Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Бешикдан то қабргача илм талаб қилинглар”, деганлар. Бу амр умумий бўлиб, ёш-у кексаларга баробардир.
Демак, илм талаб қилмоқ учун маълум бир ёш тайин қилинмаган ва ҳар ким ҳар-хил ёшда илмни таҳсил қилиш имконига эга. Оқил инсон эса ана шу имкониятдан унумли фойдаланади. Бундан ташқари, илм излаш чегара билмас ҳузур бағишлайди.
Ҳасан ибн Зиёд фиқҳ илми билан шуғулланишни бошлаганида саксон ёшда эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васаллам асҳобларининг кўплари кекса бўлса-да, Исломни қабул қилиб, сўнгра илм таҳсили билан машғул бўлганлари ҳаммамизга маълум. Аммо имкониятга қараб ёшликдан таҳсилни бошламоқ мақсадга мувофиқ.
Толибнинг фаҳми етадиган, англаб олишига яқин, енгилроқ бўлган сабоқдан бошлаш керак. Агар ўтган машойихларнинг услубларини кўллаб дарс берилса, энг тўғри йўл ва фойдалироқ бўлар эди, – дейди Шайхул Ислом, буюк имом Шарафуддин ал-Уқайлий (р.а.) ҳазратлари. Чунки улар таълимни бошловчига кичик-кичик, кенг ёритилган манбаларни ихтиёр қилганлар. Зеро, бу ёд олиш, тушуниб олишга ҳам енгил ва қулай бўлиб, малол ва оғир келишдан узоқдир. Дарс ўзлаштириб, пишиқ такрорлагандан кейин, янги сабоқни улаб кетмоғи шартдир. Дарсни узиб қўйишдан сақланиши зарур. Талаба дафтарига ўзи тушунмайдиган нарсани зинҳор ёзмасин! Чунки бу толиқишни, кейинроқ эса эринчоқликни келтиради. Зеҳнни кетказади ва вақтни зое ўтмоғига сабаб бўлади.
Дарс тайёрлашлик учун энг қулай вақт саҳар вақти ва шом билан хуфтон намозининг ўртасидир. Чунки саҳарда инсоннинг зеҳни, фикри ўткир ва тиниқ бўлади ҳамда бутун олам сукунатга, тинчликка шўнғиган бўлади. Бу ҳолат эса толиби илмга илҳом бахш этади.
Албатта, толиби илм шу икки вақт билангина кифояланиб қолмасдан, балки бутун вақтини имконияти борича, дарс тайёрлашга бахшида қилиши лозимдир. Агар бир дарси унга малол келса, бошқаси билан машғул бўлсин, униси малол келса, яна бошқаси билан. Муҳаммад ибн Ҳасан Раҳматуллоҳи алайҳ тун бўйи ухламас эдилар. Ёнларида доимо дафтар бўлиб, агар бир дарс малол келса, бошқасига қарар, буниси ҳам малол келса, ёзиш билан машғул бўлар эдилар. Ёнларида доимо сув ҳам турар эди, агар уйқу ғолиб келса, сув билан уйқуларини кетказар эдилар.
Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Вақтнинг қадрига етган, уни ҳурмат қилган киши ўзини, ўз умрини ҳурмат қилган ҳисобланади. Ҳар ким ҳар вақтда ўзи ўйлаган ишни бажара олмайди. Зотан баъзида пайдо бўлиб қоладиган бўш вақтларда ўша битира олмаган ишларни бажариб олишга имкон туғилади. Мўмин киши мана шундай бўш вақтларни ҳам Аллоҳнинг неъмати деб билмоғи лозим. Аксинча, вақтга бепарво бўлиш умрнинг заволидир.
Имомиддин домла Бобоқулов,
Имом Термизий ўрта махсус ислом
таълим муассассаси ўқитувчиси
Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳанафий мазҳаби асосида пок динимизнинг асл моҳиятини аёл-қизларга етказиш, бидъат-хурофотларнинг олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу жараёнда, табиийки, отинойиларнинг алоҳида ўрни бор.
Шу йил 13 август куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда диний соҳа ҳодимлари, шу жумладан, отинойиларнинг масъулияти, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, аёл-қизларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, соф Ислом дини таълимотининг асл моҳиятини кенг оммага етказиш ва ҳар қандай жаҳолатни илм-маърифат билан енгиш мумкинлиги тўғрисида гапирдилар.
Тадбирда Тошкент шаҳар, “Маърифий тарғибот маркази” давлат муассасаси директори, “Шуҳрат” медали сохиби, Хидиров Мирзохид Ғайратович Тошкент шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходимаси Нилуфар Иргашева ва Тошкент шаҳар туманлари бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва ҳудуд отинойилари иштирок этди.
Тошкент шаҳар, "Маърифий тарғибот маркази" давлат муассасаси директори, “Шуҳрат” медали сохиби, Хидиров Мирзохид Ғайратович 2025-йил 25-февралдаги Ўзбекистон Республикасининг 1037-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепсиясининг мазмун –моҳияти. Мутаассиблик нима? Радикализм атамаси ҳақида. Мутаассиб ва радикал шахснинг белгилари, бир-биридан фарқи ва уни аниқлаш усулари. Улар билан суҳбат ўтказиш усуллари тўғрисида маъруза қилди.
Нилуфар Иргашева отинойилар фаолияти билан боғлиқ бир қатор масалалар тўғрисида фикр алмашди. Шу билан бирга 6 ой давомида отинойилар томонидан амалга оширилиган ишлар юзасидан таҳлилий фикрини билдириб, шунингдек, хар бир отинойи МФЙ идораларда “Жахолатга карши маърифат” лойиҳаси асосида ташкил этилаётган маьнавий-маьрифий тадбирларни ўтказишда фаол бўлишлари лозимлигини ва аёлларни урфимиз ва миллийлигимизга хос кийинишларини ва бошқаларга тақлид қилмасликларини ҳақида босқичма-босқич тушунтириш ишларини олиб боришини таъкидлаб ўтди. Йиғилиш доирасида отинойиларнинг саволларига жaвоблар қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати