Аввал хабар берганимиздек, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Андижон вилоятига сафарлари мобайнида ҳудуддаги ёрдамга муҳтож кишиларнинг ҳолидан хабар олиб, ширин сўзлари ила уларнинг қалбларига хурсандчилик киритмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ушбу вилоятдаги мана шундай эътиборга муҳтож, кўнгли ўксик фуқаролардан бўлган “Меҳнат” маҳалласида яшовчи, оғир дардга чалинган фарзанднинг онаси Аҳмедова Нилуфар ва “Янгиҳаёт” маҳалласида истиқомат қилувчи, бемор Ахмадалиева Халимахонга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, диний-маърифий китоблар жамланмаси ва пул маблағлари тарқатилди.
Муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишларидандан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва мурувватдан мамнун бўлиб, миннатдорлик изҳор қилдилар.
Дарҳақиқат, дини мубинимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга доимо тарғиб этилади. Уламолар мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ҳадялар ила уларнинг дилларини равшан этмоқдалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.
Ҳа, мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.
Уламоларнинг Андижон вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Биринчи фойда:
Нега Қуръони каримда “анкабут” (ўргимчак) сўзи муаннас (аёл) шаклида келтирилган, гарчи у музаккар (эркак жинсида) бўлсада?
Оятда бундай дейилган:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنْكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتًا
“Аллоҳдан ўзгани дўст тутганларнинг мисоли, ўз уйини қурган ўргимчак кабидир...” (Анкабут сураси, 41-оят).
Оятдаги اتَّخَذَتْ калимасида аёл жинсига далолат қилувчи ت “т” ҳарфи келганига эътибор беринг.
Аслида “عَنْكَبُوتِ” (ўргимчак) сўзи эркак жинсига тааллуқли.
Демак оятда اتخذ бўлиши керак эди. Лекин, اتَّخَذَتْ шаклида, аёл сийғасида келди.
Замонавий илм-фан шуни исботладики, табиатан урғочи ўргимчаккина уй қуришга қодир экан. Эркак ўргимчак эса, фақат тўрдан фойдаланиб ҳаракатланар, лекин уй қуриш имкониятига эга эмас экан.
Агар Аллоҳ таоло оятда “анкабут”ни эркак сийғасида зикр қилганида, бу илмий ва биологик жиҳатдан нотўғри бўларди. Аммо Аллоҳ таоло, аёл сийғасини ифодаловчи ت “т” қўшимчасини келтириши Куръони карим ҳақ калом эканига бўлган иймонимизни янада мустаҳкамлади ва бизга ҳақиқатни кўрсатди. Субҳаналлоҳ...
Иккинчи фойда:
Урғочи ўргимчак, болалари туғилиши билан эркагини ўлдириб, уйнинг ташқарига улоқтиради.
Сўнгра болалар катталашганда, онасини ўлдириб, уни ҳам уйдан ташқарига улоқтирадилар.
Энг заиф ва нотавон уй
Аллоҳ таоло Қуръонда буни битта оят билан тасвирлаган:
“Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди” (Анкабут сураси, 41-оят).
Одамлар ўргимчак уйининг жисмонан заифлигини билишган, лекин унинг маънавий заифлигини фақат шу замонда тушундилар. Шунинг учун, оят: “Кошки билсалар эди!”, жумласи билан якунланди.
Шунга қарамай, Аллоҳ таоло Қуръон сураларидан бирини шундай ёқимсиз ҳашаротнинг номи билан атади. Ушбу сура бошидан охиригача фитналар ҳақида ҳикоя қилади.
Суранинг бошланиши: “Одамлар “иймон келтирдик” дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми?” (Анкабут сураси, 2-оят).
Давомида:
“Ва одамлардан, Аллоҳга иймон келтирдик, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар, албатта, биз сиз билан бирга эдик, дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксиларидаги нарсаларни ўта билгувчи зот эмасми?!” (Анкабут сураси, 10-оят).
Эҳтимол, фитналарга “ўргимчак”нинг нима алоқаси бор деб ўйларсиз?
Жавоб шуки, фитналарнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги гўё ўргимчак тўрининг ипларига ўхшайди.
Фитналар шунчалик бир-бирига киришиб кетганки, уни бир-биридан ажратиб, фарқлаб олиш жуда мушкул. Улар жуда кўп ва мураккаб, аммо Аллоҳдан мадад тилаганлар учун улар ўта заиф ва жуда нозикдир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ