Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо, Фарғона вилояти Данғара тумани “Саид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжиди имом-ноиби Ёрқинжон қори Фозиловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳум қори домланинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Аллоҳ таоло марҳум қори домланинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ёрқинжон қори Фозиловнинг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бугун ҳижрий санада Шаввол ойининг 20 санаси. Тахминан яна 10 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Ва эслат. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур” (Зориёт сураси, 55-оят).
Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:
“Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор. Ким бир ёмонлик келтирса, у фақат қилганига яраша жазоланур. Ва уларга зулм қилинмас” (Анъом сураси, 160-оят).
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!
Даврон НУРМУҲАММАД