Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2025   |   29 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:31
Аср
17:12
Шом
19:14
Хуфтон
20:32
Bismillah
23 Август, 2025, 29 Сафар, 1447

Соҳиби узрга тегишли ҳукмлар

12.02.2024   884   3 min.
Соҳиби узрга тегишли ҳукмлар

Cавол: Соҳиби узрга тегишли қандай ҳукмлар бор?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Соҳиби узрга тегишли ҳукмлар қуйидагилар:

  1. Соҳиби узр ҳар бир фарз намоз вақти учун янги таҳорат олади ва ушбу таҳорати билан мазкур фарз намозининг вақтида истаганича намоз ўқийверади. Қачонки ушбу намознинг вақти чиқса, унинг таҳорати синган ҳисобланади ва кейинги фарз намози учун яна қайтадан таҳорат олади.

  2. Соҳиби узрнинг бомдод намози учун олган таҳорати қуёш чиқиши сабабли ботил бўлади. Аммо қуёш чиққанидан кейин таҳорат олган бўлса ва узридан бошқа таҳоратни синдирувчи иш содир бўлмаса, унинг таҳорати пешиннинг вақти чиққанидагина синади. Чунки соҳиби узрнинг таҳоарати вақт кириши билан эмас, балки намознинг вақти чиқиши билан синган ҳисобланади.

  3. Бир киши масалан: пешин намози вақтининг ярмида тиши қонашни бошласа ва пешиннинг охирги вақтига қадар қон тўхтамаса, сўнг у таҳорат қилиб, пешинни ўқиса, кейин асрнинг вақти кирса ва янги таҳорат олиб, асрни ўқиса, сўнг аср вақтининг ярмида ёки охирида қони тўхтаса, ушбу одам пешинни ҳам, асрни ҳам қайтадан ўқийди. Чунки унинг узри тўлиқ бир фарз намозининг вақтини қоплаб олмагани учун, ҳар иккала намозни ҳам бетаҳорат ўқиган бўлади. Агар мазкур ҳолатда унинг қони асрнинг охирги вақтигача ҳам тўхтамай давом этса ва шомни вақти кирганида ҳам қон оқиши давом этса, у ҳолда унинг ўқиган пешини ҳам асри ҳам жоиз ҳисобланади.

  4. Соҳиби узр бир фарз намозининг охирги вақтига яқин таҳорат олса ва таҳорат олаётганида ёки ундан кейин бетаҳоратлик етмаса, яъни узри тўхтаб турса, мазкур таҳорати билан кейинги намозни ўқиса бўлади. чунки вақтнинг чиқиши аслида таҳоратни синдирувчи амал эмас, балки соҳиби узрнинг таҳорати вақт чиқиши туфайли синади, дейилишининг сабаби шуки унинг собиқ таҳоратсизлиги юзага чиқади.

  5. Соҳиби узрга узридан бошқа ҳадас, яъни таҳоратни синдирувчи иш етса, у ҳолда унинг таҳорати синади ва бошқа таҳорат олиши шарт бўлади.

  6. Соҳиби узр узри йўқ кишиларга имомлик қила олмайди.

  7. Соҳиби узр ўзи билан узри бир-хил кишига имомлик қилса бўлади. Аммо узри бошқа бўлса, ёки узри оғирроқ бўлса, ўзидан узри енгил кишига имомлик қилса бўлмайди.

  8. Соҳиби узр имкон қадар узрини тўхтатишга ҳаракат қилиши керак. Масалан: қон оқаётган жойни боғлаб, ёки бирор нарса ёпиштириб бўлса ҳам, бетаҳоратликни тўхтатишга ҳаракат қилиши керак. Шу каби тик турса бетаҳоратлик етадиган ва ўтирса тўхтайдиган бўлса, ўтириб намоз ўқийди. Агар рукуъ ва сажда қилса, бетаҳоратлик етадиган бўлса, имо-ишора билан намоз ўқийди. Ўтириб имо-ишора қилса, таҳорати кетиб, тик турган ҳолатда имо-ишора билан ўқиса, таҳорати синмайдиган бўлса, тик туриб имо-ишора билан ўқийди. Чунки намозни таҳоратсизлик билан ўқишдан кўра, унинг баъзи рукнларини тарк қилиб бўлсада, таҳорат билан ўқиш авлодир.

  9. Соҳиби узр кийимига теккан нажосатни ювса, намозни ўқигунича яна нажосат бўладиган бўлса, масалан: сийдик томиб турган бўлса, либосини ювгани билан, яна сийдик томиб, нажосат бўладиган бўлса, у ҳолда кийимини ювиши лозим бўлмайди. Аммо бошқа жойига теккан нажосатларни ювиши лозим бўлади.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой кириб келди

26.09.2022   4295   5 min.
Ғафлатда қолманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой кириб келди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

...Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят) деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

“Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман”, деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин!

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафао соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида Робиъул аввал ойининг ўн иккинчиси (баъзи манбаларда 8, 9 ёки 10-кунлари), душанба куни (милодий 571 йил, апрель ойида) дунёга келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

Робиъул аввал ойи қандай ой? Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (Муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой “Мавлид ойи” деб ҳам номланади.

Мавлид нима дегани? Мавлид луғатда “туғилиш” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой Рабиъул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар “Мавлиди Набий” дейилади.

Мавлид ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.

Бу ойни қандай ўтказиш керак? Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказиш лозим.

Салавот нима дегани? “Салавот” сўзи араб тилидаги “салот” сўзининг жами бўлиб, “дуо” деган маънони англатади.

Салавот қандай айтилади? Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла аали Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла аали Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Салавот айтишнинг қандай фазилатлари бор?

Салавот айтиш бахилликдан узоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

 

Салавот айтиш дуо қабул бўлишининг омилидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.

 

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил этади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин қилади. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Аллоҳ таоло салавот айтувчиларнинг гуноҳини мағфират этади, даражасини кўтаради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Салавот айтувчиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитадилар. Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

Салавот айтинг! Ҳар дуонинг аввали ва охирида.

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини айтганда ва эшитганда.

Салавот айтинг! Таҳорат олгандан сўнг.

Салавот айтинг! Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.

Салавот айтинг! Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.

Салавот айтинг! Бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда

Салавот айтинг! Ҳар намоздан сўнг.

Салавот айтинг! Уйқудан турганда ва уйқуга ётишдан олдин.

Салавот айтинг! Қуръони каримни хатм қилгандан кейин.

Салавот айтинг! Тонг отганда ва қуёш ботганда.

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинганингизда... Демак, ҳар кун, ҳар сония, ҳар нафасда салавот айтинг!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад.
 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар