Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббаситдиновнинг падари бузрукворлари Анасхон ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Мусохон домла Аббаситдиновга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг "Маҳдум эшон" масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД