Бугунги кунда интернет тармоқлари орқали ёшларга диний илмларни билдириш, ўргатиш мақсадида очилган баъзи бир сайтлар, ижтимоий тармоқларнинг баъзилари тўғри, ҳақ йўлни кўрсатса, баъзиларида эса қандайдир ғаразли ният бўлиб, сиёсий куч олиб, ўша мамлакат ёки ҳудудга қаратилган маълум бир мақсад билан айтилган маърузалар бўлади. Шулардан бири - сайловга қатнашиш куфр, деган сўзларни тарқатиш. Сайлов бу - халқнинг фикрини жамлаб, ўша фикрлардан хулоса қилишни айтилади. Ҳамма ўз фикрини айтади. Барчанинг фикрини йиғиб, кўпчиликнинг фикри қайси тарафда бўлса, ўша тараф фикри инобатга олинади. Мана шуни сайлов ёки сайлаш дейилади. Бунда ҳеч қандай куфрни ёки Аллоҳнинг динига нисбатан тескариликни кўрмаймиз. Бугунги кунда интернет тармоқлари орқали аввал бундай гапларни айтмаган тоифалар юртимизда яқин кунларда бўлиб ўтиши кутилаётган сайловни эътиборидан, ўша жойда парокандалик, ихтилоф ва фитна чиқариш учун шундай сўзлар тарқатмоқда. Бу нарсага асло алданмаслик керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги халифалар ҳам сайландилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, ҳазрати Али розияллоҳу анҳумларни саҳобалар тасдиқладилар.
Бугунги кунда мусулмонлар зийрак бўлиши керак. Тинчлик осойишталикни таъминотларидан бири ҳам - сайлов. Эл юрт сайлаганни ҳеч ким инкор қилмайди, ҳурмат қилади. Сайлов бу - халқ фикрини жамланмаси ҳисобланади ва биз буни ҳурмат қилишимиз, тўғри талқин қилишимиз, халқни манфаати учун қилинаётган иш эканини ёшларга тушунтиришимиз керак. Чунки ташқи залолат, ташқаридан жўнатилган фитна оз бўлса ҳам фарзандларимизга ўз тасирини ўтказади.
Аллоҳ Таоло юртимизни ҳамиша тинч, осойишта қилсин, барчаларимизни иймонда, исломда барқарор қилиб, адашишдан ҳам адаштиришдан ҳам сақласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жиззах вилоят вакиллиги матбуот котиби
Усмонали ОРОЛОВ
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари бўлиб ўтган нуфузли анжуман диний таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва соҳага илғор педагогик ёндашувларни татбиқ этиш ва замон талабига мос кадрлар тайёрлашда йўлидаги салмоқли амалий қадам бўлди.
Тадбирлар давомида соҳага оид илмий маърузалар билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ҳамда илмий-тадқиқот соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан маънавий-маърифий тараққиёт, диний таълимда рақамли трансформация, сунъий интеллект ва илмметрия масалаларига бағишланган маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Машғулотлар тизимда замонавий ёндашувларни оммалаштириш, дарс жараёнларида янгича услубларни қўллаш ҳамда соҳа вакилларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, анжуман доирасида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг муҳтарам Президентимизга йўллаган Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Унда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани тубдан ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш ҳамда улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти каби диний таълим масканлари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши юртимизда маърифат аҳли учун кенг имкониятлар очгани таъкидланди.
Ўз навбатида, педагоглар ушбу юксак эътибор ва шарт-шароитлар учун Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдириб, бунга жавобан ёшларни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини ўзлаштирган ва соҳада етук кадрларни тайёрлашини таъкидладилар.
Бўлиб ўтган анжуман диний таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ва рақамли технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда соҳада юқори малакали, замон билан ҳамнафас мутахассисларни тайёрлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати