Қадрдон ва муҳтарам Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг
вафот этгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан олдим.
Алимовлар оиласи ва Мусулмонлар идорасини оғир қайғуга ғарқ этган ушбу машъум
жудоликни мен ҳам баробар ўртоқлашаётганимни самимий равишда изҳор этиб,
ҳамдардлигимни билдирмоқчиман.
Ҳаётдан кўз юмган раис жаноблари, бош муфтиймизга Оллоҳнинг лутфу-карамига
эришишликни, жаннатдан ўрин олишликни тилаб, Оллоҳдан раҳмат, маҳфират сўраб қоламан.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик мусулмон биродарларимиз ва Мусулмонлар
идорасига, қайғули Алимовлар оиласига ва яқинларига сабри-жамил тилаб, таъзия изҳор
этаман, чин юракдан саломларимни йўллайман.
Проф., др. Али Эрбаш,
Туркия Республикаси
Диёнат ишлари раҳбари
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати