frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Мутакаллим олимлар шайхи

15.06.2021   2779   6 min.
Мутакаллим олимлар шайхи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотларимиз бўлсин!

Маълумки, Абу Мансур ал-Мотуридий “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” бўлган зотдир. Ва шу билан бирга у зот сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридия оқимининг асосчисидир. Тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир.

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар эътиқодига турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган раббоний олимлардан эди.

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий раҳимаҳуллоҳ “Ал-Фатҳул мубин” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб адашган ва мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олимлардан эди”.

"Ар-Ровзатул баҳия” китобининг муаллифи Шайх Ҳасан ибн Абу Азуба раҳимаҳуллоҳ инсон қайси олимга эргашса Аҳли сунна тоифасига киришини баён қилиб шундай деган: “Шуни билки, Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодининг мажмуаси икки қутбнинг сўзидир. Бу икки қутб: Имом Абул-Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Бу икки имомнинг қай бирига эргашсанг, ҳидоятга эришиб бузуқ эътиқод ва тойилишдан саломат қоласан”.

Аллома Тошкупризода раҳимаҳуллоҳ ақоид илмининг икки имоми ҳақида “Мифтаҳус-саодат” китобида шундай деган: “Аҳли сунна вал жамоанинг калом илмидаги раиси икки кишидир: бири ҳанафий мазҳабига мансуб Абу Мансур Мотуридий. Иккинчиси эса шофеъий мазҳабига мансуб Абул Ҳасан Ашъарийдир”.

Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ «Мирқотул мафатиҳ» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади: “Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингми” оятидаги ҳавойи нафсга Китобу суннатга хилоф бўлган эътиқодий фосид ҳавойи нафсларнинг барчаси киради. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ мункар ёмон ҳавойи нафсни баён қилиб шундай деган: “Мункар ҳавойи нафс бу Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имоми: Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийнинг эътиқодларига  мухолиф бўлган фосид эътиқодлардир”

Имом Кавсарий раҳимаҳуллоҳ Имом Мотуридий ҳақида “Муқаддиматул Кавсарий” китобида шундай деган: “Ашъарий ва Мотуридий булар ернинг машриқу мағрибида Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имомидир. Улар санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп китоб таълиф қилишган. Бу икки имом ўртасидаги хилофларнинг аксари лафзийдир. Бу борада кўплаб китоблар ёзилди. Байзовийнинг “Ишаротул-маром фи иборотил-имом”китоби бу борадаги энг яхши китобдир. Зубайдий “Иҳё”нинг шарҳида Байзовийнинг ўша китобидан нақл қилган”.

Абул Ҳасан Надавий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Рижалул фикр вад-даъва” китобида бу зот ҳақида шундай деган: “Имом Мотуридий кенг фикрли, заковат ва фаҳм эгаси, турли фанларни ўзлаштирган буюк олим бўлган”.

“Кашфуз-зунуни ан асомийил кутуби вал фунун” китобининг соҳиби Ҳожи Халифа “Таъвийлоту аҳлис-сунна” тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади: “У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди”.

Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказишишига муҳим ҳисса қўшди.

Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

У киши ўз замонларидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар.

У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, аввал айтиб ўтганимиздек, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлганлар. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳиалайҳи Мовароуннаҳрда Аҳли-суннанинг шайхи бўлиш даражасига эришганлар. Бу ерда Аҳли сунна кўп ва ғолиб бўлгани учун, у киши имом Ашъарийга ўхшаб ҳар хил йўлларда ва турланишларда бўлмаганлар, балки аввал бошдан мўътадил йўлдан бориш имконини топганлар. У киши кези келгандан ақлга, кези келганда ақлга ўз ҳаққини берганлар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа фуқаҳолари ва муҳаддисларидан биридирлар. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча турдаги илмий масалаларда у кишига мурожаат қилинган. Улар у кишидан ақоид, фиқҳ, усулул-фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олганлар.

Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар.

Абул Муин Насафий бобомиз ўзларининг “Табсиратул-адилла” асарларида Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларини нафақат ўзининг, балки бутун мовароуннаҳрлик мутаккалим олимларининг “шайхи” (устози) деб ҳисобланган. Буни “Табсиратул-адилла” асарининг бир қанча ўринларида “Бизнинг шайхимиз Абу Мансур Мотуридий...”. деган иборани ишлатганида ҳам кўриш мумкин.

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ тадқиқларга кўра ҳижрий 333 санада тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни улуғ боболаримиз ишларини давом эттирувчилар бўлишимизни, тинчлик ва осойишталик йўлида олиб бораётган ишларимизга Ўзи ёр мададкор бўлсин!

 

Раҳматуллоҳ УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари  идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили,

вилоят бош имом хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Академия ректори «Дўстлик», Ислом цивилизацияси маркази директори «Фидокорона хизматлари учун», академия профессори «Имом Бухорий» орденлари ва «Зиё» медиа маркази раҳбари «Шуҳрат» медали билан тақдирландилар

22.08.2026   33413   1 min.
Академия ректори «Дўстлик», Ислом цивилизацияси маркази директори «Фидокорона хизматлари учун», академия профессори «Имом Бухорий» орденлари ва «Зиё» медиа маркази раҳбари «Шуҳрат» медали билан тақдирландилар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари