Эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида илдамлаб бораётган Ўзбекистонимиз тарихан жуда қисқа даврда улкан ютуқларга эришмоқда. Миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз тикланиб, ўзлигимизга қайтдик. Тинчлик ва барқарорлик қарор топди.
Айни пайтда, осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз кучларнинг мавжудлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шу жиҳатдан, тинчликни асраш бугунги куннинг долзарб ва аҳамиятли вазифаларидан бири эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Юртимизга нисбатан таҳдидлар ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм ва террорчилик ва интернет орқали ҳужум каби кўринишларда намоён бўлмоқда. Буни ислом динини ниқоб қилиб, Ўзбекистонни демократик тараққиёт йўлидан оғдиришдек ғаразли мақсадни кўзлаб фаолият олиб боришга интилаётган экстремистик ташкилотлар ҳаракати мисолида яққол кўриш мумкин. Улар ўзларининг бузғунчи ғояларини тарқатишга иродаси бўш, дин ҳақидаги билимлари саёз кишиларни таъсир доирасига тортишга ҳаракат қилмоқдалар. Хориждаги террорчи ва экстремистик кучлар ҳамда марказлар қўллаб-қувватлаётган бундай оқимлар ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга ошириш йўлида жуда катта куч ва маблағ сарф қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Ҳушёрликни таъминлаш масаласида майда-чуйда деган нарсалар бўлмайди. Зеро, "Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради", дейдилар... Шундай бўлса-да, афсуски, ҳали-ҳануз беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлат иши деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Аммо жамиятда лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солиши ҳаммага аён. Луқмони Ҳакимдан "Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?" деб сўрадилар. У киши: "Одамларнинг ёмонлик қилаётганини кўра туриб, кўрмасликка олгани, бепарво, лоқайд бўлганидир", деб жавоб бердилар.
Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабабчиси бўлган. Донишмандлардан бирининг "Душманлардан қўрқма – нари борса, сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши оқибатида Ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади", деган фикри ҳам бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.
Баъзи одамлар "тинчлик-осойишталикни асраш" деганда қўлда курол билан мамлакат чегарасини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунади. Аслида тинчликни асраш фақат ҳарбий мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Осойишталик жами эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон "юртим тинч – мен тинч", деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватан хавфсизлиги учун қайғуриши, бу ишни бурчи деб билиши зарур.
Фарзандларимизни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, Ватанга садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. «Бекордан Худо безор», дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақтини унумли ўтказишга, касб-ҳунарга, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгаракларга спорт клубларига жалб қилиш ғоят муҳим.
Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз касбини сидқидилдан бажариб, юрт равнақи учун ҳаракат қилиб, лоқайд бўлмасдан атрофдаги воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, ҳушёр бўлиб яшаса, тинчлик-осойишталигимиз барқарор бўлади.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийул туман ‘’ ИМОМ СУЛТОН’’ жоме масжиди Имом хатиби
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати