2020 йилда Ўзбекистон CAF (Charities Aid Foundation) хайрия жамғармаси тақдим этган хайрия индексига кўра (World Giving Index) жаҳон рейтингида 114 мамлакат орасида 2018 йилдаги 53 ўриндан 29-ўринга кўтарилди.
Мамлакат рейтинги учта йўналишдаги ўртача қиймат кўрсаткичларига боғлиқ:
* хайрия ташкилотларига тушган маблағлар;
* аҳолининг муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш;
* кўнгилли сифатида кўмак бериш
2020 йилда юз берган глобал пандемия муаммоларига қарамай, бир-бирига ғамхўрлик қилган инсонларнинг меҳр-оқибати, ҳамжиҳатлиги, сахийлиги пандемиянинг оғир муаммоларини жаҳон миқёсида бартараф этишга ёрдам берди. Ўзбекистонда хайрия ва ўзаро ёрдам маданияти қанчалик юксалганини мамлакатимизнинг жаҳон хайрия индексида тутган ўрни ҳам тасдиқлайди.
ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон 2020 йилда хайрия ташкилотларига ажратилган маблағлар бўйича 18-ўринни (46%), муҳтожларга тўғридан-тўғри саховат ёрдами кўрсатган одамлар сони бўйича 58-ўринни (57% фуқаро), кўнгилли сифатида кўмак бериш бўйича 62-ўринни (16%) эгаллади.
Индонезия бу борада 2020 йилги жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Кения иккинчи, Нигерия учинчи ўринда қайд этилди. Мутахассислар ушбу мамлакатларда хайрия ёрдамининг кўпайишини камбағал аҳоли қатламларининг аҳволи ёмонлашаётгани, шунингдек, фуқаролик жамияти ва кўнгиллилар ҳаракати фаоллашгани билан изоҳлашмоқда.
Пандемия даврида одатда ҳар доим биринчи ўнталикка кирган мамлакатлар (АҚШ, Буюк Британия, Ирландия, Канада, Нидерландия) ўрнига, илгари ҳеч қачон юқори позицияни эгалламаган мамлакатлар биринчи ўнталикдан ўрин эгаллади.
Рейтингдаги сўнгги ўринни (114) Япония эгаллаб турибди. Мутахассислар Япониянинг бундай позицияни эгаллашини аҳолининг маданияти ва менталитети, муҳтожларнинг давлат томонидан юқори даражада таъминланиши ҳамда мамлакатда хайрия ёрдами кўрсатиш бўйича тартиб-қоидаларнинг мураккаблиги билан изоҳлашади.
Қуйи ўринларни Франция (106-ўрин), Қозоғистон (98-ўрин), Туркия (78-ўрин), Германия (85-ўрин), Россия (67-ўрин) ва бошқалар эгаллади.
Хусусий хайрия ёрдами кўрсатиш ва кўнгиллилик фаолияти ҳар бир халқнинг маданияти, хайр-саховат билан боғлиқ қадриятлари, дини, тарихи ва халқнинг урф-одатларидан келиб чиқади. Фуқароларнинг хайрия ишларида иштирок этиш даражаси фуқаролик жамияти ривожланганлигидан ва одамлар ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшишга қанчалик тайёр эканликларидан далолат беради.
Тадқиқот натижаларига кўра «бахтли» мамлакатлар фуқаролари «бой» давлатларникидан кўра кўпроқ хайрия қилишади. Аҳолининг ўз ҳаётидан қониқиш даражаси ва хайр-эҳсон қилишга мойиллиги ўртасидаги боғлиқлик мамлакатнинг моддий фаровонлиги (ЯИМ) ўртасидаги ўзаро таққосда статистик жиҳатдан устунлиги аниқланди.
Тадқиқотларда ишонарли демографик тенденция аниқланди. Унга кўра, умуман олганда, одам ёши каттароқ бўлса, у кўпроқ ўз маблағларини хайрия учун сарфлашга мойил бўлади (лекин баъзи ривожланаётган мамлакатларда тескари тенденция ҳукм сурмоқда).
Баъзи йирик мамлакатларда, масалан, Хитой ва Россияда сўровнома қамрови 2000 кишини ташкил этади. Сўровномалар мамлакатларда телефон алоқаси қанчалик ривожланганига қараб, телефон ёки юзма-юз олиб борилади. Тадқиқот доирасида респондентлар замонавий ҳаётнинг турли жабҳаларига, жумладан хайрия ишларида шахсий иштироки билан боғлиқ саволларга жавоб беришади. Респондентлар ўртасида олиб борилган сўровномаларда мамлакатнинг моддий фаровонлик даражаси, ҳаёт сифатидан қониқиши ва фуқароларнинг хайрия ёрдамига мойиллиги ўртасидаги боғлиқликлар ҳисобга олинган; шунинг учун хайрия фаолияти модели ҳар бир мамлакатнинг ўзига хосдир. Масалан, айрим мамлакатларда одамлар хайрия ташкилотларига оз маблағ ажратишади, аммо улар доимий равишда муҳтожларга бевосита ёрдам кўрсатишади.
Маълумот учун: World Giving Index (жаҳон хайрия индекси). Чаритиз Эйд Фаундейшннинг ушбу тадқиқоти Хайрия ёрдам жамғармаси (CAF) томонидан 2009 йилдан буён 15 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида тасодифий танлов асосидаги сўровнома тарзида ўтказиб келинмоқда (камида 1000 та сўровнома).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
2024 йил 30 октябрь куни Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ҳасанбой ота” жоме масжидида амалий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги раҳбарияти ва ходимлари, вилоят туман ва шаҳарларининг бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, “Ҳаж-2024” зиёратчилари, МФЙлар раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойиларнинг “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш ишига кўмаклашиш, тумандаги масжидлар фаолияти ўрганиш, пешин намозида масжидларда долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шу мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент туманининг 18 та масжиди ҳамда 20 та маҳалласига бириктирилиб, хонадонларга кирилиб, турли йўналишлар бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Хусусан, имом-хатиблар 100 та оилага, отинойилар 14 та оилага, умумий ҳисобда 114 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган 32 та оила ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. 36 та ҳолатда оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилинди, 4 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди, 7 оилани яраштириш жараёнини давом эттириш белгиланди. 23 та хонадонда ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар билан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида суҳбатлашилди. Шунингдек, ногирон ва касалманд фуқаролар яшайдиган 2 та оилага кирилиб, улардан кўнгил сўралди, даволаниш ва дори дармон, 3 та кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда моддий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Тошкент туманида масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати