بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، نَبِيِّ الرَّحْمَةِ وَرَسُولِ السَّلاَمِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ
ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИДАН ИБРАТЛАР
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсониятни яратгандан бери уларга ўзини танитиш ва ҳидоятга бошлаш учун кетма-кет пайғамбарлар ва илоҳий китоблар жўнатиб турган. У Зот ўзининг комил ҳикмати ила Исломни – охирги дин, Пайғамбаримизни – охирги Расул, Қуръонни – охирги китоб қилди. Қуръони карим Қиёматгача инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи йўлбошчидир. Уламоларимиз Қуръон ўз ичига асосан учта катта мавзуни ўраб олганини айтадилар: эътиқодий масалалар, диний ҳукмлар ва ўтган қавмларнинг қиссалари. Қуръони каримда биздан аввалги ўтган баъзи қавмлар ва шахсларнинг амаллари мақталса, баъзиларининг қилган ишлари ёмонланади. Ҳар иккисида ҳам биз учун кўплаб ибратлар бор. Мақталганларидан ўрнак олишимиз, ёмонланганларнинг амалларидан сақланишимиз даркор!
Маълумки, Қуръони карим қиссалари ичида энг чиройлиси Пайғамбар Юсуф алайҳиссалом қиссасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
نَحْنُ نَقُصُّ عَلَيْكَ أَحْسَنَ الْقَصَصِ بِمَا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ هَذَا الْقُرْآَنَ وَإِنْ كُنْتَ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنَ الْغَافِلِينَ
яъни: “Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй, Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз” (Юсуф сураси 3-оят).
Бу қиссанинг бошқаларидан фарқи сура тўлиғича Юсуф алайҳиссаломнинг бошидан кечирган воқеаларга бағишланган. Бунинг устига сурада қизиқувчилар учун кўплаб ибратлар бор. Қуръони каримда шундай дейилади:
لَقَدْ كَانَ فِي يُوسُفَ وَإِخْوَتِهِ آَيَاتٌ لِلسَّائِلِينَ
яъни: “Ҳақиқатан, Юсуф ва (унинг) биродарлари (қиссаси)да сўровчилар учун аломатлар бордир” (Юсуф сураси 7-оят).
Мазкур сура Маккада, Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун оғир синовлар бўлган паллаларда нозил бўлган. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг машаққатли синовларни босиб ўтишлари ва натижада нажот топишларини эслатиш билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломга кучли тасалли берди. Охир-оқибат У Зот алайҳиссаломнинг ҳам ишлари нажот топиши, Ислом ер юзига тарқалиши хушхабарини берди.
Сурани ўқиш асносида қуйидаги ибратларга дуч келамиз:
إِذْ قَالَ يُوسُفُ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ
яъни: “Эсланг, Юсуф (ўз) отасига (Яъқубга) деди: “Эй, отажон! Мен (тушимда) ўн битта юлдуз, Қуёш ва Ойнинг менга сажда қилаётган ҳолларида кўрдим”” (Юсуф сураси 4-оят).
قَالَ يَا بُنَيَّ لَا تَقْصُصْ رُؤْيَاكَ عَلَى إِخْوَتِكَ فَيَكِيدُوا لَكَ كَيْدًا إِنَّ الشَّيْطَانَ لِلْإِنْسَانِ عَدُوٌّ مُبِينٌ
яъни: “(Отаси) айтди: “Эй, ўғилчам! Тушингни биродарларингга сўзлаб бермагин! Акс ҳолда сенга қаттиқ макр қилишади. Зеро, шайтон инсонга аниқ душмандир”” (Юсуф сураси 5-оят).
Демак, бундан келиб чиқадики, инсон ўрни келганда сир сақлашни ҳам билиши зарур. Хусусан, оилавий сирлар ёки ўзга мўмин-мусулмонларнинг бизга ишониб айтган сирларига омонатдор бўлишимиз керак бўлади.
إِذْ قَالُوا لَيُوسُفُ وَأَخُوهُ أَحَبُّ إِلَى أَبِينَا مِنَّا وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّ أَبَانَا لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
яъни: “Ўшанда (акалари) айтдилар: “Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир”” (Юсуф сураси 8-оят).
Лекин Юсуф алайҳиссаломдаги фазилатлар Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган фазилат эканини кўра олмадилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси устун келувчидир. Ҳасадгўй ҳеч қачон муродига етмайди, у ўзини-ўзи еб битиради. Ниҳояда барибир Юсуф алайҳиссалом пайғамбарлик мартабаси ва одамлар орасида шараф ва иззатга эга бўлдилар. Акалари эса қилмишларига пушаймон ва айбларига иқрор бўлиб, тавба тазарру қилдилар.
وَرَاوَدَتْهُ الَّتِي هُوَ فِي بَيْتِهَا عَنْ نَفْسِهِ وَغَلَّقَتِ الْأَبْوَابَ وَقَالَتْ هَيْتَ لَكَ قَالَ مَعَاذَ اللَّهِ
إِنَّهُ رَبِّي أَحْسَنَ مَثْوَايَ إِنَّهُ لَا يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ
яъни: “У (Юсуф) уйида бўлган аёл (Зулайхо) ундан нафсини (қондиришини) талаб қилди ва эшикларни қулфлаб: “Қани кел!” – деди. (Юсуф) деди: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожам-ку?! Менга яхши жой берган бўлса?! Золимлар, зотан, нажот топмаслар”” (Юсуф сураси 23-оят). Оятдаги "золимлар"дан мурод хоинлар ёки зинокорлардир.
قَالَ رَبِّ السِّجْنُ أَحَبُّ إِلَيَّ مِمَّا يَدْعُونَنِي إِلَيْهِ وَإِلَّا تَصْرِفْ عَنِّي كَيْدَهُنَّ أَصْبُ إِلَيْهِنَّ وَأَكُنْ مِنَ الْجَاهِلِينَ
яъни: “(Юсуф) деди: “Эй, Раббим! Менга таклиф этишаётган нарсадан кўра зиндон маъқулроқдир. Агар уларнинг макрларини мендан дариғ тутмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қолурман” (Юсуф сураси 33-оят).
Яна бу қийинчиликлар У Зотни ҳақ йўлдан, пайғамбарлик вазифасини бажаришдан тўса олмади. Ҳатто зиндонда икки ҳамроҳлари туш таъбирини сўрашганда, уларга аввал Аллоҳ таолони танитишдан гап бошлаб, диннинг моҳиятини баён қилдилар:
يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمِ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ
яъни: “Эй, икки ҳамзиндонларим! Турли-туман “илоҳлар” яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?” (Юсуф сураси 39-оят).
وَقَالَ لِلَّذِي ظَنَّ أَنَّهُ نَاجٍ مِنْهُمَا اذْكُرْنِي عِنْدَ رَبِّكَ
яъни: “Икковидан халос топувчи деб ҳисоблаган (соқийга Юсуф): «Хожанг (Миср шоҳи) ҳузурида менинг тўғримда гапир!» – деди...” (Юсуф сураси 42-оят).
Натижада бир неча йиллардан кейин, подшоҳнинг тушини таъбир қилиш керак бўлганда, ўша киши Юсуф алайҳиссаломни эслайди ва У Зотни зиндондан чиқишига сабаб бўлади. Лекин ёрдам сўраш савоб-эзгу ишларда бўлиши керак, гуноҳ ишларда эмас!
ذَلِكَ لِيَعْلَمَ أَنِّي لَمْ أَخُنْهُ بِالْغَيْبِ وَأَنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي كَيْدَ الْخَائِنِينَ
яъни: “(Шундан кейингина Юсуф деди): “Буни мен (Миср азизи) ғойиблигида унга хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ (Зулайхо ва аёллардек) хиёнатчилар макрини раво қилмаслигини (Азиз ёки шоҳ) билиши учун (қилдим)” (Юсуф сураси 52-оят).
وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مَكِينٌ أَمِينٌ
яъни: “Шоҳ: «Уни ҳузуримга келтирингиз, уни ўзимга хос кишилардан қилиб олай!» – деди. У билан сўзлашгач (шоҳ): «Сен бугун(дан бошлаб) бизнинг ҳузуримизда мартабали ва ишончли (шахс)дирсан», – деди” (Юсуф сураси 54-оят).
قَالَ اجْعَلْنِي عَلَى خَزَائِنِ الْأَرْضِ إِنِّي حَفِيظٌ عَلِيمٌ
яъни: “(Юсуф) деди: “Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман” (Юсуф сураси 55-оят).
وَقَالَ يَا بَنِيَّ لَا تَدْخُلُوا مِنْ بَابٍ وَاحِدٍ وَادْخُلُوا مِنْ أَبْوَابٍ مُتَفَرِّقَةٍ وَمَا أُغْنِي عَنْكُمْ مِنَ اللَّهِ مِنْ شَيْءٍ إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَعَلَيْهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُتَوَكِّلُونَ
яъни: “(Сўнгра уларни сафарга кузатаётиб) айтди: “Эй, ўғилларим! (Мисрга) бир дарвозадан кирмангиз, балки турли хил дарвозалардан кирингиз! Мен сизлардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм фақат Аллоҳнинг измидадир. Унгагина таваккул қилдим. Барча таваккул қилувчилар (ҳам) Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар!”” (Юсуф сураси 67-оят).
رَبِّ قَدْ آَتَيْتَنِي مِنَ الْمُلْكِ وَعَلَّمْتَنِي مِنْ تَأْوِيلِ الْأَحَادِيثِ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ
أَنْتَ وَلِيِّي فِي الدُّنْيَا وَالْآَخِرَةِ تَوَفَّنِي مُسْلِمًا وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ
яъни: “Эй, Раббим! Менга подшоҳлик ато этдинг, яна барча гап (туш)ларнинг таъвил (таъбир)ларидан менга таълим бердинг. Эй, осмонлар ва Ерни ижод этган зот! Дунёю охиратда Ўзинг эгамдирсан. (Ажалим етганида) мусулмон ҳолимда вафот эттир ва мени солиҳлар (қатори)га қўшгин!” (Юсуф сураси 101-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони каримни ўқийдиган, уни тадаббур қиладиган, ибрат ва насиҳат оладиганлардан қилсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Маъруза таъсирли чиқиши учун Юсуф алайҳиссалом қиссасини ўрганиб чиқиш тавсия қилинади.
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Эзгу амал – қалб лаззати” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
1. Диний ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД