Аллоҳга шукрки, юртимизда жума намози ўқиладиган жоме масжидларда Республика махсус комиссиясининг 2021 йил 10 августдаги қарори талаблари ва карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда жума намозини чиройли шаклда ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Айни пайтгача жоме масжидларда тозалаш ва дезинфекция ишлари амалга оширилди, жума намозини ўқиш учун очиқ осмон остида, яъни масжид ҳовлиси ва унинг атрофига гилам ва жойнамозлар тўшалди, масжид ҳовлисига кириш жойида антисептик восита ва тиббий ниқоблар билан таъминланди. Масжид ходимлари вакцина билан эмланди.
Шунингдек, жума намозида намозхонларнинг карантин тартиб-қоидаларига риоя қилиши назорат қилинади, имом-домла ушбу жума намозида қисқа маъруза қилиши, жума хутбаси, тиловат ва дуолар ҳам мухтасар бўлиб, одамларнинг узоқ қолишининг олди олинади.
Ўз навбатида, Республика махсус комиссияси қарорида белгиланган талабларга риоя этиш, ҳар бир фуқаро тиббий ниқобда бўлиши, касаллик аломатларини текшириш, тана ҳароратини ўлчаш, оралиқ масофани сақлаш, аҳоли тўпланишига йўл қўймаслик каби чоралар кўрилади.
Мана шундай улуғ айём кунларида жума намозини жамоат билан ўқиш бахтини яна насиб этгани учун Ҳақ таолога шукроналар қилайлик, коронавирус касаллиги тезроқ кўтарилиши ва беморларга шифои комил беришини Яратгандан дуо қилиб сўрайлик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
1. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.
2. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.
3. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.
4. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.
5. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.
6. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.
7. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД