Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Қадар» сўзи «ўлчов» маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради.
Уламолар қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қазо – Аллоҳ таоло ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».
«Қадар – ўша нарсалар Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмон Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишларини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг барчасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.
Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асосланган.
Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чексизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир.
Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳ таолонинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатию ўз йўлида ҳаракат қилаётган сайёралардан ҳам бохабар. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса четда қолмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир зарра ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.
Шунингдек, қиёматгача нима бўлиши ҳам Аллоҳга маълум. Агар уларни билмаса, У Зотнинг баркамоллик сифатига нуқсон етган бўларди.
Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. «Бу ишим бесамар бўлмаса, кейингиси натижа берар», деб доимо яхши умидда иш олиб боради, чунки унга нима тақдир қилингани маълум эмас, белгилари ҳам йўқ. Қадарга бўлган ишончнинг ҳикматларидан яна бири инсон бошига мусибат тушганида қайғуни енгиллаштиришидир. Шунингдек, қазо ва қадарга иймон келтирган инсон ўз ҳаётида муваффақиятларга эришган чоғида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди. Барча нарсани Аллоҳдан деб билиб, мусибат етганда сабр қилади, яхшиликка эришганда шукр қилади.
Албатта, иймоннинг бошқа рукнлари каби қадарга иймон ҳам инсон бахт-саодати учун хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир.
Исломда инсоннинг ақийдаси борасидаги барча масалалар аллақачон ҳал бўлган. Бу борада мусулмонлар бошқаларга ўхшаб ҳардамхаёл бўлмайдилар. Дунёдаги энг тўғри эътиқодда, Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб берган ақийдада эканликларига тўлиқ ишонч билан саодатли ҳаёт кечириб бораверадилар. Ўзларининг ташвишга, хавотирга ва иккиланишга қолмасликларини яхши биладилар.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди
- 59وَدُنْيَانَا حَدِيثٌ وَالْهَيُولَى عَدِيمُ الْكَوْنِ فَاسْمَعْ بِاجْتِذَالِ
Маънолар таржимаси: Дунёмиз йўқдан бор қилингандир ва “ҳайуло” эса бўлмаган нарсадир (буни сен) шодлик билан эшитгин.
Назмий баёни:
Дунёмиз яратилган, “ҳайуло” эса,
Шодлик-ла эшитгин бўлмаган нарса.
Луғатлар изоҳи:
وَدُنْيَانَا – мубтадо, музоф музофун илайҳ. Бу калимадан Алоҳ таолодан бошқа мавжудотлар кўзда тутилган.
حَدِيثٌ – хабар. “Ҳодис” луғатда “янги”, “яқинда бор бўлган” маъноларига тўғри келади. Дунё йўқдан бор қилингани учун унга нисбатан шу калима ишлатилади. فُعْلَى вазни музаккар ва муаннисликда тенг ишлатилгани учун хабар музаккар шаклда келтирилган.
وَ – “ибтидоия” маъносида келган.
الْهَيُولَى – ушбу калима ташдидли қилиб هَيُّولَى деб ҳам ўқилади. Бу калима, аслида, юнонча сўз бўлиб, “асл”, “асос” ва “модда” каби маъноларни англатади. Жумҳур файласуфлар ҳайулони “қадим жавҳар” ёки “бирлашиш ва ажралишни қабул қилувчи қадим нарса”, деб ҳисоблашган.
عَدِيمُ – хабар, музоф. Луғатда “номавжуд” маъносига тўғри келади.
الْكَوْنِ – музофун илайҳ. Луғатда “мавжуд” маъносига тўғри келади.
اسْمَعْ – амр феъли. Фоили зоҳир келтирилмаслиги вожиб бўлган замирдир.
بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
اجْتِذَالِ – “шодланиш”, “хурсанд бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур اسْمَعْ га мутааллиқ.
Матн шарҳи:
Баъзи жоҳил файласуфлар ҳайуло ҳар бир нарсанинг аслидир, яъни бутун олам ҳайуло деб аталадиган бирламчи моддадан вужудга келган, уни биров яратмаган, деган фикрни илгари суришган. Ушбу байт ўша жоҳилларнинг даъволарига раддия сифатида ёзилган. Уларнинг “илмий” даъволари мусулмонлар томонидан кескин рад этилган. Чунки бу гапни айтаётган киши оламни қадим, яъни у ўз-ўзидан бор бўлган деяётган ва Аллоҳ таолонинг бутун борлиқни Ўзи яратгани тўғрисидаги хабарларини инкор этаётган бўлади. Бундай инкор этиш эса очиқ-ойдин куфр ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин киши эса барча нарсаларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган, деган тушунчада бўлади.
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “бирламчи модда” тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини қисқагина қилиб “ҳайуло – бўлмаган нарса” дея баён қилган. Қуръони каримда осмонлару ердагиларнинг ҳаммаси истаса ҳам, истамаса ҳам, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган қонунларига бўйсуниб яшашларини, борлиқдаги бирор нарса ўз-ўзидан бор бўлиб қолмаганини, балки барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ эканлиги баён қилинган:
“Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?” (яна ўзингиз) “Аллоҳ”, – деб жавоб қилинг! “Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?” – денг! Яна айтинг: “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир”[1].
Яъни осмон ва ер аҳлларининг барчалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишдан ўзга чоралари йўқ. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Мўмин киши Аллоҳ таолога ўз ихтиёри билан бўйсунган ҳолда сажда қилади, кофир эса даҳшатга тушган ва чорасиз қолганида мажбуран сажда қилади”, – деган.
Шунингдек, уларнинг соялари ҳам куннинг аввалида ва охирида сажда қилади. Ушбу оятда коинотдаги барча мавжудотни, ҳатто одамларнинг сояларини ҳам Ўзига сажда қилишга бўйсундириб қўйган Зотнинг буюклиги хабари берилган. Ояти кариманинг давомида “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”, – дейилган. Бу ерда кўзи кўрдан кофир киши, кўрувчидан эса мўмин киши ирода қилинган. Зулматлардан залолат йўллари, нурдан эса ҳидоят ирода қилинган. Умумий маъноси шуки, кўзи кўр билан кўрувчи, зулматлар билан нур баробар бўлмагани каби, ҳақиқат зиёсини кўрадиган мўмин киши билан, бу зиёни кўра олмайдиган кофир ҳам ҳеч қачон баробар бўла олмайди. Шунга кўра шариатда берилган хабарларни тасдиқлаш ҳақиқат зиёсини кўриш, бу хабарларни инкор қилиш эса ушбу зиёни кўра олмасликдир.
Кейинги мавзу:
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни