Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2025   |   23 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2025, 23 Шаввол, 1446

БМТнинг  50 йиллик  байрами

24.10.2021   3725   10 min.
БМТнинг  50 йиллик  байрами

“Эй имон келтирганлар!

Ёппасига итоатга киришингиз ва

шайтоннинг изидан эргашмангиз!

Албатта у сизларга аниқ душмандир”.

                Қуръони Карим

                Бақара сураси 208 оят

 

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) – Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

1971 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ўз резолюциясида аъзо давлатларга бу кунни байрам сифатида нишонлашни тавсия қилган.

БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгҳуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни хал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар харакатини уйғунлаштириб турадиган маркази ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро ҳуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий ҳуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларига ва катта-кичик миллатлар ҳуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий ахд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!

Айни маҳалда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш учун таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик адоват ва фаровонликнинг муҳим аҳамияти ҳисобланадиган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

БМТ Устави барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро ҳужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери юқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенгҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари Умумжахон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон ҳуқуқлари сохасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатий равишда бажариб келмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда муҳтарам Президентимизни рахнамоликларида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароликнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқароларнинг ўзлари ҳам иштирок этмоқдалар. Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.

1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий ҳуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу ҳужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жахондаги энг кўп таржима қилинадиган ҳужжат ҳисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур ҳужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик хақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.

Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро ҳужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон ҳуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.

БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.

Давлатимиз Раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72­-сессиясида жахоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, хуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.

Шунингдек,  давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.

БМТ ҳар бир инсонни ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умумжаҳон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.

“Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон ҳуқуқлари поймол бўлишида хақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ходисаларда халок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф муҳитни мухофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.

БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев рахнамоликларида  хукуматимиз, Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар ҳали ҳамон бажарилиб келинмоқда... Бунга дунё тан бермоқда...

 

Иброҳимжон  ИНОМОВ,

  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бобур ўн икки минг аскар билан Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини мағлуб этган

21.04.2025   916   6 min.
Бобур ўн икки минг аскар билан Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини мағлуб этган

Ватанимиз тарихидаги 21 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
 

1408 йил (бундан 617 йил олдин) – Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Озарбайжон ҳукмдори Қора Юсуф билан Табриз ёнида бўлган жангда 42 ёшида ҳалок бўлди. Тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида қайд этилишича, Мироншоҳнинг қотили унинг бошини Қора Юсуфга олиб келади. У амирзода Мироншоҳ қотилининг бошини кесишни буюради. Мироншоҳни барча эҳтиромлар билан Табризнинг Сурхоб туманида дафн қиладилар. Шамс Ғурий исмли киши бир неча вақтдан сўнг дарвеш кийимида Мироншоҳ жасадини Самарқандга олиб бориб қўяди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Амир Темур Мироншоҳни ўн тўрт ёшида Хуросонга ҳоким, йигирма етти ёшида Эрон ва Ироқ ҳукмдори қилиб тайинлайди. Бироқ кейинги пайтларда Мироншоҳ маишатга берилиб, давлат ишларига қарамай кўяди. Узлуксиз базм ва кўнгилочар ўйинлар хазинага сезиларли даражада зарба беради. Мамлакатда тартиб бузилади. Бундан хабар топган Амир Темур 1399 йил Султонияга келиб ўттиз уч ёшли Мироншоҳни ҳокимиятдан четлатади.


1526 йил (бундан 499 йил олдин) – Деҳлидан тахминан 100 км шимолда жойлашган Панипат яланглигида 12 минг аскардан иборат Бобур қўшини ва Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг пиёда ҳамда бир минг жанговар филдан иборат армияси ўртасида жанг бўлиб ўтди. Ҳинд қўшини тартибсиз тарзда жангни бошлаган. Бобурнинг баранғор ва жувонғори тўлғама усули билан ғанимнинг орт томонига ўтиб унга кучли зарбалар берган. Иброҳим Лўдий асосий кучлари ва жанговар филлар билан марказга ҳамла қилган. Шунда Бобур ҳўкизларнинг хом терисидан эшилган арқонлар билан бир-бирига маҳкам боғланган 700 та арава ва улар орасига ўрнатилган туроқалқонлар паноҳида турган тўфакандозларни жангга ташлайди. Тўфак ва замбарак ўқларидан ярадор бўлган филлар чекиниб устларидан филбонларни йиқитиб, пиёдаларни янчиб ўтади, ҳиндлар саросимага тушиб қочишга тушганлар. Султон Иброҳим Лўдий ва тахминан 50 минг ҳинд жангчиси ҳалок бўлган. Бобур Деҳли ва Аграни забт этиб, Шимолий Ҳиндистонда Бобурийлар давлатига асос солади.


1901 йил (бундан 124 йил олдин) – тарихчи Анорой Тоғаеванинг қайд этишича, Тошкент–Оренбург темирйўли қурилиш лойиҳаси узил-кесил маъқулланди. Тошкент–Оренбург темирйўли қурилишини бошқариш учун тузилган махсус қўмита темирйўлни бир вақтнинг ўзида икки томондан – Оренбург ва Тошкент шаҳридан бошлаб қуришга қарор қилди. Оренбург томондан бошланган қисм шартли равишда шимолий, Тошкентдан бошланган қисм жанубий деб номланди. 1901 йилнинг баҳорида шимолий қисмда, олти ойдан сўнг жанубий қисмда қурилиш ишлари бошланди.


1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистонда совет тузуми ўрнатилгач, Тошкентнинг янги шаҳар қисмида А.В.Попов раҳбарлигида Туркистон давлат университети очилди. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг ёзишича, бу олий таълим даргоҳининг педагогик жамоаси ҳам, талабалари ҳам асосан европалик миллатлар вакилларидан иборат эди. 


Маҳаллий миллатлар фарзандлари учун 1918 йил 12 майда Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида Туркистон Мусулмон халқ дорулфунуни очилди. Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам мазкур дорулфунун шўъбасини очишга киришди. Бироқ большевик ҳукумати томонидан бунга рухсат берилмади. 


1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Ўрта Осиёда биринчи кино ташкилоти – “Бухкино” вужудга келди. Бу ташкилот бадиий-ташвиқот, ижтимоий-хроникал фильмлар ишлаб чиқариш, фильмларни ижарага олиш, сотиб олиш, кинотеатрлар қуриш каби масалалар билан шуғулланди. Бадиий фильмлари анча бўш бўлсада, тушунарли ва соддалиги билан ажралиб туради. Ролларни асосан четдан таклиф этилган актёрлар ижро этди. “Бухкино” фаолияти узоқ давом этмади. У 1925 йилда Туркистон давлат кино ташкилоти билан бирлаштирилиб, Ўзбек давлат кино ташкилоти ташкил этилди.


1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон тарихи музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан В.И.Ленин марказий музейининг Тошкент филиали ва Ойбек номидаги Ўзбекистон халқлар тарихи музейи тугатилиб, уларнинг негизида 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистон тарихи музейи ташкил этилди.


2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.


2009 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталига ахборотларни тақдим этиш ва жойлаштириш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 


2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари