Шу кунларда Интернет ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликлари тўғрисида турли асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар тарқатилаётгани кузатилмоқда.
Маълум қиламизки, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликларини яхшилаш учун навбатдаги даволаниш муолажалари амалга оширилмоқда. Малакали тиббиёт мутахассислари ва шифокорлар томонидан ҳазратнинг соғлиқлари мунтазам кузатиб борилмоқда ҳамда даволаниш босқичлари ўтказилмоқда. Аллоҳ таолога шукрки, айни пайтда муфтий ҳазратларининг сиҳатлари барқарордир.
Одамлар орасида ҳар хил асоссиз ва воқеликка тўғри келмайдиган ёлғон хабарларни тарқатиш муборак Ислом динимизда гуноҳ саналиши, қонунчиликда эса жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идоранинг Бухгалтерия бўлими мудири ўринбосари Бурхон Назаровнинг падари бузрукворлари Бахтиёр ҳожи отанинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум отахоннинг яқинларига, хусусан, Бурхон Назаровга ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги "Катта Қозиробод" жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz