Шу йил 26-29 ноябрь кунлари Қозон шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) давлатларининг II Ёшлар илмий конгресси бўлиб ўтади. Татаристон Республикаси Ёшлар масалалари вазири Ринат Содиқов, Ёшлар дипломатияси академияси раиси Дилбар Содиқова, Қозон федерал университети (КФУ) ташқи алоқалар бўйича проректори Тимирхон Aлишевлар матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритди. Бу ҳақда “Islam-today” сайти хабар берди.
ИҲТга аъзо 20 дан ортиқ давлатдан 100 нафар ёш олим ва тадқиқотчи ИҲТ давлатларининг II Ёшлар илмий конгрессида қатнашади.
Дилбар Содиқованинг сўзларига кўра, иштирокчиларнинг аксарияти учун бўлажак Конгресс илк бор хорижга саёҳат қилиш ва ўз илмий ишланмаларини жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш имкониятини беради.
Конгресс йўналишлари орасида биомедицина ва биотехнология, нефт, газ ва таълим технологиялари, халқаро муносабат ва ҳуқуқ, архитектура, дизайн ва санъат йўналишлари бор.
ИҲТ мамлакатлари II Ёшлар илмий конгреси якунида иштирокчиларнинг илмий ишлари тўплами нашр этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси