Маълум киламизки, Москва шаҳрида жойлашган клиникалардан бирида даволаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўпка ва қон-томир касалликлари, хусусан ўпка пневмонияси бўйича муолажалар олмоқдалар.
Айни кунларда ҳазратнинг ҳолатлари барқарор. Даволаш тадбирлари тажрибали шифокорлар томонидан тиббиёт соҳасининг илғор ютуқларини қўллаган ҳолда давом эттирилмоқда.
Муфтий ҳазратлари тезроқ соғайишлари, халқимиз, мўмин-мусулмонлар ва яқинлари бахтига соғ-омон бўлишларини Ҳақ таолодан дуо қилиб, сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати