Ғазабни тийиш йўллари.
Қуйида ғазабни тийишнинг еттита йўлини зикр қиламиз.Ин ша Аллоҳ , уларга амал қилиш орқали ғазабни тийиш имкони бўлади:
- Эрингиз ёки фарзандларингизга уйга кириш дуоларини ўргатинг ва уларга амал қилдиринг.Қачонки, уйга кирсалар:
“Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, Ихлос сураси, салавот ва дуо ўқиб ҳамда салом бериб кирсинлар. Дуо ушбудир:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَ الْمَوْلِجِ وَخَيْرَ الْمَخْرَجِ بِسْمِ اللهِ وَلَجْنَا وَبِسْمِ اللهِ خَرَجْنَا وَعَلَى اللهِ رَبِّنَا تَوَكَّلْنَا
“Эй, Аллоҳим! Мен Сендан кирадиган жойнинг энг яхшисини ва чиқадиган жойнинг энг яхшисини сўрайман. Аллоҳнинг номи ила кирдик ва Аллоҳнинг номи ила чиқдик.Ва Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик” (Имом Абу Довуд ривояти)
Ёдда тутинг! Дуолар фақат ўқиш учун эмас, балки Аллоҳ таъолодан ҳожатини сўраш учун бўлади.Шунинг учун дуоларнинг маъноларини тушуниб сўрасин. Агар болалар ёки катталар уйга кираётиб, шайтондан паноҳ сўрамасалар (дуо қилиб кирмасалар), у ҳолда шайтонлар уйга кириб, болалар ва эр-хотин ўртасига жанжал солади.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ « إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَذَكَرَ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ لاَ مَبِيتَ لَكُمْ وَلاَ عَشَاءَ. وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ. وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ وَالْعَشَاءَ ».
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганлар: “Агар бир киши уйига кирса ва кираётган вақтида ва таомланаётган вақтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон (ўзининг шерикларига): сизларга тунайдиган жой ҳам йўқ, кечки овқат ҳам йўқ, дейди. Агар бир киши уйига кирса ва кираётган вақтида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон (ўзининг шерикларига): сизларга тунайдиган жой топилди, дейди. Агар таомланаётган вақтида Аллоҳни зикр қилмаса, у: сизларга тунайдиган жой ҳам, кечки овқат ҳам топилди, дейди”. (Имом Муслим ривояти)
- Қачонки, ғазаб келса, у ҳолда “Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”ни ўқинг. Маъноси: “Мен қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳ таъолога сиғинаман” (Имом Бухорий ривояти)
- Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда,Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
إذا غَضِبَ أحَدُكُم وهُوَ قائِمٌ فَلْيَجْلِسْ فإِنْ ذَهَبَ عَنْهُ الغَضَبُ وإلاَّ فَلْيَضْطَجِع
“Қачонки, сизлардан бирингизга ғазаб келса, агар тик турган бўлса, ўтириб олсин.Шунда ҳам ғазаби кетмаса, у ҳолда (ерга) ётиб олсин” дедилар.
Ишончим комилки, бундан бошқа йўлга ҳеч ҳожат йўқ. Чунки, одам тик турган пайтида, жисми ердан узоқ бўлади.Ўтирганда эса, ерга яқин бўлади.Ётганда эса, ўтиргандан ҳам кўра анча ерга яқин бўлади.Аллоҳ таъоло ернинг фитратига камтарликни солиб қўйган.У камтарлик одамга таъсир қилиб, ғазабидан тушади.Чунки, камтарлик ғазаб ва кибрнинг зиддидир.(Инсон бошини ерга қўйиб, дунёни кузатса, ўзининг ҳеч ким эмаслигини ва Аллоҳ таъолонинг бандаларига ғазаб қилишга ҳаққи йўқлигини англайди). (Давоми бор...)
Муҳаммад Ҳаниф Абдулмажид.
”Тўҳфайэ дулҳан” –китобидан Абдулқайюм Комил таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Молекуляр дунёга оид замонавий тадқиқотлар олимлар ва илмий марказларни Яратувчининг мавжудлиги тўғрисидаги якдил, асосий хулосага келишига сабаб бўлмоқда. Протеин молекуласининг тузилишини батафсил ўрганиш натижасида олимлар илоҳий куч иштирокисиз молекулалар ўз-ўзидан пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд эмас деган қатъий тўхтамга келишмоқда.
Протеин молекулалари тирик ҳужайранинг асоси бўлиб, у маълум аминокислоталардан иборат. Протеинлардаги аминокислоталарнинг сони 50 дан мингтагача ёки ундан кўп бўлади. Бундай ҳолда, аминокислоталар фақат битта турдаги, яъни Л-аминокислоталар бўлиши керак. Улар қатъий кетма-кетликда жойлашган ва бир-бири билан фақат пептид боғи билан боғланади. Пептид боғи аминокислота боғламларини бир-бири билан боғлайди. Агар оқсил молекуласининг тузилишида ушбу шартлардан бирортаси бузилган бўлса, у тирик материянинг бир қисми бўла олмайдиган фойдасиз аминокислоталар тўпламига айланади.
Масалан, 20 та турдаги 500 та аминокислотадан иборат ўртача оқсил молекуласини қатъий тартибга солиш зарурати молекуляр дунёнинг жуда мураккаб конфигурациясидан далолат беради. Агар аминокислоталар керакли кетма-кетликда ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин деб ҳисобласак, унда бундай ҳолатнинг эҳтимоллиги 1/10⁶⁵⁰, яъни ўннинг 650-даражасидаги сондан бирига тенг.
Бу рақам қаердан пайдо бўлди? Бу оддий математика. 20 та турдаги ҳар бир аминокислотани тўғри танлаш эҳтимоли 1/20 ни ташкил қилади. Ва барча 500 аминокислоталарни тўғри танлаш эҳтимоллиги 1/20⁵⁰⁰ бўлса, бу 1/10⁶⁵⁰ га тенг.
Энди фақат Л-аминокислоталарни танлаш эҳтимоллигини ҳисобласак. Л ва Д-аминокислоталар бир хил кимёвий таркибга эга, аммо учинчи даражали тузилмаларнинг қарама-қарши жойлашувида фарқланади. Бундан ташқари, барча тирик организмларнинг оқсиллари фақат Л-аминокислоталардан иборат ва агар протеин таркибида камида битта Д-аминокислота бўлса, у яроқсиз ҳолга келади. Икки мавжуд турдаги аминокислоталардан (Д ва Л) Л-аминокислоталарнинг бўлиш эҳтимоллиги 1/2 га тенг. Протеинда 500 та аминокислота бўлса, уларнинг фақат Л — шакллари бўлиш эҳтимоли 1/2⁵⁰⁰ бўлиб, бу 1/10¹⁵⁰ га тенг.
Аминокислоталарнинг пептид алоқаси билан боғланиш эҳтимоллигини ҳисобга олиш керак. Аминокислоталар бир-бири билан турли хил бирикмалар ҳосил қилади, аммо оқсил молекуласини ҳосил қилиш учун аминокислоталар бир-бири билан фақат пептид боғи билан боғланган бўлиши керак. Аминокислоталарни пептид боғи орқали боғлаш эҳтимоли 50 %ни ташкил этиши аниқланди. Агар оқсилда 500 та аминокислота бўлса, умумий эҳтимоллик 1/2⁴⁹⁹ бўлиб, бу 1/10¹⁵⁰ га тенг.
Барча уч омилни ҳисобга олиш ва умумий эҳтимолликни ҳисоблаш учун натижада юзага келган эҳтимолликларни кўпайтириш керак. 1/10⁶⁵⁰ х 1/10¹⁵⁰ х 1/10¹⁵⁰ = 1/10⁹⁵⁰, яъни 10нинг 950-даражасидан битта имконият. Тасаввур қилинг, эҳтимоллик қанчалар кам! Имкониятлар деярли нолга тенг! Математикада 1/10⁵⁰ эҳтимоллик нолга тенг ҳисобланади.
Биология бўйича Калифорния эҳтимоллик илмий марказидан доктор Жеймс Копедж ҳисоб-китобларни амалга оширди. Олим барча эҳтимоллик қонунларини биргина оқсил молекуласининг тасодифан пайдо бўлиш эҳтимоллиги мисолида кўриб чиқди. У ернинг барча жисм ва суюқликлари — океанлар, атомлар, ер қобиғи таркибидаги молекулаларни пайдо бўлиш эҳтимоллигини ҳисоблаб чиқди. Кейин у аминокислоталарнинг боғланиши табиатдаги боғланиш тезлигидан бир ярим триллион марта юқори тезликда содир бўлишини аниқлади. Имкониятларни ҳисоблаб, у битта оқсил молекуласи тасодифан ҳосил бўлиши учун 10²⁶² йил кераклигини аниқлади. Бу 262 нолга эга астрономик рақам бўлиб, коинотнинг ҳозирги маълум ёшидан ҳам ошади.
Бинобарин, Яратганнинг иштирокисиз тирик материянинг оқсил молекуласидек оддий бирикмаси ҳосил бўлмас экан, мураккаброқ бирикмалар, ҳужайралар, организмлар ва жисмларнинг ўз-ўзидан пайдо бўлиши борасидаги эҳтимоллиги умуман мавжуд эмас.
Интернет маълумотлари асосида
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади