Дунёда шундай ҳудудлар борки, ўғрилик, гиёҳвандлик, қотиллик каби жиноятлар содир этилиши меъёр даражасидан ортиб кетган. Кўчалардаги ўқ овозлари, ноҳақ одам ўлдирилиши ва маҳаллий аҳоли учун оддий ҳолатга айланган.
Дунёнинг энг криминал ҳудудлар асосан Лотин Америкаси, Африка ва Яқин Шарқ минтақаларида жойлашган. Узоқ муддатли ҳарбий қарама-қаршиликлар, ҳокимият учун ички курашлар, террорчилик хавфининг ошиши, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа жиноятлар жиноий тўдаларни шаклланишига асос бўлган. Бу эса ўз навбатида мазкур давлатларнинг иқтисодий тараққиётга эришишига тўсқинлик қилади.
Шаҳар ва мамлакатларга оид маълумотлар асосидаги рейтингларни эълон қилиб борадиган “Numbeo”портали дунёнинг энг криминал давлатлари рейтингини эълон қилди.
ВЕНЕСУЭЛА – жиноятчилик даражаси юқорилиги бўйича етакчилик мамлакат ҳисобланади. 30 миллионга яқин аҳоли яшайдиган ушбу ҳудудда қотиллик деярли ҳар куни содир этилади. Мамлакат мунтазам равишда полиция назоратига олинган бўлса-да, шавқатсиз тўдалар шаҳар кўчаларида шиддатли жангларни бошлаганларида улар ўз масъулиятидан деярли кечади. Ҳар 100 минг аҳолига ўртача 120-200 та қотиллик нисбати тўғри келади. 1998 йилда мамлакатда содир этилган қотилликлар сони 4500 та бўлиб, 2010 йилга келиб бу кўрсатгич 20 мингга етгани мамлакатда йил сайин криминал ҳаёт ривожланиб бораётганини кўрсатади.
ПАПУА-ЯНГИ ГВИНЕЯ – дунёдаги ишсизлик даражаси юқори бўлган мамлакат (аҳолисининг 4/1 қисми ишсиз) ҳисобланади. Жиноятчилик кўрсатгичи 2020 йил ҳолатига кўра 80 фоизни ташкил этган. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган қонунлар мавжуд бўлса-да, улар ижроси таъминланмаган. Мамлакат табиий ресурсларга бой бўлса-да, аҳолининг асосий қисми қашшоқликда яшайди, дейилади БМТ баёнотида.
ЖАНУБИЙ АФРИКА РЕСПУБЛИКАСИ – жиноятлар кўрсатгичи ушбу ҳудудда 1980 йиллардан бошлаб ошди. 2000 йиллар бошида кримиинал тизим авж олди. Жиноятчиликнинг доимий ўсиб бориши ҳудудда уюшга жиноятчиларнинг кўпайишига сабаб бўлиб, демографик ўзгаришларга, мамлакат адлия тизимига салбий таъсирини кўрсатди. Ҳудудда талончилик, зўравонлик ва қотиллик кенг тарқалган бўлиб, республика бўйлаб кунлик қотиллик сони 50 тадан ошади.
МЕКСИКА – жиноятчилик даражаси юқори бўлган давлатлар рейтингининг кейинги ўрнини эгаллаган. Мамлакатнинг энг криминал туман Сьюдад-Хуарес айнан АҚШ билан чегара ҳудудида жойлашган. 2009 йилда бу туман қотилликлар бўйича дунёда биринчи ўринга чиққан. Гиёҳванд савдоси ўчоғига айланган ҳудудда бир неча йиллар аввал автоматдан отилган ўқлар ва жиноий тўдалар шовқини тинчликни бузган бўлса, ҳозирда эса жиноятчилар анча тинч ҳаракатланмоқда. Ўтган йилларда жиноят оламида “Эл чапо” номи билан танилган мексикалик жиноятчи Хоакин Гусман АҚШга экстрадиция қилинган. Бунга сабаб Мексика қамоқхоналаридаги хавфсизлик тизими ишончсиз эканлиги бўлди.
СУРИЯ – 2011 йил давлат тўнтарилиши бошлангунга қадар сайёҳлар учун хавфсиз мамлакат ҳисобланган. Ҳукумат ва президент бошқарувига қарши норозилик ҳаракатларида мамлакатнинг бир қисми “Ислом давлати” терор гуруҳи томонидан вайронага айлантирилган. Бугунги кунда мамлакатнинг катта қисми террор гуруҳларидан холи қилинган бўлса-да, тўлиқ бехавотир деб бўлмайди.
“Syrian Observatory for Human Rights” ташкилоти ҳисоботига кўра, мамлакатда 2011 йил бошланган нотинчликлар оқибатида 100 мингдан ортиқ аҳоли ҳалок бўлган. Минглаб одамлар ўз юртини ташлаб кетган. 2018 йил Сурия тарихида энг кўп аҳоли қурбон бўлган. 2012 йилдан буён мамлакатда ҳар ой 5 мингтадан ортиқ одам ҳалок бўлмоқда.
“Numbeo” порталининг жиноятчилик, қотиллик энг авж олган нотинч мамлакатлари рўйхатининг кейинги поғоналаридан Ироқ, Ливия, Бразилия, Эрон, Россия, Буюк Британия каби номдор мамлакатлар ўрин олган.
Маълумот ўрнида, ушбу рўйхатда 137 та мамлакат киритилган бўлиб, Ўзбекистон 101-ўринда, қўшни давлатлар – Қозоғистон 40-ўринда, Қирғизистон – 30-ўринда, Афғонистон эса 4-ўринда қайд этилган.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
Замонамизнинг етук алломаси, фақиҳи, устоз, шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Шу муносабат билан марҳумнинг барча оила аъзоларига, сафдошлари ва шогирдларига чуқур, самимий таъзия изҳор этамиз.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилсин, бу дунёда қилган хайрли амалларидан, хизматларидан ҳосил бўлган ажру савоблардан Қиёматга қадар баҳраманд қилиб, руҳларини шод қилсин, охиратларини обод қилсин, ваъдасига биноан, иззат тожини кийдирсин, илмига амал қилган уламоларга ваъда қилган ажру мукофотларидан баҳраманд қилиб, жаннатларига дохил айласин!
Ҳақ таоло бу олим бандасининг ҳаққига қилинадиган барча хайрли дуоларни ижобат қилсин!
Ушбу оғир жудолик дамларда марҳумнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, барча яқинларига гўзал сабр тилаб қоламиз.
Аҳли оилалари, фарзандлари ва ёр-биродарларига барча мўмин-мусулмонлар номидан, кўплаб шогирдлар номидан ҳамдардлик изҳор қиламиз, марҳумнинг ҳақларига дуода бўламиз.
Муборак жума кунида сиз азизлардан ҳам марҳумнинг ҳақларига дуолар қилишингизни сўраймиз.
«Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз», дейдиган сабрлиларга хушхабар беринг».
Маълумот ўрнида: Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.
Мисрнинг “Ал-Азҳар” университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратура босқичини (усулул фиқҳ) тамомлаган.
Усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга.
«Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи “Кашфул асрор” асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини ҳимоя қилган.
“Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари” докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган.
Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги ўрта мактабларда мударрислик қилган.
1989 йилдан Фатҳ Ислом институтида, 2006 йилдан ушбу таълим даргоҳининг юқори университет қисмида дарс берган.
2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заим масжидида мударрис сифатида фаолият юритди.
Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича ҳам мударрислик қилган. Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси саналади.
Ўтган забардаст уламолар, хусусан Имом Суютийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзилган “Дебож” номли шарҳини, Имом Косонийнинг “Бадоиъус-саноиъ” китобини, “Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ” китобини, Мерос илмига оид “Сирожия” китоби шарҳини, Мунзирийнинг “Арбаъийн фи истисноъил маъруф” китобини, Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини, Имом Мусилийнинг “Ихтиёр” китобини, “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш “Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий” китобини шарҳлаган ва таҳқиқ қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати