Кичик қизим билан ажойиб бир ишни йўлга қўйганмиз. Ҳар куни эрталаб қизимнинг қўлига олма дарахти чизилган вароқ бераман. Дарахтда 15 та олма тасвирланган бўлади. Қизимга агар яхши иш қилса, битта олмани қизил рангга, агар қулоқсизлик қилиб ёмон иш қилса, ўртоқлари, ака-опалари билан жанжаллашса ёки шунга ўхшаган айб ишларни қилса, битта олмани қора рангга бўяб қўйишини айтаман.
Кейин кечқурун ётишдан олдин қизил ва қора олмаларни санаб чиқамиз. Агар қизил олмалар қора олмалардан кўп бўлса, демак, шу куни қизим яхши қиз бўлган бўлади. Мен унга мукофот тариқасида 10 минг сўм бераман. У пулларни қутичасига солиб қўяди.
Бу усул менга қизимни тарбиялашда жуда қўл келади. Ҳам қизим ёмон одатлардан халос бўлади, ҳам қизимга мукофот бериб уни хурсанд қиламан, ҳам унга керакли нарсалар олиб бериш керак бўлганда ўзининг қутичасидаги митти жамғармасидан сарф қиламиз. Бу билан қизим ўз эҳтиёжлари учун ўзи мустақил ҳаракат қилишни ўрганади. Шу билан бирга қутичаси тўлиши учун ҳам доимо яхши ишлар қилишга ҳаракат қилади. Қисқаси бу “олма дарахти”нинг ҳосили жуда баракали бўлади.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мақоми маҳмуднинг эгаси бўлсалар, унда нега азон айтилганидан кейин “Аллоҳим, у зотни Ўзинг ваъда қилган Мақоми маҳмудга етказгин”, деб дуо қиламиз? Бундан гўёки (Аллоҳ сақласин) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Мақоми маҳмуд берилмагандек бўлиб чиқмаяптими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бундай эмас. “Мақоми маҳмуд” “Мақталган мақом” маъносида бўлиб, аксарият уламолар наздида “Мақоми маҳмуд”дан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк шафоатлари ирода қилинган. Бу иззат ва кароматнинг энг олий мақоми бўлиб, у Одам авлодидан фақатгина ул муборак зотгагина насиб этган, холос.
Шунингдек, азон сўнгида ўқиладиган дуода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бизга Аллоҳ таолодан у зот учун “Мақоми маҳмуд”ни сўрашни ўргатганлар. Бу мақомни Аллоҳ таоло у зотга ваъда қилган.
Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом мазкур дуони қилиш орқали у зотнинг шафоатларига ноил бўлишимизнинг хушхабарини ҳам берганлар. Албатта, У зот алайҳиссаломга “Мақоми маҳмуд” сўрашимиз, бу мақом у зотга берилмаганлигини англатмайди, чунки Аллоҳ таолонинг ваъдаси амалга ошган иш кабидир.
Шундай экан, бизнинг азон дуосида “Мақоми маҳмуд”ни Аллоҳдан сўрашимизнинг маъноси нима деган саволга уламолар у зот бизнинг дуойимиз туфайли Мақоми маҳмудга эришмайдилар, балки Аллоҳ таоло у зотга бу мақомни аниқ қилиб қўйган.
Биз бу дуони у зотнинг шафоатларига ноил бўлиш учун қиламиз. Бундан ташқари бундай дуо қилишнинг маъноси ё “Мақоми маҳмуд”нинг бардавом бўлишини, яъни у зотга берилган мақталган мақомни давомли қилгин деб сўраш маъносида ёки банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларига дуо қилиш орқали ўз эҳтиёжларини Аллоҳ таолодан сўраши мумкин эканлигига ишорадир, деб жавоб берганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.