Дунёда осойишта муҳитни издан чиқаришга қаратилган вайронкор ғояларнинг янгидан янги шакллари пайдо бўлаётгани ҳар дақиқа огоҳ бўлишни талаб қилади.
Яратилган имкониятлардан унимли фойдаланиш, жамият равнақига хизмат қилиш ўрнига бузғинчиликни касб қилган,ўз ватани, халқига хиёнат қилишдан тоймайдиган кимсалар афсуски орамизда бор. Уларнинг ақидапарастлик, мутаассиблик йўлида диндан ниқоб сифатида фойдаланаётгани, натижада ботил йўлга кириб, залолатга кетаётгани ачинарли ҳол.
Ислом дини тинчлик динидир. Унинг бош ғояси тинч-тотув ҳаёт кечиришдан иборат. Тинчлик инсониятга инъом этилган энг улуғ неъматдир.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208-оятида шундай марҳамат қилади: ”Эй иймон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз!”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар”, деб марҳамат қилганлар.
Шиддат билан ривожланаётган бугунги замонда интернет тармоғи ёвузлик қуролига айланиб қолаётгани ҳақиқат. Унда тарғиб қилинаётган ғаразли маълумотлар, вайронкор ғоялар, ҳаёсизлик каби иллатлар айниқса, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин . Бинобарин, ота-оналар, устоз-мураббийлар бу борада масъулиятли бўлишлари зарур .
Ёт оқимлар таъсиридаги кимсалар ўз қилмишларини дин йўлида кураш, деб хаспўшлашга уринади. Унутмайликки, Ислом дини ҳеч қачон ёвузликка буюрмайди.
Н.Хидиров “Кўк тўнли бобо” жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳаргиз ўзингизни, авлодингизни, мол-мулкингизни дуоибад қилманг! Яна Аллоҳдан нима сўралса ҳам ижобат бўладиган пайтга тўғри келиб қолманглар!” (Имом Муслим ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бир саҳобий гуноҳларини ўйлаб, қаттиқ қайғуга тушиб, Аллоҳнинг охиратдаги азобидан қўрқиб кетади, ўзини ўзи қаттиқ қарғайди. Афсуски, бу иши дуолар ижобат қилинадиган пайтга тўғри келиб қолади. Шунда Аллоҳ унга сўраганини беради.
Мана ўша воқеа:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мусулмон беморни бориб кўрдилар. У озиб-тўзиб, жўжадек бўлиб қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бирор нарса деб дуо қилармидинг?» дедилар. У шундай деди: «Ҳа. Аллоҳим, мени охиратда бирор нарса билан азоблайдиган бўлсанг, уни бу дунёда бера қолгин, деб дуо қилар эдим». Буни эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳаналлоҳ! Ахир сен бунга чидай олмайсан-ку! «Аллоҳим, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин, бизни дўзах азобидан сақлагин», десанг бўлмасмиди?» дедилар. Кейин унинг ҳаққига дуо қилган эдилар, Аллоҳ унга шифо берди» (Имом Муслим ривояти).
Эътибор берган бўлсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саҳобий ўзининг зарарига дуо қилганига ҳайрон қолдилар, унга қийинчилик ва қайғу пайтида айтиш керак бўлган дуони ўргатдилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам айтиладиган дуо: «Аллоҳим, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин, бизни дўзах азобидан сақлагин» экан.
Оқила қиз мусибат келганда, қайғуга тушган вақтида фақат мана шундай дуоларни қилиши керак.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.