Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Феврал, 2025   |   7 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:09
Қуёш
07:29
Пешин
12:42
Аср
16:04
Шом
17:49
Хуфтон
19:03
Bismillah
06 Феврал, 2025, 7 Шаъбон, 1446

Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг юртимизда ўтадиган йиллик анжуманига тайёргарлик кўрилмоқда

27.08.2021   1381   1 min.
Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг юртимизда ўтадиган йиллик анжуманига тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Ўзбекистон томонидан Ислом тараққиёт банки бошқарувчиси Сардор Умурзоқов раҳбарлигида ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик анжуманига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) манбасига кўра, йиғилишда анжуманга тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Ташкилий қўмитанинг тегишли кичик ишчи гуруҳлари раҳбарлари бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот ва турли йўналишларда ташкилий масалаларни ҳал этишнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.

Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш, ИТБ Гуруҳи ва бошқа ривожланиш ҳамкорлари билан муносабатларни янада чуқурлаштириш нуқтаи назаридан тадбирни юқори ташкилий ва мазмун жиҳатидан юқори савияда ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилган барча санитария-эпидемиология тадбирларига риоя этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, учрашувда ҳал этилиши тегишли вазирлик ва идораларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлигини талаб этувчи бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Уларни муҳокама этиш давомида ўзаро ҳамкорлик алгоритмлари ишлаб чиқилди ва масъул раҳбарларга манзилли кўрсатмалар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шаъбонда тутиладиган нафл рўзанинг оғиз очиш ва ёпиш вақтлари, дуолари

5.02.2025   1864   2 min.
Шаъбонда тутиладиган нафл рўзанинг оғиз очиш ва ёпиш вақтлари, дуолари

Cавол: Шаъбон ойида рўза тутишни ният қилиб турибмиз. Оғиз очиш ва ёпиш вақтлари ва дуоларини айтиб юборсангиз, илтимос.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Дарҳақиқат, кўплаб ҳадиси шарифларда шаъбон ойида нафл рўза тутишга тарғиб қилинган. Жумладан, Оиша разияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойини жуда ҳам кам (ҳолатларда) рўзасиз ўтказардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай савол бердим: “Ё Расулуллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) бирор ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан рамазон ўртасида вақт – шаъбондан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар Роббил оламийнга кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Нафл рўза тонг отгандан қуёш ботгунга қадар тутилади. Ҳаво булутли бўлмаганда кўзимиз билан ҳам тонг отиши ва қуёш ботишини била оламиз. Булутли кунларда эса  тонг отиши ёки қуёш ботишини аниқлаш қийин бўлса, намоз вақтларини кўрсатувчи тақвимдан фойдаланса ҳам бўлади. Тақвимда “Тонг” деб кўрсатилган вақт оғиз ёпишнинг охирги вақти саналади. Ўша вақтдан кейин еб-ичилса, рўза дуруст бўлмайди. Лекин саҳарликда ухлаб қолган одам ҳеч нарса еб-ичмасдан ҳам нафл рўзани ният қилиб, рўза тутиши мумкин. “Шом” деб кўрсатилган вақт эса оғиз очиш вақтидир. Ундан аввал оғиз очиб юборилса, куни бўйи тутилган рўза бузилган саналади.

Нафл рўзанинг аксар ҳукмлари фарз рўзаникига ўхшайди, фақат ниятда “Тонг отгандан токи қуёш ботгунга қадар нафл рўза тутишни ният қилдим”, дейилади. Оғиз ёпишда махсус дуо йўқ, у пайтда юқорида айтилгандек, ўзбек тилида ҳам  ният қилса, бўлади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси қуйидагича:

اَللَّهُمَّ لَكَ صُمْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ، فَاغْفِرْلِى مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ

Ўқилиши: “Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аълаа ризқика афторту, фағфирлий ма қоддамту ва маа аххорту”.

Маъноси: Аллоҳим, ушбу рўзамни Сен учун тутдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Фатво маркази

Мақолалар