БААдаги Дубай амирлигининг маданият ва гуманитар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Қуръони карим мукофоти ташкилий қўмитаси раиси Иброҳим Муҳаммад Бумалҳанинг айтишича, ушбу халқаро Қуръони карим мусобақаси Халқаро Шайха Фотима бинти Муборакнинг Қуръони каримга хизмат қилиш, жаҳоннинг турли мамлакатларидаги қория, ҳофиза аёл-қизларни рағбатлантириш, Амирликнинг ташқи ва ички майдонидаги турли соҳаларда инсонпарварлик ишларини амалга оширишдаги ўрнини қадрлаш мақсадида ташкил қилинган.
Мазкур аёл-қизлар Халқаро V Қуръони карим мусобақаси Коронавирус пандемияси бўйича кўплаб мамлакатларда қўлланилган эҳтиёт чоралари туфайли қолдирилган эди. Лекин шу йил Рамазон ойида Халқаро XXIV Қуръони карим мусобақасини ўтказилгандан сўнг Қуръони карим мусобақасини ташкил этиш қўмитаси бу йил хорижий мамлакатлар ва БАА идораларида расмий тасдиқдан ўтган қориялар иштирокида Шайха Фотима бинт Муборак Халқаро V аёл-қизлар Қуръони карим мусобақасини ташкил этишга қарор қилди.
Мусобақа шартларига кўра, иштирокчидан ўз мамлакатида қонуний рўйхатдан ўтган бўлиши, ўша юртнинг фуқаролигига эга бўлиши ва ёши 25 дан ошмаган бўлиши ҳамда Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида ёддан билиши талаб қилинади.
Шу йил 15 сентябрга қадар ушбу мусобақага қатнашмоқчи бўлган қорияларнинг маълумотномаси қабул қилинади.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
#Ҳаж_2025
Юртимизда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли сўнгги йилларда мўмин-мусулмонлар Исломнинг барча рукнлари, хусусан, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этмоқдалар.
2016 йилда 5200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини адо этган бўлса, 2017 йилдан бундай шарафга эришганлар сони яна икки минг кишига кўпайиб, 7200 нафарга етди. 2022 йилда 12 мингдан зиёд, 2023–2024 йилларда эса 15 мингдан ортиқ мўмин-мусулмон ҳажни адо этди.
Бу йил ҳам 15 мингдан зиёд юртдошларимиз Исломнинг бешинчи рукнини адо этадилар, иншоаллоҳ.
Бугун Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида шу йил ҳажга борувчи гуруҳ раҳбарлари иштирокида илк йиғилиш бўлиб ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра маркази бўлими бошлиғи Мақсуд Каримов қатнашган йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домда Юнусов кириш сўзи билан очиб бердилар.
Тадбирда Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан бу йил элликбоши бўлиб ҳажга борувчи диний соҳа ходимлари иштирок этган бўлсалар, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларидан борувчи гуруҳ раҳбарлари ZOOM платформаси орқали онлайн қатнашдилар.
Йиғилишда гуруҳ раҳбариларига ҳаж мавсумидаги муҳим вазифалар эслатилиб, уларга гуруҳлар аниқ бўлгач, зиёратчилар билан учрашиб, Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳажга пухта тайёргарлик кўришлари, эҳром боғлаш, ҳажнинг арконлари, шартлари, фарзлари, вожиб ва суннатларини атрофлича тушунтиришлари зарурлиги қайд этилди.
Аллоҳ таоло бу йилги ҳаж мавсумини юқори савияда ўтказишни насиб этсин. Ҳар бир зиёратчининг ҳажи мабрур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати