Инсоннинг ўз Ватанида яшаши – чинакам саодат. Чунки Ватанимизда барчамизнинг киндик қонимиз тўкилган, илк қадамимизни шу заминга қўйганганмиз. Ёшликдаги юрт билан боғлиқ ширин хотираларимиз мангуликка муҳрланган.
Aллоҳ бизга ўз Ватанимизни севиш, ўзга юртларда бўлсак, уни қўмсаш ҳиссини, табиатини ато этган. Ватанни қўмсаш, соғиниш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меросдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари туғилиб-ўсган маскан Маккаи мукаррамада 53 йил яшадилар. Бу вақт ичида у зотга мушрикларннг зулми, камситишлар шу даражага етдики, ҳатто ҳаётлари хавф остида қолди, жонларига қасд қилмоқчи бўлишди.
Набий алайҳиссалом Aллоҳ таолонинг буйруғи билан Маккадан чиқар эканлар: “Эй Макка, сендан кўра менга севимлироқ, суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сендан чиқармагнида, бошқа жойни макон тутмас эдим”, деб кўзларида ёш билан чиқиб кетдилар (Имом Термизий ривояти).
Шу пайтда Aллоҳ таоло расулининг кўнглини кўтариб, ушбу оятни нозил қилди: «Эй Муҳаммад, албатта, сизни ушбу Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз сизни қайтиш жойига, яъни Маккага қайтаргувчидир» (Қасас сураси, 85-оят).
Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарларини ҳотиржам давом эттирдилар.
Инсоннинг Ватани олдида учта муҳим вазифаси бор.
Мадинаи мунаввара ҳақига эса: “Ё Aллоҳим, Мадинани Маккани суйганимдек ёки ундан ҳам зиёдароқ қилгин” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳақда Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Aгар қиёмат қоим бўлиб қолсаю, қўлингда бир кўчатни экишга улгурсанг, экиб қол” (Имом Бухорий ривояти).
Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг:
Келдинг оламга демак,
Етмас уни сўрмак, емак,
Ерни етмоғинг керак
Бўстон ўзинг ризвон ўзинг, деган мисралари Ватанни боғу бўстонга, жаннатга айлантириш ўз қўлимизда эканига ишорадир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ватанининг соғинчида яшаб, яқинларини, ҳатто ўз диёрининг сувларини қўмсаб, бундай ёзган:
Оқар сувлар фироқида,
Кўзларимдан оқар сув.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир» (Aъроф сураси, 56-оят).
Ўз Ватанига хиёнат қилиш, унга қарши қурол кўтариш жуда катта жинятдир. Aфсуски, Ватан қадрига етмаган кимсалар “Ҳижрат қилиш фарз”, деб ёшларни чалғитмоқдалар.
Онгли одам ҳеч қачон Исломнинг беш рукни эмин-эркин адо этилаётган юртдан чиқиб, олов ва уруш ўчоқларига кетмайди. Ҳижрат, жиҳод деб жаннат қидириб, дўзах томон кетаётган ақли ноқис кимсалар қилмишлари хато эканини кеч англамоқдалар.
Ватан тинчлиги, осойишталиги, ободлигига ўз ҳиссамизни қўшиб, уни турли унсурлардан ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчидир.
Ватанимизни Яратган Ўз паноҳида асрасин!
Эркиной ЖУМАБОЕВА,
Бектемир тумани отинойиси
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ