Ислом динида тинчликка ва кишиларнинг осойишталигига раҳна соладиган барча ишлар бузғунчилик-фасод ишлардан саналади. Қуръони Каримнинг Бақара сураси 205-оятида "Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас" дейилган.
Террорчилик ва ақидапарастлик бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига олиб келади. Муқаддас Ислом динимизда бундай ишлар қатъий ман этилиб, Қуръонда "Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади" (Моида, 32) дея қатъий қораланган.
Бугунги бузғунчи оқимларнинг асосий дастак қилиб ушлаган нарсаси шуки, улар шариат амалларини тўла-тўкис бажармаган бошқа мусулмонларга нисбатан "қозиликни" даъво қилиб, "мунофиқ" ва "муртад" деб ҳукм чиқаришдан тап тортмайдилар. Ҳадисда, "Кимки мўмин кишини "кофирсан" деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади", дейилади. Яъни, ҳеч бир одамга мусулмон инсонни "кофир", деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилмаган.
Юқоридаги маълумотларга асосланиб ҳар бир қадамимизни ўйлаб босайлик, ҳар қандай ғояга таъсирланмасдан, расмий жомеъ масжиди имом-хатиблари билан маслаҳатлашайлик!
Бобобек АБДУРАХИМОВ,
Қорабой оқсоқол жомеъ масжиди имом-хатиби
Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.
Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.
Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.
У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати