بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، نَبِيِّ الرَّحْمَةِ وَرَسُولِ السَّلاَمِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ
ПОРАХЎРЛИК – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
Муҳтарам жамоат! Динимиз мусулмонларни бир қанча ишларга буюрган ва бир қанча ишлардан қайтарган. Буюрилган ишларда банда ва жамиятга катта манфаатлар бўлса, қайтарилган ишларда уларга катта зарарлар бор. Ман қилинган ишларни қилишнинг зарари баъзида фақат маълум шахсларга етса, баъзисининг зарари кенг кўламли бўлиб, бутун жамиятга салбий таъсир қилади. Ана шундай иллатлардан бири порахўрликдир.
Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан биридир. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Курашда натижага эришганлари катта ривожланишга эришмоқдалар, уни енга олмаган жамиятларда эса бунинг акси.
Аксарияти мусулмонлар бўлган бизнинг жамиятимизда бу масаланинг ечими қандай бўлади!? Аслида, биз динимиз кўрсатмалари, севимли Пайғамбаримиз суннатларига амал қилсак, порахўрлик, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди. Динимиз ва имонимиз шуни тақозо қилади.
Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз шундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади.
Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.
Қуръони каримда бу мавзуда шундай дейилади:
سَمَّاعُونَ لِلْكَذِبِ أَكَّالُونَ لِلسُّحْتِ
яъни: “(Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва ҳаромни (порани) ейдиганлардир...” (Моида сураси 42-оят). Муфассир, тобеъин Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ: “Оятдаги “ҳаром”дан мурод порадир”, деганлар.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб қилиш, молларини ўзаро розилик билан олишга чақиради. Ояти каримада шундай дейилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ
яъни: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси 188-оят).
Бу оятнинг замирида ўғрилик, босқинчилик, алдов, фирибгарлик, жумладан, порахўрлик билан ўзгаларнинг молларини ўзлаштириш ҳаромлиги ётади.
Яна бошқа ояти каримада шу маъно такрорланади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси 29-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо порахўрликнинг ёмонлигидан огоҳлантирдилар ва ундан қайтардилар. Порахўрлик мавзусида машҳур бўлган ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الرَّاشِي وَالْمُرْتَشِي
яъни: “Аллоҳнинг лаънати пора берувчи ва пора олувчига бўлсин!” – дедилар.
Бошқа ҳадиси шарифда: “Ҳукмда пора берувчи ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – дейилган (Тўрт сунан соҳиблари ва Имом Аҳмад ривоят қилишган).
Яна бир ривоятда пора олувчи ва берувчи ўртасидаги воситачи ҳам лаънатланган. Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.
Жумҳур уламоларимиз: “Ўзининг ҳаққига етиша олмаётган ёки ўзидан зулм ё зарарни даф қилмоқчи бўлган кишигина пора бериши мумкин, бундай ҳолатда гуноҳ пора олувчининг бўйнига тушади”, – дейдилар.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
الراشي والمرتشي في النار
яъни: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Порахўрликнинг яна бир кўриниши вазифадор, масъул шахсларнинг аслида, ўз зиммаларидаги ишларга ҳам совға-ҳадя олишларидир. Ундай кишилар аввалдан белгиланган, талаб қилиб оладиган совғалари натижасида бир ишни олишга номзод бўлганлар ичида ҳақлиси эмас, балки, салоҳиятсиз бўлгани иш устига келади. Кейин у қурган уйлар қулайди, қурган кўприклари чўкади, ишлар кўзланган натижани бермайди. Бундай ҳадянинг пора экани кундай равшан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом закот молини йиғишга жўнатган киши совға олганида унга: “Ота-онасини уйида кутиб ўтирганида, унга ҳадя қилишармиди?!” – деганлар.
Баъзилар порани ҳадя деб номлаб олишади. Аслида, поранинг ҳадядан фарқи шуки, ҳадяни сўраб олинмайди. Яна ҳадя икки ўртада муҳаббат ҳосил қилиш учун қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлади” (Имом Молик “Муватто” китобларида ривоят қилганлар). Пора берувчи ва олувчи ўртасида муҳаббат пайдо бўлмайди, чунки пора берувчи нимадандир таъмагир бўлади. Мабодо улар ўртасидаги иш ҳал бўлмаса, ўзаро катта душманчилик пайдо бўлади.
Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Вазифадор кишига ҳақни ўзгартириш учун ҳадя берилса, унга эгалик қилиши (фойдаланиши) жоиз эмас”.
Айтиш жоизки, миллатимиз хулқида яхшиликка яхшилик қайтариш руҳи бор. Масъул шахс ундан ҳеч нарса талаб қилмай, таъма қилмай, ўз вазифасини бажариб, фуқарони ишини битирса, унга яхшилик қайтаргиси келади. Ҳеч қандай таъмасиз, иши битиб, бемалол кетиши мумкин бўлиб турганда ҳам, кўнглидан чиқариб, ҳадя бермоқчи бўлса, бунда икки томонга ҳам бир гуноҳ йўқ. Пора аввалдан белгиланган, сўраб олинадиган, ҳақни ноҳақ, ноҳақни ҳақ қилиш учун бериладиган нарса бўлади.
Давлат томонидан одамларни енгилини осон қилиш учун вазифадор қилинган айрим кишилар одамлардан бирор нарса олмасалар уларнинг ишларини битирмайдилар. Бу ўзларига юкланган омонатга хиёнат, ўзгаларга зулм қилиш ва одамларнинг молларини ҳаром йўл билан ейишдир.
Адолатли ҳукмдор номини олган Умар ибн Абдулазиз у кишига келтирилган ҳадяларни қабул қилмас эдилар. У кишига: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом У кишига ҳадя берилса, қабул қилардиларку?!” дейишса: “Ҳа, ҳақиқатан у моллар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳадя бўлган, бизга эса бу порадир. Чунки одамлар у зотга пайғамбарликлари сабабли яқинлашмоқчи бўлишган. Бизга эса бошлиқ бўлганимиз учун яқинлашмоқчи бўладилар”, – дедилар.
Яна бир ҳолат борки, бу миллатнинг оёғига болта уради, унинг маънавияти ва келажагига таҳдид солади, бу – таълим соҳасидаги порахўрликдир. Чунки билимдон ўқитувчи қолиб, салоҳиятсиз, билимсиз киши ёшларга таълим берса, ёшларнинг келажаги хавф остида қолади. Олийгоҳга келганда яна порахўрлик бўлиб, билимдон қолиб, нодон ўқишга кириб кетса, ўз-ўзидан илмий савия тушиб кетади. Одамларда адолатга нисбатан ишонч йўқолади. Чет элларда ўқиш ва ўша ерларда ишлашга қизиқиш кучаяди. Натижада миллатнинг кўпгина салоҳиятли фарзандлари бошқа давлатлар фойдасига ишлайди. Ватанига қайтиб, яна порахўрликка дуч келишини билса, ундан кўра чет элда қолишни маъқул кўради. Шундай қилиб энг билимдон ва фойдали кишилардан маҳрум бўлиб қолаверамиз.
Ҳурматли жамоа! Бир киши пора ёки ҳаром бўлган ҳадяни қабул қилса, уни эгасига қайтариш вожиб бўлади. Баъзи олимлар эса: “Ноҳақ ўзлаштирилган моллар, маълум бўлса, эгасига қайтарилади, маълум бўлмаса, мусулмонлар фойдасига сарфланади”, – дейишган.
Шом диёрининг қозиси Имом Авзоъийнинг ёнига бир насроний киши бир меш асал билан келди ва: “Баълабакканинг волийси менга зулм қилди, ўша кишига мен ҳақимда ёзсангиз”, – деди. Имом унга: “Хоҳласанг асалингни ўзингга қайтараман ва хат ёзиб бераман. Хоҳласанг уни қабул қиламан ва хат ёзмайман”, – дедилар. У: “Майли, асални қайтарингда, хат ёзиб беринг”, – деди. Кейин Имом волийга ундан хирожни камайтиришни сўраб хат ёзди. Волий у зотнинг сўзларини эътиборга олиб, насронийнинг жизяси (жон солиғи)дан ўттиз дирҳам арзонлаштирди.
Бу ҳикоядан Имом Авзоийнинг асални олиб, волийга хат ёзишни хуш кўрмаганлари, балки уни пора деб билганлари аниқ бўлади.
Демак, жамиятдаги ҳар бир шахс динимиз ман қилган порахўрлик ва шунга ўхшаган иллатларга қарши курашда фаол бўлиши керак. Акс ҳолда, бу гуноҳнинг зарари ҳаммага уради ва жамиятдаги ҳар бир соҳадага занжир сингари боғланиб кетади. Гоҳида порани мансабдор шахс сўраса, гоҳида биз ўзимиз уларга совға таклиф қиламиз, ўзимиз уларни шунга ўргатамиз ва лойиқ бўлмаган ўринга ёки нарсага эришмоқчи бўламиз. Қарс икки қўлдан чиқади, шунинг учун ҳадиси шарифларда порага алоқадор бўлган ҳар икки томон азобу уқубатда бир хил бўлиши баён қилинган.
Азизлар! Бугун жума мавъизаларида давом этиб келаётган фиқҳий суҳбатларимизни давом эттириб, намозни бузувчи амалларни ўрганамиз. Намозни қуйидаги амаллар бузади:
- Намозда озми, кўпми дунёвий сўзни сўзлаш. Бу ҳолатда намозхон гарчи беихтиёр сўзласа ҳам намози бузилади;
- Янглишиб бўлса ҳам бировга салом бериш ёки саломга алик олиш;
- Намозда еб-ичиш;
- Намозхоннинг кўкраги қибладан бошқа томонга бурилиши;
- Намоздаги бир рукнни бажариш асносида бир амални уч марта қилиш (масалан: кийимни тўғрилаш, қашиниш ва ҳоказо амаллар);
- Ўзи эшитадиган даражада кулиш намозни бузади таҳоратни бузмайди. Аммо ёнидаги шахс эшитадиган даражада кулса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилади;
- Дунёвий ташвиш туфайли “уф” тортиш ёки “оҳ-воҳ” дейиш ёки йиғлаш. Аммо охиратни ўйлаб, жаннатдан умидвор бўлиб, дўзахдан қўрқиб йиғласа намози бузилмайди;
- Узрсиз томоғини қириш ёки йўталиш (масалан: атайлаб йўталиш каби);
- Акса уриб “Алҳамдулиллаҳ” деган кишига намоз асносида “Ярҳамукаллоҳ” дейиш;
- Намозда туриб, бирор хабарга жавоб бериш. Бунда намозхон гарчи, Қуръон оятини ўқиб жавоб берган бўлса ҳам намози бузилади (масалан: “Фалончи вафот этди”, дейилса, намоз ўқиётган киши: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб жавоб берса);
- Таяммум билан намоз ўқиётган кишининг сувга қодир бўлиши;
- Бомдод намозини ўқиш пайтида қуёшнинг чиқиши;
- Такбири таҳримада “Аллоҳу акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиш, яъни “Аааллоҳу акбар”, дейиш (бундан ташқари, “Акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиб “Ааакбар” ва “ба” товушини чўзиб “Акбааар” дейиш ҳам намозни бузади)
- Намознинг фарзларидан бирини тарк қилиш;
- Намоз ичида ўқиладиган сура ва дуоларни китобга қараб ўқиш;
- Намознинг ичида одамлардан сўраладиган нарсани Аллоҳдан сўраб дуо қилиш (масалан: “эй Аллоҳ, менга кўп мол-мулк бер”, ёки “Фалонага мени уйлантир”, – дейиш каби). (Манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Нурул изоҳ” китоблари).
Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳ амаллардан саломат сақласин! Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Қурбонлик фазилати ва унга оид ҳукмлар” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.
Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфрга кетганликда айблайдиган даражага етди.
Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.
Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.
Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.
Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.
Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.
Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўшлаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.
Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.
Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.
Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.
Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.
Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.
Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бошқа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.
Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.
Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жамоа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг тарафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айтган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўлганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.
Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.
Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:
«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди