frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлинг!

28.11.2023   4889   6 min.
Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Кечаси София розияллоҳу анҳо онамиз у зотнинг зиёратларига бордилар, бироз гаплашишди, сўнг София онамиз уйларига кетмоқчи бўлдилар. Набий алайҳиссалом кузатгани турдилар.

Шунда ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошилманг, бу аёлим Софиядир”, дедилар.

«Субҳаналлоҳ! Ё Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Яъни сизга ҳеч қачон шубҳа қилмаймиз. Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишдан қўрқдим”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан жуда кўплаб сабоқлар олиш мумкин.

Биринчидан, одамларнинг фикрига ёмон ҳаёллар келиб турар экан. Шуни билишимиз керакки, шайтон инсонни ёмон фикрлар билан ғўзғатади. Масалан, кўча-кўйда бир аёлни бир эркак билан кетаётганини кўрсак ёки кимнингдир усти бошини кўриб нотўғри хулоса чиқаришга шошиламиз. Бир жойда бир танишингизни кўриб, дарҳол у ҳақда ёмон гумонга борманг, чунки аслида унинг нияти бутунлай бошқа бўлган бўлиши мумкин. Шуни асло унутмангки, шайтон инсонни ёмон йўлга бошлаш учун доимо васваса қилиб, ёмон фикрларга ундайди.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ёмон гумонга тушиб қолишдан қайтарганлар. Шунинг учун, “хотиржам бўлинг, бу менинг аёлим София” деб ҳатто саҳобаларда ёмон фикр туғилмаган бўлса ҳам, уларни турли гумонга бормасликларининг олдини олдилар.

Ҳамиша яхши фикрда бўлиш кишилар ўртасида дўстлик ва ишонч ришталарини мустаҳкамлайди. Ёмон фикр инсонлар орасида кенг тарқалган хавфли касалликдир. Ҳатто баъзан эркак киши шайтоннинг васвасаларига учиб, ўз аёлига ҳам шубҳа билан қараб, жосуслик қилади. Натижада, орада ишонч йўқолади.

Баъзилар ён-атрофидаги барча одамларга шубҳа билан қарайди. Улар нима иш қилишса, ҳаммасини таҳлил қилади. Биз ҳамиша атрофимиздаги барча нарсага яхши гумон билан қарашга одатланишимиз лозим.

Албатта, бундан бефарқ бўлиш керак деган тушунчага бормаслик керак. Бу иккиси ўртасида катта фарқ бор. Масалан, нарса сотиб олиш ва сотишда ёки бошқа муомаларда зийрак бўлиш талаб этилади. Текширмай, суриштирмай кўрганимизга ишониб кетавермаслигимиз лозим. Бундай ҳолатларда ақл-идрок яхши гумондан устун қўйилмайди.

Яхши гумон қилишда ота-боболаримиз гўзал намуна эдилар. Улар бирор мусибатга учрашса ҳамиша "бунда бир яхшилик бор" деб айтишарди. Мисол учун, бир идиш синиб қолса ёки бирор кўнгилсиз ҳолат рўй берса, ҳатто ишлари юришмаса ҳам "Инша Аллоҳ бунда бир яхшилик бор" дейишарди. Аммо биз бирор мусибатга учрасак бир зумда тушкунликка тушамиз. Бироқ ўтган улуғларимиз "Бунда яхшилик бор, Аллоҳ мендан бир ёмонликни кетказди. Ҳар бир кечикишда бир яхшилик бор" деб яхши гумонда бўлишарди. Биз ҳам ҳамиша Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишга интилишимиз керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажойиб бир воқеани ривоят қилиб берганлар: “Сизлардан олдингилар ичида 99 та одамни ўлдирган бир кимса бор эди. У ер юзи аҳлининг энг билимдон кишисини суриштирди. Уни бир роҳибга далолат қилишди. У роҳибнинг олдига келди ва ўзининг 99 та жонни ўлдирганини, тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Роҳиб: “Имкон йўқ” деб жавоб берди. Бояги кимса роҳибни ҳам ўлдирди ва саноқни 100 тага етказди. Кейин яна ер юзининг энг илмли кишисини суриштирди. Уни бир олимга далолат қилишди. У бориб, ўзининг 100 та жонни ўлдирганини, энди тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Олим: “Имкон бор. Сен билан тавба орасини ким тўса олади?! Сен фалон ерга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилаётган инсонлар бор. Улар билан бирга ибодат қил. Ўз еринггга қайтма. Чунки у ёмон жой экан” деб жавоб берди. Бояги кимса айтилган томонга жўнади. Ярим йўлга етганда, вафот этди. У одам хусусида раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишдилар. Раҳмат фаришталари: “Бу одам тавба қилган ҳолда қалби билан Аллоҳ таоло сари кетаётган эди” дейишди. Азоб фаришталари: “Бу одам ҳеч яхшилик қилмаган” дейишди. Шунда уларнинг ёнига бир фаришта одам суратида келди. Фаришталар уни бу ишга ҳакам қилдилар. У: “Сизлар унинг яшаган жойи билан бормоқчи бўлган жойини ўлчаб кўринглар. Бу одам қайси тарафга яқинроқ бўлса, ўша тарафга ҳукм қилинади” деди. Фаришталар ўлчаб кўрсалар, у одам бормоқчи бўлган тарафига яқин экан. Дарҳол унинг руҳини раҳмат фаришталари кўтариб олдилар”.

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишнинг чегараси йўқ, чунки бу Аллоҳ билан мулоқотнинг бир туридир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилган: "Мен бандам мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандайман. У Мени зикр қилган чоғда, Мен у биланман".

Шундай экан, Роббингиз ҳақида яхши гумонда бўлинг. Жаннатнинг энг олийсини сўранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишни сўранг. Албатта, Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўплаб неъматларини беради.

Агар бирор мусибатга учрасангиз буни синов деб билинг, Аллоҳ сизнинг даражангизни кўтаришини умид қилинг. Агар бирор яхшилик етса, буни Аллоҳнинг неъмати деб билинг! Ҳамиша яхши гумон ва ниятда бўлинг.

Унутмангки! Аллоҳ таоло сизга асло ёмонликни раво кўрмайди, сизга фақат яхшиликларни хоҳлайди....

 Даврон НУРМУҲАММАД

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

12.08.2026   10044   3 min.
Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.

Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.

Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.

Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».

Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.

Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари