Аҳли сунна вал жамоа фақиҳларининг иттифоқига кўра “Жиҳод никоҳи” деб ном олган никоҳ тури мавжуд эмас. Кофирларнинг жиҳоди эса бирон хил никоҳ турини жоиз қила олмайди. Олимлар наздида машҳур сўз шуки, аёлларни мутъа қилиш – ҳатто аҳли суннат вал жамоадан ташқари бўлган фирқалар наздида жоиз бўлса ҳам – никоҳ қилиш дегани эмас. Фатво олимлари мутъани никоҳ деб билмайди. Биз ҳам никоҳ ҳукмларини мутъа учун тегишли деб билмаймиз. Мутъа учун ўзига хос ҳолат мавжудки, Ислом шариатининг бирон-бир қоидаси уни мувофиқ ёки муносиб деб билмайди. Гарчи кўпчилик мутъага никоҳ тури, деб мурожаат этсада, бу маъно мажозийдир. Сабаби у Исломдан олдинги жоҳилият унсурларидан бири бўлиб, биров ўз истагини қондиришига “мутъа” дейилган. Мусулмонларнинг ғазот муддати чўзилгач мутъанинг жоиз бўлишига мажбур бўлинди. Чунки ёлғизлик қийин бўлгач баъзи саҳобалар ўзларини ахта қилишгача бордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ахта қилишдан қайтардилар ва уруш даврида аёлларни мутъа қилиш ваҳийга мувофиқ равишда рухсат бердилар. Шундан кейин ваҳийнинг мувофиқлиги билан мутъа никоҳи ҳаром, деб ворид бўлди. Унинг ҳаром эканлигига шариатда қатъий ва мутавотир ҳужжатлар мавжуд.
Улардан ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларидир:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мутъадан ва хонаки эшакларнинг гўштини ейишдан Хайбар даврида қайтардилар”. Имом Жуҳаний розияллоҳу анҳунинг ҳадисларига кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мутъа қилиб олишга Фатҳ йилида рухсат берганлар. Унда айтилади:
“Унинг отаси Макка фатҳига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазот қилган. Биз унда 15 ой туриб қолдик. Шунда биз учун аёлларни мутъа қилишга рухсат бўлди, сўнгра ҳаром қилинди”.
Бошқа ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳажжатул вадоъ”да рухсат берганликлари ва Сабура р.а. ҳадисларига кўра абадий ҳаром қилганлар. Ҳадисда келадики:
“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга “Ҳажжатул вадоъ”га чиқдик. Улар айтишди: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Ёлғизлик бизга қийин бўлмоқда”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бу аёллардан фойдаланинглар” деб жавоб бердилар. Биз аёллар олдига борганимизда улар бизга никоҳланишдан бош тортдилар, фақат бир муддат бўлсагина рози бўлишди. Бу ҳолатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам га билдиришди. Шунда у киши бир муддатга изн бердилар. Мен бир аёлга уйландим ва унинг олдида бир кеча қолдим. Эрталаб уйғонсам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рукн ва боб орасида тик турган эдилар ва айтдилар: “Эй одамлар! Мен сизларга аёллардан фойдаланишга рухсат бердим. Билиб қўйинглар, Аллоҳ таоло уни қиёматгача ҳаром қилди. Агар ёнингизда ўша аёллардан биронтаси бор бўлса, уни ўз ҳолига қўйсин ва унга берган нарсангиздан ҳеч нимани олманглар”.
Шунинг учун, аҳли суннанинг тўрт имоми, саҳобалар, тобеинлар ва уларга эргашганлар сабаби қандай бўлмасин аёлларни мутъа қилиб олиш қатъиян ҳаром, деб иттифоқ қилишди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Мутъа никоҳни, талоқни, иддани, меросни ҳаром қилди ёки бузиб юборди”.Бунинг маъноси шуки, мутъа талоқсиз ва ажратишсиз кўтарилади, унда мерос бўлмайди. Сабаби, мутъа никоҳ ҳисобланмайди. Аёлдан фойдаланган киши эр бўлмайди, аёл эса хотин бўлмайди.
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани биров ўзига ҳалол деса, дарҳақиқат у кофир бўлади ва қилаётган иши айни зино бўлади. Бундай одамлар Аллоҳнинг ҳудудини бузиб Аллоҳга қарши курашмоқда. Уларнинг жиҳоди, қарши кураши Аллоҳга бўлиб қолаверади. Аллоҳ эса уларни яқин орада яксон қилиб ташлайди.
Толибжон Шарипов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَهَّزَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَاطِمَةَ فِي خَمِيلٍ وَقِرْبَةٍ وَوِسَادَةٍ حَشْوُهَا إِذْخِرٌ .رَوَاهُ النَّسَائِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чийдухоба, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз (сеп) қилиб бердилар» (Насаий ривоят қилган). Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Оламларнинг саййиди бўлмиш зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари, аҳли жаннат аёлларнинг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога қилиб берган сеплари қанчалик камтарона, қанчалик содда бўлганини қаранг.
Бу ҳолатни билгандан кейин бугунги кунга бир назар солайлик. Бошқаларни қўйиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларга кўз ташлайлик.
Қиз бола туғилганидан бошлаб, емай-ичмай, едирмай-ичирмай сеп тўплаб, бўлган-бўлмаган нарсани йиғиб, жамлаб юрадиганларга нима дейиш мумкин?
Сеп масаласини никоҳнинг асосий ва марказий масаласига айлантирувчиларга нима деймиз?
Келиннинг эпига эмас, сепига қарайдиган қудаларга нима деймиз?
Сеп туфайли келиб чиқаётган уруш-жанжалларга нима деймиз?
Нима ҳам дер эдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг, оталар, деймиз.
Фотимаи Заҳродан ўрнак олинг, қизлар, деймиз.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олинг, куёвлар, деймиз.
Сеп масаласида тез-тез оилавий келишмовчиликлар чиқиб туришини кўзда тутиб, уламоларимиз бу масалани батафсил ёритиб берганлар.
– Маҳр деб берилган нарсанинг сепга ҳеч алоқаси йўқ.
Бир одам маҳрга минг динор берди. Одатда бунчалик кўп маҳр олган келин кўп сеп билан келар эди. Аммо бу келин оз сеп билан келди. Шунда эрнинг «Сен кўп жиҳоз билан келишинг керак эди», дейишга ҳаққи йўқ.
– Келин ўзи билан олиб келган сепига ўзи эга ҳисобланади. У нарсаларда эрнинг ҳаққи йўқ.
– Агар эр маҳрдан ташқари, жиҳоз олишга алоҳида пул берган бўлса-ю, келин ҳеч нарса олмай келса, эр талаб қилиши мумкин. Аммо маълум муддат индамай юрса, рози бўлган ҳисобланади ва кейин талаб қилишга ҳаққи қолмайди.
– Агар ота урф-одатга биноан, қизига сеп олиб берган бўлса, кейин уни қайтариб олишга ҳаққи йўқ. Ота вафот этганидан кейин бошқа меросхўрлар ҳам уни ололмайдилар.
– Ота қизи кичкиналик пайтида унга сеп бўладиган нарсани сотиб олиб берган бўлса, кейинчалик орада низо чиқиб, ота «Омонатга берган эдим», деса, қиз эса «Сепга берилган эди», деса, отанинг ҳужжат-далиллари бўлмаса, қизнинг гапи ўтади. Агар қиз вафот этганидан кейин низо чиқса, унинг эрининг гапи ўтади.
– Агар она отадан сўрамай, уйдаги нарсалардан қизига берса, ота индамаса, у нарсалар қизга сеп бўлади, қайтариб олиш мумкин эмас.
– Агар куёв қизнинг валийларига тўйни тезлаштириш учун бирор нарса берган бўлса, кейинчалик «Ўша нарсани қайтариб беринглар», дейишга ҳаққи бор. Чунки у нарса ришва – пора ҳисобланади.
Ҳамма муқаддималар қилиб бўлинганидан кейин эр-хотин бўлиб яшашдан олдин никоҳни эълон қилиш керак.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди