Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

16.07.2021 й. Қурбонлик фазилати ва унинг ҳукмлари

13.07.2021   4691   16 min.
16.07.2021 й. Қурбонлик фазилати ва унинг ҳукмлари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْاَمِين، وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْعَارِفِين

ҚУРБОНЛИК ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ҲУКМЛАРИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Ислом оламида Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта тантана билан байрам қилинади. Айниқса, Қурбон ҳайити кунларида бутун дунё мусулмонлари вакиллари муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатини бажараётган бўладилар. Ҳаж ибодатлари ичида қурбонлик қилиш ҳам бор. Бунинг устига ҳаж қилмаётган бўлсада бойлик нисобига эга мусулмонларга ҳам қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради.

Қурбонлик қилиш – “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида махсус вақтда, хос бир ҳайвонни сўйиш”дир (“Ал-муътасар аз-зарурий” китоби).

Қурбонлик қилинадиган “махсус вақт” дегани – Зул-ҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, Қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Унинг охирги вақти Зул-ҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади.

“Хос ҳайвон”дан мурод – қурбонлик учун сўйиладиган туя, қорамол, қўй ёки эчкидир.

Қурбонлик қилиш шариатимизда, худди закот каби ҳижратнинг иккинчи йили жорий этилган.

Ҳанафий мазҳабига кўра қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойлик миқдори – кундалик ҳаёт учун зарур нарсаларидан ташқари 85 грамм тилла ёки унинг қийматидаги мол-мулкка эга бўлишдир.

Бу миқдор бойликка бир йил тўлган бўлиши ёки йил давомида ўсувчи бўлиши шарт эмас. Ҳатто қурбон ҳайити куни фақир киши 85 грамм тилла ёки унинг қийматига эга бўлса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Аммо кимда закоти бериладиган мол-мулк, сотиш ниятида олинган ёки кейинчалик сотиш нияти пайдо бўлган нарсалар, айни пайтда яшалмаётган уй-жойлар, ер ва боғлар, ижарага берилган уйлар ва машиналар, минилмаётган уловлар, соғиб ичиладиган ҳайвонлардан бошқа чорва моллари, ўқилмайдиган китоблар, уйда ишлатилмай турган идиш-товоқ, кўрпа-тўшак ва гиламлар, сувенирлардан қайси бири мавжуд бўлиб, унинг қиймати 85 грамм тилланинг қийматига етса, у кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Қурбонлик ҳақида Қуръони каримнинг Ҳаж сурасида шундай дейилади:

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ ...  (سورة الحج/36)

яъни:(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир”  (36-оят).

Бошқа бир ояти каримада шундай баён қилинган:

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ  (سورة الكوثر/2).

яъни: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг! (Кавсар сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримани уламоларимиз қурбонликнинг вожиб эканига далолат қилади, деб тафсир қилишган.

Қурбонлик – ҳар йили такрорланадиган ибодатдир. Қурбонлик – Аллоҳни улуғлаш учун қулай фурсат ва уни розилигини топишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Демак, қурбонлик фақатгина Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун, Унинг розилигини қозониш учун қилинади. Аллоҳ таоло банданинг қурбонлигига муҳтож эмас, балки банданинг ўзи қурбонлик сабабидан бериладиган улкан ажрларга муҳтождир.

Қурбонлик қилишнинг бир қанча фазилатлари бор. Аввало, қурбонлик – Аллоҳ таолонинг шиорларидан бўлиб, Аллоҳ таоло шарафлаган нарсани улуғлаш ва бошқа нарсалардан устун қўйишдир. Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай марҳамат қилади:

ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ

الحج: 32

яъни: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (32-оят).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَا عَمِلَ آدَمِيٌّ مِنْ عَمَلٍ يَوْمَ النَّحْرِ أَحَبَّ إِلَى الله مِنْ إِهْرَاقِ الدَّمِ إِنَّهَا لَتَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِقُرُونِهَا وَأَشْعَارِهَا وَأَظْلاَفِهَا وَإِنَّ الدَّمَ لَيَقَعُ مِنَ الله بِمَكانٍ قَبْلَ أَنْ يَقَعَ عَلَى الأَرْضِ فطِيبُوا بِهَا نَفْساً

 (رواه الامام الترمذي)

яъни:Қурбон ҳайити куни одамзот қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилолмас. Албатта, у ҳайвонлар Қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Шундай экан уни чин кўнгилдан қилингиз” (Имом Термизий ривоятлари)

Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “Баъзи вақтлар маълум бир ибодатга хослангандир. Қурбон ҳайити куни эса, Иброҳим алайҳиссалом адо этган – жонлиқ сўйиш ва такбир айтиш билан хосланган” (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). 

Қурбонлик қилиш – Набий алайҳиссаломнинг муборак суннатлари ҳамдир. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

أَقَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالْمَدِينَةِ عَشْرَ سِنِينَ يُضَحِّي

أخرجه أحمد والترمذي، وسنده حسن

яъни: “Набий алайҳиссалом Мадинада ўн йил қурбонлик қилдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Бу ривоятдан Набий алайҳиссалом Мадинада қурбонликни канда қилмаганлари маълум бўлмоқда.

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ

(رواه الإمام البخاري)

яъни:Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизнинг аввали ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик қилишдир. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Ким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик қилиш ва унинг гўштидан яқинларга улашиш одамлар ўртасида меҳр-оқибатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик сўйишга қодир бўла туриб, уни бажармаган киши ҳақида бундай деганлар:

مَنْ وَجَدَ سَعَةً وَلَمْ يُضَحِّ فَلَا يَقْرَبَنَّ مُصَلَّانَا

(رواه الإمام ابن ماجة عن أبي هريرة رضي الله عنه)

 яъни: “Имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаган киши намозгоҳимизга яқинлашмасин” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Қурбонлик учун қўй, эчки, қорамол ва туядан бири сўйилади. Қўй эчки бир кишидан, туя ва қорамол етти кишигача одамлардан қурбонлик қилинади.

Бу ҳақда Жобир Ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтдилар:

نَحَرْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عام الحديبية الْبَقَرَةَ عَنْ سَبْعَةٍ وَالْبَدَنَةَ عَنْ سَبْعَةٍ

(رواه الإمام مسلم)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳудайбия йили мол ва туядан ҳар бирини етти кишининг номидан сўйдик” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, туя ёки сигир (ёки буқа)га етти кишигача шерик бўлиши мумкин. Ундан ортиғи дуруст эмас.

“Мухтасарул виқоя” китобида шундай дейилган: “Мажнун (жинни), туғма шохи йўқ ва қўтир билан касалланган ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз. Лекин ўта озғин ёки сўйиладиган жойига бора олмайдиган даражада чўлоқ қўйларни қурбонликка сўйиш жоиз эмас”.

Қурбонлик қилинадиган туя беш ёш, қорамол икки ёш, қўй ё эчки бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Бу ёшга етмаган ҳайвонларни сўйиш билан қурбонлик адо бўлмайди. Фақат бир ёшли қўйларга тенглашиб кетган бўлса, олти ойлик қўзи ҳам қурбонликка ярайди.

Шохини баъзиси синган қўйни ҳам қурбонлик қилишга рухсат берилган. Аммо  шохи таг-тубидан синган бўлса уни қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Қўтир қўйни қурбонликка сўйиш учун қўтирлик гўштга ўтмаган ва айни пайтда ем-хашак еб турган бўлиши шарт қилинади. Акс ҳолда қўтир қўйни ҳам қурбонликка сўйишга рухсат берилмайди. (“Ал-Фатово ал-ҳиндийя” китоби).

Икки кўзи кўр ёки бир кўзи кўр ҳайвонни қурбонлик учун сўйилмайди. Туя, сигир, қўй ва эчкиларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. (“Ал-Ҳидоя” китоби).

Қурбонлик гўштидан унинг эгаси ейиши, бойу камбағалларга едириши ва сақлаб қўйиши жоиз. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ أَكْلِ لُحُومِ الأَضَاحِي بَعْدَ ثَلاثٍ فَكُلُوا مَا شِئْتُم

яъни: “Сизларни қурбонлик гўштларини уч кундан кейин ейишдан қайтарган эдим, энди истаганча еяверинглар...”, – деб марҳамат қилганлар. (Имом Табароний, “Ал- Мўъжам ас-сағир”)

Қурбонликнинг вақти – уч кундир. Қурбон ҳайитининг биринчи, иккинчи ва учинчи кунининг қуёш ботгунича.

Қурбонликнинг аввалги вақти, агар шаҳар жойда сўйилса – Қурбон ҳайит намози ўқилгандан кейин. Агар ундан бошқа (жума ўқилмайдиган қишлоқ) жойларда сўйилса, ҳайит куни тонг отгандан бошланади. Охирги вақти эса (ҳайитнинг) учинчи куни қуёш ботишидан озгина аввал тугайди.

   Қурбонлик гўштининг учдан биридан кам бўлмаган қисмини садақа қилиш мустаҳабдир. Гўштнинг бир қисмини ўзига олиб қолади, бир қисмини таом қилиб едиради, бир қисмини эса гўшт ҳолича тарқатади. Бундай тақсимлаш мустаҳаб, вожиб эмас.

Муҳтарам азизлар! Фиқҳий мавзудаги суҳбатимизда қурбонлик ҳақида энг кўп сўраладиган масалаларни ўрганамиз.

  1. Қулоғи, думи, думбасидан баъзисига нуқсон етган ёки кесилган ҳайвонни қурбонлик учун сўйиш мумкинми?

Жавоб: Ушбу аъзоларнинг учдан бири ёки ундан кўпи йўқ бўлса, қурбонлик учун сўйиш жоиз эмас. Аммо учдан биридан оз миқдори йўқ бўлса, қурбонлик қилса бўлади. Шунигдек, қулоғини учдан бирини кетказмаган ҳолда тамға ёки белги қўйилган бўлса ёки қулоқни иккига ёриб қўйилган бўлса ҳам бундай жонлиқни қурбонлик учун сўйиш жоиздир. Иккита қулоғдаги нуқсон бир-бирига қўшилмайди, балки ҳар бир қулоқнинг ўзи алоҳида ҳисоб-китоб қилинади (“Ал-Фатово ал-ҳиндийя” китоби).

  1. Бепарволик қилиб қурбонлик қилмаган киши нима қилади?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабимизга кўра, қурбонлик зиммасига вожиб бўлган бўлсада, унутиш, бепарволик ва бошқа сабаблар билан қурбонлик қилмаган киши, шу йилнинг ҳисобидан битта қурбонликка ярайдиган қўйнинг қийматини камбағалларга бериши вожибдир. Бунинг устига зиммасидаги вожибни кечиктиргани учун тавба қилиб, истиғфор ҳам айтади. (“Ал-Ҳидоя” ва “Бадоиъус-саноиъ” китоблари). Валлоҳу аълам.

  1. Қурбонлик қилишни ният қилган киши тирноқ ва сочларини олмаслиги керакми?

Жавоб: Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга кўра қурбонлик қилмоқчи бўлган киши соч ва тирноқларини олиши мубоҳ амал саналади. Хоҳласа олиши ёки олмаслиги мумкин. Ҳанафий мазҳабининг кейинги уламолари ҳадиси шарифдаги буйруқ мустаҳабни ифода қилади, деганлар. Бунга кўра қурбонлик қилмоқчи бўлган кишилар қурбонлик қилгунларига қадар соч ва тирноқларини олмасликлари мандуб - яхши амал саналади. Лекин соч ва тирноқларини олсалар ҳам макруҳ бўлмайди.

  1. Такбири ташриқ қачон ва қандай айтилади?

Жавоб: Такбири ташриқ – қурбонлик кунлари такбир айтиб Аллоҳ таолони улуғлашдир. Такбири ташриқ Арафа куни бомдод намозидан бошланади. Бунга ҳамма уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Фатво берилган – Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг сўзларига кўра такбири ташриқнинг охирги вақти Қурбон ҳайити тўртинчи кунининг аср намозида тугайди. Яъни, Арафа, Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кун, жами йигирма уч намоздан иборат бўлади.

Унинг кўриниши қуйидагича:  الله أكبر الله أكبر لا إله إلا الله والله أكبر الله أكبر ولله الحمد

Жамоат билан ўқилган фарз намозларининг саломидан кейин дарҳол такбири ташриқни бир марта айтиш вожибдир. Агар иқтидо қилган бўлса аёлга ҳам, мусофирга ҳам вожиб бўлади. Аёллар такбири ташриқни махфий айтадилар. Бу масалани эҳтиёт томонини олган уламоларимиз (Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар) ҳар бир фарз намозини ўқиган эркак ё аёл такбири ташриқ айтиши вожиб, чунки такбир фарз намозга тобеъдир, деганлар. Имом такбир айтмаса, эргашувчилар айтади.

Ҳурматли жамоа! Мана шундай фазилатли амал – қурбонлик қилганимизда ота-она, опа-сингил, ака-ука, қариндошлар, қўни қўшнилар ва маҳалламиздаги камбағал оилаларга ширин сўз айтиш ва эҳсон қилишни унутмайлик. Зеро, динимизда ўзгаларнинг қалбига хурсандчилик солиш Аллоҳ таолога энг севимли ишлардандир!

Аллоҳ таолога севимли бўлган бу кунларда эҳсонларни кўпайтириб, уни муҳтож оилаларга йўналтиришимиз айни муддаодир. Чунки байрам кунларида етимлар, бевалар, ногиронлар ва қаровчисини йўқотган кексаларга яхшилик қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш катта савобдир. Ҳар соҳада мавсумлар бўлгани каби, шу ўтказаётган кунларимиз ҳам савоб ишлаш учун бир мавсумдир. Бундан унумли фойдаланиб қолишимиз, баданий ва молиявий ибодатларни имкон қадар кўпроқ қилиб қолиш керак. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради...”, – деб марҳамат қилганлар.

Огоҳлик маъносида шуни эслатамизки, ижтимоий тармоқларда иқтисодий ёрдам сўрайдиган фирибгарлар ҳам етарлича топилади. Аллоҳ сақласин, хайру-эҳсонларимиз нолойиқ, мутассиб шахслар қўлига тушиб қолмасин. Эҳсонлар ва маблағлар ўз жойига етиб бориши учун маҳалла, расмий имом домлалар ва “Вақф” хайрия фонди орқали бу ишни амалга ошириш тўғри бўлади. Чунки мазкур ташкилотларда эҳсонга ҳақли бўлганлар ўрганиб чиқилган ва уларнинг рўйхати шакллантирилган. Имкон борича муҳтожларга ёрдамчи бўлайлик!    

 Аллоҳ таоло барчамизни ҳайитларга саломат етказсин! Қурбонлик ва шу каби ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Шарму ҳаё – имондандир” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

9.01.2025   5154   4 min.
Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:

Биринчисиўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.

Иккинчисиҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.

Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.

Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).

Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».

Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.

Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.