Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Апрел, 2025   |   1 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:55
Қуёш
05:23
Пешин
12:25
Аср
17:15
Шом
19:21
Хуфтон
20:44
Bismillah
29 Апрел, 2025, 1 Зулқаъда, 1446

Куз – мўл ҳосил фасли

04.10.2021   6827   3 min.
Куз – мўл ҳосил фасли

Ҳар бир фаслнинг ўз таровати, жилоси бор. Қишнинг зийнати, баҳорнинг бетакрорлиги, ёзнинг тантилигию кузнинг баракоти кишига ҳузур бахш этади. Айни пайтда юртимизда олтин куз.

Қадимдан куз пишиқчилик, мўл ҳосилни йиғиш ва сарфланган меҳнат самарасини кўриш мавсуми ҳисобланади. Ушбу фаслда ризқу рўзимиз ва оқ олтинимиз бўлган пахта териб олинади. Йил бўйи фермер ва деҳқонларнинг тинимсиз меҳнатларидан етилган ҳосилни йиғиштирадиган пайт келди.

“Ҳашар элга ярашар” деганларидек, ҳар биримиз далалардаги ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиш олишда муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак. Нуроний отахон ва онахонлар дуою хайрлари ва саховатпешалар эса беғараз ёрдамлари билан пахтакорларга камарбаста бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Қуръони каримда: «…Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз…» дея марҳамат қилинган (Моида сураси, 48-оят).

Ҳадиси шарифда “Киши дарахт ёки экин экса, Аллоҳ таоло ҳосил мислича унинг номаи аъмолига ажру савоб ёзади”, дейилади (Имом Ахмад ривояти). Шу боис ҳосилни йиғиб олиш мавсумини савоб ишлар фасли дейилиши ҳам бежиз эмас.

Деҳқоннинг баракали касби туфайли халқимиз дастурхони тўкин бўлади. Меҳнатсевар деҳқонларнинг юрт мўл-кўллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида қилган эзгу ишларини Яратганнинг ўзи юксак мукофотлашини қуйидаги оятда таъкидлаб, бундай дейди: «Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳниннг дийдорини кўриш) бордир» (Юнус сураси, 26-оят).

Жаннатмонанд диёримизнинг меҳнаткаш бободеҳқонлари, миришкор боғбонлари, серғайрат фермерларимиз ва қишлоқларимиздаги тиним билмас барча меҳнаткашлар йиғим-терим мавсумига жиддий ҳозирлик кўришди. Улар имон-эътиқод ва ихлос билан Яратгандан ҳосилларга қут-барака сўрамокдалар.

Ҳозир ҳар дақиқани ғанимат билишимиз керак. Ризқу рўзимизни меҳнат орқали талаб қилиш муҳим ишдир. Ҳазрати Одам алайҳиссаллом ҳам деҳқончилик билан шуғулланганлар. Бу касб у зотдан бизга мерос бўлиб қолган. Инсон ўзи оиласини ҳалол ризқ-рўз билан таъминлаши йўлида саъй-ҳаракат қилиши ва бу борада машаққат тортиши энг савобли амаллардан биридир.

Пахта – ризқ-рўзимиз. Серқуёш ўлкамизда пахта етиштирилиши ҳам улуғ неъматдир. Эгнимиздаги кийимбош, кундалик ҳаётимизда фойдаланиладиган зарур буюмлар ҳам айнан пахтадан ишланади. Ҳатто инсон дунёдан ўтгач, охират сари кузатилар экан, унга ана шу пахтадан бўлган оппоқ мато либос бўлади. Ўзини шу муқаддас Ватанниг фаровонлиги учун дахлдор ва масъул деб биладиган ҳар бир фуқаро пахта ва бошқа ҳосилларнинг йиғим-терими савобли иш эканини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб улушини қўшади. Шу боис барчамиз пахтанинг ҳар бир толасини териб олиш учун уюшқоқлик билан ҳаракат қилишимиз лозим.

Хулоса қилиб айтганда, пахта тирикликда ризқ, дунёдан ўтганимизда охират либоси бўлади. Ана шундай ҳосиятли экинни заминимизда ундиргани учун Яратганга шукроналар айтамиз. Аллоҳ таоло пахта хирмонимизга улкан барака ато этсин.

Одилжон  НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани Имом  Султон жоме масжиди имомхатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Имом Мотуридийга қандай унвонлар берилган?

28.04.2025   4970   1 min.
Имом Мотуридийга қандай унвонлар берилган?

Илгари мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, “Шайхул Ислом” (Ислом дини шайхи), “Фахрул Ислом” (Ислом дини фахри), “Ҳужжатул Ислом” (Ислом дини ҳужжати), “Нажмул уламо” (Уламолар юлдузи), “Муфтий сақолайн” (Инсу-жин муфтийси), “Лисонул мутакаллимийн” (Мутакаллимларнинг сўзловчи тили) каби унвонлар билан атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. Балки у муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан, “Шамсул аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ ўн икки минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.

Абу Мансур Мотуридийни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан у зотнинг мартабаларини намоён этувчи кўплаб унвонлар берилган:  

–      Имомул ҳудо (Тўғри йўлга бошловчи);

  • Имомул мутакаллимийн (Калом илми олимлари пешвоси);
  • Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (Мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни тузатувчи);
  • Роису аҳли сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи);
  • Носирус сунна ва қомиъул бидъа (Суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатларни бостирувчи);

–  Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).

Абу Мансур Мотуридийнинг мазкур унвонлари ҳам асло муболаға эмас, балки у зот ҳақиқатан шу мартабага лойиқ зот бўлганлар.

Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.   

Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
катта ўқитувчиси.