Ислом тамаддуни тарихидан
1282 йилда ҳукмдор Малик Мансур Қалавон Қоҳирада Ислом оламидаги энг машҳур Мансурий шифохонасини қурдирди. Ҳукмдор ушбу ҳодисадан бир мунча вақт олдин ҳашаматли Дамашқ шифохонасида ошқозон санчиғидан батамом тузалганди. Суриялик шифокорларнинг маҳорати тахт ворисида шунчалик кучли таассурот қолдиргандики, ўз ватанида шунга ўхшаш муассасани қуришни дилига тугиб қўйганди.
Ҳукмдор бўлгач, барча кўрсаткичлар бўйича Дамашқдагидан устун бўлган шифохона барпо қилдирди. Дид билан жиҳозланган, хоналари кенг, ўша даврнинг ажойиб асбоб-ускуналари билан таъминланган, малакали шифокорлар фаолият юритган ушбу шифохона катта шуҳрат қозонди. Унинг моддий таъминоти ҳукмдорликнинг бошқа муассасаларидан энг каттаси эди.
Мансурий шифохонаси Фотимийлар саройида жойлашган бўлиб, 8000 кишига мўлжалланган ётоқхонага эга бўлган (Bedi N. Şehsuvaroǧlu (2012-04-24)). Ҳар куни 4000 беморга хизмат кўрсатилган (Mohammad Amin Rodini (7 July 2012)). Ибн Ухванинг “Ҳисба” асарида қуйидаги амбулаторлик ишлари амалга оширилгани келтирилган (SharifKaf Al-Ghazal, The Origin of Bimaristans in Islamic Medical History, last accessed 12/9/2014): шифокор бемордан касаллик сабаби ва у ҳис қилаётган оғриқ ҳақида сўрайди. Таҳлил натижаларига қараб дамлама ва бошқа дори-дармонлар тайинлайди. Кейин беморни олиб келган ҳамроҳига рецептнинг нусхасини ёзиб беради.
Эртаси куни у беморни қайта текширади, ўзини қандай ҳис қилаётганини сўрайди. Ҳолатига қараб маслаҳат беради. Ушбу муолажа у тузалиб кетгунча такрорланади. Тузалса, шифокорга пул тўлайди. Аксинча, вафот этса, унинг яқинлари бош шифокорга муолажа олиб борган шифокорнинг рецептларини тақдим этади. Агар бош врач шифокор ўз ишини пухталик билан бажарган, деб баҳоласа, ўлим табиий эканини айтади; беморнинг вафоти табибнинг нотўғри даволагани оқибатида юз берган, деса, шифокордан қон пули олинишини маълум қилади. Боиси беморнинг ўлими шифокорнинг ёмон ишлаши ва касбига совуққонлиги сабабли юзага келган. Шундай қилиб, шифохонага энг тажрибали шифокорлар жалб этилган.
Мансурий шифохонаси низомида бундай дейилган: “...Шифохона барча беморларга тўлиқ тузалгунча ёрдам кўрсатади. Одамлар узоқ ёки яқин, маҳаллий аҳоли ёки чет эллик, кучли ёки кучсиз, бой ёки камбағал, иш билан таъминланган ёки ишсиз, кўзи ожиз, жисмонан ёки руҳан касал бўлишидан қатъи назар, барча харажатларни шифохона ўз зиммасига олади. Тўловларни тўламагани учун ҳеч кимга эътироз билдирмайди ва ҳатто билвосита шама ҳам қилинмайди” (Philip Adler; Randall Pouwels (2007). Мансурий шифохонаси 1915 йилгача шундай шаклда ишлади. Эндиликда эса қадимий шифохона ўрнида офталмология маркази фаолият юритмоқда.
Манбалар асосида Мунаввар РУСТАМ қизи тайёрлади.
"Мўминалар" журнали, 2-сон, 2023 йил
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо Абдуқаҳҳор Ғаффоров (Шоший)нинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Маълумот ўрнида Абдуқаҳҳор Шоший 1939 йили Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" даҳасида туғилганлар. 1956-1960 йиллари Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, 1965-1969 йиллари Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида ўқиганлар. Сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро бўлими мудири, “Мир Араб” мадрасаси директори, Тошкент Ислом олий маъҳади ректори вазифаларида ишлаганлар. “Ислом ақидаси”, “Ислом арконлари”, “Қуръоний ҳикоялар” каби ўнлаб китоблар муаллифи ва таржимонлари саналади.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси