2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби сифатида ишлаб келаётган Нуриддин домла Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайландилар.
Нуриддин домла Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилояти Асака шаҳрида туғилганлар. 1992 йилда Бухоро вилоятидаги Мир Араб мадрасаси, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда эса Фарғона давлат университетини тамомлаганлар.
Иш фаолиятлари давомида Асака шаҳридаги “Аҳмадали Махдум” масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри “Оқ тепа” жоме масжиди имом-хатиби, пойтахтдаги “Кўкалдош”, Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасалари ўқитувчиси, Андижон вилояти бош имом-хатиби ва 2019 йилдан шу кунга қадар Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилаётган эдилар.
Аллоҳ таолодан Нуриддин домла Холиқназаровга ушбу шарафли ва масъулиятли вазифада улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:
إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً
“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).
Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.