Шу кунларда Интернет ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликлари тўғрисида турли асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар тарқатилаётгани кузатилмоқда.
Маълум қиламизки, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликларини яхшилаш учун навбатдаги даволаниш муолажалари амалга оширилмоқда. Малакали тиббиёт мутахассислари ва шифокорлар томонидан ҳазратнинг соғлиқлари мунтазам кузатиб борилмоқда ҳамда даволаниш босқичлари ўтказилмоқда. Аллоҳ таолога шукрки, айни пайтда муфтий ҳазратларининг сиҳатлари барқарордир.
Одамлар орасида ҳар хил асоссиз ва воқеликка тўғри келмайдиган ёлғон хабарларни тарқатиш муборак Ислом динимизда гуноҳ саналиши, қонунчиликда эса жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Даллоллик касби жоизми? Агар жоиз бўлса, даллол икки томондан ҳақ олса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Даллол гоҳида сотувчи тарафидан, гоҳида олувчи тарафидан, гоҳида эса иккиси тарафидан ҳам вакил бўлади. Агар даллол ёлғон, фириб, алдов қилмасдан фаолият юритса, бу учун ҳақ олиши жоиз ҳисобланади.
Даллолнинг ҳақ олиши ва унинг қайси томондан бўлиши урф-одатга кўра бўлади. Урфда сотувчи, ёки харидор, ё ҳар икки томон даллол ҳаққини берадиган бўлса, шундан келиб чиқиб иш фаолиятини юритиши жоиз ҳисобланади ("Дурарул ҳуккам" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.