Мусулмон одам аввало аҳли суннат вал жамоат олимлари билдирганидек ишониши лозим. Жаҳаннамнинг абадий азобидан қутулувчилар эътиқоди аҳли суннат бўлган кишилардир.
“Аҳли суннат” атамаси кўпроқ изофат ҳолида, яъни “Аҳли суннат эътиқоди ёки ақидаси”, “Аҳли суннат мазҳаби”, “Аҳли суннат йўли”, “Аҳли суннат фирқаси”, “Аҳли суннат ва жамоат фирқаси” шаклида ишлатилади.
Энг улуғ олим ва авлиёлардан имоми Раббоний Мужаддиди Алфи Соний Аҳмад Форуқий Сарҳандий (қуддиса сирруҳ) айтдики:
“Ақлли ва балоғатга етган ҳар эркак ва аёлнинг биринчи вазифаси аҳли суннат олимлари ёзган ақоид билимларини, ишониладиган нарсаларни ўрганиш ва буларга мос эътиқод қилишдир. Қиёматда, яъни ўлганидан кейин жаҳаннам азобидан қутулиш, уларнинг билдирганларига ишонишга боғлиқ” [Мактуботи Раббония].
“Мусулмонларнинг биринчи вазифалари эътиқодини тўғрилаб, аҳли суннат вал жамоат олимларининг билдирганларига мос ишонишдир. Иккинчи вазифаси фиқҳ (исломиятнинг амр ва тақиқларига оид) илмларни ўрганиб, ҳар ишини буларга мослаб бажаришдир” [Мавлоно Ҳолид-и Бағдодий, Эътиқоднома/ал-иймон вал-ислом].
Қийматли Усмоний олимларидан Тошкўприкзоданинг айтганидек:
“Аҳли суннатнинг ақоидда иккита тармоғи бор. 1. Мотуридия мазҳаби. Унинг имоми Абу Мансур Мотуридий (раҳимаҳуллоҳ). 2. Ашъория мазҳаби. Бунинг имоми эса Абул-Ҳасан Ашъорийдир (раҳимаҳуллоҳ). Иккаласи ҳам тарғиб қилган иймон асослари бирдай. Ораларида фақат баъзи кичик хусусларга тегишли изоҳ, ифода ва услуб тарзидан келиб чиққан жузъий фарқлар бор”.
“Аллоҳу таоло юборган ҳар бир дин икки қисмдан ташкил топган. Бири қалб билан ишонилиши лозим бўлган илмлар, иккинчиси бадан ёки қалб билан бажариладиган ибодат илмлари. Булардан эътиқод асослари ҳар бир динда бир хил бўлиб диннинг асли ва асосидир. Эътиқод дин дарахтининг танасидир. Амал эса, шу дарахтнинг шохлари ва барглари кабидир. Ҳар бир мусулмоннинг аввало эътиқодини тузатиши, аҳли суннат вал жамоат олимлари билдирганидек ишониши лозим. Жаҳаннамнинг абадий азобидан қутуладиганлар фақат мана шу эътиқодда бўлганлардир” [Имоми Раббоний, Мактуботи Раббония].
“Қалбга келадиган бутун маънавий аҳвол/ҳолларни, кашфларни бизга берсалар, лекин қалбимизни аҳли суннат эътиқоди билан безатмасалар, ўзимни хароб бўлган деб биламан. Бутун фалокатларни устимга тўпласа-ю, лекин қалбимни аҳли суннат эътиқоди билан шарафлантирса, ҳеч қайғурмайман” [Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор].
ahlisunnat.uz
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати