Жорий йилнинг 25 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг реставрация лабараториясида маҳаллий ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида “Катта Лангар Қуръони” варақларини таъмирлаш ишларининг якуний босқичи бошланди.
Ушбу жараён билан танишиш ва уни назорат қилиш учун Франциянинг Лувр музейи вакили Рокко Ранте ва ЎзР ФА Санъатшунослик институти директори Шокир Пидаевлар лабараторияда бўлишди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ушбу қадимий Қуръони карим варақларини таъмирлаш ишларининг биринчи босқичи 2019 йил 7-11 ноябрь кунлари ва иккинчи босқичи 2020 йил 4-11 февраль кунлари якунланган эди.
Шу кунларда бўлиб ўтган таъмирлаш ишларининг навбатдаги босқичини Лувр музейи (Париж шаҳри) мутахассислари Аксель Дело ва Аурелия Стрери томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Реставрация ва консервация” бўлими бош мутахассиси Шухратуллоҳ Пўлатов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Камолиддин Маҳкамов ва Саидраҳмат Икрамовлар кўмагида амалга оширди.
Мазкур реставрация ва консервация ишлари Юртбошимизнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ва 2019 йил 7 мартдаги “2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон музей экспонатлари кўргазмасини ташкил этиш ва Ўзбекистон музей фондларини хорижда самарали намойиш этиш учун шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармойишининг ижросини таъминлаш мақсадида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллий мутахассислар хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганмоқда, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида ўқув машғулотлар ташкил этилди, хорижнинг малакали экспертлари юртимизга таклиф этилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф нусхаларидан бири бўлган “Катта Лангар Қуръони” варақлари Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидида узоқ сақлангани учун шу номни олган. Юртимизда “Катта Лангар Қуръони”нинг 17 варағи мавжуд. Уларнинг бир варағи Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида ва бир варағи Бухоро давлат музей-қўриқхонасида, 13 варағи Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида сақланмоқда.
“Катта Лангар Қуръони”нинг юртимизга қандай келиб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Илмий тадқиқотлар хулосасига асосан нодир қўлёзма VIII асрнинг охирги чорагида – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврда ёзилган. “Катта Лангар Қуръони”нинг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этганлиги ҳақида тахминий маълумотлар мавжуд. Ҳозирда ушбу мусҳафнинг фақатгина 98 варағи сақланиб қолган бўлиб, уларнинг 81 таси Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.
Камолиддин МАҲКАМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мудири
#Xushxabar #Ilmiy_faoliyat
2025-yilda xalqaro va respublika miqyosida o‘tkaziladigan ilmiy va ilmiy-texnik tadbirlar rejalari tasdiqlandi.
Oliy ta`lim, fan va innovatsiyalar vazirining 2024-yil 27-dekabrdagi 490-son buyrug'iga asosan 2025-yilda 252 ta tashkilot tomonidan 665 ta xalqaro va 600 ta respublika miqyosida, jami 1265 ta ilmiy va ilmiy-texnik tadbir o’tkazilishi rejlashtirilgan.
Eʼtiborlisi, mazkur roʻyxatda Toshkent islom instituti kafedralari tomonidan taklif etilgan konferensiyalar mavzulari ham kiritilgan.
Joriy yil 24-aprelda “Islom dini asl manbalarini talqin qilishdagi yondashuvlar: muammo va yechimlar” mavzusida xalqaro va 30-oktyabrda “Dolzarb aqidaviy va zamonaviy fiqhiy masalalar” mavzusida respublika miqyosidagi konferensiya Toshkent islom institutida oʻtkaziladi.
Xalqaro miqyosda o’tkaziladigan ilmiy tadbirlar ro’xati (https://innovation.gov.uz/media/post_attachments/Xalqaro_anjumanlar_baza_2025.pdf)
Respublika miqyosda o’tkaziladigan ilmiy tadbirlar ro’yxati (https://innovation.gov.uz/media/post_attachments/Respublika_2025_baza.pdf)
Манба: @ilmiy_darajali_kadrlar
https://t.me/oliymahad