Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Гуноҳлар сабабидан ҳозирги кунда турли азоблар содир бўлмоқда. Бир шаҳарни ер ютган, бир шаҳарда қаттиқ шамол, яна бирида қаҳатчилик бўлган, баъзи жойларда сув йўқ, бошқа жойларда эса сув ҳаддан ошиб кетган, бир жой қаҳратон совуқ бўлса, бошқасида жазирама иссиқ. Баъзи жойларда одамлар кўп ҳалок бўляпти, баъзи жойда бўрон бўлмоқда, яна баъзи жойларга ўт кетяпти, баъзи жойларда қаттиқ шамол ҳали пишиб етилмаган меваларни дарахтлардан тўкиб юбормокда. Баъзи жойда султон золимлик қилмокда, яна баъзи жойларда вабо тарқамоқда. Буларнинг барчасига бизнинг ғийбат сингари гуноҳларимиз сабабдир. Одамлар бу ишларнинг барчасидан тавба қилишлари лозим. Уларга ҳайронман, ёмғир ёғмай қолса ёки шиддатли шамол келса, қўрқиб дуога қўл кўтарадилар, бироқ азобга сабаб бўладиган ишлардан тийилмайдилар. Ибодат ва яхши ишлардан чарчасалар ҳам, ғийбат қилишдан чарчамайдилар. Шунинг учун қилган дуолари ҳам қабул бўлмайди. Гунох қилавериб, диллари котиб кетгани сабабли ҳаргиз насиҳатни қабул қилмайдилар. Гоҳида жаннат зикр қилинса, жаннат сўраб дуо қилиб қўяверадилар, лекин унга киришга монелик қиладиган ишлардан парҳезлари йўқ. Маъруза қилувчининг насиҳатини эшитадилар-у, унинг ёнидан чиққач, яна ўз йўлларида (гуноҳ қилишда) давом этаверадилар.
«Ғийбат ўзи нима?» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати