بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خاتم النبيين، وعلى إخوانه الأنبياء والمرسلين، وعلى آله وصحبه أجمعين، أَمَّا بَعْدُ
ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАЙЛИК!
Муҳтарам жамоат! Маълумки, жамиятнинг ривожи ёшларимизнинг ақлий, илмий ва жисмоний салоҳиятига боғлиқдир. Айниқса аҳолисининг салмоқли ҳиссасини ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу масаланинг аҳамияти янада катта. Албатта, Ватанимизнинг тараққиётига ҳисса қўша оладиган ёшлар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди. Балки уларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш, уларни билим-маърифатга қизиқтирадиган шароитлар яратишимиз керак бўлади. Шу билан бирга уларни олий мақсадлардан чалғитувчи ёмон иллатлардан ҳимоя қилиш ҳам шаръий бурчимиздир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Қуйида ёшларимизни ҳимоя қилишимиз керак бўлган бир нечта иллатларни санаб ўтамиз:
وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ
яъни: “Улар у жойда: “Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!” – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!...” (Фотир сураси 37-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёшлик кишининг камолот касб этадиган, кўп ютуқларга эришадиган вақти эканига таъкидлаб шундай дейдилар:
اغتنم خمسا قبل خمس : شبابك قبل هرمك وصحتك قبل سقمك وغناك قبل فقرك وفراغك قبل شغلك وحياتك قبل موتك
(رواه الامام الترمذي )
яъни: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг!” (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).
Демак, ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган даврни турли бекорчи ўйин-кулгу ва гуноҳ ишлар билан эмас, балки билим-маърифат ва касб эгаллаш, ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиши керак. Тарихда ном қолдирган барча улуғлар ёшлигини ғанимат билган, ўша даврда керакли билим ва малакани ўзлаштирган зотлардир.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси 90-оят).
Кейинги пайтларда интернет (ижтимоий тармоқлар)да қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Қимор ўйнаб хонавайрон бўлган, чиқиб бўлмас кўчага кирганлар талайгина. Бу кишилар бошқаларга ибрат бўлиши керакки, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишнинг охири войдир! Шу ўринда ижтимоий тармоқларда зўр бериб қиморни тарғиб қилаётган блогерларга эслатамизки, уларнинг рекламаси сабаб ким қиморга қўшилса, уларнинг гуноҳига ўша блогерлар ҳам тенг шерик бўладилар.
لايزني الزاني وهو مؤمن
яъни: “Зинокор мўмин ҳолида зино қилмайди” (Имом Муслим ривоятлари).
Фарзандларимизни бу балодан қутқаришнинг янг яхши йўли, уларни доим назорат қилиб туриш, ёмон дўстларга қўшилиб қолишдан сақлаш, солиҳ инсонлар билан дўстлашишига ёрдамлашиш, бўш вақтларини турли фан ва спорт тўгаракларида ўтишини таъминлашдир.
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
яъни: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси 10-оят).
Фарзандларимизни мўмин-мусулмонларга кечиримли, шафқатли, дўст бўлиб ўсиши учун керакли тарбия ва эътиборни беришимиз керак. Чунки динимизда Аллоҳ йўлида дўст-биродар бўлиш савобли ишлардан ҳисобланади.
Қуръони каримда мўмин бандани қасддан ўлдиришнинг жазоси жаҳаннам экани баён қилинади:
وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا
яъни: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо сураси 93-оят).
Демак, икки мусулмонни гиж-гижлаш, уларни уруштириш эмас, балки уларни ўрталарини келиштириш, яраштириш мақтовга сазовор ишдир.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда баъзилар фарзандларини ўқитиш учун чет элларга олиб бориб, уларни ўзга юртда қаровсиз ҳолда ташлаб келмоқдалар. Натижада, фарзандлари илм олишни ўрнига бефойда ишлар, кимлиги номаълум дўстлар билан қимматли вақтини беҳуда сарфламоқда. Шунингдек, баъзилар эса, фарзандини чет элдаги кимлиги аниқ бўлмаган, эътиқоди ва дину диёнати номаълум шахсларга шогирдликка топшириб келмоқдалар. Шуни унутмаслик керакки, фарзанд баркамол ва эл-юртга хизмат қилиши учун унинг устозини аввало тўғри йўлда ва эътиқодда адашмаган бўлиши ҳамда соҳа мутахассислари томонидан эътироф қилинган шахс бўлиши катта аҳамият касб этади.
Агар устознинг ўзи тарбия ва насиҳатга муҳтож бўлса, ундан таълим олган шогирддан яхши натижа чиқиши жуда қийин. Сир эмаски, ҳозирги кунда тўғри йўлдан адашган устозлардан таълим олган фарзандлар, ўз ота-оналарини ҳурмат қилмасдан: “Ота-онам фақат мени дунёга келишимга сабаб бўлган холос”, деяётган бўлса, баъзилари ота-онасини имонсизликда айбламоқда. Баъзилари туғилиб ўсган юртига қарши чиқиб, бир қанча муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.
Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласиндандир. Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир.
Муҳтарам жамоат! Ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк олиму алломалар чиқади, иншааллоҳ.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар:
مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ
(رواه الإمام الترمذي).
яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).
Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эришиши, ҳам маънавий, ҳам жисмоний етук бўлиши, инсофли тавфиқли бўлишини насиб қилсин. Ота-оналарига доим раҳмат келтиришини муяссар айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Ҳусни хулқ ва чиройли муомала – динимиз талаби!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: «Қуръонни ўқиш ва ёдлашда бардавом бўлинглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Қуръон ипини ечиб, қочиб кетиш борасида туядан ҳам тезроқ», дедилар (Имом Бухорий, 5033; Имом Муслим, 791).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ёд олган (Қуръонни ўзига дўст тутган) кишининг мисоли боғлаб қўйилган туянинг мисолига ўхшайди. Агар қаттиқ туриб, уни боғлашда бардавом бўлса, туясини сақлаб қолади. Агар бўш қўса, кетиб қолади”, дедилар (Имом Бухорий, 5031; Имом Бухорий, 789).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнингдир мен фалон-фалон оятни седан чиқардим, деб айтиши қандай ҳам ёмон. Балки, у седан чиқартирилди. Қуръонни (ўқиш билан уни) эсда сақланглар. Чунки у кишиларнинг қалбидан кетиб қолишда туялардан ҳам тез”, дедилар.
"Қуръон фазилатлари ҳақида қирқ ҳадис" китобидан