Кейинги йилларда, афсуски, экстремизм чуқур илдиз отаётган мудҳиш иллат сифатида дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Жаҳоннинг турли бурчакларида экстремистик ўчоқлар ва ташкилотлар пайдо бўлиб, мутаассиб аъзолари томонидан ақл бовар қилмас жиноятлар содир этилмоқда.
Экстремистларнинг асосий мақсади бирор-бир давлатда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариб, амалдаги тузумни ўзгартириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш, миллий, ирқий, этник ва диний адоват қўзғатиш, маънавиятини емириш, моддий бойликларини талаш, қурол-яроғ ва наркотиклар савдосини кучайтиришдир.
“Экстремизм” тушунчаси Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қайта-қайта келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қаттиқ қораланган. Масалан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан қайтариб, бундай огоҳлантиради: «Эй аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!..» (Нисо сураси, 171-оят). Бошқа ояти каримада: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят), деб амр қилинган.
Муқаддас динимизда яккаю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилиб, бирдамликка чақирилади. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка, ақиданинг бузилишига олиб келади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж, мўътазила ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши, асосан, динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Ғулув машаққат бўлгани боис одамлар тўғри йўлдан озиб, диндан нафратланиб, безиб қоладилар. Охир-оқибат шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўз-ўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиши ва динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўладилар. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, енгиллик бериш Исломнинг асосий шиорларидан биридир.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Осонлаштиринг, асло қийинлаштирманг. Башорат беринг, ҳеч ҳам нафратлантирманг”, дейилган.
Ислом дини фасодга қарши курашиб, ошкора ва ботиний фитналардан қайтарган. Аъроф сурасининг 56-оятида: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!» деб амр этилган.
Муфассирлар ушбу оят тафсирида “арз”, яъни “ер” сўзи, араб қоидаларига кўра, алиф-лом билан келгани учун муайян бир жойга – Мадина шаҳрига далолат қилади, дейишади. Шунда оятнинг мазмуни: “Мадина шаҳри ислоҳ қилинганидан кейин у ерда фасод ишларни қилманг”, бўлади. Мадина – Ер юзидаги кичкина шаҳар. Мана шу жойда ҳам фасод қилмасликка буюриляпти. Модомики, кичик шаҳарда фасодга чек қўйилмас экан, худди учқун бутун бошли ўрмоннинг кулини кўкка совурганидек, фасод ишлар – экстремизм, терроризм ҳам Ер юзини вайрон қилади.
Ҳозирги кунда айрим давлатларда ғулувга кетган, қўли қонга ботган бир қанча экстремистик гуруҳлар фаолият олиб бораётгани сир эмас. Ғарб мамлакатларининг баъзи оммавий ахборот воситалари ушбу экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини Ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаган. Исломнинг мўътадил дин экани унинг ҳар қандай экстремизмга, хунрезликка қаршилигининг яққол исботидир.
Турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, кўр кўрни қоронғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишонишади. Самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-онаси, акасини ҳам тан олмайди. Булар ҳақида Қуръони каримда: «Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз» (Сажда сураси, 22-оят), деб марҳамат қилинган.
Шукрки, бағрикенг юртда яшаяпмиз. Мамлакатимизда шонли саналар, байрамлар муносабати билан адашиб турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиб, озодликдан маҳрум этилган, айни пайтда қилмишига чин пушаймон бўлиб, бутунлай тузалиш йўлига ўтган фуқароларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари эълон қилиняпти. Оиласи бағрига қайтаётган бундай фуқаролар билан кайвонилар, ҳожи оталар иштирокида суҳбатлар ўтказиб, уларга динимизнинг асл моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо муаззам Каъба деворига суяниб бундай деганлар: “Эй Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг баланд. Лекин агар сени етти марта бузиб вайрон қилганимда ҳам бир мусулмонга озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.
Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, қонингиз, молингиз ва обрўйингиз бир-биринизга худди бугунги кундай, шу шаҳардай ва шу ойдай ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти), деб огоҳлантирганлар. .
Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни қадри, улуғлиги, азизлиги, ҳурмати аён бўлган нарсалар: Қурбон ҳайити, Макка шаҳри ва муҳаррам ойи каби ўзаро молларини, жонларини ва обрўларни ҳурмат қилишга даъват қилдилар”, деб таъкидлайди. .
Имом Шотибий “Муваффақот” китобида ёзишича, барча самовий динлар каби Ислом ҳам беш нарсани – нафс, жон, мол, ақл ва наслу насабни ҳимоясига олган. Экстремист ва уларнинг ҳомийлари эса гуруҳлар шу нарсаларнинг ҳаммасига қарши уруш эълон қилиб, ақидани ҳам, иқтисодни ҳам, жамиятдаги ижтимоий муносабатларни, тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатликни ҳам бузиш пайида бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, биз ёшларнинг онгу шуурини ҳар қандай зарарли мафкуралардан, ғоялардан ҳимоя қила олсак, одамларга бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етишни ўртага олсак, дунёнинг айрим минтақаларида кузатилаётган урушлар, қонли тўқнашувлар, вайронагарчиликлар, дин ниқоби остида содир этилаётган ваҳшиёна ҳаракатлардан огоҳ эта олсак, динимизни, юртимизни турли бузғунчи кучлар адоватидан сақлаган бўламиз. Зеро, зарарни даф этиш фойдани жалб қилишдан муқаддамдир.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухоро вилоятидаги «Чор-Бакр» жоме масжиди имом-хатиби
Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.
Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.
Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.
Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.
Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.
Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.
Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.
Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.
Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.
Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.
Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати