Наманган вилоятига ташриф доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сафари мобайнида Наманган шаҳридаги “Мулла Исмоил" жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан шом намозини ўқиди.
Сўнг, масжид аҳлига ҳозирда диний таълимдаги ислоҳотлар, ёшларни илмга тарғиб қилиш, уларни зинҳор ва зинҳор ўз ҳолатига ташлаб, бекорчи қилиб қўймайлик, китобга ва илмга бўлган муҳаббатини ошириш ва ўзи қизиқан соҳаси бўйича элга, халққа фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишиши учун ҳозирдан ҳаракат қилиш ҳақида ва бу масалада ота-онанинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидладилар. Шунингдек илмни диний ва дунёвийси бўлмаслиги, илмни фойдали ва фойдасизи бўлишлиги ҳақида ҳам айтиб ўтдилар ва Аллоҳ таолодан барчаларимизга фойдалик илм беришлиги сўраб дуои хайрлар қилдилар.
****
Ташриф доирасида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаххордомла Юнусов ҳам Наманган шаҳридаги "Абдуллоҳ ибн Масъуд" жоме масжидида аср намозини масжид қавми билан ўқигач, масжид аҳлига юртимизда бўлаётган кенг ислоҳотларга, Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматларига шукрона қилиб яшаш, қолаверса жамиятимиз учун долзарб масалалардан бири бўлмиш ёшлар тарбияси, уларни илм ва ҳунар билан банд қилиш тўғрисида маъруза қилиб бердилар.
Ташриф сўнггида масжид жамоати миннатдорлиги ва ташрифдан мамнунлигини изҳор этишди ва дуои хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:
"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.
Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.
Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.
Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.
У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.
Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.
Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.
Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."
Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).