frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Илм туфайли инсон олий мартабага етади

30.11.2023   3581   3 min.
Илм туфайли инсон олий мартабага етади

 Қуръони  Каримда: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми», деб таъкидланади (Зумар, 9). 

Ислом дини таълимотида  ва ҳадиси шарифда: «Илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир», – дейилади.  Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, ҳар бир мўмин-мусулмонга  илм олиб  унга амал қилган ҳолда, ҳаётга татбиқ этиш зиммасидаги буюк фарз эканлиги эслатиб ўтилмокда.

Бу замин зиёси не-не замонлар тарих зарварақларига муҳрланди. Қанча-қанча даҳоларга бешик, илм маърифатига эшик бўлган заминдир. Бу замин илм қуёши билан неча-неча ўлкаларни ёритган ва ер юзини қалам билан забт этган муҳаддис султонларининг элидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

 «Ким бу дунёни роҳатини кўзласа, тижорат қилсин, охират саодатини ўйласа, тоат-ибодат қилсин, агар икки дунёсини обод бўлишини хоҳласа, илм олсин», – деганлар. 

Алломаларимиз олган илмларига амал килган ҳолда жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшганлар. Олимлар ва комил инсонлар даражасига етишиш фақат илм соҳибларига хосдир.  

Ислом мутаффакирлари фикрларига кўра: «Илм – нарсани қандай бўлса ана шундай билиб олишдир, ҳар қандай билиш ва ўрганилган нарсага илм дейилади. Олган илмга амал  қилиб, уни етказиш маърифатдир». Ҳар бир инсоннинг илм-маърифат касб этишида  сарф, наҳв, фиқҳ, тафсир ва ҳадис, калом илми каби диний, ҳамда тарих, адабиёт, тиббиёт, фалакиёт ва бошқа дунёвий илмларни ўрганиш зарур бўлади. 

XX аср охирларида миллий истиқлол шарофати билан Ватанимизда ўтмишдаги алломаларга, уларнинг ҳаётлари ва ёзиб кетган асарларига нисбатан фикрлашда кескин бир бурилиш ясалди, яъни заминимизда яшаб ўтган буюк  олимлар, ўзларининг дунёвий, диний ва маърифий асарлари билан жаҳон маънавиятининг хазинасига улкан ҳисса қўшган зотларнинг номлари тикланди. 

Кейинги йилларда Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Алишер Навоий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Ҳожа Баҳовуддин Нақшбандий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Фаробий, Абу Али Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний, Насафий, Термизий, Ҳожа Аҳмад Яссавий каби кўплаб ҳаёти ва ижоди ўрганилмоқда.

Ушбу алломаларимиз йўлларини давом эттириш учун ёш авлодга илм олиш ва уларнинг асарларида ёритиб берилган масалаларни ҳаётда татбиқ этишларига замин ҳозирлашимиз зарурдир.  Маълумки,  Қуръони карим ҳам «Ўқи» деган амри билан нозил бўлган. Қуръони каримнинг 811 жойида илм сўзи такрорланади.

Келгусида  ўз тақдирини шу юрт истиқболи билан боғлаган ҳар бир ёш авлод аждодларимизнинг бой меросларидан  ўзи ҳам баҳраманд бўлиб, халқимиз илму-маърифатини янада юксакликка олиб чиқишда ўз ҳиссаларини қўшадилар деган  умиддамиз. 

Имом ат-Термизий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда, У зот: «Аллоҳ ва унинг малоикалари ва ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам илм аҳилларига истиғфор айтадилар», – деганлар. Шунингдек, бошқа бир ривоятда: «Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ Таоло унга жаннат йўлларини тўғрилаб қўюр», – деб марҳамат қилинган. Илм инсонни ботинини кашф этувчи омилдир. Илм душманларга қурол, дўстлар ўртасида эса зийнатдир. Илм туфайли инсон олий мартабага етади. Илм инсонларнинг тафаккурини ҳамда маънавиятини юксалтириб дунёни тараққий этишига бош мезон бўлиши билан бирга, инсоннинг ботинини кашф этувчи омилдир.

 

 Адҳам ДЎСМАТОВ, Тошкент шаҳридаги “Минор” 
жоме масжиди имом-ноиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди

17.08.2026   35552   1 min.
Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.

Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.

Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.

Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.

Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.

Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди
Янгиликлар