بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خاتم النبيين، وعلى آله وصحبه أجمعين، أَمَّا بَعْدُ
ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ!
Муҳтарам азизлар! Юртимизда истиқлол байрами тантаналари давом этмоқда. Алҳамдулиллоҳ, байрамни оилаларимиз даврасида, ёр-дўстлар билан тинчлик ва хотиржамликда нишонлаяпмиз. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).
Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар сулҳ-муроса, тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Мусулмонлар учун энг афзал амал ҳақида келган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ алайҳиссаломдан сўрадилар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мусулмонларнинг афзали қайси киши?”. У зот алайҳиссалом: “Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Халқимизнинг орзуси, мақсади битта – жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечирсин. Шунинг учун ҳам халқимиз Юртбошимиз бошчилигида доимо қўшни юртларда тинчлик бўлишини истаб келади. Бу айни динимизнинг ҳам ғоясидир. Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиш учун яратди ва Ўзига ердаги ўринбосар қилди. Ерни куфру исён билан, бузғунчилик билан вайрон қилиш, мавжудотларнинг насл-уруғини қуритишдан қаттиқ қайтарди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).
Муҳтарам жамоат! Мана юртимиз истиқлолига 30 йил бўлди. Албатта юртимизнинг истиқлоли ва тараққиётининг негизида тинчлик-тотувлик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик ётади. Ушбу ютуқларга эришиш ўзига яраша машаққат, қийинчилик, сабр ва матонат талаб этади. Умид қиламизки, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиб бораверади. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига бир қийинчилик ортидан албатта, енгиллик келишини баён қилиб, шундай деган:
فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا. إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا
яъни: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
Бу оятни тафсир қилган уламоларимиз албатта, бир қийинчиликдан кейин икки енгиллик бор, дейдилар. Тафсири Табарийда шундай дейилади: “Бу ояти карима нозил бўлганда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
أبْشِرُوا أتاكُمُ اليُسْرُ، لَنْ يَغْلِبَ عُسْرٌ يُسْرَيْنِ
яъни: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (“Тафсири Табарий”).
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин.
Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин! Омин!
Илова: Муҳтарам имом-домла! Раҳбариятнинг топшириғига кўра, “Ёшларни ижтимоий иллатлардан сақлайлик!” жума тезиси кейинга қолдирилди ва унинг ўрнига “Тинчлик ва хотиржамлик – улуғ неъмат!” мавзуси тасдиқланди. Ушбу мавзуни янада бойитиб, атрофлича ўрганиб, жамоатга тасирчан услубда етказишингизни сўраймиз!
Биринчи фойда:
Нега Қуръони каримда “анкабут” (ўргимчак) сўзи муаннас (аёл) шаклида келтирилган, гарчи у музаккар (эркак жинсида) бўлсада?
Оятда бундай дейилган:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنْكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتًا
“Аллоҳдан ўзгани дўст тутганларнинг мисоли, ўз уйини қурган ўргимчак кабидир...” (Анкабут сураси, 41-оят).
Оятдаги اتَّخَذَتْ калимасида аёл жинсига далолат қилувчи ت “т” ҳарфи келганига эътибор беринг.
Аслида “عَنْكَبُوتِ” (ўргимчак) сўзи эркак жинсига тааллуқли.
Демак оятда اتخذ бўлиши керак эди. Лекин, اتَّخَذَتْ шаклида, аёл сийғасида келди.
Замонавий илм-фан шуни исботладики, табиатан урғочи ўргимчаккина уй қуришга қодир экан. Эркак ўргимчак эса, фақат тўрдан фойдаланиб ҳаракатланар, лекин уй қуриш имкониятига эга эмас экан.
Агар Аллоҳ таоло оятда “анкабут”ни эркак сийғасида зикр қилганида, бу илмий ва биологик жиҳатдан нотўғри бўларди. Аммо Аллоҳ таоло, аёл сийғасини ифодаловчи ت “т” қўшимчасини келтириши Куръони карим ҳақ калом эканига бўлган иймонимизни янада мустаҳкамлади ва бизга ҳақиқатни кўрсатди. Субҳаналлоҳ...
Иккинчи фойда:
Урғочи ўргимчак, болалари туғилиши билан эркагини ўлдириб, уйнинг ташқарига улоқтиради.
Сўнгра болалар катталашганда, онасини ўлдириб, уни ҳам уйдан ташқарига улоқтирадилар.
Энг заиф ва нотавон уй
Аллоҳ таоло Қуръонда буни битта оят билан тасвирлаган:
“Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди” (Анкабут сураси, 41-оят).
Одамлар ўргимчак уйининг жисмонан заифлигини билишган, лекин унинг маънавий заифлигини фақат шу замонда тушундилар. Шунинг учун, оят: “Кошки билсалар эди!”, жумласи билан якунланди.
Шунга қарамай, Аллоҳ таоло Қуръон сураларидан бирини шундай ёқимсиз ҳашаротнинг номи билан атади. Ушбу сура бошидан охиригача фитналар ҳақида ҳикоя қилади.
Суранинг бошланиши: “Одамлар “иймон келтирдик” дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми?” (Анкабут сураси, 2-оят).
Давомида:
“Ва одамлардан, Аллоҳга иймон келтирдик, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар, албатта, биз сиз билан бирга эдик, дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксиларидаги нарсаларни ўта билгувчи зот эмасми?!” (Анкабут сураси, 10-оят).
Эҳтимол, фитналарга “ўргимчак”нинг нима алоқаси бор деб ўйларсиз?
Жавоб шуки, фитналарнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги гўё ўргимчак тўрининг ипларига ўхшайди.
Фитналар шунчалик бир-бирига киришиб кетганки, уни бир-биридан ажратиб, фарқлаб олиш жуда мушкул. Улар жуда кўп ва мураккаб, аммо Аллоҳдан мадад тилаганлар учун улар ўта заиф ва жуда нозикдир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ