Аввал хабар берганимиздек, шу йил 29 сентябрь – 1 октябрь кунлари Қирғизистон мусулмонлари идораси Ўш шаҳар қозилиги томонидан ўтказилган “Ислом — тинчлик таянчи” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” жоме масжиди имом-хатиби, таниқли уламо Абдулҳаким қори Маткулов бошчилигида бир гуруҳ юртимиз уламоларидан ташкил топган делегация мазкур анжуманда иштирок этиб этиб қайтди.
Қувонарли жиҳати, Қирғизистон мусулмонлари идораси қарори билан анжуманда иштирок этган юқори мартабали диний уламолар орасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси раҳбари, таниқли олим Абдулҳаким қори Матқулов таълим-тарбия ҳамда кўп йиллик дин ва маърифат соҳадаги хизматлари, кўплаб шогирдлар етиштиргани учун “Эл ардоқлаган олим” фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Ушбу нуфузли фахрий ёрлиқни Абдулҳаким қори Матқуловга Ўш шаҳар “Имом Ҳасан” жоме масжидида жума намози аввалида жамоат ҳузурида Ўш шаҳри бош имом-хатиби Убайдулла домла Сарыбаев томонидан топширилди.
Аллоҳ таборака ва таоло “Эл ардоқлаган олим” фахрий ёрлиғини таниқли уламо Абдулҳаким қори Матқуловга муборак айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД