Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари оғир хасталикдан сўнг вафот этдилар.
Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларини Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло ҳазратимизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларининг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан муфтий Усмонхон Алимовнинг оила аъзолари, фарзандлари, сафдошлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд сураси, 31 - оят).
Шарҳ: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар...».
Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси - қиёмат келгунча уларнинг эс-ҳушини жойига келтирувчи мусибатлар бошларига тушиб туради. Бу мусибатлар уларнинг қилган ишлари туфайли тушади.
«...ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар».
Ёки ўша мазкур эс-ҳушни жойига келтирувчи мусибатлар дунёнинг бошқа жойларига тушади. Ўша кофир ва осий бандалар яшаётган диёрларга яқин жойларга тушади. Токи улар ўша мусибатларни кўриб, ваъз-насиҳат олиб, ўзларига келсинлар ва иймон келтирсинлар.
«Тафсири Ҳилол» китобидан