27 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси, шайх, проф., др. Алий Муҳйиддин Қорадоғий ҳазратларини қабул қилдилар.
Файзли суҳбат чоғида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари др. Алий Муҳйиддин Қорадоғий жанобларига 2023 йил 25-26 ноярбь кунлари бўлиб ўтган нуфузли тадбирлар ва халқаро конференцияларда фаол иштироклари учун миннатдорлик билдириб, у киши томонидан билдирилган муҳим таклифларни юқори баҳоладилар.
Ўз навбатида, раис жаноблари таклиф учун ташаккур айтиб, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган тадбирлар жуда юқори савияда ўтказилганини билдирди. Давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганини барча уламолар томонидан эътироф этилганини алоҳида қайд этди.
Қорадоғий ҳазратлари Ўзбекистонда аёл-қизларни илм-маърифатли бўлишига катта эътибор берилаётганини юқори баҳолаб, уларни билимли бўлиши фарзандлар тарбияси ва жамият фаровонлигида жуда муҳим эканини изоҳлади. Бундан ташқари, мусулмон дунёсида мўътадиллик, бағрикенглик тамойилларини кенг тарғиб қилиш ва бузғунчи ғояларга қарши курашиш зарурлигини қўшимча қилди.
Мартабали меҳмон Ўзбекистон тинчлик-хотиржамлик белгиси бўлиб, табаррук юртдаги зиёратлари чоғида одамларни тинч-осуда ҳаёт кечираётгани, ёшларнинг илмга чанқоқлиги, бу юртнинг олиму уламолари ҳурмат ва эҳтиромдалиги таҳсинга лойиқ эканини маълум қилди.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг каломидаги “Иқро” хитобига мос равишда Ўзбекистон заминида илм-маърифат, таълим-тарбия ва инсонга эътибор каби тамойилларга урғу берилишини юқори баҳолади. Шунингдек, келажакда Ўзбекистон яна илм-маърифат марказига айланишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.