурасини, унга зам қилиб яна бир сурани қироат қилади. Сўнг рукуъ ва сажда қилади. Кейин қаъдага ўтиради ва ташаҳҳуд ўқийди. Кейин қиёмга туриб, тасмия айтганидан сўнг сураи Фотиҳани ва яна бир сурани ўқийди, рукуъ ва сажда қилади. Агар намоз уч ракатли бўлса, қаъда қилиб, ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқиб намозни тугатади. Агар намоз тўрт ракатли бўлса, ўтирмай қиёмга туради, фақат тасмия билан Фотиҳа сурасини ўқийди, кейин рукуъ ва сажда қилиб, сўнг ўтиради. Ташаҳҳуд, салавот ва дуо билан намозини тугатади. Имом рукуъда турганида кеч қолиб келган масбуқнинг йўл-йўлакай ният қилганича шошилиб рукуъга кетаётган ҳолида такбирни айтиш билан у имомга эргашган бўлмайди. Балки аввал тик ҳолида такбири увлони айтиб, намозга қўшилади. Сўнг такбир айтиб рукуъга боради. 

Масбуқ уч ҳолатда: намоз вақти чиқиб кетаётган бўлса; маҳсига тортилган масҳ муддати тугаётган бўлса; олдидан кишиларнинг кесиб ўтишлари хавфи бўлса, имомнинг салом беришини кутиб ўтирмай, ташаҳҳуд ўқиш миқдорича ўтириб, сўнг қолдирган ракатларини ўқишга туриб кетиши мумкин. 

Жамоат билан пешин, шом ва хуфтоннинг фарзлари ўқиб бўлингач, суннат намозини ўқишга тезда туриш суннатдир. Имом суннат намозларини фарз намозни адо қилган жойидан ўнгга ёки чапга ё ортга ўтиб ўқийди. Имом бомдод ва аср намозларини ўқиб бўлгач, агар кечикиб келиб намоз ўқиётганлар бўлмаса, қавмга қараб ўтирган ҳолда дуо қилади. Намоз ўқиётганлар орқа сафларда бўлса ҳам имомнинг тўғрисида турган бўлишса, имом уларга юзланиб дуо қилмайди. Кеч қолганлар намозларини қолганини адо қилаётганларида имом баланд овозда тасбеҳ ва такбирларни айтиши жоиз эмас.

НАМОЗДАГИ САФЛАР ТАРТИБИ

Жамоат намозида намозхонлар сафларининг жипс, тўғри ва бир текисда бўлиши динимиз талабларидандир. Шунинг учун имомлик қилувчи жамоат намозида ҳозир бўлганларни намоздаги сафларни тўғри ва жипс тортишга буюриши лозим. 

Агар бир киши имомга иқтидо қилаётган бўлса, у имомнинг ўнг тарафида, оёғининг учини имомнинг товонларига баробар қилиб туради. Борди-ю, иқтидо қилувчилар бир кишидан кўп бўлса, улар имомнинг ортидан сафланишади. 

Имомга иқтидо қилиб намоз ўқувчиларнинг аввалги сафида балоғатга етган эркак кишилар, кейинги сафларда эса балоғатга етмаган ёш болалар ҳамда сўнгги сафларда аёллар туришади. 

Сафнинг тўғрилиги оёқ тўпиқларининг бир чизиқда туриши билан бўлади. Жамоат кўп бўлиб, бир неча саф тортилса, сафлар имом ортидан ўнг ва чап томонга қараб тенг тўлдириб борилади. Келган одам олдинги сафда бўш жой бўлгани ҳолда кейинги сафда турмаслиги керак. Ёш болалар катталардан сўнг саф тортишади. Агар жамоатда биргина ёш бола бўлса, у катталар сафига қўшилади. 

Аёллар имомга иқтидо қилганда имом уларга имом эканини ният қилмаса, аёлларнинг намози дуруст бўлмайди. Имом ўзига иқтидо қилган аёлларга имомликни ният қилганида аёл билан ёнма-ён ва унинг орқасида сафда турган кишиларнинг намози бузилади. Агар имом ўша аёлга имомликни ният қилмаган бўлса, унда аёлнинг намози бузилади. 

ИМОМЛИККА КИМЛАР ЛАЁҚАТЛИ?

Кимлар имомликка лаёқатли экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари бор. 

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг китобига қорироқлари имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари бўлади. Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин. Магар унинг изни ила бўлса, майли», дедилар» 

Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган. 

Қуйидагилар имомликка лаёқатли кишилар ҳисобланади: 

– шариат, намоз ҳукмларини яхши билган, намози бузилмайдиган даражада қироат қиладиган кишилар;

– агар улар икки киши бўлса, қироати яхшироғи;

– агар бу масалада лаёқати тенг чиқиб қолса, парҳезкорроғи, тақводорлари имомликка лойиқроқдир;

– юқоридаги уч ҳолатда ҳам баробар бўлинса, унга ақлига заифлик етмаган ёши улуғроқ намозхон имомликка ўтади. 

Қуйидагиларнинг имом бўлишлари макруҳ саналади: 

– аъробий (саҳрода ёки тоғ тагида яшовчи), илмсиз кишиларнинг;

– фосиқ одамларнинг;

– кўзи ожиз кишиларнинг;

– бидъат ишларни қилувчиларнинг (шиа, мўътазилий, ҳавориж мазҳабларидагилар);

– валади зино, яъни зино орқали туғилган кишиларнинг имом бўлишлари макруҳдир. 

Қуйидаги ҳолларда имомларга иқтидо қилиш мумкин: 

1. Таҳорат олган киши узри бўлгани учун таяммум қилган кишига иқтидо қилиши мумкин. 

2. Таҳоратда оёғини ювган киши маҳсига масҳ тортган кишига иқтидо қилиши мумкин. 

3. Тик туриб намоз ўқишга қодир одамнинг ўтириб намоз ўқишга мажбур бўлган имомга иқтидо қилиши мумкин. 

4. Ишора билан намоз ўқувчига фақат ишора билан намоз ўқийдиган киши иқтидо қилиши мумкин. 

5. Нафл намоз ўқувчи киши фарз намоз ўқиётган кишига иқтидо қилиши мумкин. 

Қуйидаги ҳолларда имомга иқтидо қилиш ножоиз, яъни мумкин эмас: 

– қори кишининг ҳарфларни махражидан (жойидан) чиқара олмайдиган кишига иқтидо қилиши;

– эркак кишининг аёл ва болаларга иқтидо қилиши;

– соғлом кишининг узрли кишига иқтидо қилиши;

– кийимли кишининг яланғоч кишига иқтидо қилиши;

– намозни етук ҳолда адо этувчи (рукуъ, саждаларини том қилувчи) кишининг рукуъ ва саждаларни ишора билан қилувчи кишига иқтидо қилиши;

– фарз намоз ўқувчининг нафл намоз ўқиётганга иқтидо қилиши;

– бир фарз намозини ўқиётган кишининг бошқа фарз намозини ўқувчига иқтидо қилиши мумкин эмас. 

Имомлик қилувчи киши қироатини қавмга малол келадиган даражада узун қилиб ўқимаслиги керак. Имом бомдоднинг фарзида, шом ва хуфтон намозлари фарзининг олдинги икки ракатида овоз чиқариб (жаҳрий) қироат қилади. Барча намозларда, айниқса бомдод намозининг фарзида аввалги ракатнинг қироати иккинчи ракатнинг қироатидан узунроқ қилинади. Имомга иқтидо қилган киши қироат қилмайди. 

МАСЖИД ОДОБЛАРИ

Масжидлар намозларни жамоат билан адо этиш жойларидир. Масжидлар Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун улар «Аллоҳнинг уйлари» дея васф қилинади. Қуръони Каримда масжидларнинг фазли ва аҳамияти ҳақида кўплаб ояти карималар келган. Аллоҳ таоло марҳамат этади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас» (Тавба сураси, 18-оят)«Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин сураси, 18-оят); «(У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжидларда) эрта-ю кеч У Зотни поклайдиган кишилар борки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас» (Нур сураси, 36–37-оятлар). Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривоят қилган)

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг масжидлар фазилати ҳақидаги бир неча ҳадиси шарифлари бор. 

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат этадилар: «Масжидга (кўнгли) боғланган кишини кўрсангиз, унинг иймонига гувоҳлик беринг», деганлар («Ҳалаби Кабир»)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар, ёмонроғи бозорлардир», дедилар (Имом Муслим ривоят қилган);

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидлар муттақий зотларнинг жойларидир», деганлар (Имом Муслим ривоят қилган);

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ ризосини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй қуриб беради», деганларини эшитганман» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоийлар ривоят қилган);

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун каклик уйидек бўлса-да, масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир кўшк барпо қилади», дедилар (Аҳмад ибн Ҳанбал, Баззорлар ривоят қилган);

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Имом Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган);

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлур», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган)

Шунинг учун мусулмонлар масжидларни икром-эҳтиром қилишлари, уларда макруҳ саналган амалларни қилмасликлари, унинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуришлари лозим. Масжид одобларининг асосийлари қуйидагилардир: 

Масжидга отланаётган намозхон суннатга мувофиқ кийиниб, ўзини ҳар томонлама поклаб – тозаланиб бориши керак. Самура розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Либоснинг оқини кийинглар, чунки оқлари покизароқ ва яхшироқ бўлур», деганлар (Имом Термизий ривоят қилган)

Бурайда розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда елкадан ошириб кийилмайдиган (адёлга ўхшаш) матолар билан намоз ўқишдан, эгнида яктаги йўқ кишининг шалвар билан намоз ўқишидан қайтарганлар», дедилар. Эркак кишининг кўйлак, лозим, салла билан намоз ўқиши мустаҳаб ҳисобланади. Фақат бир узун кўйлак билан ўқиса ҳам, макруҳ эмас. Лекин бир шим (шалвар)нинг ўзи билан ўқиши макруҳдир («Фатовои Оламгирия»)

Масжидга борувчиларнинг айниқса тишларини тозалаб, нохуш ҳидларни йўқотиб боришлари зарур. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда албатта уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрар эдим», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган). Пайғамбар алайҳиссалом намоз ўқиш учун мисвок ишлатмасдан уйларидан чиққан эмаслар (Табароний ривоят қилган)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганда жаннатдан манзил тайёрлайди». Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлари)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади», деганлар. Шунинг учун масжидлар уйингиздан қанча узоқ бўлса-ю кўп қадам боссангиз, савоби шунча улуғ бўлади. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга боришларини шундай сифатлайдилар: «Муаззин бомдод намозига азон айтгандан сўнг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид томон йўл олар эдилар ҳамда шундай дуо қилардилар: «Эй Аллоҳим, қалбимни ва тилимни нурли қилгин, қулоғимда ва кўзимда нур қилгин, олдимдан ҳам, ортимдан ҳам, устимдан ҳам ва остимдан ҳам нур ёғдиргин, эй Аллоҳим, ўзимдан ҳам нурингни дариғ тутма!»

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, қачон бир одам масжидга келса, албатта оёқ кийимининг остига қарасин, агар унга нажасот ёки ифлослик теккан бўлса, уни ерга ишқаб яхшилаб тозаласин (Борди-ю оёқ кийимлари тоза бўлса ҳам суннатни барпо қилмоқ учун уларни ерга суртиб олган маъқул). 

Масжидга кетаётганда одоб ва тавозе билан қадам ташлаш, салом берувчиларнинг саломига алик олиш, йўлда мусулмонларга ҳалал берувчи тош, шох-шабба, тикан ва бошқа нарсаларни четга олиб қўйиш ҳам зарур вазифалардандир. 

Абу Мусо шундай нақл қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намоздан энг кўп савоб оладиган киши масжиддан энг олисда турадиган одамдир, чунки у кўп юриб, кўпроқ азият чекиб масжидга келади», деганлар. 

Каъбул Ахбор розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Мўминларга шайтондан ҳимояланиш учун учта қўрғон бор, булар масжид, Аллоҳни зикр этиш ва Қуръон ўқишдир»

Хотин-қизлар масжидга боришдан ман этилмайди. Аммо мазҳабимиз кўрсатмаларига кўра аёлларнинг масжидга боришлари рағбатлантирилмайди: «Аёл кишининг ёлғиз ўқиган намозининг савоби масжидда ўқиган намозининг савобидан йигирма беш марта кўпдир» (Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган). Расулуллоҳ даврларида аёлларнинг масжидга боришларига рухсат берилган эди, лекин турли фитна-фасодлар кўпайиб кетгач, бу чеклаб қўйилди. Оиша онамиз: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт бўлиб, аёлларда пайдо бўлган ушбу зебу-зийнатларни кўрганларида эди, Бани Исроил каби уларнинг масжидларга боришларини албатта ман қилган бўлур эдилар», деган эканлар (Имом Бухорий ривоят қилган)

Яна Абу Довуд Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: «Пайғамбар алайҳисалом: «Аёл кишининг ҳужрасидаги намози ҳовлисидаги намозидан, қазноғидаги намози ҳужрасидаги намозидан афзалдир», дедилар». Бошқа бир ривоятда эса: «Аёлларингизни масжидлардан ман қилманг, аммо ҳужралари улар учун яхшироқдир», деганлар. 

Масжидга эртароқ, шошилмай, виқор билан юриб бориш ҳам масжидга боришнинг одобларидандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар намозга эртароқ боришнинг қандай савоби борлигини билганларида масжидга қараб кимўзарга югурган бўлардилар, хуфтон ва бомдод намозининг савобини билганларида масжидга эмаклаб бўлса ҳам борардилар», дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга такбири иқомат айтилаётган бўлса, югуриб-ҳовлиқиб келманглар, балки вазминлик билан оҳиста юриб келинглар. Етган жойингиздан (жамоатга қўшилиб) ўқийверинг, етолмаганингизни тўлдириб ўқиб олинг», дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривоят қилган)

Масжидга киришнинг ҳам ўзига хос тартиб-одоблари бор: 

1. Масжидга ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқилади. 

2. Кириш-чиқишда суннатда келган маъсур дуоларни ўқилади. Масжидга кираётгандаги дуо: 

«Бисмиллаҳи. Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва ъалаа олиҳи ва саҳбиҳи ва саллим. Аллоҳумма, ифтаҳ лий абвааба роҳматика».

Маъноси: «Аллоҳнинг исми била (кираман). Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳим! Менга раҳмат эшигингни очгин». 

Масжиддан чиқаётгандаги дуо: 

«Бисмиллаҳ. Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва ъалаа олиҳи ва саҳбиҳи ва саллим. Аллоҳумма, иннии асъалука мин фазлика» 

Маъноси: «Аллоҳнинг исми билан. Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила ­аъзолари ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳим! Мен Сендан фазлингни сўрайман».

3. Масжидга кирганда намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат «Таҳийятул масжид» намозини ўтирмасдан олдин ўқиб олинади. 

4. Масжидга таҳоратли кириб, турли нажосатлардан пок бўлинади. 

5. Имом одамларга масжидда ваъз-иршод қилиб, уларга таълим бераётган бўлса, овозини кўтармаслик керак. 

6. Хутба ўқилаётганда жим турилади, чунки хутбага қулоқ солиб, диққатни бериб туриш вожибдир. 

7. Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтмаслик, хусусан, жума кунлари одамларнинг елкаларидан ошиб олдинги сафга ёриб ўтмаслик лозим. Чунки булар ҳаромга яқин макруҳлардандир. 

8. Покликка риоя қилиш масжидда бўлишнинг энг муҳим одобларидандир. 

9. Масжидга бадбўй ҳид билан кирмаслик керак. Мисол учун пиёз, саримсоқ, нос, сигарет каби нарсаларни истеъмол қилиб, сўнг масжидга кирса, ўзидан келаётган сассиқ ҳид билан намозхонларга озор беради. Бу ҳам ҳаромга яқин макруҳлардан ҳисобланади. 

10. Масжидда виқор ва осойишталик билан юриш керак. Ҳовлиқиш ва шошқалоқликдан сақланиш лозим. Агар жамоатга ёки бирор ракатга кеч қолаётган бўлса ҳам, шошилмаслик даркор. Секин-асталик билан жамоатга келиб қўшилади (ета олмаган ракатларини юқорида баён қилганимиздек ўқиб қўяди). 

Масжидда бўлишнинг ҳам ўзига хос тартиб-одоблари бор: 

Масжидга кирган намозхон унинг ичида ғоятда одоб ва тавозе билан ўтириши лозим. Масжидда инсониятни юқори ва олий даражага кўтариб, уни поклайдиган амалларгагина рухсат этилади. Масжидда Аллоҳнинг зикри, яъни тасбеҳ, таҳлил, такбир ва қироат, ҳадис, тафсир ҳамда фиқҳ илмларидан дарс қилинади, у ерда ўтирувчилар одамларни яхши амалларга тарғиб қилиб, ёмон ишлардан қайтаришлари зарур. 

Масжидда дунё ишлари билан машғул бўлиш, савдо-сотиқ қилиш, дунё сўзларини сўзлаш, ўйин-кулги қилиш, талашиб-тортишиш ва қаттиқ баҳслашиш, шовқин-сурон кўтариш ва бир-бирини ҳақоратлаш ҳаром амаллардандир. Масжидда ҳунар қилиш, сотиш мақсадида хат битиш, ҳақ эвазига мактабдорлик қилиш макруҳдир. Аммо ҳақ олмай, холис Аллоҳ таоло учун ўқитса, макруҳ бўлмайди. Яна масжидга фойда учун дарахт ўтқазиш, экин экиш, таом ейиш ҳам жоиз эмас. Фақат эътикоф ўтирган мусулмонларга, ғариб (мусофир) кишиларгагина масжидда таом ейишга ижозат берилган. Бу ҳақда «Маслакул-муттақийн» китобида батафсил ёзилган. 

Термизий ва Насоий келтирган ривоятда шундай дейилган: «Пайғамбар алайҳиссалом масжидда шеър айтишдан, олди-сотди қилишдан ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан қайтардилар». «Солати Масъудий»да айтилишича, ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Ҳар ким масжидда дунёвий сўзларни гапирса, масжид фаришталар учун бадбўй исларга тўлиб, улар намозхонларнинг оғизлари сассиқлигига тоқат қилолмай, масжидни тарк этиб чиқиб кетадилар. Улар шунда Аллоҳ таолога илтижо қилиб: «Эй Парвардигоро, бандаларинг бизларни уйингдан ҳайдаб чиқариб юборди», деб шикоят қилишади. Аллоҳ таоло: «Ўзимнинг иззатим ва жалолимга қасамёд қилиб айтаманки, Мен Парвардигордирман, уларга қисиқ кўзли, бераҳм бир жамоани рўпара қилурманки, уларни ҳам уйларидан қувиб чиқаргайлар», дейди». Соиб ибн Язид шундай ривоят қилади: «Масжидда турган эдим, бир киши майда тош отиб мени чақирди, қарасам, ҳазрати Умар эканлар. «Анови икки кишини олиб келгин», дедилар. Икковини бошлаб келдим. «Кимсизлар, қаерликсизлар?» деб сўрадилар ҳазрати Умар. Улар: «Тоифликмиз», дейишди. «Агар Мадина аҳлидан бўлганингизда кунингизни кўрсатардим, бу қанақасики, Расулуллоҳ масжидларида овозларингизни кўтарасизлар?» дедилар ҳазрати Умар». 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Жума куни имом минбарда хутба қилиб турганда, унга қулоқ солиш ўрнига гаплашиб ўтиргувчи одам бамисоли устига китоб ортилган эшакдир. Шундай одамга «Жим ўтир» деб огоҳлантирган одамнинг ҳам жума намози қабул бўлмайди», деганлар. 

«Мажмаъул-мақсуд» китобида келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мўмин киши масжидда гўё балиқ сувда яйрагандек чунон хурсанд бўлғай, мунофиқ киши эса қуш қафасга тушиб қолгандек ғамгин бўлар». Яна Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Масжид барча парҳезкорларнинг (тақволиларнинг) уйидир, демакки, қачон масжидга кирсанг, ундан чиқишга шошилма!»

Масжидда, айниқса, жума намози пайтида сафда турган кишиларнинг орасини ёриб ўтиш, бирор биродарини турғизиб юбориб, ўрнига ўтириб олиш ҳам мақбул эмас. Чунки Нофеъ розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Пайғамбар алайҳиссалом бу одатларни жумада ҳам, бошқа намозларда ҳам қоралаганлар. Жума куни имом хутба ўқиётганида гапириш у ёкда турсин, ўзаро суҳбатлашаётганларни тинчитиш ҳам ноўриндир. 

Пайғамбар алайҳиссалом ҳар гал масжиддан чиқаётганларида «Аллоҳумма, иннии аъуузу бика минал иблиси ва жунудиҳи», яъни «Аллоҳим, шайтон ва унинг лашкари(нинг ишлари)дан Сендан паноҳ сўрайман», деган дуони ўқир эдилар. Ривоят этилишича, Расули акрам алайҳиссалом: «Сиздан ҳар бирингиз масжиддан чиқмоқчи бўлганда бу дуони ўқисин, ҳеч шубҳа йўқки, унга шайтоннинг зиёни етмайди», деганлар. 

Масжид ичида қуйидаги ишларни қилиш макруҳ саналади: 

1. Масжид ичидан узрсиз йўл қилиб олиш. 

2. Масжидда ухлаш (аммо эътикоф ўтирувчи ва жойи йўқ мусофирнинг масжидда ухлаши макруҳ эмас). 

3. Эътикоф ўтирувчилардан бошқаларнинг масжидда овқатланишлари. 

4. Зикр-тасбеҳларда овозни кўтариб намозхонларга халақит бериш ёки чўчитиб юбориш. 

5. Масжидда дунё ишларидан бўлган гап-сўзларни гаплашиш. 

6. Масжидда олди-сотди қилиш. 

7. Таҳоратни ушлаб туролмайдиган, масжидни нажосат қилиб қўйиш эҳтимоли бўлган гўдакларнинг масжидга кириши. 

8. Масжидда тупуриш, бурун қоқиш, балғам ташлаш. 

9. Йўқолган нарсани масжидда эълон қилиш. 

10. Масжидда шеър айтиш (аммо Ҳаққа даъват қилиш, ҳикматли сўзлар билан Аллоҳ неъматини эслатиш, Расулуллоҳ алайҳиссалом сифатлари зикри, тақводорлар сифати каби мавзулардаги шеърлар мустасно). 

  11. Масжид ичида тиланчилик қилиш ёки тиланчига пул бериш.

ҚАЗО НАМОЗЛАРИНИ АДО ЭТИШ

Беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш «адо», узрли сабаб билан вақти ўтганидан кейин ўташ «қазо» дейилади. Узрли сабаб билан вақтида ўқилмаган фарз ва витр намозларининг қазоси ўқилади. Жума, ҳайит (ийд), жаноза, суннат намозларининг қазоси ўқилмайди. Фақат бомдод намозининг суннати ўша куни тушгача фарзи билан бирга ўқилади. 

Фарз намозларини ўз вақтида ўқиш қатъий лозимдир. Ким намознинг вақтини узрсиз ўтказиб юборса, гуноҳи кабиралардан бирини қилиб қаттиқ гуноҳкор бўлади. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: 

«Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир» (Нисо сураси, 103-оят)

Аммо баъзи узрлар сабаби билан намоз қазо бўлиши мумкин. Бу узр икки хил бўлади: 

1. Қазоси ўқилмайдиган узрлар: 

а) ҳайз ва нифос кўрган аёллар намозни тарк қилишади, пок бўлишгандан кейин ҳам қазо бўлган намозларини ўқишмайди. 

б) камида олти вақт намоз муддатида ҳушидан кетиб, ўзига келмаган ҳам ўзига келгач, қазо бўлган намозларини ўқимайди. Лекин бундан кам фурсатда ўзига келса қазо бўлган намозларини ўқиш унга вожиб бўлади. 

2. Қазоси ўқиладиган намозлар: 

Ухлаб қолиш, эсидан чиқиш, ғафлатда қолиш, бошини ҳам қимирлата олмайдиган даражада касал бўлиш каби узрлар билан намоз ўз вақтида адо қилинмаса, унинг қазосини ўқиш вожиб бўлади. Қазо намозларини ўқишни беузр кечиктириш жоиз эмас. Ризқ топишга ҳаракат, фарз илмларини талаб қилиш, ўта оч қолган кишиларнинг овқатланиб олиши, ниҳоятда чарчаган кишининг ухлаб олиши кабилар қазо намозларини кечиктиришнинг узрлари ҳисобланади. Нафл намозларининг ўрнига қазоларни ўқиш афзалдир. Лекин суннати равотибларни тарк қилмаган маъқул. Агар қазони кечиктириш беузр бўлса, ўша қазони ўқимагунча ундан гуноҳ кўтарилмайди. Худди намоз ҳам тавбасиз қабул бўлмаганидек, намозни қазо қилган кишига ҳам тавба лозим бўлади. Тавбанинг шартларидан бири гуноҳни тарк қилиш эди. Қазо намозларини узрсиз ўқимай юрган киши гуноҳни тарк қилмаётган тавба қилувчига ўхшайди. Демак, унинг тавбаси мақбул эмас. 

Шариатда «аҳли тартиблар» деган мартабадаги инсонлар бўлиб, улар витрдан ташқари олти вақт намозни кетма-кет қазо қилмаган бўлишади. Шулар қазо намозларини ўқимоқчи бўлишса, тартибга риоя қилишлари керак. Мисол учун, аҳли тартиб киши бомдод, пешин, аср, шомни узр билан қазо қилиб қўйган бўлса, аввал бомдодни, кейин пешинни, ундан сўнг асрни, кейин эса шомни ўқиши вожиб бўлади ва ҳоказо. Агар бомдоднинг қазосини ўқимай, пешиннинг қазосини ўқиса, пешин бузилади ва бомдоднинг қазосини ўқигач, яна пешинни қайтадан ўқиши вожиб бўлади. Аҳли тартиб витрга ҳам риоя қилади. Яъни унга витрни ўқимасдан бомдодни ўқиши дуруст эмас. Аммо, қачонки, қазо намозларининг сони витрдан ташқари олти вақтга етса, энди у кишидан тартибга риоя қилиш вожиблиги соқит бўлади. Шунда ҳам тартиб билан қазоларни ўқиса маъқул, лекин хоҳлаганини олдин, хоҳлаганини кейин ўқишига ихтиёри бўлади. 

Тартибнинг вожиблиги яна икки ҳолатда соқит бўлади: 

1. Вақт зиқ бўлиб қолганда қазони ўқиса, ўз вақтида ўқиладиган намоз ҳам қазо бўлса, шунда тартиб соқит бўлади ва қазо бўлмаган намозни олдин, қазо бўлганини кейин ўқиб қўяди. 

2. Қазо бўлган намозни эсдан чиқариб қўйса-да, кейинги намозни ўқиса ҳам, тартиб соқит бўлади. Мисол учун, бомдодни қазо қилиб қўйгани эсидан чиқиб, пешинни ўз вақтида ўқиб қўйса, пешиндан сўнг бомдоднинг қазосини ўқиб қўяди, пешинни эса қайтариб ўқимайди. Аммо бомдодни қазо қилгани ёдида бўлатуриб, пешинни ўқиган бўлса, бу пешинни бомдоднинг қазосини ўқигандан сўнг қайтариб ўқиб қўяди. Чунки бунда тартибга амал қилиш соқит бўлмаган ҳисобланади. 

Агар киши қанча қазо қилганининг ададини билмаса, гумони ғолиб бўлгунча миқдорни ҳисоблаб, ўшани ўқиш билан ўз зиммасидан қазоларни соқит қилиб қўйиши керак. Шу билан бирга, қайси замондаги намозни ўқиётганини ниятида тайин қилиб қўйиши ҳам лозим бўлади. Мисол учун, «Аввалги қолиб кетган пешин намозимни ўқишни ният қилдим» ёки «Охирги қолиб кетган пешин намозини ўқишни ният қилдим», дейди. 

Уч вақтда қазо намозларини ўқиш жоиз эмас: 

1. Қуёш чиқаётган вақтдан то бир найза бўйи кўтарилгунга қадар. Бу тақрибан ярим соатни ўз ичига олади. 

2. Қиём вақти. Қуёш тиккага келган вақтдан то ярим соат ўтгунга қадар. Бунинг тафсилоти олдин ўтган эди. 

3. Қуёш ботаётган вақтдан бошлаб то ботиб кетгунга қадар. Бу ҳам тақрибан ярим соатни ўз ичига олади. 

Мана шу уч вақтдан бошқа пайтларда қазо намозини ўқиш жоиз бўлади, гарчи бомдод намози билан аср намозини ўқигандан сўнг ҳам қазоларни ўқиш мумкиндир. Лекин ушбу бомдоддан кейинги ва асрдан сўнгги вақтларда мутлақ нафлларни ўқиш маъқул эмас. У нафллар хоҳ таҳийятул масжид бўлсин хоҳ таҳоратдан кейин ўқиладиган нафл бўлсин, фарқи йўқ, барибир макруҳ бўлади. 

ТУРЛИ НАМОЗЛАР

Фарз намозларига қўшиб  ўқиладиган суннат намозлари

1. Бомдод намозининг фарзидан олдин икки ракат суннат ўқилади. 

2. Пешин намозининг фарзидан олдин тўрт ракат, фарзидан кейин икки ракат суннат ўқилади. 

3. Шом намози фарзидан сўнг икки ракат суннат ўқилади. 

4. Хуфтон намозининг фарзидан сўнг икки ракат суннат ўқилади. 

5. Жума намози фарзидан олдин тўрт ракат, фарзидан сўнг ҳам тўрт ракат суннат ўқилади. 

ВИТР НАМОЗИ

Витр намози уч ракат бўлиб, бир салом билан ўқилади. Витр намозининг аввалги икки ракати бошқа икки ракатли намозлар каби адо этилади. Учинчи ракатнинг рукуъсидан олдин такбир айтиб, қўллар қулоқлар тўғрисигача кўтарилади, яна киндик остига қўйилади ва шу ҳолатда Қунут дуоси ўқилади. Витр намозининг ҳар бир ракатида Фотиҳа сурасидан сўнг бирор сура қўшиб ўқилади. 

Имом Аъзам мазҳабидаги намозхон шофеъий мазҳабидаги кишига иқтидо қилган пайтида имомнинг рукуъдан кейин ўқиган Қунут дуосига тобе бўлади. Лекин бомдод намозида шофеъий мазҳабидаги имом Қунут дуосини ўқийдиган бўлса, бу имомга иқтидо қилган ҳанафий мазҳабидаги намозхон сукут қилиб, ўқимай туради. Рамазон ойида умрага борган ҳанафий мазҳабидагилар витрни ўқишда Масжидул Ҳаромнинг имомига иқтидо қилаверадилар. 

ТАРОВЕҲ НАМОЗИ

Таровеҳ – «ором олдириш, дам бериш» маъноларидаги «тарвеҳа» сўзининг кўплик шаклидир. Рамазон ойида хуфтон намозидан сўнг ва витр намози олдидан ўқиладиган намозга «таровеҳ» дейилади. Унинг ҳар тўрт ракатидан сўнг дам олингани учун шундай ном берилган. Таровеҳ намози йигирма ракат бўлиб, суннати муаккададир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан савоб умид қилиб рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади», деганлар

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиш эса маҳалла кишилари учун суннати кифоя ҳисобланади. Яъни баъзилар жамоат бўлиб таровеҳни ўқишса, қолганлардан жамоат бўлиб ўқиш суннати соқит бўлади. Аммо бир маҳаллада ҳеч ким жамоат бўлмаса, шу маҳалладаги ҳамма одам суннатни тарк қилган ҳисобланади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида одамларнинг рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракат жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: «Ўзингларга менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий бўлган (яъни ҳидоят, тўғри йўлдан юрувчи) халифаларимнинг суннатини лозим тутинглар, буни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб олинглар» (Абу Довуд ривоят қилган). 

Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бўлган Абу Юсуф устозидан: «Нима учун Умар розияллоҳу анҳу бу ишни қилган?» деб сўради. Абу Ҳанифа: «Таровеҳ – суннати муаккадалардандир. Умар розияллоҳу анҳу бу ишни ўзидан ўйлаб чиқиб жорий қилгани йўқ. У ҳаргиз ­бидъатчилардан бўлмаган. У мусулмонларни нимага буюрган бўлса, ўзи билган диндаги асл нарсага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бор бўлган амалга буюрган», деб жавоб бердилар.

Таровеҳ намози витрдан ташқари йигирма ракат ҳисобланади. Унинг вақти хуфтон намозидан кейин кириб, то бомдод вақти киргунча давом этади. Витрдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш дуруст бўлади. Лекин афзали таровеҳни витрдан олдин ўқишдир. Таровеҳ икки ракатдан ўқилади, ҳар тўрт ракат ўқилгач, бир оз истироҳат учун ўтириш маъқулдир. Саҳобаи киромлар ҳам худди шундай қилишарди. Таровеҳ (истироҳат) намози, деб номланишининг ҳам асл сабаби шудир. Чунки таровеҳ роҳатланиш маъносидадир. Намозхон шу ўтиришда зикру тасбеҳга машғул бўлади ёки сукут сақлайди.

Бизнинг диёрларда ушбу ўринда қуйидаги каби тасбеҳлар ўқиш одат бўлган:

سُبْحانَ ذِي الْمُلْكِ وَالْمَلَكوُتِ، سُبْحانَ ذِي الْعْزَّةِ وَالعَظَمَةِ وَالْقُدْرَةِ وَالْكِبْرِياءِ وَالْجَبَرُوتِ، سُبْحانَ الْمَلِكِ الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوتُ، سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَّبُّنا وَرَبُّ الْمَلَائِكَةِ وَالرُّوحِ، لَا إلَهَ إِلَّا اللهُ نَسْتَغْفِرُ اللهَ، نَسْئَلُكَ الْجَنَّةَ وَنَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ.

«Субҳаана зил мулки вал малакуути, субҳаана зил ъиззати ва ъазомати вал қудроти вал кибрийааи вал жабаруути, субҳаанал маликил ҳаййил лазий лаа ямууту, суббууҳун қуддуусур Роббунаа ва Роббул малаикати вар рууҳи, лаа илааҳа иллалоҳу настағфируллоҳ,  нас-алукал жанната ва наъуузу бика минан наар».

Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни бир бора хатм қилиб чиқиш ҳам рамазон ойининг суннат амалларидандир. Афзали имом жамоатнинг ҳолига риоя қилиб қироатни бир оз тезлатади, лекин шарт шуки, тезлик намозни бузадиган ёки намозхонлар англай олмай қоладиган даражада бўлмасин. Борди-ю таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилишдан қавм малоллангудай бўлса, имом уларнинг малолланишини эътиборга олмайди, балки суннатни адо қилади. Фотиҳадан кейинги зам сурани узун оятдан бир оят, қисқа оятдан уч оят миқдоридан кам ўқиб қўйиш ҳаромга яқин макруҳлардан ҳисобланади. Чунки бунда вожибни тарк қилиш бор. Таровеҳнинг ҳар икки ракати мустақил намоз бўлиб, уларга алоҳида ният қилинади, такбири таҳримадан сўнг эса сано ва «Аъузу...», ­«Бисмиллаҳ...»лар ўқилади. Қаъдада ташаҳҳудга қўшимча салавот ва дуоларни ҳам қўшади ва ҳоказо.

Таровеҳ намозларини қиёмга қодир бўлатуриб ўтириб ўқиш ҳам дурустдир. Аммо қиёмда туриб ўқиса, ўтириб ўқигандан кўра афзалроқ бўлади. Имомга эргашувчи ўтирган ҳолида ҳам иқтидо қилса дуруст, аммо қиёмга қодир бўлатуриб, то имом рукуъга боргунча қиёмни кечиктириш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ибодатга дангасалик қилгани зоҳир бўлади. Таровеҳ намозининг масжидда адо қилиниши маъқулдир. Зеро, шариатга кўра, жамоат бўлиб адо қилинадиган ибодатларнинг афзалроғи масжидда бўлганидир. Таровеҳ намозининг вақти чиқиб кетса, қазоси ўқилмайди. Чунки қазо фарз ва вожиб амалларгагина хослангандир. Мабодо, бирор киши таровеҳнинг қазосини ўқиса ҳам, у мутлақ нафл намозлар жумласига кириб кетади, барибир таровеҳнинг ўрнига ўтмайди.

 Таровеҳ намози рўзанинг суннатларидан эмас, балки рамазон ойидаги суннатлардан ҳисобланади. Шу сабабли таровеҳ намозини ўқиш мусофир учун, рўза тутмаган узрли касал учун ҳам суннат бўлади. Маълумки, бу кишиларга рўза тутиш шарт эмас эди. Шу билан бирга ҳайз ва нифос кўраётган аёллар ҳам агар куннинг охирида пок бўлишса, таровеҳни ўқишлари суннат ҳисобланади.

МУСОФИРНИНГ НАМОЗИ

Пиёда ўртача юрганда уч кечаю уч кундузлик йўлни босиб етадиган жойга сафарга чиққан киши яшайдиган жойи ҳудудидан чиқиши билан қайтиб келгунича «мусофир» ҳисобланади (бу ҳанафий мазҳабида 96 километрга, бошқа мазҳабларда 88 километрга тенг). «Ўртача юриш» деганда туя ва пиёда кишининг юриши кабиларга айтилади. Ушбу масофадан камроқ ерга йўл олган киши мусофир ҳисобланмайди. Ана шу масофадаги ерга машинада, поездда, самолётда йўлга чиққанлар ҳам мусофир ҳисобланади. У жойда ўн беш кундан камроқ муддат туришни ният қилган бўлсаю, ойлаб-йиллаб қолиб кетса ҳам, мусофир саналаверади. Агар борган жойида ўн беш кун ёки ундан кўп муддат туришни ният қилса, етиб боргач мусофир ҳисобланмайди.

Мусофир киши сафарда тўрт ракатли фарз намозларини икки ракат қилиб қисқартириб (қаср қилиб) ўқийди. Улар пешин, аср, хуфтондир. Аммо бомдод, шом ва витр намозлари ҳамда суннати равотиблар эса бутун ўқилади. Мусофир таҳорат олгач, маҳсисига уч кечаю уч кундуз масҳ этиши мумкин.

Агар мусофир йўл юриб турган бўлса, вақти зиқ, шароит йўқлиги учун суннатларни ўқимаслиги афзалдир. Аммо шунда ҳам бомдоднинг суннатини тарк қилмай ўқийди. Агар мусофир бир манзилга келиб тушса, вақт бемалол, шароит етарли бўлгани учун суннатларни ўқиши афзал бўлади. Сафарда суннат намозларини ўқиш ёки ўқимаслик борасида изланиш қилган уламолар ушбу хулосани айтишган.

Мусофирга намозни қаср қилиш вожибдир. Бутун қилиб ўқиш жоиз эмас, мабодо, бутун қилиб ўқиса, гуноҳкор бўлади. Чунки у қаъдаи охирдан кейинги саломни кечиктирди. Мусофирнинг шу ҳолда иккинчи ракатдан кейинги ўтириши қаъдаи охир ҳисобланади. Агар қаср қилмай, тўрт ракат ўқиса, кейинги икки ракати нафл ҳисобланади. Ушбу нафлни такбири таҳримасиз бошлаган, сано билан «аъузу...»ни ҳам тарк қилган бўлади. Агар ўртадаги қаъдани ташаҳҳуд миқдорича ўтирмай, учинчи ракат ва тўртинчи ракатни адо қилган бўлса, фарз намози ботил бўлиб, уни қайта ўқиш вожиб бўлади. Чунки мусофирнинг иккинчи ракатдан кейин қаъдага ўтириши фарз эди. Агар мусофир қаср намозини бутун қилиб ўқиётган бўлса, унга иккинчи ракатдан кейинги ракатларда ўша фарз намозини ўқувчи кишининг иқтидоси дуруст эмас. Чунки фарз ўқувчининг нафл ўқувчига иқтидо қилиши жоиз бўлмайди.

Мусофир ўзи яшаб турган маконининг томлари, дарахтлари кўринмайдиган жойдан бошлаб намозларини қаср ўқийди. Қаср ўқиш учун ўша жойнинг биноларига туташган боғлардан ажраб чиқиш шарт эмас. Чунки боғ яшаш жойи, деб эътиборга олинмайди.

Агар киши сафар қилиб, яшаб турган жойидан ташқарига чиқса ва бирор нарсаси эсига тушиб уйига қайтса, то яшаш жойига киргунча мусофирлиги ботил бўлмайди. Чунки у сафар ниятидан қайтгани йўқ.

Кишининг яшаш жойи (ватани) ҳолатига қараб икки хил бўлади:

1. Аслий ватан. Инсон ўзи туғилиб-ўсган ёки уйланиб, ўша жойдан ўзига ватан қилган макон ёки ўзи у ерда туғилмаган бўлса-да, доимий иш жойи бўлиб қолган (гарчи у ерда хотини бўлмаса ҳам) «аслий ватан» дейилади. Кишининг аслий ватани шу каби бошқа ватан ҳосил қилмаса, соқит бўлмайди. Бир аслий ватанни иккинчи аслий ватан ботил қилиши учун улар ўртасида сафар масофаси бўлиши шарт эмас.

2. Ватани иқомат (турар жой ватани). Камида ўн беш кун, ундан кўпроқ муддат истиқомат қилишга ярайдиган макон «ватани иқомат» дейилади. Мусофир камида ўн беш кун туришни ният қилса ёки эрки ўзида бўлиб, камида ўн беш кун туришини аниқ билса, шу билиши ҳам ният ҳукмига ўтади ва у истиқомат қиладиган макон ватани иқоматга айланади. Ватани иқомат учта амал билан ботил бўлади: 1) янги «аслий ватан» «ватани иқомат»ни ботил қилади. Мисол учун, бир киши тошкентлик бўлса, Фарғонага сафар қилиб, у ерда ўн беш кундан кўпроқ истиқомат қилишни ният қилса, кейин Марғилонга келиб уйланса ва шу жойда яшай бошласа, унинг мусофирлиги йўқолади, Фарғонадаги ватани иқомати ботил бўлади. Энди у намозларини қаср қилмай, тўла ўқийди. Чунки унинг янги аслий ватани, яъни Марғилон ватани иқомат бўлган Фарғонани ботил қилди; 2) ватани иқоматни ўзига ўхшаган ватани иқомат ботил қилади. Мисол учун, тошкентлик мусофир киши Марғилонда ватани иқомат қилди, яъни ўн беш кундан ортиқроқ истиқомат қилишни ният қилди, кейин бошқа ўринга, яъни Фарғонага кўчиб ўтиб, ўша жойда ўн беш кундан кўпроқ туришни ният қилди. Демак, энди бу мусофир Фарғонадан Марғилонга келиб, модомики, ўн беш кун туришни ният қилмаса, намозини қаср қилиб ўқийди. Чунки унинг Марғилондаги ватани иқоматини Фарғонадаги янги ватани иқомати ботил қилган бўлади. Аввалги ватани иқоматни кейинги ватани иқомат ботил қилиши учун улар ўртасида сафар масофаси бўлиши шарт эмас; 3) ватани иқоматдан туриб янги сафарга чиқилса ҳам, ватани иқомат ботил бўлади. Агар мусофир ватани иқоматидан бошқа маконга сафар қилса, шу янги сафар билан ватани иқомати ботил бўлади. Агар бирор ҳожат билан аввалги ватани иқоматга қайтиб келса, намозларини қаср ўқийди. Чунки унинг янги сафари билан ватани иқомат ботил бўлган эди.

Агар мусофир ўз вақтидаги тўрт ракатли намозларда муқимга иқтидо қилса, имом билан бирга бутун ўқийди Тўрт ракатли фарз намозларида муқим киши мусофирга иқтидо қилса ҳам жоиз. Мисол учун, бир вақт аср намозини муқим ҳам, мусофир ҳам адо қилаётган бўлса, мусофир имом бўлади ва икки ракатни адо қилгач, салом бериб, орқадагиларга:

أَتِمُوا صَلَاتَكُمْ فَإنِّي مُسَافِرٌ.

«Атимму солатакум, фаинний мусафирун» («Намозларингни охирига етказиб олинглар, чунки мен мусофирман»), дейди. Шунда орқадагилар қолган икки ракатни ҳеч бир қироатсиз адо қиладилар. Чунки улар ҳануз имомга эргашувчи ҳукмида бўладилар. Агар мусофир сафарда қаср қилиши лозим бўлган намозларини қазо қилиб қўйса, муқим бўлган чоғида ҳам у намозларнинг қазосини қаср қилиб ўқийди. Худди шунингдек, агар киши муқимлигида аср ёки пешин ва ё хуфтонни қазо қилган бўлса, мусофирлигида шуларнинг қазосини ўқимоқчи бўлса, тўрт ракатдан ўқийди. Чунки намоз қайси ҳолатда қазо қилинган бўлса, ўша ҳолат эътибори билан адо қилинади. Қазо бўлган тўрт ракатли намозларда мусофир муқимга, муқим мусофирга иқтидо қилмайди. Чунки мусофирнинг зиммасига икки ракат фарз бўлса, муқимга тўрт ракат фарздир.

ЖУМА НАМОЗИ

«Жума» сўзи «жам бўлиш, тўпланиш» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло мўминларга жума намозини фарз этган, буюрган: «Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг!» (Жума сураси, 9-оят). Шу куни жамоат бўлиб адо этиладиган намоз эса «жума намози» дейилади. Аллоҳ таоло осмонлару ерни жума куни яратган, Одам атони шу куни халқ этган, уни шу кунда жаннатга киритиб, у ердан чиқарган. Қиёмат ҳам жума куни келади. Бу кунда дуолар қабул бўладиган алоҳида соат бор, мўминнинг Аллоҳ таолодан хайриятни сўраб қиладиган илтижоси шу вақтга тўғри келиб қолса, Аллоҳ уни албатта ижобат қилади. Жума намози мискин-фақирларнинг ҳажига тенглаштирилади. Имом минбарга ўтирган вақтда иккинчи азон айтилади ва қавм имомга рўпара бўлган ҳолда хутбани тинглайди. Имом таҳорат билан тик туриб икки марта хутба ўқийди ва улар ўртасида бир муддат ўтириши лозим бўлади. У хутбани тугатгач, такбир айтилади ва имом қавм билан икки ракат жума намозини ўқийди.

Жума намозидан олдин бир салом билан тўрт ракат, ундан кейин ҳам тўрт ракат намоз ўқиш суннати муаккадалардан ҳисобланади.

Жума намозини ўқиши лозим бўлган кишиларда қуйидаги маълум шартлар топилиши керак:

1. Ҳур-озод бўлиши шартдир. Қулга ва маҳбусга жума фарз бўлмайди.

2. Эркак бўлиши шартдир. Аёлларга жума фарз эмас.

3. Балоғатга етган бўлиши ҳам шартдир. Гўдакка гарчи унинг бўйи чўзилиб қолган бўлса ҳам, жума фарз бўлмайди. Лекин уни ота-онаси худди бошқа фарзларга буюрганидек, жумага ҳам буюриб туришлари лозим.

4. Саломат бўлиши ҳам шартдир. Касал кишига жума фарз бўлмайди.

5. Кўзи соғлом бўлиши ҳам шартдир. Кўзи ожизга жума фарз эмас.

6. Икки оёғи саломат бўлиши ҳам шарт. Жумага боришдан ожиз бўлиб ўтириб қолган кишига ҳам жума ўқиш фарз бўлмайди.

7. Хотиржамлик ҳам шартдир. Ўз жони учун бирор золимнинг ёки бирор фитнанинг хавфи бўлса ҳам, у кишига жума намози фарз бўлмайди.

8. Шаҳарда истиқомат қилаётган бўлиши ҳам шарт. Шаҳар деб унинг таклиф ёшига етган аҳолиси энг катта масжидга тўпланганда сиғмайдиган даражада бўлган маконга айтилади.

9. Яна шу шаҳарнинг қозиси ёки амири бўлиши ҳам шартдир.

10. Муқимлик ҳам жума намозини ўқишни вожиб қиладиган шартлардандир. Агар киши мусофир бўлса, унга жума намозини ўқиш вожиб бўлмайди. Лекин шу мусофир борган шаҳарда ўн беш кундан кўпроқ туришни ният қилса, унга жумани ўқиш вожиб бўлади. Яъни жумани ўқиш вожиб бўлиши учун ўз ватанида бўлиши шарт эмас, балки мусофир юртда бўлса-да, у ерда муқимликни, яъни истиқоматни ният қилган бўлса, жумани ўқиш вожибга айланади.

Кимга жума намозини ўқиш вожиб бўлмаса, у жуманинг ўрнига пешинни ўқийди. Мабодо, жумани ўқиса ҳам, дуруст бўлаверади, яна қайтариб пешинни ўқимайди. Аммо аёллар, хоҳ кексалари бўлсин, хоҳ ёшлари бўлсин, жамоат бўлишлари макруҳлиги учун жуманинг ўрнига пешинни ўқиганлари афзалдир. Мазкур узрлар сабабли жуманинг ўрнига пешинни ўқийдиган кишилар имом жума намозини ўқиб бўлгандан кейин пешинни ўқиганлари маъқул. Чунки имом жумани адо қилмай туриб, узрлилар пешинни ўқишлари макруҳ ҳисобланади.

Жума намозининг дуруст бўлиши учун қуйидаги шартлар мукаммал бўлиши лозимдир:

1. Жума шаҳар ёки шаҳар ҳукмидаги қишлоқда ўқилиши керак. Юқорида шаҳарнинг таърифини келтирдик. Агар шаҳар бўлиши шарти топилмаган қишлоқда жума намози ўқилса, дуруст бўлмайди. Уларга пешинни ўқиш лозим бўлади.

2. Жума намозига имомликка султон ёки унинг ноиби ва ё ўша масжидга тайин қилинган имом бўлиши шартдир. Худди шу аҳвол бугунги воқеликда мавжуддир.

3. Пешин вақти кирган бўлиши ҳам шартдир. Чунки пешин вақти жуманинг вақти ҳисобланиб, ундан олдинроқ ўқилган жума намози дуруст бўлмайди. Пешин вақти чиқиши билан жуманинг ҳам вақти чиқади.

4. Хутба. Жумада озми-кўпми хутба ўқиш ҳам шартдир. Ҳамд (алҳамдулиллаҳ), тасбеҳ (субҳаналлоҳ), таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ)ни бир марта айтиш билан ҳам хутба ўрнига ўтади. Лекин шунинг ўзи билан кифояланиш макруҳдир. Жумада битта хутбанинг ўзини ўқиса кифоя қилади. Лекин уни такрор ўқиш суннатдир. Хутбани намоздан олдин айтиш шарт қилинади. Аввалги хутбани бошлашда «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни ўзи ичида айтади. Кейин жаҳрий қилиб Аллоҳга ҳамд ва Унинг ўзига лойиқ бўлган саноларни айтади. Сўнгра икки шаҳодат калималарини ўқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту салом йўллайди. Сўнгра маъсиятлардан сақланиш, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобини вожиб қилиб қўядиган амаллар қилишдан огоҳлантириб одамларга ваъз ва насиҳат қилади. Яна уларга дунё ва охиратда нажотга сабаб бўладиган амалларни эслатади. Аввало ўзини, қолаверса барча жамоатни тақвога тавсия қилади. Кейин мавзуга тегишли бўлган оятдан бир оят тиловат қилади. Иккинчи хутбани Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошлайди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту салом йўллайди. Сўнгра барча мўмин-мўминалар ва муслим-муслималарнинг ҳақларига дуо қилади. Хутбани қисқароқ қилиб, намозни узайтириш ҳам суннат амаллардандир.

5. Жума намозига имомдан ташқари уч киши ҳозир бўлиши ҳам шартдир. Чунки жамоат ушбу адад билан ҳосил бўлади. Шу жамоат оқил, балоғатга етган эркаклардан ташкил топган бўлиши лозим. Мабодо, жамоат оқил, балоғатга етган мусофир ёки касал кишилардан ташкил топган бўлса ҳам, кифоя қилади. Аммо фақат аёллар ва гўдаклардан ташкил топган жамоат билан жума намозини ўқиш дуруст бўлмайди.

6. Жума намозининг дуруст бўлиш шартларидан яна бири ҳамма мусулмонлар учун масжидга кириш рухсати бўлишидир. Масжидга баъзиларнинг кириши таъқиқлаб қўйилса, ўша масжидда жума ўқиш дуруст бўлмайди.

7. Жума намозини ўқиш учун жамоат бўлиш ҳам шартдир. Бу ҳақда юқорида баён қилинди.

Киши имомга жума намозини қай бир ҳолатида иқтидо қилса ҳам, у жумани топган бўлади. Агар саждаи саҳвдан кейинги ташаҳҳуд ўқилаётганда иқтидо қилган бўлса ҳам, у жума намозига етган ҳисобланиб, имомнинг саломидан кейин етолмай қолганларини охирига етказиб қўяди.

Жуманинг суннатлари ва одоблари:

1. Жумага ғусл қилиб, хушбўйланиб, энг чиройли кийимини кийиб бориш суннатдир;

2. Жумага эртароқ келиш ҳам суннатдир;

3. Жума кечаси ва кундузи Каҳф сурасини ҳам ўқиш суннатдир;

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломни кўп айтиш; камида кечаси уч юзта, кундузи ҳам шунча айтса, яхши бўлади. Кўп айтишнинг эса чегараси йўқ;

5. Дуони кўп қилиш ҳам суннатдир, чунки жума кунида бир соат борки, унда дуолар албатта ижобат бўлади.

Жума кунида макруҳ бўлган амаллар:

1. Ўтирган одамларни оралаб, елкаларидан ошиб олдинга ўтиш макруҳдир. Аммо ўтирадиган жой топа олмасаю, олдинда бўш жой бўлса, унда бу макруҳ бўлмайди.

2. Хутба ўқилаётган вақтда гапириш ҳам ҳаромга яқин макруҳ ҳисобланади. Хоҳ сўзлагувчи имом-хатибга яқин жойда бўлсин, хоҳ узоқроқда бўлсин, хоҳ дунё сўзини гапирсин, хоҳ зикр қилсин, барибир макруҳи таҳримий бўлади. Ҳатто шу пайтда саломга алик олиш, аксага жавоб қайтариш ҳам макруҳ амаллардандир. Агар имом хутбада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни тарғиб қиладиган оятни ўқиса, яъни:

يَا أيُّهَا الَّذِيْنَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا.

«Йаа айюҳаллазийна ааману соллуу ъалайҳи ва саллимуу таслийма» («Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар») деса, ичида салавот айтиб қўяди. Имом икки хутба орасида ўтирган вақтда қўл кўтариб ва овоз чиқариб дуо қилинмайди.

3. Хутба вақтида намоз ўқиш ҳам макруҳи таҳримий ҳисобланади.

ИККИ ИЙД (ҲАЙИТ) НАМОЗЛАРИ

Ийд намозларини ўқиш дуруст ва вожиб бўлиши учун жума намозининг шартлари унда ҳам топилиши лозимдир. Фақат иккита амалда жума намозидаги шартларга хилоф бўлади: 

1. Ийд намозларида хутба ўқиш суннат бўлиб, жума намозида эса у шарт эди. 

2. Жума намозида хутба намоздан олдин ўқилса, ийд намозларида намоздан кейин қилинади. Хутбага киришдан олдин имомнинг бир оз ўтириши ийд намозларининг хутбасида макруҳ ҳисобланади. Аммо жума намози хутбасини бошлашдан олдин унинг бир оз ўтириши суннат эди. 

Ийдул-фитр хутбасида имом мусулмонларга фитр садақаси ҳукмлари тўғрисида маълумот берса, ийдул-қурбон хутбасида эса қурбонлик, такбиру ташриқ ҳукмларидан таълим беради. Имом-хатиб ийд намозидан олдинги жумада жамоатни ушбу нарсалардан огоҳлантириб қўйиши лозим. 

Рамазон ҳайити биринчи куни ўқилмай қолса, у иккинчи куни ўқилади. Қурбон ҳайити маълум узрлар сабабли биринчи куни ўқилмаса, иккинчи ёки учинчи куни ўқишнинг кароҳияти йўқ, аммо узрсиз кечиктириш макруҳ. 

Ийд намозларининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилгандан то тиккадан оққунчадир.

РАМАЗОН ҲАЙИТИ НАМОЗИ

Рамазон ҳайитида икки ракат «ийдул фитр» намозини адо этиш вожибдир. «Ийдул фитр» намози бундай тартибда ўқилади. Қиблага қараб: «Икки ракат ийдул фитр намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, юзимни Каъба томонига қаратиб, холис Аллоҳ таоло учун ҳамма такбирлари билан адо этишни ният қилдим», деган мазмунда ният қилингач, «Аллоҳу акбар», деб биринчи такбир айтилиб қўллар боғланади. Овоз чиқармасдан «Сано» («Субҳанака») ўқилади. Сўнг имом билан биргаликда яна уч бор «Аллоҳу акбар», деб қўллар қулоқлар тўғрисига кўтарилиб такбир айтилади, аммо бу такбирларнинг аввалги иккитасидан кейин қўллар ёнга ташлаб турилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади. 

Имом Фотиҳа сураси билан бир сурани ўқийди, бошқалар қулоқ солиб жим туришади. Сўнгра рукуъ ва икки сажда қилиниб, иккинчи ракатга турилади. 

Иккинчи ракатда имом яна Фотиҳа сураси ва зам сура ўқийди. Сўнгра рукуъдан аввал яна уч марта такбир айтилади, такбирлар орасида қўллар қулоқлар тўғрисигача кўтарилади ва такбирлар орасида улар ёнда тутилади. 

Тўртинчи такбир айтиб рукуъга борилади. Рукуъ ва икки сажда қилиб қаъдада ўлтирилади, ташаҳҳуд, салавот, дуо ўқиб салом берилади. 

Сўнг имом минбарга чиқади. Хутбани ўқиганидан кейин яна меҳробга қайтади, дуо қилади. 

Рамазон ҳайити кунида тонг отгач, ҳайит намозигача тамадди қилиб, тишларни мисвок билан тозалаб, ғусл қилиб покланиб, хушбўй атиру гулоблар сепиб, покиза, оҳорли кийимлар кийиб, фитр садақасини бериб ҳайит намозига бориш мустаҳаб амаллардандир. Ҳайит намозигача нафл намоз ўқиш макруҳ. 

Жума намози кимларга вожиб бўлса, ҳайит намози ҳам уларга вожибдир. Намоздан сўнг икки хутба ўқиш суннатдир. 

Ҳайит намозининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилгач, то туш вақтигачадир. Туш вақти киргач, ҳайит намозини ўқиб бўлмайди. 

ҚУРБОН ҲАЙИТИ НАМОЗИ

Қурбон ҳайити намози ҳам рамазон ҳайити намози кабидир. Лекин қурбон ҳайити намозини ўқишдан илгари бирор нарса истеъмол қилинмайди ва масжидга боргунга қадар «такбири ташриқ» овоз чиқариб айтиб борилади. Такбири ташриқ бундай: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд». 

Чин арафа куни бомдод намозидан кейин то қурбон ҳайитининг тўртинчи куни аср намозидан кейинга қадар ҳар бир фарз намозларидан сўнг мазкур такбири ташриқни овоз чиқариб айтиш вожибдир. (Имом тасодифан такбири ташриқ айтишни унутса, жамоат такбири ташриқни овоз чиқариб айтади. )

Вожиб бўлган икки ракатли қурбон ҳайити намози бу тартибда ўқилади. Қиблага қараб: «Холис Аллоҳ таоло учун икки ракат қурбон ҳайити намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, юзимни Каъба томонига қаратиб, ҳамма такбирлари билан адо этишни ният қилдим» мазмунида ният қилинади. 

Имом билан биргаликда «Аллоҳу акбар», деб биринчи такбир айтилиб, қўллар боғланади. Овоз чиқармасдан «Субҳанака...» ўқилади. Сўнг имом билан биргаликда яна уч бор «Аллоҳу акбар», деб қўллар қулоқлар тўғрисигача кўтарилиб такбир айтилади, бу такбирларнинг аввалги иккитасидан кейин қўллар ёнларга ташлаб турилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади. 

Имом Фотиҳа сураси билан бирга бир сурани ўқийди, бошқалар қулоқ солиб жим туришади. Сўнгра рукуъ ва икки сажда қилинади ҳамда иккинчи ракатга турилади. 

Иккинчи ракатда имом яна Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Сўнгра рукуъдан аввал яна уч марта такбир айтилади. Такбирлар орасида қўллар қулоқлар тўғрисигача кўтарилади ва такбирлар орасида улар ёнда тутилади. 

Тўртинчи такбир айтиб рукуъга борилади. Рукуъ ва икки сажда қилиб қаъдада ўлтирилади, ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқиб салом берилади. 

Сўнг имом минбарга чиқади. Хутба ўқиганидан кейин яна меҳробга қайтади, дуо ўқийди. 

Ҳайит намозигача нафл намоз ўқиш макруҳ. 

Ҳайит намозининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганидан то туш (пешин) вақтигачадир. Туш вақти киргач, ҳайит намозини ўқиб бўлмайди. 

Икки ҳайитдаги суннат амаллар қуйидагилардир: 

Жума кунидаги каби ғусл қилиш, янги кийимларини кийиш ва хушбўйланиш икки ҳайитда ҳам суннатдир. 

Рамазон ҳайитида намозгоҳга чиқишдан олдин топган хурмодан тоқ, топмаган бирор ширинлик еб олиши ҳам суннатдир. Чунки бу билан киши ўзининг рўза эмаслигини билдиради. Қурбон ҳайитида эса намоздан қайтиб, ўзининг қурбонлиги гўштидан егунга қадар ҳеч нарса емай туриши суннатдир. 

Рамазон ҳайитини ўқиш учун намозгоҳга чиқаётган киши махфий ҳолда ўзи такбирни айтиши, қурбон ҳайитига чиқаётганда эса жаҳрий қилиб такбирни айтиши ҳам суннат амаллардандир. Ҳайит намозидан кейин ўша намозгоҳда нафл намоз ўқиш макруҳдир. 

Намозга бир кўчадан бориб, бошқа кўчадан қайтиб келиш ҳам суннатдир. 

Ҳайит намозларини ўқиш учун ҳамма мусулмонлар бир ўринга тўпланишиб, елкама‑елка саф тортиб турадилар. Барча бир-бирини байрам билан қутлаб, бойлар фақир биродарларига икром кўрсатиб, улардаги ҳожатмандлик аламини енгиллатишади. Ҳайит кунлари мусулмонларнинг ҳаёти янада саодатли тус олади. 

Икки ийд намозидаги мусулмонлар жамоати душманлар кўз ўнгида улкан ҳайбат касб этади. Ушбу муборак кунларда уфқни мусулмонларнинг такбир ва таҳлил айтаётган овозлари тўлдириб юборади. Бу икки муқаддас кунда Аллоҳ таолонинг мусулмонларга берган фазилати, уларни икром қилиши, ёлғиз Аллоҳга иймон келтирган, фақат Ўзининг розилигини талаб қилган ҳолда рамазони шариф ойидаги кечқурунги бедорлик, кундузги рўзадорлик ибодатларини мақбул айлагани намоён бўлади. Бир ойни рўза ҳолида ўтказган мўминнинг хурсандлиги ийдул фитр кунида яна ҳам ортиб кетади. Қилган амалларининг натижаси маълум маънода унинг ўзига кўриниб, бундан қувонади. Гўё у икки ажрнинг бирини дунёда олгандек, охиратдагиси эса уни кутиб тургандек бўлади. 

Зулҳижжанинг ўн кунидан кейин қурбонлик байрами келади. Ушбу ўн кунликда қилинган амаллар бошқа йилнинг кунларидаги солиҳ амаллардан афзал туради. Зулҳижжанинг тўққизинчи куни арафа бўлиб, ҳожилар бу кунда Арафотда турадилар. Ушбу амал ҳажнинг улуғ фарзларидан биридир. 

БЕМОР КИШИНИНГ НАМОЗИ

Ислом енгиллик динидир. Бу динда мусулмонлар ноиложликка, машаққатга солиб қўйилмайди, улар қодир бўлмайдиган ибодатларга буюрилмайди. Шу билан бирга Исломда намозга қаттиқ эътибор берилади ва уни адо қилиш учун турли чоралар йўлга қўйилади. Бемор киши қиём туришдан ожиз бўлса ёки касали кучайиб кетишидан хавф қилса ё шифонинг кечикишига шу қиём туриши сабаб бўлса, у ҳолда ўтириб намоз ўқийди. Лекин рукуъ ва саждаларни тўла қилади. Агар рукуъ ва саждага ҳам қодир бўлмаса, худди ташаҳҳудда ўтиргани каби чап оёғини тўшаб, ўнг қадамини тик қилган ҳолда ўтиради. Бу энг афзалидир. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, хоҳлаган суратда ўтиради ва рукуъ ҳамда саждаларни боши билан ишора қилади. Бунда рукуъ учун бошини озроқ эгса, сажда учун кўпроқ эгади. 

Агар саждага ожиз бўлатуриб рукуъга қодир бўлса ҳам, барибир иккиси учун ишора қилади. Саждага имкони йўқ касалнинг ишора билан қилган саждаси кифоя қилади. Аммо унинг сажда қилиши учун бирор нарсани юзи баробар кўтариб қўйиш жоиз эмас. Имо-ишора билан намоз ўқиш тик турган ҳолда ҳам, ўтирган ҳолда ҳам дурустдир. Лекин бемор кишининг ўтириб, имо-ишора билан намоз ўқиши афзал ҳисобланади. Агар сажда қилишга ожиз бўлса, ундан қиём туриш ҳам соқит бўлади. 

Агар беморга ўтириш ҳам машаққат бўлса, у ўнг томон билан қиблага юзланган ҳолда ёнбошлаб ётади, шу афзалидир. Бўлмаса, чалқанчасига ётиб, оёқларини қибла томонга узатади, тиззасини эса бир оз букиб олади. Бошни бир оз кўтариш учун орқага ёстиқ қўйилади. Бу ҳолат ёнбошлашдан кўра афзалроқдир. Шу ҳолда имо-ишора қилиб намозни ўқийди. Агар бундай туришга ҳам қодир бўлмаса, ўзига қулай бўлган суратда ўрнашиб, ишора билан намозини ўқийди. Кийими ва жойи нажосат бўлса, агар намозни адо қилгунича яна қайта нажосат бўлса, алмаштирмай ўқийверади. Агар намозни адо қилгунича пок турса, кийим ва жойини поклаб ўқийди. 

Агар соғлом киши намоз асносида касал бўлиб, оғриқдан қиёмга қодир бўлмай қолса, ўша заҳоти ўтириб, ишора билан намозни тугатади. Агар ўтиришга ҳам мажоли келмай қолса, унда чалқанчасига ётади ва намозни ишора билан охирига етказади. Ишора фақат бош билан қилинади. Агар бошини қимирлата олмай қолса, кўз ёки қош билан ишора қилмайди ҳамда қалби билан ҳам намознинг арконларини ижро этмайди, балки ушбу ҳолда намозни кечиктиради ва тузалгандан кейин эса қазосини ўқиб қўяди. 

Агар бемор кишига ўтириб ҳам намоз ўқиш узрли бўлса, бу пайтда у ёнбошлаб, қиблага юзланган ҳолда ёки орқаси билан ётиб намоз ўқийди. Лекин орқаси билан ётиб ишора қилиши яхшироқдир. Бетоб кишига бош билан ишора қилиш ҳам мумкин бўлмаса, намоз тўхтатиб турилади. 

Ишора билан намоз ўқувчи киши намоз ичида тузалиб қолса, намозини бошидан қайта ўқийди. Рукуъ ва саждаларни ўтирган ҳолда адо этаётган намозхоннинг саломатлиги намоз ўртасида яхшиланиб қолса, қолган намозларини тик турган ҳолатда давом эттиради. 

Сузаётган кемада намоз ўқиётган киши ҳеч қандай узрсиз ҳам намозини ўтириб ўқиши мумкин. 

Қирғоққа боғлаб қўйилган ва тўхтаб турган кемаларда эса намозхон ибодатини тик турган ҳолатда адо этади. Агар узрли бўлса, ўтириб ўқийди. 

Намозхон бир кечаю бир кундуз ичида ҳушдан кетган бўлса ёки жинни бўлиб турса, ўқишга қодир бўлмаган намозларининг қазосини адо этади. Ҳушдан кетиши ёки жиннилиги бир кеча-кундуздан зиёда бўлса, қолдирган намозлари қазосини ўқиши лозим бўлмайди. Дори воситасида ҳушидан кетказилган бўлса, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ «Бир кеча кундуздан ошса ҳам қазосини ўқийди» деганлар. 

ХАВФ НАМОЗИ

Намоз ўқишга жиддий хавф (масалан, уруш бўлаётгани хавфи) солиниб турган пайтда ўқиладиган фарз намозлари «хавф намози» ҳисобланади. Агар хавф кучайиб кетса, имом жамоатни икки гуруҳга ажратади. Бир тоифа душман томонда турса, иккинчи тоифа имомга иқтидо қилади. Агар намоз икки ракатли бўлса, имом биринчи тоифа билан биринчи ракатни ўқийди, биринчи ракатнинг иккинчи саждасидан бошини кўтарганда орқадаги иқтидо қилган гуруҳ душман томонга бориб туради, душман томонидаги хавфга кўз-қулоқ бўлиб турган жамоат эса келиб, имомга иқтидо қилади. Имом улар билан иккинчи ракатни тугатиб, ташаҳҳудни ўқиб салом беради. Аммо имомга эргашувчилар салом беришмайди. Балки улар душмандан келадиган хатарга кўз-қулоқ бўлиш учун боришади. Аввалги жамоат эса келиб, қолган бир ракатни имомсиз қироат қилмай ўқишади. Чунки улар имомга аввалдан иқтидо қилганлик ҳукмида эдилар. Кейин ташаҳҳудни ўқишади ва салом беришади-да, яна душманнинг хавфи бор томонга бориб туришади. Сўнгра иккинчи гуруҳ келиб, қолган бир ракатларини қироат билан адо қилишади. Чунки улар имомга аввалги ракатда иқтидо қила олишмаган эди. Шунинг учун улар масбуқ ҳукмида бўлишади. Шундан сўнг ташаҳҳудни ўқиб, салом беришади. 

Агар намоз уч ёки тўрт ракатли бўлса, имом аввалги икки ракатни биринчи гуруҳ билан ўқиса, кейин икки ёки бир ракатни иккинчи гуруҳ билан адо қилади. Ҳар икки жамоат ҳам қолган ракатларни юқоридагидек жой алмаштириб ўқиб олади. Намоз ўқиб турган ҳолда жанг қилинса, намоз бузилади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳандақ ғазоти куни тўрт вақт намозни ўқий олмадилар. Агар урушиб туриб ҳам намозни ўқиш керак бўлганда, ҳаргиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарк қилмаган бўлар эдилар. 

Агар хавф янада кучайиб кетса, отга минган ҳолда ёки пиёда қай томонга юзланиб бўлса ҳам, рукуъ ва саждаларни имо-ишора қилиб намоз ўқилади. Уруш бошланиб кетса, юқорида айтганимиздек, намоз бузилади. 

  Хавф намози ўқилаётганда қурол-аслаҳаларни тақиб олиш мустаҳаб амалдир. Хавф намозини ҳар икки гуруҳ алоҳида имом билан навбат-навбат ўқиб олиши ҳам афзалдир. 

ҚУЁШ ВА ОЙ ТУТИЛГАНДАГИ НАМОЗЛАР

Қуёш тутилган вақтда икки ёки тўрт ва ё ундан кўпроқ намоз (кусуф намози) ўқиш суннатдир. Афзали бир ёки икки салом билан тўрт ракат ўқишдир. Камида эса икки ракатли нафл намоз кўринишида ўқилади. Бу намоз жамоат бўлиб, азон ва иқоматсиз, қироатни жаҳрий қилмай ва хутба ўқимасдан адо қилинади. Инсонларни жамоатга тўплаш учун жамоат намозига деб чақирилади. 

Қуёш тутилганда ўқиладиган намозни жума намозида имомлик қиладиган киши имом бўлиб ўқиб бериши лозим. Агар у бўлмаса, султоннинг рухсати билан тайин қилинган киши ўқиб бериши керак. Агар булар ҳам бўлмаса, инсонлар ўзлари ёлғиз-ёлғиз бўлиб, ўз манзилларида ўқишади. Ушбу намознинг биринчи ракатида Фотиҳадан сўнг Бақара сураси каби, иккинчи ракатида Оли Имрон сураси каби узун сураларни қироат қилиш суннатдир. Агар ракатдаги қироатларни енгил қилса, намоздан кейинги дуони узун қилади. Ҳадиси шарифда келишича, муҳими инсонлар қуёш тутилган вақтда намоз ва дуо билан машғул бўлишлари керак. Агар қироатни узун қилсалар, дуони қисқа қиладилар, дуони узун қилсалар, қироатни қисқа қиладилар. Токи қуёшнинг тутилиши йўқолгунча намоз ва дуога машғул бўладилар. Рукуъ-саждаларни ҳам беҳад узун қилишади. Имом қиблага юзланиб ўтиради ва хоҳлаганча дуо қилади, одамлар эса дуога қўл очиб «омин» деб турадилар. 

  Ой тутилганда ўқиладиган намоз ҳам худди қуёш тутилганда ўқиладиган намоз кабидир. Лекин бу намозни ўқиш мустаҳаб бўлиб, уни масжидда йиғилиб, жамоат ҳолида ўқиш шариатда йўлга қўйилмаган, балки ҳар ким ўз уйида ёлғиз-ёлғиз бўлиб адо қилади. Қуёш ва ой тутилганда ўқиладиган намозлар бирор даҳшатли воқеа содир бўлганда ҳам ўқилади. Мисол учун, қаттиқ зилзилалар, бир воқеа сабаб кўпчиликнинг ўлиб кетиши, шиддатли шамоллар, кундуз куни атрофни қўрқинчли қоронғулик ўраб олиши ва шу каби ваҳимага соладиган ҳодисалар содир бўлиши билан намоз ўқиш, гуноҳлардан четланиш, инсонлар ўзларини тўғрилашлари ва нажот топишлари учун сабаб бўладиган ибодатларга қайтишлари одатий ҳолдир. Ибодатлардан узоқлашиб, гуноҳ кўчасига кириб қолган бандани Роббисига қайтариб, Унга яқинлаштирадиган энг яхши ибодат намоздир. 

ИСТИСҚО НАМОЗИ

Ёмғир (сув) сўраб ўқиладиган намознинг номи «истисқо» дейилади. Истисқо намози деб сувга муҳтож бўлиб қолинганда Аллоҳ таолодан бандаларининг ёмғир талаб қилиб ўқиладиган намозига айтилади. Буни яшаётган жойларининг сувидан экинларию ҳайвонларини суғориб турган, дарё, анҳор ва булоқлари бўлмаган одамлар ўқишади. Мабодо, анҳор ва булоқлари бўлса ҳам, эҳтиёжларига етмаётгани сабабли ушбу намоз ўқилади.

Истисқо намози худди икки ҳайит намози каби адо қилинади, лекин бунда зоида такбирлар айтилмайди. Намоз ўқиб бўлингач, ерда ўзаро туриб иккита хутба ўқиш мустаҳаб амаллардандир. Аммо ҳайит намозларидек минбарга чиқиб хутба ўқиш макруҳдир. Ҳайит намозидаги хутба такбирлари ўрнига имом истиғфор айтади. Икки хутбанинг ўртасини бир оз ўтириш билан ажратади. Имомнинг хутба мобайнида қибла томонга юзланиб туриши мандубдир. Хутбадан бир оз кейин имом кийимини тескарисига ағдариб кийиб олади ва тасбеҳ айтиб, мўминлар ва мўминалар ҳаққига истиғфор айтади. Лекин имомга эргашган инсонлар кийимларини тескарисига ағдариб киймайдилар. Кейин имом одамлар томонига юзланиб, тик турган ҳолида қуйида келадиган истисқо дуосини ўқийди, одамлар эса қиблага юзланиб ўтиришади ва имомнинг дуосига «омин» дейишади:

اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ سُقْيَا رَحْمَةٍ، وَلَا سُقْيَا عَذَابٍ، وَلَا مَحْقٍ وَلَا بَلَاءٍ، وَلَا هَدْمٍ. اللَّهُمَّ عَلَى الظِّرَابِ وَمَنَابِتِ الشَّجَرِ، وَبُطُونِ الْأَوْدِيَةِ. اللَّهُمَّ حَوَالَيْنَا وَلَا عَلَيْنَا. اللَّهُمَّ اسْقِنَا غَيْثًا مُغِيثًا، هَنِيئًا مَرِيئًا، غَدَقًا مُجَلِّلًا، سَحًّا، عَامًّا طَبَقًا دَائِمًا. اللَّهُمَّ اسْقِنَا الْغَيْثَ، ولَا تَجْعَلْنَا مِنَ الْقَانِطِيْنَ. اللَّهُمَّ أَنْبِتْ لَنَا الزَّرْعَ، وَأَدِرَّ لَنَا الضَّرْعَ، وَأَنْزِلْ عَلَيْنَا مِن بَرَكَاتِ الْأَرْضِ، وَاكْشِفْ عَنَّا مِنَ الْبَلَاءِ مَا لَا يَكْشِفُهُ غَيْرُكَ. اللَّهُمَّ اسْقِ عِبَادَكَ وَبَهَائِمَكَ، وَانْشُرْ رَحْمَتَكَ، وَأَحْيِ بَلَدَكَ الْمَيِّتَ. اللَّهُمَّ اَنْتَ اللهُ لَا إلَهَ إلَّا اَنْتَ، أَنْتَ الْغَنِيُّ وَنَحْنُ الْفُقَرَاءُ، أَنْزِلْ عَلَيْنَا الْغَيْثَ، وَاجْعَلْ مَا أَنْزَلْتَ لَنَا قُوَّةً وَبَلَاغًا إِلَى حِينٍ. اللَّهُمَّ إِنَّا نَسْتَغْفِرُكَ إِنَّكَ كُنْتَ غَفَّارًا، فَأَرْسِلِ السَّمَاءَ مِدْرَارًا.

«Аллоҳумма ағисна, Аллоҳумма ағисна, Аллоҳумма ағисна. Аллоҳумма суқйа роҳматин вала суқйа азобин вала маҳқин вала балоин вала ҳадмин. Аллоҳумма ъалаз зироби ва манабитиш шажари ва бутунил авдийати. Аллоҳумма ҳаволайна вала ъалайна. Аллоҳуммасқина ғойсан муғийсан ҳанийъан марийъан ғодақон мужаллилан саҳҳан омман тобақан даиман. Аллоҳуммасқинал ғойса вала тажъална минал қонитийн. Аллоҳумма анбит ланаз заръа ва адирра ланад даръа ва анзил ъалайна мин барокатил арди вакшиф ъаннаа минал балои маа лаа йакшифуҳу ғойрука. Аллоҳуммасқи ъибодака ва баҳоимака ваншур роҳматака вааҳйи баладакал маййита. Аллоҳумма анталлоҳу ла илаҳа илла анта антал ғониййу ва наҳнул фуқароу анзил ъалайнал ғойса важъал ма анзалта лана қувватан ва балаған ила ҳийн. Аллоҳумма инна настағфирука иннака кунта ғоффаро, фаарсилис самаа ълайна мидроро».

Ёмғир талаб қилиб ўқиладиган намоз учун ўз масканларидан четроққа уч кун кетма-кет чиқиш мустаҳабдир. У ерга аҳли зиммийлар (яъни Ислом юртида яшаш эвазига товон тўловчи бошқа дин вакиллари) олиб чиқилмайди. Ҳар кун чиқишдан олдин мусулмонлар тавбаларини янгилаб, зулмларига тавба қилиб, бева-бечораларга садақа қилишлари ҳам мустаҳаб амаллардандир. Ҳар бир мусулмон ер юзидаги барча мусулмон биродарлари ҳаққига истиғфор айтади.

НАФЛ НАМОЗЛАР

«Нафл намози» деб киши ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда ўқийдиган намозга айтилади. Бу намозни Аллоҳ таоло мўминлар зиммасига фарз каби мажбурий қилмаган, балки ихтиёрий суратда адо этилса, савоб бўлади. 

Нафл намозлари икки хил бўлади: 

1. Беш вақт фарз намозларига тобе бўлган нафллар. Булар фарзлардан олдин ёки кейин ўқиладиган намозлар бўлиб, улар «суннати равотиблар» дейилади. 

2. Беш вақт намозлардан ташқари мустақил ўқиладиган намозлар. Булар жумласига зуҳо, таҳажжуд, ҳожат сўраш ва бошқа намозлар киради. 

ТАҲИЙЯТУЛ МАСЖИД НАМОЗИ

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози «таҳийятул масжид» дейилади. Бу намозни икки ёки тўрт ракат ўқиса бўлади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Агар масжидга кирган киши жамоатнинг равотиб суннатларни ёки фарзни ўқиётганини кўрса, таҳийятул масжид намозини шу суннат ёки фарзларга қўшиб ният қилади. Шу билан у суннат ва ёки фарзга қўшиб таҳийятул масжидни ўқиганлик савобини олади. Аммо ниятни қилмай, суннат ёки фарзнинг ўзини ўқиса, ундан таҳийятул масжид намозини ўқиганлик савобига эришмайди. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади. 

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин», деганлар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган). Бу икки ракатли намоз «таҳийятул масжид» (масжид саломи) намози дейилади. 

Шофеъий ва ҳанбалий мазҳабида таҳийятул масжидни қай вақтда бўлса ҳам: намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади. Моликий ва ҳанафий мазҳабларида эса, имом хутба қилаётган бўлса, таҳийяти масжид ўқилмайди. Шунингдек, ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийятул масжид ўқилмайди. Намозхон масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқисаю, таҳийятул масжидни ўқишни ният қилса, таҳийяти масжид ўрнига кифоя қилади. Борди-ю масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади. 

Бу намознинг ҳукмидан Масжидул ҳаром истисно қилинган. Бу масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади. 

Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийятул масжид намозини ўқий олмаса, «Субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни айтса кифоя қилади. 

ШУРУҚ (ИШРОҚ) НАМОЗИ

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади», деганлар» 

Абу Довуд, Термизий ривоят қилган.  Термизийнинг лафзида: 

«Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган. 

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз «Салотуш-шуруқ» (Ишроқ намози) дейилади. «Шуруқ» дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намоздир. 

ЗУҲО (ЧОШГОҲ) НАМОЗИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чошгоҳ намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар» 

Имом Термизий ривоят қилган. 

Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда кириб (яъни қуёш чиққандан тақрибан ярим соат кейин), заволга бир соат қолгунча давом этади. Бу «даҳватул кубро», яъни катта тонг, дейилади. Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар. Унинг энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир. 

ШУКРИ ВУЗУЪ НАМОЗИ

Одатда таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз «Шукри вузуъ» (таҳоратнинг шукри) дейилади. 

Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади», дедилар»

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

ИСТИХОРА НАМОЗИ

«Истихора» сўзи луғатда «хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди ­Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг «Аллоҳим, албатта, Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон эт, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил, сўнгра мени унга рози қил» десин ва ҳожатини айтсин», дедилар»

Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган.

Истихора намозидан сўнг ушбу дуо ўқилади:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، - عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، - فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي بِهِ.

«Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ» деб, ҳожати айтилади.

Маъноси: «Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт».

Дуодаги «мана шу иш», деган ерига келганда ўз ҳожатини зикр қилади, сўнгра ўша ишни қилиш ёки қилмаслик тўғрисида кўнгли мойил бўлган томонга ҳаракат қилади. Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса амалга оширади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга ўтмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Истихора намозида хоҳлаган сурасини ўқийди. Лекин биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиса яхши.

ҲОЖАТ НАМОЗИ

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтсин. Сўнгра: «Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Эй Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар»

Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.

Намоздан фориғ бўлгач ушбу дуони ўқийди:

لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْحَلِيمُ الْكَرِيمُ، سُبْحَانَ اللهِ رَبِّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، الْحَمْدُ لِلَّه رَبِّ الْعَالَمِينَ: أَسْأَلُكَ مُوجِبَاتِ رَحْمَتِكَ، وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ، وَالْغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ، وَالسَّلَامَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ، لَا تَدَعْ لِي ذَنْبًا إِلَّا غَفَرْتَهُ، وَلَا هَمًّا إِلَّا فَرَّجْتَهُ، وَلَا حَاجَةً هِيَ لَكَ رِضًا إِلَّا قَضَيْتَهَا يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ.

«Лаа илааҳа иллаллоҳул ҳалиймул карийм. Субҳааналлоҳи роббил ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллааҳи роббил ъааламийн. Асъалука мужибаати роҳматика ва ъазоима мағфиротика вал ғониймата мин кулли биррин, вас-салаамата мин кулли исмин, лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳу, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳу, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳа, йаа арҳамар роҳимийн!».

Термизий ривоят қилган.

Маъноси: «Ҳалим ва Карим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Улуғ арш Робби Аллоҳни поклаб ёд этаман. Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Раҳматингга мустаҳиқ қилувчиларни, мағфиратингни вожиб этувчиларни, ҳар бир яхшиликда ғаниматни ва ҳар бир гуноҳдан саломат бўлишни сўрайман. Менда бирор гуноҳ қолдирмасдан мағфират қилишингни, бирор ғам қолдирмасдан очиб юборишингни ва Ўзинг рози бўладиган бирор ҳожат қолдирмасдан раво қилишингни сўрайман, эй раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлиси».

Қуйидаги дуо ҳам ҳожат намозининг дуоларидандир:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ، يَا مُحَمَّدُ، إِنِّي تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ فَتَقْضِي لِي، اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ.

«Аллоҳумма инний асалука ва атаважжаҳу илайка бинабиййика Муҳаммадин набиййир роҳмати, йаа Муҳаммаду, инний таважжаҳту бика илаа роббий фий ҳаажатий ҳаазиҳи фатақзи лий. Аллоҳумма, шаффиъҳу фиййа»

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Маъноси: «Аллоҳим, мен Сенга юзланиб, Сендан пайғамбаринг, раҳмат набийси Муҳаммад алайҳиссалом билан васийла қилиб сўрайман. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мен бу ҳожатим раво бўлиши учун сиз билан Роббимга юзландим Аллоҳим, у кишини менга шафоатчи қил».

Имом Ибн Ҳажар бу намозни шанба куни саҳар ўқиб, талаби ҳожат қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким шанба куни эрталаб талаби ҳожат қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати равон бўлишига мен кафилман, деб марҳамат қилганлар, деган. Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.

ТАВБА НАМОЗИ

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан Ўзи хоҳлаганича нафъ берадиган одам эдим. У зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса (гапини) тасдиқ қилар эдим. Ҳолат шу бўлдики, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан у содиқдир: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра туриб, таҳорат қилиб намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра у зот: «Улар қачон фаҳш иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсларлар ва гуноҳларига истиғфор айтурлар» оятини қироат қилдилар», деди» 

Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган. 

Аслида тавба намозсиз ҳам хоҳлаган пайтда бўлиши матлуб. Лекин намоз ила бўлгани кучли ва қабули осондир. Намоз мўминнинг силоҳи, дейилгани ҳам шундан. Мўмин киши намоз ёрдамида ҳар қандай қийин нарсага ҳам осонлик билан эриша олади. Ожиз банда гуноҳ иш қилиб қўйса, иймони уни дарҳол тавбага чорлаши зарур. Қилиб қўйган гуноҳининг афсусида қолган мўмин инсон дарҳол таҳорат қилиб тавба намози нияти ила икки ракат намоз ўқиб олишга ўтмоғи лозим. У гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, Аллоҳга роз айтиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади. 

 

АВВОБИЙН НАМОЗИ

Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракат бўлади. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади. Аллоҳ таоло Исро сурасида «Албатта, У зот аввобийнларни мағфират қилувчидир», деган (25-оят). 

  Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким шомдан кейин олти ракат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган.

ТАҲАЖЖУД НАМОЗИ

Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир. Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил, сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени Мақоми маҳмудда тирилтирса», деган (Исро сураси, 79-оят). 

Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз «таҳажжуд намози» деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди, бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган. 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффоротдир, гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган 

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган. 

Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади. 

Изоҳ: таҳажжуд хуфтондан сўнг ухлаб, кечанинг иккинчи ярмида бедор бўлишдир. Уйғонишига ишончи бўлмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олса ҳам жоиз. Раддул муҳтор соҳиблари таҳажжуд намозига: «Ҳар бир хуфтондан кейин ўқилган намоз» деб таъриф берган. Афзали эса бир ухлаб туриб ўқишдир.

ТАСБЕҲ НАМОЗИ

Икриманинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббосга қарата: «Эй амаки! Сизга бермайми? Сизга ўргатмайми?» деган сўзларни зикр қилиб, сўнг бундай дедилар: «Тўрт ракат намоз ўқийсиз. Ҳар ракатда Фотиҳани ва бошқа бир сурани ўқийсиз. Биринчи ракатда қироатдан сўнг қиёмда «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» тасбеҳларини ўн беш марта айтасиз. Сўнгра рукуъга борасиз ва рукуъда турганингизда мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз. Кейин бошингизни рукуъдан кўтарган вақтда ҳам яна тасбеҳларни ўн марта айтасиз. Сўнг саждага борасиз. Саждада турганингизда яна мазкур тасбеҳларни ўн бор қайтарасиз. Сўнг бошингизни саждадан кўтариб, яна мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз, сўнг яна сажда қиласиз ва унда яна ўн бор тасбеҳ айтасиз, сўнг бошингизни саждадан кўтариб, тик бўлишингиздан олдин яна ўн марта тасбеҳ айтасиз. Бу айтилган тасбеҳларнинг умумий адади етмиш бешта бўлади. Тўрт ракатни шу тахлитда адо этасиз. Агар бу намозни бир кунда бир марта адо этишга қодир бўлсангиз, уни адо этинг. Агар бир кунда адо этишга қодир бўлмасангиз, жума куни бир марта ўқинг. Агар жума кунида адо этишга қодир бўлмасангиз, уни бир ойда бир ўқинг. Агар бунга қодир бўлмасангиз, уни бир йилда бир бор адо этинг. Бунга ҳам имкон бўлмаса, умрингиз давомида бир бор «тасбеҳ» намози ўқиб қўйинг».

НАФЛ НАМОЗЛАРИНИ ЎҚИШ ТАРТИБИ

Кундузги нафл намозларини тўрт ракатдан, кечқурунги нафлларни эса икки ракатдан ўқиш суннат амаллардандир. Қиём туришга қодир бўлатуриб ўтирган ҳолда нафл намозлари ўқиш жоиз, лекин савобнинг ярмига эришади. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ҳам намоз ўқиганлар деб ўқиса, ҳам намознинг ҳам суннатга амал қилганнинг савобига эришади. Аммо тик туриб ўқишга қодир бўлмаган кишининг ажри тик туриб ўқиган кишининг ажри билан баробар бўлади. Ўтириб ўқийдиган киши агар узри бўлмаса, бошқа намозлардаги ташаҳҳуд ўқиётган кишидек чап оёғи устига ўтириб, ўнг оёғини тик қилади. Нафл ўқишга киришган кишининг намози агар икки ракатни тўлиқ тугатмай туриб бузилса, унинг қазосини ўқиб қўйиши вожиб бўлади. 

Шундай вақтлар борки, унда нафл намозларини ўқиш макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳ ҳисобланади. Қуйидаги ҳолларда нафл намозларини ўқиш макруҳ саналади: 

1. Субҳ вақти киргандан то бомдод ўқилгунга қадар нафл намозларини ўқиш мутлақ макруҳи таҳримийдир. Фақат субҳнинг икки ракат суннатини ўқишга рухсат бор, холос. 

2. Бомдод ўқилгандан то қуёш чиққунга қадар нафл намозларини ўқиш ҳам макруҳдир. Бу фурсатда умуман нафл намозлари ўқилмайди, гарчи намозхон бомдоднинг ёлғиз суннатини қазо қилган бўлса ҳам. Чунки субҳ суннатининг ёлғиз ўзини ўқий олмаган киши кейин қазосини ўқимайди. Агар фарзини қўшиб қазо қилганида эди, қуёш найза бўйи кўтарилгач, иккисининг қазосини ўқиган бўлар эди. Бунинг масаласи юқорида ўтди. 

3. Қуёш чиқиб то бир найза миқдори кўтарилгунча ҳам нафл намозларини ўқиш макруҳдир. Қуёш тақрибан ярим соат чамасида бир найза миқдорида кўтарилади. 

4. Қуёш тиккага келгандан то заволга оққунча вақт оралиғида ҳам намоз ўқиш мутлақ жоиз эмас. 

5. Аср намозидан то шом намозини ўқиб бўлгунга қадар ҳам нафл намозларини ўқиш макруҳдир. 

6. Имом хутба ўқиш учун минбарга чиққан вақтда ҳам намоз ўқиш жоиз эмас. Имом хоҳ жума хутбасига чиққан бўлсин, хоҳ ёмғир талаб қилинаётгандаги хутба бўлсин, хоҳ бошқаси бўлсин, барибир ўша фурсатда намоз ўқиш дуруст эмас. (Изоҳ: бизнинг диёрларда имом жума кунлари аввал ваъз қилади ва сўнг жума намозидан олдин хутба ўқиш учун минбарга чиқади. Намоз ўқиш жоиз бўлмаган вақт шу имом минбарга кўтарилган фурсатдир. Аммо имом хутбадан олдин маъруза қилаётган бўлса, масжидга келган намозхон имом турган хонадан бошқа ўринда таҳийятул масжид намозини ўқиб олиши дуруст бўлади. Умуман, имом хутба қилаётганида намоз ўқиш тортишувли масала, чунки бу ҳақда ҳар хил ривоятлар бор. Ҳанафий мазҳабида имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ҳаром. У хутбани бошлаганда эса, саломга алик олиш, акса урганга яхши тилак айтиш, Қуръон ўқиш ва шунга ўхшаган нарсалар ҳам мутлақо мумкин бўлмайди). 

7. Муаззин фарз намозига такбир айтаётганда ҳам нафл намози ўқиш макруҳдир. Фақат бомдод намозида суннатни ўқиб, фарзга етиб олишига ишонса, шу суннатни такбир айтилаётган вақтда ҳам ўқиш жоиз бўлади. Шунда суннатни имомдан узоқроқ ерда ёки бошқа хонада ўқиб олади. Муҳими, суннатни ўқиб олиб, фарзга етиб олса бўлди. 

8. Масжидда ҳайит намозидан олдин ҳам, кейин ҳам нафл намози ўқиш макруҳ. 

9. Ҳожилар Арафотда пешин билан асрни пешин вақтида жамлаб ўқишади, бу жамъи тақдим, дейилади. Шу пайтда икки жам қилинаётган намоз ўртасида ҳам нафл намозларни, ҳатто пешиннинг суннатларини ҳам ўқиш макруҳдир. Муздалифада эса шом билан хуфтонни ҳожилар хуфтон вақтида жамлаб ўқишади. Бу жамъи таъхир, дейилади. Шу икки жам қилинаётган намознинг ўртасида ҳам, гарчи шомнинг суннатини бўлса-да, ўқиш макруҳдир. 

10. Фарз намозларидан бирортасининг вақти тор бўлиб қолса ҳам, нафлларни ўқиш макруҳ ҳисобланади. 

11. Хоҳ олди, хоҳ орқа ҳожатларини мажбуран ушлаб туриб намоз ўқиш макруҳдир. Шунингдек, қорин дам бўлганда ҳам елни мажбуран ушлаб ўқилган намоз макруҳ ҳисобланади. 

12. Худди шунингдек, яна хушуъни кетказадиган ҳар қандай муҳим иш ҳозир бўлгандаги ўқилган намозлар макруҳ бўлади. Ниҳоятда оч қолган ёки чанқаган кишига овқат ёки сув олиб келинса, ўз нафсини қондириб олиб, кейин намозга туриши керак. Яна қаттиқ чарчаган киши ҳам бироз дам олиб, сўнг намоз ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади. 

Агар шу юқорида эслаб ўтилган вақтларда нафл намозлар ўқилса, макруҳи таҳрима билан адо топади. Ким ушбу пайтларда намозни бошлаб қўйса, уни бузиб намоз ўқиш макруҳ ёки ҳаром бўлмаган бошқа вақтларда ўқиши маъқулдир. 

МАРКАБДА НАМОЗ ЎҚИШ

Миниб юриладиган ҳайвонлар устида шаҳар ташқарисида қайси томонга юзланиб бўлса ҳам нафл намозлар ўқиш жоиздир. Намозни бошлашда қиблага юзланган бўлиши ҳам шарт эмас, лекин машаққат бўлмаса, қиблага юзланиб олиш мустаҳаб ҳисобланади. Машина, самолёт, поезд ва бошқа миниладиган нарсалар уловлар жумласидандир. Улов устида нафл намоз ўқиш учун узоқ сафарга чиққан бўлиши шарт эмас, балки муқим киши узрли бўлмаса ҳам, нафл намозларини маркаб устида ўқиши мумкин. Лекин бунда қиблага юзланиши шарт. 

Уловини намоз ўқиш асносида юришига оз амал билан тезлаши жоиз бўлади. Фарз, вожиб ва кўп таъкидлангани учун бомдоднинг суннатини ҳам улов устида ўқиш мумкин эмас. Шунингдек, машинада ўқиш ҳам жоиз эмас. Балки уни тўхтатиб, қиблага юзланиб ва тик турган ҳолида адо қилади. Ҳайдовчи ва шерикларни кутиб қолишлари узр бўлмайди (фақат зарурат юзасидангина дуруст бўлади. Мисол учун, ўғрининг хавфи бўлса ёки маркабдан тушганида ўзига ёки отига ё юкларига зарар етса, маркабда ўқиш жоиз).

Йўловчи пиёда юриб кета туриб фарз, вожиб ва нафл намозларини ўқиши жоиз эмас. Қачон намоз ўқимоқчи бўлса, тўхтайди ва намозни мукаммал ўқийди. 

ЭЪТИКОФ ЎТИРИШ

Масжидларда эътикоф ўтириш Қуръони Карим ва Суннати набавийя билан собит бўлган шаръий амалдир. Зуҳрийнинг хабар беришларича, Расулуллоҳ вафот этгунларига қадар эътикофни асло тарк этмаганлар. Уламоларимизнинг таърифича, эътикофдаги киши улуғ мартабали хожага ҳожати тушиб, «Ишимни битириб бермагунингизча эшигингиздан кетмайман», деб туриб олган ҳожатманд кишига ўхшайди. Дарҳақиқат, мўътакиф (эътикоф ўтирувчи) ҳам масжидда (Аллоҳнинг уйида) ўтириб, «Гуноҳларимни кечмагунингча жилмайман», деб Аллоҳга илтижо қилаётган одамдир. 

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эътикофларнинг энг оз миқдори бир кун, десалар, имом Абу Юсуф унинг энг кўпи бир кун, дейдилар. Имом Муҳаммад эса бир соат ўтирилса ҳам эътикоф ҳосил бўлади, деганлар. 

Мўътакиф фақат табиий ҳожатларини қондириш: таҳорат, ғусл ёки вақти етса, жума намозига бориш учунгина масжиддан чиқади. Ҳожатини ушатгач, бир соат масжидга кирмай, ушланиб қолса, эътикофи бузилади. Мўътакиф масжидда ухлайди, овқатланади, эҳтиёжига зарур нарсаларнигина савдо қилади, эътикоф вақтида фақат ухровий, хайрли сўзларни гапиради. 

Ким бир неча кунлик эътикофни назр қилса, кечалари ҳам масжидда бўлади. Бир кун эътикоф ўтиришни назр қилган одам тонг отмасдан масжидга киради ва қуёш ботгач эътикофи тугайди. Икки ёки ундан кўпроқ кун эътикоф ўтиришни ўзига назр қилган киши масжидга қуёш ботишидан олдин кириши ва иккинчи (ёки ундан ошиқ) куни қуёш ботгандан сўнг масжиддан чиқиши керак. Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтириш суннати муаккада кифоядир. Яъни бир шаҳар ёки қишлоқ аҳлидан бирортаси ўн кун эътикоф ўтирса, бошқалар гуноҳкор бўлишдан омон қоладилар. Агар бирорта ҳам киши эътикоф ўтирмаса, барчалари гуноҳкор бўладилар. 

ТИЛОВАТ САЖДАСИ

Қуръони Каримнинг ўн тўртта сурасидаги (баъзи мазҳабларда Ҳаж сурасининг икки жойида деб ҳисобланади) сажда оятлари ўқилганида ёки бошқанинг оғзидан эшитилганда қилинадиган сажда амали «тиловат саждаси» дейилади.

Сажда оятларини ўқувчи ҳам, эшитувчи ҳам сажда қилиши вожиб бўлади. Унинг вожиб бўлиши шарти намоз вожиб бўлишидаги аҳлийлик кабидир. Аҳлийлик – мусулмон, балоғат ёшига етган, таҳоратли (ҳайз, нифосдан пок) бўлишдир. Сажда оятларидан бири ўқилгач, уни эшитувчи ва ўқувчи учун баъзан кенг вақтда ва баъзида тез фурсатда сажда қилиб олиш вожибдир. Агар сажда ояти намоздан ташқарида ўқилса ва ёки эшитилса, уни бажариш учун фурсат кенгроқ бўлса, кечиктирган киши гуноҳкор бўлмайди. Аммо ҳаётининг охиригача кечиктириб, сажда қила олмай вафот этса гуноҳкор бўлади. Уни кечиктиришнинг ҳукми енгил макруҳдир. Агар сажда ояти намоз ичида тиловат қилинса, бу ҳолда уни адо этишни кечиктириб бўлмайди, балки вақт ўтказмай, сажда қилиш вожиб бўлади.

Агар қасддан сажда қилмаган бўлса, гуноҳкор бўлади. Чунки уни адо қилиш фурсати оздир. Шу вақтнинг ўзида саждани қилиб қўйиш керак. Намоз ичида сажда тиловати ўқилиб сажда қилинмаса, намоздан сўнг унинг қазоси адо этилмайди. Сажда оятлари суранинг ўртасида ёки охирида бўлиши мумкин. Агар сажда ояти суранинг ўртасида бўлса, намозхон уни қироат қилиш билан тўғри саждага бориши афзалдир. Бир марта сажда қилгандан сўнг яна қиёмга туриб сурани охирига етказади ёки шу сурадан намозга кифоя қилгудек оятларни қироат қилади-да, рукуъга боради. Агар сажда қилмаса, фурсатни ўтказиб қўймай, сажда ояти учун қилинадиган саждани ҳам ният қилиб рукуъ қилади. Рукуъ оят саждаси ўрнига ҳам ўтади. Аммо сажда оятидан сўнг вақтни ўтказмай, сажда қилган кишига оят саждасини ният қилиш шарт эмас. Мабодо, сажда қилиш фурсати ўтиб қолса-ю, модомики у намоз ичида экан, рукуъ билан ҳам, сажда билан ҳам сажда оятини ўқигани учун қилинадиган саждани адо қилмайди, балки шу намознинг ўзида хос битта сажда қилади.

Агар сажда ояти сура охирида бўлса, намоз ичида уни ўқиш билан орқасидан саждани ҳам ният қилиб рукуъ қилиш афзалдир. Демак, шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ўтар экан. Аммо сура охиридаги сажда оятини ўқиб, кейин тўғри саждага борса, саждадан кейин яна қиёмга қайтади ва шу сурадан кейинги сурадан бир неча оят ўқиб, сўнгра рукуъ қилади-да, намозини охирига етказади.

Сажда тиловатини эшитувчи хоҳ ўқувчининг ёнида туриб эшитсин, хоҳ узоқроқдан, (яъни микрофон орқали эшитсин) фарқи йўқ, барибир сажда қилиши вожиб бўлади. Бунинг акси ўлароқ, эшитувчи сажда оятини балоғатга етмаган гўдакдан ёки мажнундан ёки овоз ёзувчи мосламадан эшитса, унга сажда қилиш вожиб эмас. Чунки тиловат аслидан эмас, балки унинг аҳли бўлмаганлардан содир бўлмоқда.

Битта сажда оятини бир ўринда кўп бор такрорласа ҳам, бир марта сажда вожиб бўлади. Аммо жой ўзгарса, ҳар бир жой учун алоҳида сажда қилиш ҳам лозим бўлади.

Тиловат саждасини қилиш учун ҳам намоздагидек шартлар лозим бўлади. Фақат бунда такбири таҳрима бўлмайди. Тиловат саждаси жаҳрий икки суннат такбири ўртасида ва икки мустаҳаб қиём орасидаги бир марта саждадир. Икки қўл кўтарилмайди, ташаҳҳуд ўқилмайди ва салом ҳам берилмайди. Балки (тик турган ҳолида) такбир айтиб саждага йиқилади. Унда тасбеҳ айтиб, сўнг такбир билан яна қиёмга қайтади. Лекин қайта қиёмга қайтиш мустаҳабдир.

Саждада «Субҳана Раббиял аъло» деб уч бора айтади. Унга қўшиб ушбу дуони ўқиш ҳам мустаҳабдир.

اللَّهُمَّ اجْعَلْهَا عِنْدَكَ ذُخْرًا، وَأَعْظِمْ لِي بِهَا أَجْرًا، وَضَعْ عَنِّي بِهَا وِزْرًا، وَتَقَبَّلْهَا مِنِّي كَمَا تَقَبَّلْتَهَا مِنْ دَاوُدَ عَلَيْهِ السَّلَامِ.

«Аллоҳуммажъалҳаа ъиндака зуҳрон ва аъзимлий биҳаа ажрон вазоъ ъанний биҳаа визрон ва тақоббалҳаа минний камаа тақоббалатаҳаа мин Даавуда алайҳиссалаам».

Маъноси: «Аллоҳим, ушбу саждани ҳузурингда (менга) заҳира қилгин, у сабабли ажримни зиёда қилгин, унинг сабабидан гуноҳларимни кечиб юборгин, бу саждани худди Довуд алайҳиссаломдан қабул қилганингдек, мендан ҳам қабул эт».

Яна бу дуони ҳам айтади:

سَجَدَ وَجْهِي لِلَّذِي خَلَقَهُ، وَشَقَّ سَمْعَهُ وَبَصَرَهُ، بِحَوْلِهِ وَقُوَّتِهِ، فَتَبَارَكَ اللهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ.

«Сажада важҳий лиллазий холақоҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳу биҳавлиҳи ва қувватиҳ фатабарокаллоҳу аҳсанул холиқийн».

Маъноси: «Юзим уни Яратган ва унда куч-қуввати билан кўз-қулоқни очган Зотга сажда қилди. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир».

Ўтирган ҳолида сажда оятини тиловат қилган киши тик туриб кейин сажда қилиши мустаҳабдир. Сажда оятини тиловат қилган киши билан уни эшитганлар бирга сажда қилишса, эшитганлар тиловат қилгандан олдин бошларини саждадан кўтармаганлари маъқул. Чунки оятни ўқиган киши эшитувчилар учун имом ўрнида бўлади.

Қуръони Каримнинг ўн тўрт жойида сажда оятлари бўлиб, уларни тартиби билан баён этамиз:

  1. Аъроф сурасининг 206-ояти.

  2. Раъд сурасининг 15-ояти.

  3. Наҳл сурасининг 49-ояти.

  4. Исро сурасининг 109-ояти.

  5. Марям сурасининг 58-ояти.

  6. Ҳаж сурасининг 18-ояти.

  7. Фурқон сурасининг 60-ояти.

8. Намл сурасининг 24-ояти.

9. Сажда сурасининг 15-ояти.

10. Сод сурасининг 24-ояти.

11. Фуссилат сурасининг 37-ояти.

12. Нажм сурасининг 62-ояти.

13. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти.

14. Иқроъ сурасининг 19-ояти.

Ушбу сажда оятларининг ҳар бирига Мусҳафи шарифда ўқиган кишини огоҳлантириш учун белги қўйилган. Сажда қилиш ушбу оятлардан бирини бутун ёки сажда калимаси оятни кўпроғини ўқиганда вожиб бўлиб, сажда калимасини ўзини ўқиш билан сажда вожиб бўлмайди. Сурадаги сажда оятини ўқимасдан ташлаб кетиш макруҳдир. Чунки бу саждани ёқтирмасликка ўхшаб қолади. Таҳорати йўқлиги сабабли сажда қилишга тайёр бўлмаган кишиларга шафқат қилиб, улар олдида сажда оятини махфий ўқишни уламолар яхши амал, деб санашган.

Ҳайз ва нифосдаги аёлларга сажда оятини ўқиш ва эшитиш туфайли тиловат саждаси қилиш вожиб бўлмайди.

ИБРАТЛИ НАМОЗЛАР

Ҳазрати Расулуллоҳнинг намозлари

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбар алайҳиссаломнинг кечасилик намозлари ҳақида сўрашганида шундай дедилар: «Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ъиша (хуфтон) намозини ўқиганларидан кейин кечанинг аввалги қисмида ором олар эдилар. Кейин ўринларидан туриб, «таҳажжуд» намозини ўқир эдилар. Ундан кейин жойларига келиб ётардилар. Қачон фажр (бомдод) намози азонини эшитсалар, ирғиб ўриндан турар, таҳорат қилар, намозга чиқиб кетардилар». Яна Оиша онамиз айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уйқу ғолиб келиб ё ухлаб қолиб, кечасиги намозларини, яъни таҳажжудларини ўқий олмай қолсалар, кундузи чош вақтида ўн икки ракат ўқир эдилар». 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: «Бир кеча мен жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан намоз ўқидим. Жаноб қиёмда шу қадар узоқ турдиларки, мен таҳаммул қила олмай, ўлтириб олмоқчи ва жаноб Расулуллоҳнинг ўзларини танҳо қўймоқчи бўлдим». 

Ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо шундай дедилар: «Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайтларда нафл намозларини ўтириб ўқидилар. Ўтирган ҳолларида Қуръони шарифни одатларига мувофиқ узун ўқиб борардилар. Вақтики, бир ракатнинг ҳиссасидан ўттиз ёки қирқ оят миқдори қолса, шунда туриб олардилар. Кейин рукуъ ва сажда қилардилар. Кейин иккинчи ракатда ҳам шундай қилардилар». 

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Бир кеча мен жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлдим. У зот аввал мисвок ишлатдилар, кейин таҳорат олдилар. Кейин намозга ният қилдилар. Мен ҳам у зотга иқтидо қилиб, намозга шуруъ қилдим. Жаноб сураи Фотиҳадан сўнг зам сурага Бақара сурасини бошладилар. Қачон бир раҳмат оятини ўқисалар, тўхтаб олиб, Аллоҳдан раҳмат талаб этардилар. Қачон бир азоб оятини ўқисалар, тўхтаб туриб, ундан паноҳ тиладилар. Кейин рукуъ қилдилар. Ва рукуъларида қиёмда турган микдорча турдилар ва: «Субҳана зил жабаруту вал малакут вал кибрияи вал азамати» дуосини ўқидилар. Кейин сажда қилдилар ва саждага ҳам рукуъда турган микдорда турдилар ва бунда ҳам юқоридаги дуони ўқиб турдилар. Кейин иккинчи ракатга турдилар ва бунда Оли Имронни зам қилдилар. Ва бу ракатда ҳам аввалги ҳолатни қайтардилар. Бу намоз ўзи тўрт ракатли намоз эди. Учинчи ракатида Нисо сурасини, тўртинчисида Моида сурасини ўша кайфиятда ўқидилар». 

Бир киши Оиша розияллоҳу анҳодан сўради: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида бирорта диққатга сазовор ҳадис айтинг». У киши шундай жавоб бердилар: «Расулуллоҳнинг ҳеч бир нарсалари ғайритабиий эмас эди. Ҳар бир қилган ишлари диққатга сазовор эди. Бир куни тунда келиб, мен билан ётдилар. Бир оздан кейин: «Энди мен Эгамга ибодат қилай», деб туриб кетдилар. Шундай деб, Набий намозга турдилар, Яратгувчи олдида самимият билан камтарона қиёмга турдилар, кўз ёшлари ёноқларидан соқолларига ва кўксиларига оқиб тушди. Ундан кейин рукуъ ва саждага эгилганларида кўз ёшлари худди олдингидек дувиллаб оқди. Саждадан бош кўтаргач, Билол фажр намози яқинлашиб қолганини маълум қилгунича йиғини давом эттирдилар. Мен у зот билан бирга Аллоҳдан раҳм-шафқат тиладим ва: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз бегуноҳсиз, чунки Аллоҳ фазли-карами билан сизнинг аввал қилган ва келгусида келадиган барча гуноҳларингизни кечирган-ку, яна сиз Ундан мамнун эмасмисиз?» дедим. Расулуллоҳ жавоб бердилар: «Нега энди мен – Аллоҳнинг қули мамнун бўлмайин?» Кейин қўшимча қилдилар: «Нега мен бундай ибодат қилмаслигим керак? Аллоҳ бугунги кунда менга ушбу оятларни нозил қилди-ку: «Албатта, осмонлару Ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят (белги)лар бор. Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилиб, шундай дейдилар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин» (Оли Имрон сураси, 190-191-оятлар)». 

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқиган намози ҳақида ривоят қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ўқилган Қуръон тиловати аввал зикр этилган тўрт ракатда Қуръоннинг бешдан биридан кўплик қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тажвид қоидаларига риоя қилар ва ибодат ҳамда кечирим сўрашга алоқадор оятларни ўқирдилар. У зотнинг рукуъ ва саждалари қиёмга тенг давом этарди». 

РОШИД ХАЛИФАЛАРНИНГ НАМОЗИ

Мужоҳид Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг намоз ўқишини тасвирлаб шундай дейди: «Улар намозда ёғоч ҳасса сингари қилт этмай туришарди». Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқишни Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ўрганганини, у ўз навбатида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганини таъкидлайди. 

Умар розияллоҳу анҳуга насроний қул Абу Луълуа заҳарли ханжар урганида бу жароҳат ўлимларига сабаб бўлди. У киши кўп қон йўқотиб, узоқ вақт беҳуш ётдилар. Аммо намоз вақти бўлгани ҳақида хабар беришганида, ана шу оғир аҳволда ҳам у зот намозини адо этдилар. 

Усмон розияллоҳу анҳу намозда туни билан қолиб кетардилар ва бир ракатда (деярли) Қуръонни тамомлаганлар. 

Тўртинчи халифа Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу намоз вақти кириши билан ҳоллари ўзгариб, ранглари ўчар, бутун баданларига титроқ кирар экан. Сабабини сўрашганда: «Билмайсизларми, бу вақт Аллоҳ ерга ва осмонларга таклиф этганида, улар ўзларига юклатиб қолинишидан қочган бу омонатнинг адо вақтидир. Мен бу омонатни (яъни инсонийлик ва унинг шарти бўлган намозни) зиммага олган бўламан. Ўзимга юкланган бу илоҳий омонатни энг гўзал бир шаклда адо эта оламанми ёки адо эта олмайманми, шуни ҳам билмайман», деб жавоб қилганлар. 

САҲОБА ВА ТОБЕЪИНЛАР НАМОЗИ

Айтишларича, саҳоба Абдуллоҳ ибн Зубайр саждада жуда узоқ қоларканлар. Шунчалик жим туриб қоларканларки, қушлар келиб, у кишининг орқасига қўнаркан. У баъзан сажда ёки рукуъда туни билан тураркан, ғазот-уруш пайтида у намоз ўқиётган масжид деворини ўқ тешиб вайрон қилган экан. Девордан бир парча тош отилиб, Абдуллоҳнинг соқоли ва томоғи ўртасидан ўтган экан. У шунда ҳам намозини қисқартирмабди ва ғазабланмабди. Бир куни у намоз ўқиётганида ўғли Ҳошим унинг ёнида ухлаётган экан. Илон шипдан тушиб, бола атрофида айланибди. Бола уйғонибди ва қичқирибди, барча уй эгалари боланинг атрофига тўпланишибди. Улар шов-шув ва қичқириқлар билан илонни ўлдиришибди. Ибн Зубайр хотиржам ва осойишта намоз ўқиш билан банд экан. Намозни ўқиб бўлиб, хотинига дебди: «Намоз вақтида шов-шув эшитдим, нима бўлди?» Хотин ҳайқирибди: «Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Боланинг ҳаёти хавф остида эди, сиз зиғирча ҳам аҳамият бермабсиз». 

Абу Талҳа розияллоҳу анҳу бир куни ўз боғида намоз ўқирди. Унинг эътибори шохма-шох юрган қушга тушди, қуюқ барглар орасидан уни тополмади. Бир неча сония кўзлари билан қушни излади ва намоз ракати миқдори ёдидан чиқди. Бу хатосидан ўзига ғазаби зиёда бўлди. Тўғри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб шундай деди: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг бу боғим намозимга нуқсон етишига сабаб бўлди, мен уни Аллоҳ йўлида инъом этаман. Ўзингиз қандай раво кўрсангиз, ундан шундай фойдаланаверинг». 

Усмон розияллоҳу анҳу замонида бир ансор билан ҳам шундай воқеа юз берган. У ўз боғида намоз ўқирди. Дарахт шохлари пишган ширадор хурмолар мўл-кўллигидан эгилиб қолганди, бу унинг эътиборини ўзига тортди, мамнун бўлди. Аммо бу ракат миқдорини унутишга сабаб бўлди. Жаҳли чиқиб, уни намоздан чалғитган боғдан воз кечишга аҳд қилди. У Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, боғдан Аллоҳ йўлида фойдаланишини илтимос қилди. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу боғини эллик минг дирҳамга соттириб, пулни Ислом эҳтиёжига сарфладилар. Бу саҳобаларнинг намозга эътиқоди нақадар юксаклигини кўрсатади. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу намозга турганларида (ҳузурнинг ҳайбатидан) тахланган либос каби бўлиб қоларканлар. Намоз чоғи уйдагиларнинг гап-сўзини ҳам эшитмас эканлар. Баъзан уйдагилар: «Жим, овоз чиқарманглар, Абдуллоҳ намоз ўқияпти», дейишса, у киши: «Истаганларингизни гапираверинг, мен намоздалик пайтимда гапларингизни эшитмайман», деганлар. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўз (пардаси) оғришидан изтироб чекарди. Табиб унга шундай деди: «Даволаш мумкин, фақат эҳтиёт чорасини кўришинг керак. Беш кунлаб ерга мукка тушишдан ўзингни тийиб туришинг лозим. Шу боис саждани адо этишда тахта мосламадан фойдаланишинг мумкин». У деди: «Бунақа бўлиши мумкин эмас, бу аҳволда мен бир ракат ҳам намоз ўқий олмайман. Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: «Бирор кимса билиб туриб хато намоз ўқиса, қиёмат кунида Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади»

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дейди: «Бу одамлар савдога муккасидан кетган, аммо улар азонни эшитишлари билан ҳамма нарсани ташлаб, масжид томон шошиладилар». 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам урушдан қайтаётиб, бир жойда тўхтаб тунашга қарор қилдилар. Сўрадиларки: «Бугун тунда бу жойни ким қўриқлайди?» Муҳожир Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва ансор Аббал ибн Бишр ўз хизматларини таклиф этишди. Иккалови қир тепасида душманнинг тасодифий тунги ҳужумига қарши соқчилик қилиб туришди. Аббал Амморга деди: «Кел, навбати билан кузатайлик. Туннинг ярмида сен ухлаганингда мен уйғоқ бўлай, қолган ярмида мен ухлаганимда сен қоровуллик қил». Аммор рози бўлди ва ухлади. Аббал намоз бошлади. Бироқ душман кузатувчиси олисдан қоронғуда белгилаб қўйган экан, унга камон ўқини отди. Уни пайқаб, Аббал қимир этмади, душман унга тегмади, деб ўйлаб, яна ва яна ўқ отди. Аббал ҳар бир ўқни олиб, эгасига қайтариб отаверди, ниҳоят ҳамроҳи уйғониб қолди. Душман улар иккаловини бирга кўргач, у ерда улар кўпчилик бўлишса керак, деб қочиб қолди. Аммор Аббалнинг уч жойидан қон оқаётганини пайқаб қолди ва: «Субҳаналлоҳ! Нега мени эртароқ уйғотмадинг?» деди. Аббал жавоб берди: «Намозда «Каҳф» сурасини ўқий бошлаган эдим. Мен унинг қисқа бўлишини ёқтирмасдим, аммо менга учинчи марта ўқ узилганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хавфсизликларига менинг ўлимимнинг катта алоқаси борлигини билдим. Шунинг учун намозни тамомлаб, сени уйғотдим. Бироқ ана шу ҳайиқиш бўлмаса, мени ўлдириб қўйишганида ҳам сурани тамомламай рукуъга бормаган бўлардим» 

Изоҳ: Ҳанафий мазҳабига кўра қон оқиши билан таҳорат бузилади, шофеъий мазҳаби қоидасида биноан бундай эмас, Аббал иккинчи қоидага риоя қилган бўлиши мумкин.

Кимдир Халаф ибн Айюбдан: «Намоз вақтида пашшалар ғашингизга тегмайдими?» деб сўради. У шундай жавоб қилди: «Ҳатто гуноҳкор бандалар ҳукмдорнинг қийноқларига бардош берадилар, уларнинг бу бардошлари, чидамлиликларига тасанно. Нега мен Хожам ҳузурида туриб, арзимас пашшаларнинг хархашасига безовта бўларканман?»

Муслим ибн Йасир намозга турганида ўз оила ­аъзоларига дер экан: «Сизлар суҳбатлашаверинглар, нима гапирганларингни мен билмасам бўлди». Бир куни у Басранинг жомеъ масжидида намоз ўқирди. Масжид деворининг бир бўлаги йиқилиб тушди, ҳамма жонини қутқариш учун қочиб қолди, бироқ у (Ибн Йасир) шовқинни ҳам эшитмади. 

  Хотами Асом розияллоҳу анҳудан «Намозни қандай ўқийсиз?» деб сўраганларида, у зот бундай жавоб қилган эканлар: «Намоз вақти яқинлашганида яхшилаб таҳорат оламан, намоз ўқийдиган жойимга бориб ўтираман, ақлимни жамлаб, кейин намозга тураман. Каъбани икки қошим ўртасида, Сирот кўпригини оёғим остида, жаннатни ўнг томонимда, жаҳаннамни чап тарафимда, ўлим фариштасини тепамда тасаввур этиб, қўрқув ва умид билан оламлар Рабби ҳузурида тураман. Тафаккур қилиб такбир айтаман, оғир-оғир ва маъносини ўйлаб Қуръон ўқийман, тавозуъ билан рукуъ қиламан, хушуъ билан саждага бораман. Ўнг оёғимни тик қилиб, чап оёғим устига ўтираман, намозимни ихлос ва самимият билан адо этишга ҳаракат қиламан». 

АВЛИЁЛАР ВА АЛЛОМАЛАРНИНГ НАМОЗИ

Валий аёлларимиздан Робиъа Адавийя намоз ўқиётганларида кўзларига қамишнинг учи кириб кетибди. Намозларини тугатиб, то салом бермагунларича буни пайқамабдилар ҳам. Салом бергандан кейин оғриқни сезиб: «Бир қаранг-чи, кўзимга нима кирибди?» деб юборган эканлар. Ва у қамиш заррачасини кўзларидан зўрға чиқаришибди. 

Шайхлардан бири шундай нақл қилади: «Ҳавас қилиб Шайх Увайс Қаранийни кўргани бордим. Зуҳо намозини ўқир эди. Намоздан фориғ бўлгач, тасбеҳ билан машғул бўлди. Тамом бўлиши билан салом берар, деб турсам, ҳеч бир томонга қарамасдан пешин намозини бошлаб юборди. Шундай қилиб, уч кун кутдим. Узлуксиз намоздан фориғ бўлмади. Ҳеч нарса емади, ичмади, ухламади ҳам. Тўртинчи кечада муножот қилаётганини эшитдим. У Ҳақ таолога шундай деб ёлборар эди: «Илоҳо, кўп ухлар кўздан ва кўп еяр қориндан Ўзингдан паноҳингни тилайман!» Бу сўзларни эшитгач, «Ана шу ўгит менга етарли», дедим. 

Увайс Қараний ҳазратлари умрида бирон кеча тўйиб ухламади. Кеч тушиши билан «Бу кеча – қиём кечаси», дер, бошқа кечада «Бу кеча – рукуъ кечаси», дер, яна бошқасида «Бу кеча – сужуд кечаси» дер ва тонгга қадар саждадан бош кўтармасди. Ундан: «Намозда хушуъ недур?» деб сўраганларида, «Намоз вақтида танангга қилич санчиб, бошқа томонингдан чиқарсалар ҳам, зарра сезмаслик – хушуъ», деган эканлар. 

Ҳасан Басрий ҳазратлари ўз намозгоҳида намоз ўқир эди. Бир киши унинг олдида кутиб ўтирар эди. Шу пайт ногоҳ ўша кишининг устига сув сочилиб кетди. У киши «Тағин нопок сув бўлмасин», деб тараддуланиб турган эди, Ҳасан Басрий: «Бу – мен осийнинг кўз ёшларидир», деб тинчитди. 

«Дуррул Мухтор»нинг шарҳида Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг намозлари тўғрисида шундай ёзилган: «Қирқ йил бир таҳорат билан беш вақт намозни ўқидилар. Уйқулари ёз фаслида пешин ва аср намозлари орасида бир неча лаҳза ўтирган ҳолда бўларди. Қиш фаслида ҳаммаси бўлиб, кечанинг бошида бир соат эди. Кўп йиғлардилар, қўшнилари уларнинг йиғиларини эшитиб раҳм қилишарди. Ва эллик маротаба Байтуллоҳга ҳаж қилдилар». 

Имом Аъзамнинг ибодатлари ҳақида Имом Мисъар шундай деганлар: «Ишроқ намозини ўқиб бўлиб, дарс ўтар ва фатво берардилар, пешин намозини ўқиб бўлибоқ, асргача дарс айтардилар, асрни тугатиб, яна шомгача сабоқ берардилар, кейин бу ҳол хуфтонгача давом этарди. Шогирдлар кетгандан сўнг покиза таҳорат ила масжидга чиқиб, бомдодгача намоз ўқирдилар. Сўнгра уйларига кириб, тоза кийим кийгач, тонг намози учун чиқардилар. Эртасига ҳам яна шуни қайтарардилар. Хулласи калом, кўп замонлар пойлаб юриб, на кундузи бирор нарса еганларини кўрдим, на кечаси ухлаганларини кўрдим. Пешиндан илгари озгина кўз илинтириб олардилар». 

Имом Шорик айтибдилар: «Бир йил Абу Ҳанифа ила кеча ва кундуз бирга бўлдим. Бирор бора ёнбош қилганларини кўрмадим». 

Фузайл ибн Дукин шундай деган: «Кўплаб тобеъинларни ва бошқа уламоларни кўрдим, аммо Абу Ҳанифадан яхшироқ намоз ўқийдиган кишини кўрмадим. Намозга кирмасдан илгари йиғлаб дуо қилардилар». 

Буюк муҳаддис Имом Бухорий Роббисига покизалик билан боғланиб, Унга доимий яқинликда бўлар, ҳатто бирор амални бошлашдан олдин ибодат қилиб киришмоқни лозим тутардилар. «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ»га аввал ғусл қилиб, сўнг икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳдан шу ишлари учун яхшилик тиламасдан туриб бирор ҳадисни ёзмас эдилар. Ибодатда қалби ва ҳар бир ­аъзоси билан хушуъ-тазарруъ этиб, ихлос қилган ҳолда Аллоҳнинг ўзига юзланар эдилар. Бир куни намоз ўқиб турганларида ўн етти марта ари чақиб олди, шунда ҳам намозни бузмадилар, ҳоллари ҳам ўзгармади. 

Улуғларимиз намозни ана шундай гўзал ўқишган. Лекин биз бундан «Менинг намозим қабул бўлмас экан-да», деган шубҳага берилмай, намозимизни комил қилишга, хушуъ ва хузуъ билан адо этишга ҳаракат қилайлик, улуғларга эргашиб, уларнинг ибодатларидан ибратланайлик!