"Дуода қўлларни юқорига кўтариш бандаликка оид хусусиятдир. Кўзлар осмонга қаратиш ҳикматини Аллоҳнинг ўша тарафда эканлиги билан боғлиқ эканлигига ишонган киши, намозда ва шунга ўхшаш (сажда) вақтида назарини ерга қаратганда Аллоҳнинг Ернинг остида эканлигига ишонган киши кабидир.
Яна у намозда Қиблага юзланиш учун тўғрига ёки ғарбга, ёки ҳаж ибодати учун Маккага юзланган киши Аллоҳнинг ўша тарафда эканлигига ишонган кишига ўхшаб қолади.
Аллоҳ таоло эса бу нарсаларнинг барчасидан покдир. Аллоҳ таоло наздида ҳеч бир тараф бошқа тарафдан янада яқин ёки илми билан қамраб олишга қулайроқ эмас. Махлуқотлар Унга етишиши учун бирор тарафни танлаш қудратига эга эмаслар... Ҳеч бир кишининг зеҳнида тарафларнинг бири ёки бошқаси орқали Унга етишиш фикри келмайди, фақатгина Аллоҳни тўғри танимаган кишигина (бундай адашиши мумкин)"
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг "Ат-Тавҳид" китобидан
Изоҳ: Сохта салафийлар Аллоҳ таолонинг юқори тарафда эканлигини исботлаш учун "дуоларимизда қўлимизни осмонга кўтарамиз" деб ақлий далил келтирмоқчи бўлади. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари динда ақлий далилларга суянмаслик кераклигини даъво қиладиган кишилар эди.
Ана шундай кишиларнинг "ақлий" далилларига Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ юқоридагидек фикрлар билан раддия берадилар.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати