Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳуфтон намозини Наманган шаҳрида жойлашган “Абу Юсуф” жоме масжидида намозхонлар билан бирга-бирга адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари ҳуфтон намозидан сўнг мавъизада бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани, шароитлар ҳозирланаётгани ҳақида гапириб, диний-маърифий соҳада қилинаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Шунингдек, кишиларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарқатиш асосий мақсад эканини таъкидладилар. бу дунёда солиҳ амалларни кўп бажариш, йўлларни обод этиш, кўприклар қуриш ва кишиларга фойдаси етадиган ишлар қилишнинг ажру савоби улуғ эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, янги-янги ижроотлар, хушхабарлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, мазмунидаги ҳадиси шарифларини изоҳлаб бердилар.
Муфтий ҳазратларининг суҳбатларидан баҳраманд бўламан, дуоларини оламан, деб келган аҳоли вакиллари билан самимий, дилдан суҳбат қилдилар. “Абу Юсуф” жоме масжидига жамланган намозхонлар муфтий ҳазратларидан дилни қувонтирадиган янгиликлар ва имону ихлосни бойитадиган сўзларни тинглаб, ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.
Наманган вилоятига ташриф давом этмоқда
ЎМИ матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Котибият масъул ходими Муҳаммадамин қори Холиқовнинг падари бузруквори вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Муҳаммадамин қори Холиқовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси